Инсон Аллоҳни олдида ҳисоб-китоб қилинади. Одам алайҳиссаломдан тортиб то қиёматгача бу дунёга келган одам борки, ҳаммамиз Аллоҳни олдида ҳисоб берамиз. Лекин биз қайси асосда сўроқ қилинишимизни биламизми? Албатта, буни кўпчилик билмаса керак. Агар бу ҳақида бизда тушунча пайдо бўлса, ўйлаймизки, ўзимиз учун фойдали бўлган бўларди.
Инсон Аллоҳ олдида тўрт асосга кўра ҳисоб беради, улар:
1. ИХТИЁР.
2. АҚЛ.
3. ИЛМ.
4. ИМКОНИЯТ.
Инсон ўз ишларида ихтиёрлидир. Масалан, намоз ўқиш ёки ўқимаслик, ароқ ичиш ёки ичмаслик, зино қилиш ёки қилмаслик, куфр қонунларига бўйсуниш ёки бўйсунмаслик, шу ва бошқа масалаларда инсон ихтиёрлидир. Аллоҳ бизларни бу ишларни қилиш ёки қилмасликка мажбур қилмайди, балки инсон ўз хоҳиши билан қилади ёки қилмайди. Бир хилги одамлар борки, мен Аллоҳ хоҳлагани учун ичяпман, зино қиляпман, харом пул топяпман, дейди. Ваҳоланки, улар бу ишларни ўз ихтиёрлари билан қиляптилар, ҳеч ким уларни мажбурлагани йўқ. Бу ерда Аллоҳнинг иродаси шуки, бизга шу ишларни қилишда ёки қилмасликда ихтиёрни ўзимизга берганлигидадир. Демак, ўзимиз ихтиёр қилиб қилган амалларимиз учун албатта жавоб берамиз.
Ақли бор инсон борки, Аллоҳни олдида сўроқ қилинади. Ақлан носоғлом бўлган одамларга келсак, улар жавобгарликдан озоддирлар, шунингдек, ҳайвонлар ҳам, чунки уларда ҳам ақл йўқ. Ақл – Аллоҳнинг биз бандаларига берган бир неъматидир, шундай экан, биз ундан қандай фойдаланганимиз устида жавобгармиз.
Ўзимизда бор бўлган илмга амал қилган ёки қилмаганимиз учун ҳам сўроқ қилинамиз. Масалан, намоз ўқиш фарзлигини билиб туриб ўқимаган, Аллоҳнинг қонунидан бошқа қонунга бўйсуниб яшаш харомлигини билиб туриб шунга амал қилмаган, Ислом дини олий бўлиши кераклигини билиб туриб ҳаракат қилмаган одамларни ҳам Аллоҳ сўроқ қилади. Умуман олганда, билиб туриб қилмаган ёки қандайдир важ-карсонлар билан орқага суриб келаётган инсон зоти борки, албатта сўроқ қилинади.
Энди имкониятга келадиган бўлсак, Аллоҳ буюргани бўйича яшашга ёки шунга ҳаракат қилишга имкониятимиз бор бўла туриб, агар шуни қилмайдиган бўлсак ҳам жавоб берамиз. Бу ерда эътибор берадиган жиҳати шуки, инсон ўз имкониятини ўзи чегаралашга уринади. Лекин бизнинг имкониятимиз қаергача етишини Аллоҳ биладику. Шунинг учун, инсон балки атрофдагиларини ва ўзини алдаши мумкин, лекин Аллоҳни алдай олмайди. Ва Аллоҳ бизга имкониятимиздан ортиқча нарсани юкламайди ҳам. Демак, биз имкониятимизни охиригача сарфлашимиз зарур экан, токи ҳисоб-китоб пайтида бу нарса ўзимизга ҳужжат бўлсин.
Шу тўртта нарса устида инсон Аллоҳнинг олдида ҳисоб берар экан, шу нарсани яна бир бор эслатиб ўтмоқчимизки, бу имтиҳон бу дунёдаги ҳеч бир имтиҳонга ўхшамайдиган бир имтиҳондир. Бу диплом ҳимояси эмаски, бугун йиқилсангиз, эртасига қайта топшира олсангиз. Бу ўқишга кириш учун имтиҳон эмаски, яна бир йилдан кейин қайта ҳаракат қилсангиз. Бу ишга кириш учун суҳбатдан ўтиш эмаски, агар ўта олмасангиз бошқа иш излашга ҳаракат қилсангиз.
Бу шундай бир имтиҳонки, бутун умрингизни яшаб бўлганингиздан кейинга натижадир. Сиз бу суҳбатга бутун умр тайёргарлик кўрасиз, агар суҳбатдан ўтсангиз сизданда бахтлироқ одам йўқ, агар ўта олмасангиз сизданда бахтсизроқ одам йўқ. Агар умрни иккига бўлиб, бу дунёдагисини, айтайлик, 100 йил десак, боқий дунёдагиси эса абадийдир. 100 йил каттами ёки абадийлик? Математикани билмаган одам ҳам абадийлик деб жавоб беради. Бундан кўриниб турибдики, биз ана шу абадий ҳаётда лаззатланиб ёки азобланиб яшашимиз, юқоридаги тўрт асосга кўра ҳал бўлади. Буни танлаш эса ўзимизнинг ихтиёримизда. Шунинг учун, танловни тўғри қилайлик.
--------------------------------------------
http://www.najot.info/
https://www.facebook.com/najot.info/
https://vk.com/id346445835
https://www.youtube.com/channel/UCrSAIyICzJno6sQfUGNQgoA
---------------------------------------------