Бир аёл кутади мени интизор,
Қизил либосларин эгнига илиб,
Юлдузли самога термулиб бедор,
Сочин сойдай сочиб, кўзлари ёниб.
Бир аёл кутади мени энтикиб,
“Сиз менга ҳамиша кераксиз,” дейди.
Сочларини тараб, йўлимга қараб,
“Дуоларимдаги эркаксиз,” дейди.
Бир аёл кутади мени зору зор,
Сабру қаноатда фаришта гўё,
Ишимни билмасу ичимни билар,
Бундан ортиқ бахт ҳам борми, ҳей дунё?!
Бир аёл кутади ҳижрони бисёр,
Лабидан тошади соғинч олови.
Соатлик йўл менга олис туюлар,
Келинг, дер, совумай иссиқ паловим.
Соғинчига малҳам бўлиб бораман,
Бугунмас, бу оймас, ой тўлган туни.
Парёстиққа дўнар тош болишлари,
Чарос кўзларида шодлик учқуни.
Шундай фидо аёл бўлса ватанда,
Юртнинг юки ерда қолмагай асло.
Аёлин ҳам шундай суйса эркаклар,
Севги эртаклари бўлмагай адо.
Яна бир аёл бор, ёлғиз у аёл,
Мен кутаман уни ошкор ё пинҳон.
Туну кун мен ундан тилайман висол,
Лек у мушугига мендан меҳрибон...
10.05.2023 йил
***
https://www.youtube.com/watch?v=W5uKNuH5_vg
***
https://t.me/uzbektoshijodi
***
ЎЗБЕКТОШ ТЎРАХОНЛИ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, драматург, режиссёр.
.
ЎЗБЕККА ЖОЙНАМОЗ – ЎЗБЕКИСТОН БУ
Дунё тамаддуни – азиз тупроғи,
Навқирону мумтоз – Ўзбекистон бу.
Беш минг йил наридан ёнар чироғи,
Тўмарисдан мерос – Ўзбекистон бу.
Сирли Сирдарёдай жўшқин, савлати
Амударёга хос – Ўзбекистон бу.
Карвонларсаройлари гувоҳлик хати,
Қардошларга ҳамроз – Ўзбекистон бу.
Тоғлари меҳробдай, кенг-мўл, улуғвор
Чўллари жойнамоз – Ўзбекистон бу.
Шонли байроғида Аллоҳ номи бор,
Номи кўкда парвоз – Ўзбекистон бу.
Йўлини дилидай улуғлаган эл,
Аҳилу жўровоз – Ўзбекистон бу.
Боғларида шинни тортиқ этган эл,
Мангу топгай эъзоз – Ўзбекистон бу.
Дунё тамаддуни – ҳикмат булоғи,
Бухорийдан мерос – Ўзбекистон бу.
Амир ул-мўминин, малик ул-калом,
Ўзбекка жойнамоз – Ўзбекистон бу!
Ватандан муқаддас зиёратгоҳ йўқ,
Темурбекдай овоз – Ўзбекистон бу!
Ўзбектош айтади: Замахшарийдек,
Исломдаги устоз– Ўзбекистон бу!
3-6.05.2023 йил
***
https://www.youtube.com/watch?v=W5uKNuH5_vg
***
https://t.me/uzbektoshijodi
***
ЎЗБЕКТОШ ТЎРАХОНЛИ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, драматург, режиссёр.