ЎНОВЛОН ВА ИККИ АЖНАБИЙ ҲАҚИДА РИВОЯТ
Ўновлон яшарди битта уйда жо,
Сиртдан кўринарди аҳилдек гўё.
Бир кун меҳмон келди: икки ажнабий,
Шундай ажнабий-ки, аждаҳо каби.
Улар ўзин дерди билим пешвоси,
Бироз сирли эди ташриф боиси.
Тадбир тақдим этиб ҳовлида бир кун,
Улашамиз деди ғарбдан нур, учқун.
Ҳовлида бир тадбир қилишди режа,
Халқ тўплансин деб пул сарфлашди пича.
Бир ажнабий эди сал юмшоқсифат,
Бирида бошқайди сурат ва сийрат.
Ажнабийнинг бири шўлворин илди,
Бири марҳумларни ҳақорат қилди.
Мезбонлар кўзида сузар мавҳумлик,
Кун тартиб шубҳали, бордай бир шумлик.
Ўновлоннинг ярми ётга қўшилди,
Ярмиси уларни душман деб билди.
Тадбир қиламизми, қилмаймизми деб,
Жондошлар тортишди бир-бирини еб
Ўновлон бўлиниб бўлди бешовлон,
Ёвни енголмасди энди беш ўғлон.
Тарих такрорланди: эл бўлмади бир,
Ахир ўтказилди фаҳш тўла тадбир.
Ҳовлида бўлади дейилган тадбир,
Бутун маҳаллага кўчди-ку охир.
Элнинг кўзин боғлаб элтмоқ-чун жарга,
Ёт ғоя улашди йиғилганларга.
Ҳақиқатни деган бешжон енгилди,
Ҳақсизлик томонда етовлон кулди.
Танимай ёвга қул бўлди шу ерлик,
Халқни қутқарай ўлди шу ерлик.
Ўновлон боласи сўлди, сочилди,
Оғу ичирилиб насли бичилди.
Базмда унутдилар фойда-зарарни,
Обидлари бузди обидаларни.
Билиб-билмай қолди дўсту ёр, ҳамдам,
Жуда кеч бўлганди билганида ҳам.
Ёт келиб бир уйни бузгани ёмон,
Ўновлон бир бўлган манзил йўқ ҳамон.
Ўн ирмоқ бирлашса тўларди дарё,
Ўнлардан миллионлар бўларди пайдо.
Бир доно чиқмади шу бир сўз билан:
“Ўзга деб ёвми биз ўзимиз билан?!”
Келажак хатони гар ололса тан,
Ҳақ сўзли бешовлон қўлида ватан!
Ётларга сотилган қариндошлардан,
Хавфлироқ душман йўқ: аён азалдан.
Ўновлон, ўнингдан, ўзингдан қолма,
Оғир ботган дағал сўзингдан қолма.
Бор иймонли, покдил ғарблик меҳмонлар,
Уларни кутишар шарқлик мезбонлар.
Ўзбектош дилида бир орзу шу дам,
Ватан хизматига халқи бўлсин жам.
18.07.2022 йил
***
https://t.me/uzbektoshijodi