ВАТАН МАНЗУМАСИ
Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг 582 йиллиги,
Мирзо Бобурнинг 540 йиллигига бағишланади.
Пирларим борки, эл толедан рози,
Назм-у наво узра баланд парвози,
Туркий тил асоси, турк ибтидоси –
Юртнинг бир қаноти – Навоий Ҳазрат,
Бири – Бобур Мирзо шоҳу шеърсийрат.
Иймонбоши бобом имом ўрнида,
Салом берганида ўнг-у сўлида,
Бизга нажот ёғар икки қўлидан,
Юртнинг бир қаноти – Бухорий Ҳазрат,
Бири – Соҳибқирон Темурбек албат.
Элга жони фидо эр билмас ором,
Минг-минг номи қора, дили оқ бобом,
Энг улуғ инъом бу – ватанга инъом,
Юртим бир қаноти – жадид боболар,
Бири – қўрбошилар, қалби самолар.
Юртга таклиф керак, танқиддан аввал,
Шунда ўсиш бўлар элда мукаммал,
Ҳақоратлар этмас хатоларни ҳал,
Юртнинг бир қаноти – билим, юртдошим,
Бири – холис назар, холис элдошим.
Четда турмаганлар юртга мададкор,
Бир таҳлилга келсин ор, юраги бор,
Бугунимдан буюк келажагим бор,
Юртнинг бир қаноти – Бобурдек арбоб,
Бири – Навоийдай юраги офтоб.
27.01.2023 йил
***
https://t.me/uzbektoshijodi
Ўзбектош Тўрахонли,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, драматург, режиссёр.Сал кўзга кўриниб қолса бир одам,
Олти келишикда турлашар сўзин.
Туш деса “тушум” деб тутишиб мотам,
Гапини “гап” қилиб қийнашар ўзин.
28.01.2023 йил
***
https://t.me/uzbektoshijodi
Ўзбектош Тўрахонли,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, драматург, режиссёр.