Адабий оламда қофиясиз шеърлар – “оқ шеър” дейилади. Қофияли шеърларни “қора шеър” дейиш керакми, шунда?! Албатта бу айбга буюрилмайдиган бир мулоҳаза. Гарчи поэзия қора бўёқларни унчалик хушламаса ҳам, қоронғи рангларим, номаълум туйғуларим, оғриқли армонларим қуйида ёзганимда акс этгани учун, шу пайтгача учратмаган жумла билан – “Қора шеър” деб сарлавҳа қўйдим. Адабиёт шонлари ва шайдолари бунинг учун мени қоралашмас. Аллоҳ юзимизни ёруғ қилсин.
#қора_шеър #черный_стих #поэзия #шеърият
ҚОРА ШЕЪР
Сендан узоқларда йўлим унмайди,
Болам, не кунларга қолганимни кўр.
Сенга пулим борар, меҳрим бормайди,
Ўз ҳолимга ўзим кулганимни кўр.
Тугамайдигандай сўз узра жангим,
Қачон етишимни билмам манзилга.
Орзулар аниғу сўнги номаълум,
Дилимдаги бари келмайди тилга.
Бир табассумингга арзимас дунда,
Кескир калом излаб кесилди умрим.
Қодирийни сотган сотқинлар тирик,
Мени ҳам бахтимни этдилар ярим.
Товоним емрилди остоналарда,
Ичкари қўймаслар ичимда дардим.
Ишонч, Имкон берса, юртга юкин абад,
Юрагим устида ушлаб турардим!
Адолатга қалқон, элга мадад бўл,
Номинг борлиқ узра бўлсин овоза.
Ожиз сўзим топсанг айлагин сайқал,
Бургутдай юксалсин Ватан парвози.
Замондан олисда кўп сурдим хаёл,
Қирққа чиқмай қариб толганимни кўр.
“Бизга ҳам бахт борми, айт, Ҳаёт бобо?!
Боламга хат ёзиб ўлганимни кўр!”
12.11.2022 йил
***
https://t.me/uzbektoshijodi