Фақиҳ Абу Лайс (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: Зийнат ва ҳарирдан фойдаланиш масаласида одамлар ихтилоф қилишди. Баъзилар бунинг зарари йўқ, деди. Бу Абу Ҳанифанинг сўзлари. Баъзилар макруҳ деди. Бу Муҳаммад ибн Ҳасаннинг сўзлари. Шуниси олинади.
Жоиз деганларнинг ҳужжати Иброҳим ибн Масъуд Абу Рашиддан қилган ривоятдир: «Мен ибн Аббоснинг (розийаллоҳу анҳумо) тўшакларида ипак ёстиқни кўрдим», дейдилар.
Айтишларича, Ҳасан Басрий келин тўйида қатнашиб, зийнатланган ёстиққа ўтирганлар.
Анас ибн Молик (розийаллоҳу анҳу) никоҳ тўйига борганларида ипак ёстиққа ўтирганлари, унда қушлар сурати бўлгани ривоят қилинган.
Ривоят қилишларича: Оиша онамиз (розийаллоҳу анҳо) ҳужралари эшигида қушлар сурати тасвирланган парда осиғлик эди. Жаброил (алайҳиссалоту вассалом) тушди ва: “Эй Расулуллоҳ, мен ит ёки сурат бўлган уйга кирмайман, ё уларнинг бошини кесиб ташланг, ёки тўшак қилиб тўшанг”, деди.
Макруҳ деганлар Саид ибн Моликдан қилинган ривоятни олади. У зот: «Ўнаётган кўмир чўғига суянишим, ипак ёстиққа суянишимдан кўра яхшироқдир», деганлар.
Ибн Сийрин: «Мен Убайда Салмонийдан: «Зийнатдан фойдаланишни уни кийиш каби ёмон кўрасанми?» деб сўрадим. У киши: “Ҳа”, дедилар».