Умар ибн Хаттоб (розийаллоҳу анҳу): «Аввал одоб, сўнг таълим беринглар», дедилар.
Абу Абдуллоҳ Балхий: «Нафснинг одоби илмнинг одобидан кўпроқ, илмнинг одоби илмнинг ўзидан каттароқ», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: «Агар менга, бир кишида аввалгилару охиргиларнинг илми бор, деб сифатлашсаю, унда одоб бўлмаса, у билан учрашмаганимга афсусланмайман, агар бир киши ҳақида нафс одоби бор деб эшитсам, унга йўлиқишни орзу қиламан, учрашмасам афсусланаман».
Айтиладики, Ислом бешта қўрғони бўлган шаҳарга ўхшайди. Биринчиси, олтиндан, иккинчиси, кумушдан, учинчиси, темирдан, тўртинчиси, пишиқ ғиштдан, бешинчиси, хом ғиштдан. Модомики, қўрғон аҳли хом ғиштдан бўлган қўрғондагилар билан аҳдлашса, душман уларга ҳужум қила олмайди. Агар бир-бири билан аҳдлашувни тарк қилишса, хом ғиштдан бўлган қўрғон хароб бўлади, сўнг душман иккинчисига ҳужум қилади, сўнг учинчисига, ҳатто қўрғонларнинг ҳаммаси хароб бўлади. Шунингдек, Ислом ҳам бешта қўрғон ичидадир: биринчиси яқийн (қатъий ишонч), сўнг ихлос, сўнг фарзларни бажариш, сўнг суннатларни тўлиқ қилиш, сўнг одобни сақлаш. Модомики, банда одобни сақлаб, унга аҳд қилар экан, шайтон унга ҳамла қилолмайди, агар одобни тарк қилса, шайтон суннатларга ҳужум қилади, сўнг фарзларга, сўнг ихлосга, сўнг яқийнга. Инсон ҳамма ишларида одоб сақлаши лозим: намоз, таҳорат, сотиш, сотиб олиш, суҳбат ва бундан бошқаларда. Келгуси бобларда шарт бўлган одобларни баён қиламиз. Аввало таҳорат ва намоз одоблари ҳақида.