Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Иброҳим исмли ўғлигина қибтий Мория онамиздан (розийаллоҳу анҳо) туғилган, қолган барча фарзандлари Хадича онамиздан (розийаллоҳу анҳо)2.
Машҳур ривоятларда келтирилишича, Иброҳим ҳижрий саккизинчи йили Зулҳижжа ойида туғилиб, 18 ойлигида вафот этади3. Жанозасини Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари ўқиб, Мадинадаги “Бақиъ” қабристонига дафн этганлар.
Муғийра ибн Шўъбадан қилинган ривоятда айтилишича, Иброҳим вафот этган куни қуёш тутилади. Шунда одамлар: “Қуёш Иброҳим вафот этгани учун тутилди”, дейишади. Бу сўзни эшитган Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг ақидаларини тўғрилаш ва қалбларидаги хато шубҳа-гумонларни тарқатиб юбориш мақсадида: “Қуёш ҳам, ой ҳам бировнинг вафот этгани ёки туғилгани учун тутилмайди. Агар улар тутилганини кўрсангиз, намоз ўқинг ва Аллоҳга дуо қилинг”, деб таълим берадилар