Ўзбекистоннинг нобиометрик паспорти хорижда яроқсиз ҳисобланади. Расмийлар маълумотига кўра, эски паспортни фақат чет элдан Ўзбекистонга қайтиш учун ишлатиш мумкин. Бошқа барча ҳолатларда нобиометрик паспортлар “муддати ўтган” ҳисобланиб, уни бирор ташкилотга расмий ҳужжат сифатида тақдим қила олмайсиз.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, эски паспортлар жорий йил 1 январидан бошлаб хорижда мутлақо яроқсиз ҳисобланади. Фақат чет элда юрган ўзбекистонликлар қўлидаги эски паспортлар билан ватанга қайтиб келишларига рухсат этилган.
“Ўзбекистон ИКАО - Халқаро фуқаровий авация ташкилоти (ICAO — International Civil Aviation Organization)га аъзо бўлгани учун юзага келган вазиятни ҳал қилиш мақсадида шундай қилинди. Белгиланган муддатда янги паспорт ололмаганлар сони кўплиги боис ИКАО билан келишган ҳолатда хориждаги ўзбекистонликларнинг уйига қайтишига 12 февралдан бошлаб рухсат этилди”, деди бошқарма мутахасиси.