Эрон пойтахти Теҳронда қуроллилар мамлакат парламенти биноси ҳамда Оятуллоҳ Ҳумайний мақбарасига ҳужум қилган. Ҳар икки ҳужум оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, 39 одам яраланди. Тасним агентлиги ва Эрон давлат телевидениясининг хабар беришича, парламент биносига бир нечта қуролли бостириб кирган. Айрим хабарда қуроллилар одамларни гаровга олгани айтилади. Ҳужумга масъулиятни “Исломий давлат” экстремист гуруҳи зиммасига олди.
Айрим манбаларда парламентга ҳужум қилган қуроллилар сони уч, бошқа манбаларда тўрт нафар экани, улар пистолет ва Калашников автоматлари билан қуроллангани айтилади.
Парламент биносида қуроллилар одамларни ҳамон гаровда ушлаб турибди.
Айни вақтни ўзида бошқа қуролланган гуруҳ Теҳрондаги парламент биносидан 20 километр узоқлиқдаги Оятуллоҳ Ҳумайний мақбарасига бостириб кирган.
Мақбара матбуот хизмати раҳбари Али Ҳалилийнинг айтишича, ҳужумчилардан бири белидаги ҳудкушлик камарини ҳаракатга келтирган ва ўзини ўзи портлатиб юборган.
Мақбарага ҳужум оқибатида ҳалок бўлган ёки яраланганлар бор, улар сони маълум эмас.
Маҳаллий матбуотга кўра, Теҳрондаги ҳар икки ҳужум оқибатида 12 одам ҳалок бўлган.
Эронда парламент ва Ҳумайний мақбарасига ҳужум аҳолини ларзага солди.
Эронликлар 1979 йилги исломий инқлобдан сўнг мамлакат қўшнилардагидан осойиштароқ экани ҳақида фаҳрланиб келишган.