Наманган вилоятининг машҳур қандолатчилар юрти бўлмиш Шаҳанд қишлоғида яшовчи Сайдулло ака холвачилар авлодидан. Унинг фарзандлари ҳам бугун ота касбини ўрганиб унга кўмак бўлишмоқда.
Бу осон иш эмас, лекин Сайдулло акага кўра, ҳунарли инсоннинг нони бутун бўлади. У холва тайёрлаётганда келинлари олма қанд, фарзандлари хўрозқандлар ҳам тайёрлайди.
Бу оила 16 хил миллий қандолат маҳсулотини тайёрлаб, азалий удумни давом эттириб келяпти.
Мазкур лавҳада Сайдулло ака саванак холвасини қандай тайёрлашни кўрсатиб беради. Саванак учун аввалига ун қуруқ қовуриб олинади, сўнгра ёғ билан яхшилаб қорилади. Айни дамда шакар сув билан қайнатилиб қиём шаклига келтирилади.
Холва масаллиғидаги энг асосий нарсалардан бири бу Бих ўсимлиги илдизидир. Унинг шарбатидан қандолатчиликда кўп фойдаланилади.
"Тайёр қорилган хамир ва совитиб бироз қотирилган қиёмни тезда бир-бирига ўраб, ишлов берамиз. Бунда уч-тўрт одам қатнашса, янада яхши. Чунки жараён қанчалар тез якунланса, шунчалар масаллиқ увол бўлмай, қотиб колмай, кўпроқ холва ясалади", - дейди Сайдулло ака.