Президент Алмазбек Атамбаев 27 декабрда йил якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон билан жамоатчиликдан сир тутилган яширин шартномалар имзоланганини иддао қилган эди:
- Мен бошини қошиққа урдирган Ақаев эмасман (Бу ўринда Россиянинг собиқ президенти Ельцин бир учрашувда гўёки Акаевнинг бошига қошиқ билан уриб, мусиқа чалгани тўғрисидаги миш-мишларга ишора қилинмоқда - муҳаррир). Ўзбекистон билан яширин шартномалар имзолашга кўрсатма берган Бакиев ҳам эмасман. Бизда 2001 ва 2008 йилда имзоланган иккита яширин шартнома бор. Булар пайти келганда яна чиқади. Менга давлат манфаати муҳим, - деган эди президент Атамбаев.
Президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Озодликнинг қирғиз хизматига берган сухбатида, Атамбаев айтиб ўтган давлат аҳамиятига молик мазкур шартномалар моҳияти нимадан иборат эканини айтишдан бош тортди:
- Шартномалар бор. Бироқ мен уларни айта олмайман. Бундай давлат сирларини айтиш ҳуқуқим йўқ,- деди Сапар Исаков.
Айни пайтда Сапар Исаков 2001 йилда имзолангани айтилаётган яширин шартнома Ўзбекистоннинг Сўх эксклави бўйича меморандум эканини қисман тасдиқлади.