Қорасув шахрида ўзбекистонлик киллер қўлга олинди
27 апрел куни «Ozodlik radiosi» Қорасувда Ўзбекистонлик маҳфий агент қўлга олинганлиги ҳақида хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, қўлга олиш пайтида у бир неча милиция ходимларига қаршилик кўрсатган ва тан жароҳати етказган. Тинтув натижасида унинг ёнидан бир нечта ўқотар қурол ва турли хил мамлакатнинг паспорти топилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда айтилишича, бундан бир неча кун олдин бу шахар мусулмонлари орасида миллатчиликка даъват қиладиган ғоялар тарқатилган. Шунингдек, номаълум шахслар Қорасув шахри масжиди имоми Рашод қори Камолов ва яна бир неча мусулмонлар ҳақида қизиқишган. Бундан ташқари, Камоловни яқинлари, уни жисмонан йўқ қилиш бўйича режа тузилганлиги ва бу ишда ёрдам берган одам учун 2 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ваъда қилинганлиги ҳақида огоҳлантиришган.
Охирги пайтларда Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари Қирғизистон территорияси бўйича бемалол изғиб юришибди. Ўзига қарши чиққанларни террор усули билан ўғирлаётган ва ўлдираётган Ўзбекистон режими, Қирғизистон халқига ўз таъсирини кучайтирди, айниқса миллати ўзбек бўлган фуқароларга. Ош ва Жалол-Обод шахарларидан олинган хабарларга кўра, у ерда ўзбек режими агентлари томонидан, баъзи бой ўзбеклар ва савдогарларга ҳимоя таклиф қилинмоқда, шунингдек "Ўзбекистон Қирғизистондаги ўзбекларнинг тақдирига бефарқ эмас", деган миш-мишларни кенг тарқатишмоқда.