СУРХОНДАРЁ – “Cалкам чорак асрдан бери муваффақиятли ишлаб келаётган фермер хўжалиги ерлари ноқонуний тортиб олинмоқда”
ЖАРҚЎРҒОН. “Сурхондарё вилояти Жарқурғон туманидан ёзмоқдамиз. “Ғулом Полвон” фермер хўжалигимиз 22 йил аввал ташкил топган. Фаолиятимиз давомида бирор марта дотация ёки кредитдан фойдаланмаганмиз. Аммо иқтисодий жиҳатдан самарали фаолият юритиб келганмиз. Пахта хомашёсини етиштиришдаги ютуқларимиз учун беш йил давомида “Олтин фермер хўжалиги” деган рамзий мақом билан тақдирланганмиз. Аммо халқ депутатлари Жарқўрғон тумани кенгаши 5 май куни барча ер майдонларимизни олиб қўйиш тўғрисида қарор чиқарибди. Бунга сабаб сифатида пахта вақтида экилмагани кўрсатилибди. Бу эса очиқ туҳматдир! Пахта ҳам, ғалла ҳам вақтида экилган. Ғалла ҳосилига 2-3 кунда комбайнлар тушади.
Биз 6 гектар унумсиз ердан иш бошлаганмиз. 22 йил давомида жуда катта меҳнат ва харажат билан катта натижаларга эришдик. Энди эса туман ҳокими босими остида салкам чорак асрлик тарихга эга фермер хўжалигимиз хонавайрон қилинмоқда. Президентимиздан бизни ҳимоя қилишларини сўраймиз”.