Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент метрополитени Сергели йўналишининг қурилиши билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 29 ноябрдаги қарорига мувофиқ барпо этилаётган бу йўл пойтахтимиз транспорт коммуникациясининг яна бир муҳим тармоғидир. Лойиҳанинг умумий қиймати 82,6 миллион доллар бўлиб, 7 километр темир йўл ва 6 та бекат қурилиши белгиланган. Сергели йўналиши Чилонзор линиясининг "Олмазор" бекатига уланади.
Шу тариқа катта аҳолига эга Сергели тумани шаҳар маркази ва бошқа туманлари билан яна бир восита орқали боғланади. Жумладан, Сергелидан метрога ўтирган йўловчи "Буюк ипак йўли" бекатигача алмашмасдан етиб олиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари "Олмазор" бекати яқинида бўлиб, қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди. Сергели туманининг ривожланиб бораётгани, янги кўп қаватли уйлар қурилаётгани нуқтаи назаридан бу метро йўналиши улкан аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Йўловчиларнинг метрополитенгача етиб олиши ва метрода ҳаракатланиши учун яратиладиган шароитлар билан қизиқди.