Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас,
Кетар қадринг, қадардин ҳаргиз ошмас. (Сўфи Оллоёр)
*****
Адолат мактабни битиришига тўй бошлаб юбоордилар. Одил албатта бу тўйга боролмади аммо, тўй харажатлари унинг зиммасида бўлди. Укаси хали талаба, пул топмайди. Онаси эса яримжон, мактабда озгина дарсни хам зўрға эплаб турибди.
Тўй дегани ўзича бўлавермас экан. Одилнинг унча –мунча жамғариб қўйганлари бориди, етмабди. Онаси қариндошлардан қарз - хавола қилибди.
-Майли она, сиқилманг, пул экану. Соғ – омон бўлсак пул топилади.
-Бошинг омон бўлсин болам, яхшиям сен борсан!-она телефонда пиққиллаб йиғлашга тушди.- Энди Худо хохласа ўзингни уйлантирамиз, келин дараклаяппан.
-Хўб ая, йиғламанг!
-Энди жўнатган пулларингни тийин-тийинигача сақлаб юраман.
-Унақа қиманг ая, даволанишни тўхтатманг, катта-катта **** юринг.
-Хўб болам, хўб.
Адолатнинг тўйи ўтар-ўтмас Қобил яна турли бахоналар билан пул сўрашга тушди. Акаси пул жўнатмади, унга ишонмади. Укаси эса энди бошқа таниш-билиш, қариндошларидан пул сўрашга ўтибди. Бир куни синглиси телеграмдан овозли хабар йўллабди.
-Ака, яхшимисиз! Чарчамай ишлаб юрипсизми? Ако-о, Қобил акам пул сўрабди куёвингиздан. Аслида биз ундан сўрамоқчи эдик, машина олмоқчимиз. Мендан сўрамасин деб олдиндан биздан сўраяпти. Илтимос ако-о, куёвингизга қарз қилиб юборинг. Машина олмоқчимиз, хар ой икки минг доллардан жўнатиб турсангизам бўлади. Илтимоо-ос, куёвингиз сўра деб қўймаяптида. Сўрагани уяламан десам, қайнонам иккиси роса мени талашди ўртага олиб.
Одил ич-ичидан эзилиб кетди. Қудаларни яхши одамлар деб ўйларди. Чунки илгари муносабатлари жуда яқин эмасди. Мана яқинлашдилару, асл юзлари кўрина бошлади. Ой узоқдан чиройли кўринаркан-да. Энди қандай қилиб уларга йўқ дейди. Синглисини тинч қўйишмайди агар...
-Бўпти синглим, жўнатаман, сен тинч бўлсанг бўлди.
Шундан сўнг топган пулини иккига бўлиб, бир қисмини онасига иккинчисини синглисига жўната бошлади. Орадан олти ой ўтиб, соғлиги ёмонлаша бошлади. Еттинчи ой топган пулини ўзига сарфлади. Клиникага кириб муолажа олишга мажбур бўлди. Шифокорлар унинг сурункали йўталишини даволашаркан хаво алмаштиришни, ўз юртига бориб иссиқ ўлкада яшашни маслахат қилдилар.
Одил март ойи ичи хам амаллаб ишлаб, кейин уйга қайтишни режа қилди. У ёқда онаси келинга унашиб қўйган, келишига тўй қиламиз деб кутиб юрарди.
-Ая, Наврўзга уйда бўламан Худо хохласа, -дея овозли хабар йўллади.
-Худойимга шукр, тезроқ кел болам. Бу ёқда хамма удумларни қилиб бўлганмиз, апрел бошига тўй бошлаб юборамиз. Мен бугуноқ бориб қудаларим билан тўй кунини белгилаб келаман.
-Нега шошасиз ая, ёзга қилсак хам бўладику.
-Э-э, сен бола думингни тутқизмаяпсану. Келар-келмасингдан кетиш хақида гапирасан.
-Ая, мен октябргача уйда бўламан. Уйни соғиндим жуда, ёзни , кузни кўргим келяпти. Ўйлаб кўрсам, қовун-тарвуз емаганимгаям анча бўлибди. Бобурмирзонинг кўнгли нега қовун тусаганини энди тушуняпман ая.
-Кап-катта одам қовун соғиниб ўкинадими, деб ажаблангандинг-а, биринчи ўқиган пайтингда.
-Ха ая, у пайтда тушунмаган эканман.
Одил олти ой уйда юраман дедию, соғлиги хақида индамади. Хатто уйга борганда хам, тўй кунлари кескин қон босими ошганда хам индамади. Онаизор ўғлининг йўталишини, совуқ юртларда юрганликка йўйди, ёз саратонини кўрса яхши бўлиб кетади деб ўйлади.
Аммо, келинчакни алдаб бўлмасди. Тез-тез қон босимини туширувчи таблеткалар ичиб юриши, айниқса истмалаб қолаётгани уни ташвишга солиб қўйганди. Қайнонасига айтиб, Одилни шифохонага олиб бордилар. Ички органларини тўлиқ текширувдан ўтказдилар. Улар қўрққан йўталиш касали хавфли бўлиб чиқмади, йигитдаги шамоллаш деярли ўтиб кетгган, ўпкаси соғлом экан. Бироқ, уларни бошқа бир вахимали гап эсанкиратиб қўйди. Йигитнинг буйраги жиддий шикастланган, қон босими ошиб кетиши, истмалаши сабаби шу экан.
Шифокор Нозима ва қайнонасини хонасига олиб кириб вазиятни тушунтирди.
-Опа, ўғлингизга буйрак кўчириб ўтқазиш керак.
-Вой ўлай, бу нима деганингиз?!- Дилдоранинг бошидан капалаги учди.-Ўзиникичи?
-Сизга қандай тушинтирсам экан. Хуллас, ўзиники қуриш жараёнида, биттаси қуриб бўлган хам.
-Даволаб бўлмайдими? Ё Тошкон-пошконларга олиб борайликми?
-Опа, биз имкон қадар сақлаб туришимиз мумкин, дори-дармонлар билан. Буям вақтинчалик-да. Муаммони ечими донор топиш керак. Тошкентга олиб борсангиз хам шу гапни эшитасиз. Бу масалани бир томони. Иккинчи томони шуки, бу операцияни Тошкентда қилдириш учун узун навбатда турасиз. Қачонки навбат келса чақиришади. Бу уч ой ичида бўладими, бир йил ичида бўладими буни аниқ айтолмайман. Вахимага тушманглар, яна бошқа йўли хам бор.
-Қандай?!-қайнона келин бирданига савол қотишди.
-Хиндистонга олиб бориш керак. Пули сал қимматроқ бўладию аммо вақт масаласи мухимда сизларга.
-Қанча бўларкан Хиндистонда?
-Аниқ билмайман, аммо Қўқонлик бир қариндошимиз ўттиз беш минг билан буйрак қўйдириб келди.
-Вой!-Нозима беихтиёр юзини чангаллади, кейин бўғинма-бўғин суммани такрорлади-Ўт-тиз беш минг дол-лор-ми?!
-Ха,-тасдиқлади шифокор.-Аммо, асосийси донор. Донор топиш керак, яқинларини текшириб кўриш керак. Яқин қариндошларини ген хусусиятлари яқин бўлади, уларники мос келади кўпроқ.
Қайнона-келин тарвузлари қўлтиқдан тушганча коридорга чиқишди. Қаршиларида гўё ечимсиз муаммо тургандек... Хиндистонга боришни ўзи вахимали эди уларга. Хўб, укаси Қобил ўз буйрагини беришга рози бўлди хам дейлик. Аммо, ўттиз беш минг долларни қаердан топамиз, деган савол кема лангаридек бошларини полга тортарди. Кейин, Дилдоранинг ишончи комил эмас, кичик ўғли бироз бемехрроқ, буйрагини беришга рози бўлмаслиги мумкин.
Дилдоранинг халовати йўқолди, на турарида на ётарида халоват бор. Дард устига чипқон деганларидек, келини Нозима хам арзимаган гапдан жанжал чиқардию, уйига аразлаб кетиб қолди. Дилдора коса тагидаги нимкосани кўриб турарди, келини Одилнинг яшаб кетишига ишонмади. Бир-икки кунда уйидагиларни бошлаб келиб кўч-кўронини олиб кетса хам ажабланмаган бўларди.
Ўлганни устига тепгандек, Қобилнинг хам уч кундан бери телефони ўчирилган. Дилдора эрининг ва ўзининг қариндошлари билан билан учрашиб, пинхона маслахатлашиб кўрди. Бироқ, хеч биридан нажот чиқмади. Тўғрисиям шу, қариндошлари орасида бойлари йўқ, энг бойини “Матиз” машинаси бор холос. Нима қилса экана, ё уйни сотайликмикан. Қанчага олишаркан? Шошма, кейин қаерда яшаймиз? Хадемай Қобил хам ўқишини битириб, қишлоққа кўчиб келадику. Уфф, нима қиламиз энди. Ўғли Лондондан картасига ташлаб берган пулларнинг бир қисмини тўйга, уй ремонтига ишлатишди. Хозир беш мингга яқин бор. Яна ўттиз мингни қаердан оламиз энди? Ким беради шунча пулни? Хах ўғлима, дардинг борлгини билганимдаку, хамма пулларингни тахини бузмай сақлаб юрардима? Шошма, Қобил қайнотам прокурор деганмиди? Проурорларда пул кўп, қарз қилиб туришмасмикан? Соғайиб кетса қайтарамиз, қочиб кетармидик! Бу бола нега телефонини ўчириб олган-а?
Орадан яна бир кун ўтиб Қобилнинг ўзи бошқа рақамдан телефон қилиб қолди:
-Ая, яхшимисиз? Тинч ўтирибсизларми? Акамга телефон қилсам кўтармаяпти. Ё тўйида узоқ турмай қайтиб келганимга хафамикан? Айтинг, уч юз доллар жўнатвоорсин, телефоним бузилиб қолди, тузалмаяпти. Янгисини олай, қийналяпман ая?
-Қассобга ёғ қайғусими ўғлим. Аввал хол-ахвол сўрамайсанми мундоқ? Пул дейсан, Телефон дейсан? Танглайингни пул билан кўтармаганмизу, фақат пул хақида гапирасана болам. Қачон қарама пул керак дейсан. Яхшиям шу пул ўлгур бор. Бўлмаса телефон хам қилмайсан ўзингча.
Бу ёқда ўз ёғимга ўзим қовурилиб ўтириппан. Акангни мазаси йўқ, келин кетиб қолган.
-Тинчликми ая? Нима бўлди ўзи?
-Акангга буйрак қўйиш керак экан. Хиндистонга олиб боринглар дейишди.
-Хиндистонга?! Эххе, катта соққа керакку бунга!
-Шу-да болам, шуни ўйлаб диққат бўлиб ўтирибмизда. Хали донор топиш керак. Мен тамом бўлдим болам.
-Донор менда ая! Мен бераман акамга. Бошқаларники мос келмайди ая.
-Тилгинангга жоним фидо ўғлим! Шу гапларингга қурбон бўлай. Сен кўнмайсан деб қўрқувдим.
-Ие ая, акамку ахир. Мен бермасам ким беради. Ая, бундоқ қиламиз, акам Тошкентга келсин, қайнотамни танишлари кўп, шу ерда текширувдан ўтказамиз. Юз фоиз ишончим комил, мени тахлилларим акамга мос келади. Пулниям бир нима қилармиз...
-Ним қиламиз, уйни сотсакмикан?-ўсмоқчилаб сўради.
-Ая, гувалак уйингиз ўн беш мингга хам кирмайди. А, уни сотиб қаерда яшайсизлар кейин.
-Унда нима қиламиз?
-Қариндош уруғ, таниш-билишлардан қарз кўтарармиз.
-Ким беради шунча пулни?
-Пул муаммоси хам бир гап бўлар, аввал тахлил натижаларини чиқариб кўраверайликчи?
Дилдоранинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Яхши гап жон озиғи деб шунга айтсалар керакда, Қобилнинг гапларидан кейин Дилдора анча жонланиб қолди. Шундан сўнг катта ўғлини қўярда қўймай Тошкентга жўнатди. Аммо, қувончлари узоққа чўзилмади. Қобилнинг тахлиллари муносиб келмабди.
Дилдора яна ғамга ботди. Кўчагаку умуман чиқмай қўйди. Ким бўлса Одилни сўрар, яхши бўлиб кетади деб тасалли беришарди. Бироқ бу тасалли бераётганларнинг кўзлари “ўғлинг ўлади, тайёр тур” деяётгандек боқарди назарида. Келини кетиб қолгандан кейин Одилнинг касали хақидаги гаплар бутун қишлоққа аён бўлиб улгурганди.
Бир куни Адолат йиғлаб кириб келди.
-Акам хақидаги гапларни бегоналардан эшититб келяпман. Нега менга айтмайсизлар? Мен бегонами сизларга?
-Сен энди қайна-қайнотали одамсан. Тинчингни бузмай дедимда.
-Қўйинг ая шу гапларни! Акамга мен донор бўламан. Мени текширувга олиб боринглар!
-Қўйе, нима деяпсан қизим. Сени ёш боланг бор. Буни устига, чиққан қиз чийириқдан ташқари дейишади. Сени бошингда эринг бор, ўша хўжайин. Уни рухсатисиз тирноғинга қайчи текизма қизим.
-Куёвингиз рози бўлди ая. Пул хам бор, беради.
-Қизим, бизга катта пул керак. Сизлар яқинда “Нексия” олдинглар, пулларинг ишлаб кетгандир.
-Ая, бир гап бор, энди сизга айтмасам бўлмас. Қобил акам хадеб Одил акамдан пул сўрайвергани хақда нолиб куёвингизга айтувдим. Сен акангдан пул сўра, бизга жўнатиб турсин деганди. Мен акамга ёлғон гапириб, пул сўрадим. Акам шўрлик индамай бизга пул жўнатиб юрган. Олти ой икки мингдан жўнатган, хозир ўн икки минг бўлди. Машинани ўзимизни пулга олганмиз ая, акамникини сақлаб юриппиз. Тўй арафаси берайлик, десам куёвингиз кўнмади, мухтож бўлгунча сақлаб турамиз деб. Ёки машина олмоқчи бўлса берамиз, деган.
Дилдора қизини энди кўраётгандек тикилиб қолди. Қизини яхши биларди, жуда жонкуяр, мехрибон қиз. Қарангки, куёви хам ўзига ўхшаркан. Мана, осмондан тушгандек ўн икки минг пул тайёр. Ўзникини қўшса ўн етти минг бўлади. Аммо, шундаям яна ўн саккиз минг пул топиш керак бўляпти. Жуда бўлмаса уйни сотаман, ўйларди она.
Хартугул, Адолатни текширишгандан кейин донор масаласи хал бўлди. Синглисининг тахлиллари акасига муносиб кўрилди. Энди пул муаммосини хал этиш қолганди.
Ўша кунлари Қобил оиласи билан ёзги таътилни ўтказиш учун қишлоққа қайтди. Дилдора қанча ялинса хам зўрға келадиган ўғли, бу йил дабдурустдан кириб келганди. Бу келишнинг асосий мақсади эса кейинроқ маълум бўлди.
Уйни сотиш хақидаги гаплар мухокама қилинаётганда келин қаттиқ туриб қаршилик қила бошлади.
-Уйда укасининг хам хаққи борку ойижон,-деди қайнонасига кўзини лўқ қилиб. –Кейин биззи халқимиздаги удум бўйича ховли кичик ўғилга қолади, тўғрими? Сиз қанаққиб кичик ўғилни уйини сотиб юбормоқчисиз ойижон.
-Сен аралашма, акам учун ўнта уйим бўлса хаммасини сотаман!-Қобил хотинига дўқ урди.
-Товуқ катакда яшаймизми кейин?-кичик келин қошларини чимирганча эрига тикилди.
-Керак бўлса товуқ катакда яшаймиз!
-Кимни товуқ катагида?-келин хам бўш келмади.
-Бош омон бўлса дўппи топилади,-Қобил асабийлаша бошлади.
-Сиззи битта дўппингиз ўғлим учовимизга бошпана бўлолмиди дадаси, кўзингизни очинг.
-Хаммамиз Тошкентдаги квартирага кўчиб кетамиз,-деди Қобил.
-Дадаси, квартирани хисобилан қарз олиб дадам айтган ерга бериб қўйганмизку.
-Бўлди, жанжаллашманглар! Одил кафтини юқори кўтарди. –Уйни сотмаймиз, мен аввалдан бунга қарши бўлганман. Уй сизларрга қолади.
-Ака, бу уй сизни хам уйингиз!-Адолат гарчи акасига мурожат қилган эсада, кеннаясига қараб гапирганди.
-Майли, бахслашманг!-Дилдора қараса можаро катталашадиган.-Уй сотилмайди. Аммо, пулни қаёқдан топамиз энди келин? Дадангиз қарз қилиб турмасмикан?
-Билмадим ойижон, дадамла унмайдиган уруғни ерга қадамайдиган одамла. Ну, бир сўраб кўраман акамла учун.
-Шундай қилинг, қарашиб юборишсин, ерда қолмас келин!
Адолат кеннаясига норози тикиларкан хаёлидан “жуда бемехр ва айёр хотин экан. Дунёга ўт қўйса кулини кўрсатмайдия” деган гаплар ўта бошлади.
17.07.2024 Дониёр Ахмаджонов
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7