Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас,
Кетар қадринг, қадардин ҳаргиз ошмас. (Сўфи Оллоёр)
*****
Хиндистонда тиббиёт бошқа мамлакатларга нисбатан илгарилаб кетгани бор гап экан. Одил Хиндистонга етиб келгунча хаётдан умидини узиб бўлганди. Бироқ, бу ерга келиб тиббий кўрикдан ўтгач, шифокорларнинг гапи уни хаётга қайтаргандек бўлди. Синглиси Адолатнинг донор экани хам операция муваффаққиятига далил дейишди. Синглисининг натижалари Хар томонлама акасига мос келгани хам бир омад эди. Энди Муолажа харажатлари учун клиника хисоб рақамига пулни ўтказишса бўлди, муолажани бошлашади.
Адолат харажатлар учун пулни ўтказмоқ учун, акаси ётган хонадан чиқиб кетди. Бироқ, беш дақиқа ўтар-ўтмас ранги мурдадек оқарганча ортига қайтди. Хар қанча ўзини қўлга олишга харакат қилмасин, кўз ёшларини тийиб туролмади:
-Ака, - деди, лабини қон чиқар даражада қаттиқ тишлаб.-Хакерлар пластигимизни бўшатиб олишибди.
*****
Мактабни битираётган болалар ўзларини осмондаги юлдуз тасаввур қилишаркан. Хар қандай ишни уддалайдиган, хар нега қўлини узатса етадиган. Орзулари осмон қадар, амалга ошириш хам осонгина... Одил хам мактабни аъло бахоларга битираркан, дипломатияга ўқишга топширишни ва албатта имтихонлардан ўтишни ўйларди. Инглиз тилидан вилоят олимпиадасида учинчи ўринни олгани учун, ўзини жудаям билимли хисобларди. Имтихоннику осон топширди, аммо тўплаган бали жуда паст чиқди. Шундагина ўзинининг билими совун кўпигидек эканини тушунди. Уятдан, ориятдан кўчага чиқолмай қолди. Кейинроқ эшитди, синфдошларидан деярли хеч ким ўқишга кира олмади. Фақат битта Фарход кирибди. У мактабнинг охирги йилларида лицейга ўтиб кетганди. Оиланинг моддий ахволи яхши бўлгани учун Фарход қўшимча дарсларга қатнарди.
Йиқилган курашга тўймас деганларидек, Одил бу йил хам яна ўқишга топширишни, бунинг учун дадаси билан маслахатлашиб қўшимча дарсларга боришни режа қилди. Лекин, режа режалигича қолиб кетди. Узоқ йиллар хасталикдан қийналиб юрган Фозил ака сентябрь охирларида боқий дунёга сафар қилди. Энди оиладаги вазиятт ўзгарди, режалар ўзгарди. Одилнинг ўзидан икки ёш кичик Қобил ва беш ёш кичик Адолат исмли укалари бор эди. Уларни ўқитиш ва боқиш онаси қатори Одилнинг хам зиммасида эди. Дадаси охирги кунлари Одилни ёнига ўтқазиб олиб насихат қилди.
-Болам, мендан кейин бу оилани отаси енсан! Укаларинг сенга омонат, уларга оталик қил! Ахил бўлинглар , иноқ бўлинглар! Тўғри ўқишга киролмадинг, аммо сен истаган китбларни доим топиб келардим. Кўп ўқидинг, хаётни тушунасан, дунёқарашинг кенг. Сенга ишонаман ўғлим! Унутма, мен доим сени кузатиб тураман!
Бу гаплар отасининг васияти экан. Хеч қача ўтмай оталари вафот этди. Оналари Дилдора мактабда инглиз тилидан дарс берарди. Бир аёлнинг топгани билан рўзғор тебратиш қийин эди. Одил буни тушунди, тушунгани учун хам онаси унга репититорга боришни маслахат берганда бош чайқади.
-Ая, хамма олим бўлаверса подани ким боқади. Мен ишлайман, укаларимни ўқитаман.
-Қўлингда бирор хунаринг йўқ, мардикорликдан бошқа нима иш қилоласан? Мардикорлик қилиб ўз қорнингни тўйдиришинг, устингни бутлашинг мумкиндир, аммо укаларингга ортироласанми?
-Харакат қиламан ая, девонани ишини Худо ўнглабди дейишади. Таваккал қилиб иш бошлайверайчи! Дадамни рухи мени қўллайди.
Шундай хам қилди. Ўзи ўқий олмас эканми унда, албатта укаларимни ўқитаман, дадамни васиятига доим амал қиламан деган ният билан дуч келган ишни қилаверди. Қиш келиб кунлик ишлар камайган пайтда эса бозорга – арава тортгани чиқа бошлади. Шундай кунларнинг бирида аравасига бир қоп пиёзни юклаётган йигитни таниб қолди. Бу ўзи билан бирга вилоят олимпиадасида қатнашган Сардор исмли йигит эди. Икки йигит бир-бирини таниб саломлаша кетдилар. Сардор унинг ахволлини кўриб ачиндими, ё ростдан хам уни дўст деб билармиди. Бир ақлли маслахат берди. Бу маслахат эса йигитнинг хаётини буткул ўзгартириб юборди.
Маълум бўлишича, Сардорнинг акаси Англияда ўқир экан. Хам ўқир хам ишлар, ўз харажатларини ўзи қопларкан.
-Бу ерда ишлаб қориндан орттиролмайсан, агар Англияга кетсанг бир муддат у ерда ишласанг анчагина маблағ тўплаб оласан.
-У ёққа кетишдан ойга учиш осонроқдир? – Одилнинг юзига аламли табассум югурди.
- Акам менга буни йўли бор деганди. Сен билетга пулни харакатини қилавер, ўзим сенга хабар бераман. Агар ўқишим бўлмагандаку, менам сен билан кетган бўлардим.
Дархақиқат, Фарходнинг акаси унга ёрдам берди. Буни иложи йўқ деб юрган Одил, февраль бошида Англияда иш бошлади. Ўзини эртаклар оламига тушиб қолгандек хис қиларди. Расмларда китобларда кўрган кўчаларда энди ўзи атрофни томоша қилиб юрарди.
Қахрамонимиз Англияга етиб келиб иш бошлаганда “Бисмилло”ни айтишни унутган кўринади. Бир хафта ишлар ишламас сменадоши билан жанжаллашиб қолди. Бунинг оқибатида эса ишни тугатиб ётоғига қайтар махали кўчада роса тепкиладилар. Уни химоя қилмоқчи бўлган бир кексароқ одам хам йигитга қўшилиб насибасини олди. Иккиси хам еган калтаклари зарбидан ўринларидан туролмай деворга суянганча таниша бошладилар.
-Қаерликсан?
-Ўзбекистондан.
-Қаерда у?
-Осиёда. Ўзингиз қаерликсиз?
-Жазоир... Африкадан. Бу ерда нима қилиб юрипсан?
-Ишлашга келдим. Оиламни боқишим керак.
-Хаммамиз хам оила боқаман деб юрибмиз яхши йигит. Қани, тур, ху анави фургонга етиб олайлик. Мени ишхонам хам уйим хам шу машина.
Одил амаллаб тураркан, қарияни суяб машинага олиб борди. Маджид билан шу тариқа танишиб қолдилар. Қария машинасидаги озиқ-овқатлардан йигитга ажойиб таом тайёрлаб берди.
-Одил, сенга бир талифим бор. Мен март ойида юртимга қайтаман. Энди бу ерларда юришга қарилик қиламан. Истасанг сенга хунаримни ўргатаман, ўрнимга қоласан. Аввалги ишхонангда ишлашинг хам мумкин аммо, мени ишим сенга осон. Квартира хақи тўламайсан, газ, свет каби комунал тўловлар, йўл киролардан озод бўласан. Ишга нимага кеч қолдинг деган гап йўқ. Фақат битта чиқиминг бор, мошинга бензин қуйсанг бўлди. Қолган чиқимлар эса ўн карра кўпроқ кирим бўлади сенга. Хўш нима дейсан?
-Қанча топаман бу ишда?
-Корхонангдан кўпроқ топасан қўрқма.
Одил бугунги муштлашувдан кейин ишига қайтишни истамай турганди ўзи. Худога таваккал қилиб, Маджидга шерик бўлди. У билан бирга юраркан, қайси махсулотни қаердан олиш, қандай таом тайёрлаш, қаерда савдо қилиш, қаерда тунашни қунт билан ўргана бошлади. Хафтанинг қайси куни қайси кўчада яхши савдо бўлиши, куннинг қайси пайти қаерда таом сотишгача ёдлаб олди. Бир ой деганда ўзи мустақил иш юрита оладиган бўлди хисоб. Маджид кетар чоғи дилида тарқамаётган хиралик хақида сўради.
-Маджид амаки, менда хайдовчилик гувохномаси йўқ, полиция билан муаммо бўлмасмикан?
Маджид мийиғида куларкан кўрсаткич бармоғини юқорига кўтарди:
-Мен ўн икки бахорни шу ерда қаршиладим. Гувохномани қўй, машина минишни шу ерда ўргандим. Шу пайтгача бирон марта мендан гувохнома сўрашгани йўқ, чунки бирон марта қоидани хам бузганим йўқ. Машина деярли бир жойда туради, хакаракатда кам бўламан. Аммо, хайдовчилик гувохномаси керак бўлса анави орқа кўчада автомактаб бор. Ўзингга қулай вақтни танлаб ўқишни бошласанг хам бўлади.
Маджид йигитга машина ва ундаги анжомларни бепулга берди, аммо охирги ой бирга топган пулларнинг хаммасини ўзи билан олиб кетди.
Шундай қилиб, Одил мустақил иш бошлади. Шукр қиларди топиши ёмон эмас. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, гохида нохуш кунлар хам бўлиб турарди. Кимлардир таомни олиб пулини бермас, кимгадир эса таоми ёқмас, юзига отиб кетарди. Начора, чидаш керак. Эмигрант бўлгани учун кимгадир шикоят қилиш хақида ўйлаб хам ўтирмасди.
Хафталар, ойлар ўтаверди. Топган пулини онасига жўнатар, ўзига ортиқча пул сарфлашни хаёлига хам келтирмасди. Лондонда иккинчи бахорни қаршилаётганда таомномага ўзгартириш киритди. Эски буюмлар бозорида манти қозонга ўхшаш кастрюлка сотиб олгач, кўк манти ва кўк сомса қилиб сота бошлади. Бу таомлар янгилик бўлгани учунми ё кўчада тез овқатланадиганлар учун қулаймиди, икки марта тайёрласа хам тез сотилиб кетарди. Айниқса, туш пайти Лондон университетларига яқинроқ бориб олиб, талабаларга кўпроқ сотарди. Йигитнинг кунлик мижозларини 70-80 фоизи талабалар бўларди.
Шундай кунларнинг бирида талабалар кутилганидан анча кам келишди. Савдо хам табиийки яхши бўлмади. Нариги университетга борсам, талабалар тарқагунча улгураманми, деб чамалаб турган пайти, ўзига тикилиб турган бир лўли йигит диққатини тортди.
-Ха, йигит, нега тикилиб қолдинг?-деб сўради. Кейин эса, йигитни ўз юртидаги лўлиларга ўхшатгани учун ўзбекча савол берганини пайқаб, инглиз тилида қайта савол берди.
-Сохибим, сизда эртагача қолса айниб қоладиган таом борми?
Савол кутилмаган эди, Одил анча пайтгача уни тушунмай тикилиб турди.
-Менда сизга беришга пул йўқ,-қўшимча қилди йигит.
Одил шундагина бу йигит бепул овқат сўраётганини тушунди. Уни қўли билан имлаб чақираркан. Тайёрлаб қўйган таомларидан олиб ликопга тера бошлади.
-Кел йигит, келавер. Пулинг бўлмаса хам беравераман, савоб хам керакку.-Одил савоб сўзини ўзбекча талаффуз қилганди. Бу эса бояги йигитни ажаблантирди, Одилга диққат билан назар ташлади.
-Сохибим мусулмонми?
-Алхамдулиллах, мусулмонмиз. Ўзингчи?
-Мен хиндман. Аммо қўшниларим мусулмон, улар билан бирга ўйнаб бирга ўқиганмиз.
-Э-э, Хиндистонликмисан? Мен Бобур ватаниданман?
-Сен яхши одамсан...-хинд йигити таомни шоша-пиша оғзига солди.
-Дўстим сен бемалол овқатланавер. Мана шарбат, яна истасанг бу идишда, керагича қуйиб олавер. Исминг нима эди?
-Жайкишан,-деди йигит луқмани ютаркан. Жеки деявер.
-Яхши Жеки! Меники Одил. Мен шу ерларда ризқимни териб юрибман. Сен нима қилиб юрибсан бу ерларда?
-Ўқийман, шифокор бўламан.
-Маблағинг яхши эмасга ўхшайди, ўқишга қийналмайсанми?
-Қийин. Онам билан опам менга ишлаб пул жўнатишади. Ўзлари хам қийин шароитда яшашади. Мен бу ерга келмоқчи эмасдим, аммо улар мажбурлашди. Сен келажакда катта доктор бўласан, бизни боқасан, дейишади. Мен хам ўқишдан бўш пайтларимда иш қидириб кўраман Топсам ишлайман, ўша куни тўйиб овқатланаман.
Одил унинг хозирги ахволини тасаввур қилиб кўрди. Кейин Жекига яқин келиб елкасига қўлини қўйди.
-Жеки, мен хам сендака укаларимни ўқитаман деб шу ерларга келиб қолганман. Топган пулимни сени олилангсингари укаларимни ўқишига жўнатаман. Катталаримиз айтишадику, таълимга сарфланган маблағ энг хайрлисидир.
Хуллас Жеки, сенга бир гапни айтиб қўяй. Мени қаерда кўрсанг хеч тортинмай ёнимга келавер. Сен учун доим таом бепул.
Жеки унга рахмат айтаркан қўлларини қовуштириб таъзим қилди.
-Одил, рахмат сенга. Анави китобларни ўзинг ўқийсанми?-Жеки машинанинг ичкарисида қўлбола ясалган китоб жавончасига имо қилди.
-Ха Жеки, китоб жону дилим. Истасанг сенгаям ўқишга бериб тураман.
-Рахмат!
Жеки шу бўйи бир ойча кўринмай қолди, ёки у овқатланадиган пайти Одил бошқа ерда бўларди. Қахрамонимиз уни энди унута бошлаган кунларнинг бирида яна қаршисидан чиқди. Одил билан бирга овқатланиб. Тунда хам машинада қолди. Тонггача Одилнинг китобларини ўқиб чиқди. Нонуштадан сўнг ўқишига жўнади. Шу-шу икки кунда ё уч кунда келиб турадиган бўлди. Бир куни қўлида бир даста пул билан пайдо бўлди. Тўрт минг доларча пулни Одилга узатди.
-Бу қарзларим учун Одил!
-Жеки, сен савоб деган сўзимдан мусулмон эканимни англабсану аммо ниятимни тушунмабсан. Савоб учун мусулмонларда пул олинмайди дўстим. Пулингни чўнтагингга солиб қўй, ўқишингга ишлатасан.
-Унда айт, мен сенга қандай савоб қилсам бўлади.
-Яхши ўқи Жеки, шуни ўзи етарли. Бизда бир гап бор, яхшилик қил сувга от, балиқ билар, балиқ билмаса Холиқ билар. Сен хеч хижолат бўлма.
-Одил, телефонингни пули борми, уйимдагиларга хабар жўнатмоқчиман.
-Бор, вайфайимга улаб берайми, ўзингникидан жўната оласан?
-Яхши бўларди.
Кунлар, хафталар ўтаверди. Одил икки йил деганда уйига бориб келишни ният қилди. Бунинг учун талабалар таътилдалик пайтларини энг маъқул вақт деб топди. Савдо айни шу пайтда пасаярди.
Одилнинг уйга қайтиши қувончли кунларга тўғри келди. Оила Қобилнинг Юридика факултетига ўқишга кирганини нишонлаётган кунлар эди. Одил охирги кунлари интернет орқали оиласи билан боғланмаган, ўзининг боришини сюрприз қилмоқчи эди. Тақдирни қарангки, ўзи хам сюрпризга дуч келди.
Қахрамонимиз укаси ўқишга ўтганидан қанча қувонса, онасининг озиб бир сиқим бўлиб қолганини кўриб шунчалик ўкинди. Унинг беморлиги хақида хеч ким унга айтмаганди.
-Ая, тузукмисиз, озиб кетибсизу, юзингизда бурнингиз қопти холос. Нима бўляпти?
-Ха, энди... қаричиликда болам.
-Эллик ёшда қарилик хақида гапиряпсизми ая?
-Бошланиши шудирда болам.
-Сизни санаторияга ташлаб келаман, ўн кун даволаниб, дам олиб келасиз?
-Қўй болам, мен яхшиман. Укангни кантрагига катта пул керак, бекорга совурмайлик пулни.
-Ая, пул топилади, соғликни вақтида ўйлаш керак. Хеч қанақа сабаб келтирманг, эртагаёқ Чимёнга ташлаб келаман.
-Борадиган бўлсам сен кетгандан кейин бораман, ўзи ўн беш кунга келибсан, дийдоринга тўйиб олай.
Одил Англияга қайтиши билан онасини санаторияга боришга ундай бошлади. Укасига хам бу хақда ёзди. Бироқ, онаси хар сафар эрта, индин деб вақтни чўзаверди. Шунда Одил, уйда эканида хеч нарсага қарамай онасини санаторияга олиб бормаганидан афсусланди.
Орадан салкам бир йил ўтиб кетди, онаси бир марта туман поликлиникасига бориб, дори-дармон ёздириб келибди. Аммо, синглиси Адолатнинг гапига қараганда бу муолажалар яхши эфект бермаётганди.
-Бемалол пайт бўлганда менга ёз телефон қиламан!-хабар юборди синглисига. Телефон қилиб онасидан даволанишни қаттиқ талаб қилмоқчи эди. Бироқ, телефон қилган пайти бу мавзуда гап очишга имкон бўлмади. Қобил “иш кўрсатиб” онаси қаттиқ ташвишда ўтирган экан.
-Айтишича “ўша” қизни ўзи укангга тузоқ қўйган эмиш,-деди онаси йиғламсираб.-Дадаси Тошкентда прократурада ишлармиш, энди уйланмаса қаматиб юбораркан.
Одил бу гаппни эшитиб капалаги учди. Тушундики, тезда тўй қилишмаса укаси қамалиб кетади, келажаги расво бўлади. Хозир айб кимда деб суриштириб ўтирадиган вақт эмасди. Уруғ экилган ва у униб, ниш ота бошлаганди.
-Аёлни мухтожлик, эркакни тўқлик бузарканда,-алам билан ўйлади Одил.
Тўйни Тошкентда қилишди. Одил тўй ўтса ташвишлардан ариймиз деб ўйлаганди. Адашган экан, келинпошша ижарада яшамайман деб жанжал бошлабди. Энди уларга алохида квартира олиш керак.
Келиннинг дадаси танишлари орқали пулини бўлиб тўлаш шарти билан квартира топиб берибди. Буни эшитиб Одил бироз хотиржам тортди. Хар қалай, ойма-ой тўлаб бориш улар учун қулай эди. Албатта пулини Одил тўлайди, келин куёвлар хали талаба, пул топмайди. Касалманд онасининг топгани эса урвоқ хам бўлмайди.
Қахрамонимизнинг икки ойлик жўнатган пули квартирани ремонти ва жихозланишига сарфланиб кетди.
-Шохона квартирада яшашинг шартми Қобил, яшаш учун шароити бўлса бўлди-да. Барибир ўқишни битириб қишлоққа қайтиб кетасанку,-укасини тергади телеграмдаги сухбатларида.
-Ака, менга қолса гази ва хожатхонаси ишласа бўлди. Аммо, келинингиз катта охурдан ем еганлардан-да, бунақа шароитда яшолмайди.
-Ахмоқни кўнгли тўлгунча султонни ажали келибди. Сени шароитинг мухимми хозир аямни соғлигими? Аямга пул жўнатолмаяпман сени хархашангдан кейин.
-Аям яхши бўп кеттию, тўйда роса ўйнади.
-Қассобга ёғ эчкига жон қайғуси экан-да. Ўйнаса яхши бўлаверадими? Сен харажатингни сал камайтир ёки келинга тушинтир. Аямни даволаб олайлик, қолгани секин бўлаверади.
-Хўб ака, хўб...-аразлагандек бўлди укаси.
Қийшиқ нихолдан қийшиқ дарахт бинога келаркан-да. Қобил хар ой янги чиқимларини айтиб пул сўрар, акамсиз, отамсиз деб пул жўнатмагунча аврарди. Одил бояқиш икки йиллик ишлаганини укасига сарфлади. Уйига борар чоғи хам хеч қанча пул олиб кетолмади. Йигит бу сафар бир ой уйда бўлди, аммо на укаси на келини қишлоққа келмади. Одил бу сафар онасининг эътирозларига қарамай вилоят шифохонасига олиб бориб, шифокорларга кўрсатди. Олиб бормаса хам бўлмасди, чунки Дилдоранинг бел ва оёқлари оғриб юролмайдиган даражага келиб қолган экан. Ўн кунлик муолажалардан кейин онаси юриб қолди, қанд миқдори хам мўтадиллашди. Йигит Англияга қайтгунича онасини анча даволатиб, бардам холга келтирди.
-Ая, дориларингизни узманг, хар икки ойда обласнойга бориб духтирингизга кўриниб келинг. Қанд ошиб кетмаслиги учун доим назоратда бўлишингизз керак. Мен хотиржам юролмайман сиз бу ахволда бўлсангиз.
-Туяга ўркачи юк бўлмайди болам, сен хавотир олаверма. Энди қаричилик... дард ўртоғим бўлиб қолган. Бахтимга сизлар омон бўлсангиз бўлди. Мана, укангни уйлаб қўйдинг. Энди ўзингга келин топайлик, тўй қилайлик. Салима хам ўқишини битираётган эмиш. Хар куни эшигини супириб кетаётганлар саноқсиз экан.
Салима бу Дилдоранинг аммасини қизи эди. Тўй хашамларда кўриб қолиб, сени ўзим келин қиламан деб юрарди. Одил хам унга бироз майли бордек эдию, аммо хозир тўй хақида ўйламасди. Уйланса келинни ташлаб Англияга кетиши қийин.
-Ая, уйлансам Қобилнинг кантрагини ким тўлайди? Квартирадан қарзини ким тўлайди? Укамнинг айтишича ўқишни битириб ишга жойлашиш учун хам отни калласидек пул керак эмиш.
Онаси хам буларни ўйлаб, хомуш тортди. Тўғрида, хали бу ёқда синглисини хам бўйи етиб қолди. Уни ёшлигидаёқ дадаси бир оғайнисига узатаман деб келишиб қўйган. Ўша оила хозиргача хам худди қудалардек муносабатда бўлишади. Тезроқ мактабини тугатса тўй бошлаймиз деб юришибди. Бир йил ўқиса мактаби тугайди, унга тўй бошлаш керак.
-Шунча харажатлар турганда ўзим уйланиб олсам, қийналиб қоламиз. Синглимни узатиб олайлик, уйланиш қочмас ая.
-Бошинг омон бўлсин болам,-онаизор ўғлининг елкасини мехр билан силай бошлади.-Қанийди уканг хам сендек фикрласа...
Одил негадир хеч уйидан кетгиси келмай қолди, аммо, харажатларни ўйлаб кетмаса бўлмаслигини биларди. Август охирида яна Англияга жўнаб кетди. Бу сафар синглисини тўйи ўтмагунча қайтмасликка қарор қилди. Қаттиқ ишлади, кун ва тунни фарқига бормай ишлади. Роса чарчаганда икки соат ухлаб оларди. Унинг бахтига Лондонда тунда хам савдо яхши бўларди. Фақат, совуқ озроқ қийнарди уни. Бу совуқ таъсир қилдими, охирги пайтлар ора-сира йўтал тутиб қоладиган бўлди, қон босими хам тез-тез безовта қилиб турарди. Қахрамонимиз оғриқ қолидарадиган, қон босимини туширадиган дорилар ичардию, даволаниш хақида ўйламасди. Олдинда синглисини тўйи турибди, кўпроқ ишлаши керак.
Адолатнинг бугун – эрта тўйи бўладиган кунлари эди. Қобил телеграм орқали чиқиб эллик минг доллар пул сўради.
-Нима қиласан шуна пулни?-Одилнинг энсаси қотди.
-Сотиладиган жой бор ака. Қайнотам билан шерик бўлиб олмоқчимиз. Обектни бир қисмида машина тузатадиган устахона бор. Бир қисмида эса акфа ромлари ясайдиган цех очмоқчимиз. Қолган ярмида қурилиш ашёлари ишлаб чиқарадаган корхоона қиламиз. Ака зўр жой бўлади. Қайнотам бўлмаса бу ерни икки юзгаям олиб бўлмайди.
-Кампир дарди ғўзада экан-да... Сен бола қишлоққа қайтишниям ўйлаяпсанми? Адолатни тўйи бўладиган бўп туриптию. Уни узатиб, аямга қараб ўтирсанг бўмийдими? Аям шўрлик неварамни олиб келмаяпти деб сендан хафа. Нима, ё Тошкентда қолмоқчимисан?
-Ака қишлоққа қайтсам хам, цехдан улушимизни олиб юраверамиз, қўшимча даромадку.
-Менда бунча пул йўқ, пулинг бўлса олавер ука.
Қобил шундан кейин жим бўлиб кетди.
15.07.2024 Дониёр Ахмаджонов
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6