Ё раб, қайда хато қилдим,
Ибодатда адашдимму?
Ҳар кимга бош эголмадим,
Итоатда адашдимму?
Дардлар бунча беордайин,
Фироқ нафис, озор майин.
Ёр келганда мен бормайин
Хижолатда адашдимму?
Дил оғринар, руҳим зада,
Ишқ-шартлашув, бахт бир ваъда.
Умид сўнар ҳар лаҳзада,
Саодатда адашдимму?
Мен ўйлаган ўйлар қани,
Бир сўзу, ростгўйлар қани?
Болаликдан тинглаганим –
Ҳикоятда адашдимму?
Гарчи армон берар фириб,
Кўзларга ёш олган кириб.
Ё барини билмай туриб
Шикоятда адашдимму?
Йўл оларман ўзим сари,
Нотинч кўнгул, сўзим сари.
Вафо билмас дунё зари,
Қаноатда адашдимму?
Тангрим, қайда хато қилдим,
Қалам, хатда адашдимму?
Қалбим ҳамон йиғлаётир,
Муҳаббатда адашдимму?
Муҳаббатда адашдимму?!
Махфуза Имомова 10.01.2015 й.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев