Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бирор ишдан ташвишлансалар:
«Йаа Ҳайй! Йаа Қайюм! Бироҳматика астағийсу!» дер эдилар».
(Имом Термизий ривояти)
Шарҳ
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ташвишга қолган пайтларида Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан иккитасини зикр қилар эканлар.
1. Ҳайй. Тирик. Аллоҳ доимо тирикдир, ўлмас. Яъни, Аллоҳнинг ҳаѐти абадийдир, ўлим ила йўқ бўлмас.
Шунингдек, Аллоҳнинг ҳаѐти азалийдир, олдиндан йўқ бўлган эмас. Ягона Аллоҳнинг тириклиги Ўзигагина хос алоҳида ҳаѐт бўлиб, бандалар ҳаѐтига ўхшаш бошқа масдардан берилган эмас.
Бу ҳаѐт азалий ва абадийдир. Бошланиш чегараси ҳам, тугаш чегараси ҳам йўқ.
Аллоҳнинг тириклиги ҳеч бир жиҳатдан бандаларнинг ҳаѐтига ўхшамайди.
2. Қайюм. Ўз-ўзидан қоим бўлган ва бошқаларни қоим қилган Зот.
«Қайюм»лик сифатининг маъноси, Аллоҳ таборак ва таолонинг ҳар бир нарса устида турувчи эканлиги ва ҳар бир турувчи нарса Унинг сабабидангина туришидир.
Шу билан Аллоҳнинг туриши бошқаникига ўхшамайди ва доимийдир.
Ана шу гўзал исмлар ила Аллоҳ таолони улуғлаб туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
«Бироҳматика астағийсу!»
дер эдилар.
Яъни, раҳматинг ила ѐрдам сўрайман, дер эдилар.
#Ҳадис_1256
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар».
(Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
(Термизийнинг лафзида) «Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин», дедилар».
Шарҳ
Ушбу ҳадиси шарифга амал қилингандагина мўминлар катта ютуқларга эришишлари мумкин.
Бу ҳадиси шарифга амал қилмай туриб, ѐки унинг тескарисини қила туриб, бирор яхшиликни кутиш мумкин эмас.
«Мўмин мўминнинг ойнасидир». Ойна ҳар бир кишининг айбини беркитишга хизмат қилади.
У ўзи билан муомалада бўлган кишига индамасада, айбини кўрсатиб тураверади.
Ойнага қараган киши бошқалар олдида уятга қолмаслик учун ҳам унинг ѐрдамида ўзини ўнглаб олади.
Мўминлар ҳам бир-бирлари учун айбни тузатиш борасида худди ойна ўрнидадирлар.
Мўмин одам ўз биродарида бирор айбни кўрса, дарҳол бошқалар кўрмай туриб, ўша айбни тузатишга ҳаракат қилади.
Иккинчи мўмин ҳам бу гапни тўғри қабул қилади ва ўз айбини тузатишда ѐрдам берган биродарига раҳмат айтиб, унинг ҳаққига дуолар қилади.
«Мўмин мўминнинг биродаридир.
Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради».
Ҳа, мўмин мўминга худди шундай муносабатда бўлади.
У ўз биродарига доимо яхшиликни раво кўради.
Агар унинг бирор нарсаси йўқолиб қолса, ўша нарсани топиб беришга ҳаракат қилади.
Агар ўз биродарининг йўкдигида бирор айби очилиб қолса ҳам ўша айбини беркитиб, ҳимоя қилади.
Энди аъзолари орасида бундоқ ҳамкорлик ҳукм сурган жамиятнинг қандоқ бўлишини кўз олдимизга келтираверайлик.
«Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир.
Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин».
Агар биродарининг кирини кўриб туриб, уни артиб қўймаса, биродарлиги қолармиди!?
#Ҳадис_1257
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам . «Аллоҳим! Мен Сендан бир фақирликдан, етишмасликдан, хорликдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан зулм қилишимдан ва зулмга қолишимдан паноҳ сўрайман», дер эдилар».
(Абу Довуд ва Насаий ривояти )
Шарҳ
Бу ҳадиси шарифдаги дуода ҳам бир неча нохуш нарсалардан Аллоҳ таолодан паноҳ тилаш бор.
1. Фақирлик.
Факирлик сўзи аслида фақир — умуртқа поғонасининг синишидан олинган. Бундай мусибатга учраган одам қўлидан ҳеч нарса келмай, ўзгаларга муҳтож бўлиб, қимирлай олмай ѐтиб қолади. Фақирлик ҳам шунга ўхшаш, кишига муҳтожлик келтиради.
2. Етишмаслик.
Яъни, яхшилик ва хайр-бараканинг камлиги. Бу ҳам одамнинг муҳтожлиги аломати ва бошига тушган кулфати бўлади.
3. Хорлик.
Кишининг бошқалар олдида ҳақорат қилиниши хорлик бўлади. Бошқалар уни одам ўрнида кўрмаса, ҳурмат қилмаса ва у билан ҳисоблашмаса, ўша одам хор бўлади. Бу ҳам ҳар қандай одам учун катта мусибат бўлади.
4. Зулм қилиш.
Бу ишни қилган одам золим бўлади. Золимнинг кимлигини ва зулмнинг оқибати қандай бўлишини ҳамма яхши билади.
5. Зулмга қолиш.
Бунга дучор бўлган одам мазлум дейилади. Бу ҳам ҳеч кимга муносиб кўрилмайдиган ҳолатлардандир. Уламолар ушбу дуолардан мурод, умматга таълим беришдир, деганлар.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев