(ҳикоя)
Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ исмларини зикр этиб бошлайман. Аллоҳнинг Ўзи расулининг нурига қараб “Лам лака лав афлак”, яъни “Сени яратишдан мақсадим бўлмаганида эди бу фалакларни яратмас эдим”, деб лутф қилган, оламлар маҳмуди, коинот сарвари, башарият гул тожи – Муҳаммад Мустафо салаллоҳу айлайҳи васаллам ташқариладилар. Мана беш кундан бери оғир хасталаниб энди оёққа турган ўғиллари Иброҳимга қараб кўнгиллари ёришди. Хурсанд бўлдилар. Жажжи Иброҳим тенқур ўртоқлари ёнига ширин бўлиб, сакраб-сакраб ёнғоқ ўйин ўнашга ошиқди. Расулуллоҳ алайҳис-салом ўғилларига бироз қараб тургач, табассум қилиб хужраи саодатга кирдилар.
Шу пайт осмонни кулранг қоронғулик қоплади. Одамлар осмонга нима бўлди, деб бир-бирига ҳайрон қараб қолдилар. Саҳобалар бир-биридан бу ҳодисага изоҳ қидиришди: “Ё Абу Бакр, бу нима кусуфми – қуёш тутилдими? Ё Али, осмонга нима бўлди? Ё Умар!.. Ё Усмон!.. Ё аюҳаннос (Эй одамлар!) нима бу?”
Расулуллоҳ алайҳис-салом ўтирган хужра ичига ҳам қоронғулик чўкди. Бу қоронғулик Расулулоҳ алайҳис-салом қалбларига ҳам кириб борди. Зоти мукаррам қалбларини бир мубҳам ғашлик қоплади. Ташқарига чиқиш учун ўрниларидан турдилар. Шу пайт эшикдан Жабройил алайҳис-салом кириб келдилар. Одатда Жабройил алайҳис-салом ё пурвиқор шайх, ё аъробий кўринишида келардилар ёки Расулуллоҳ алайҳис-саломни бир юк босарди вахий нозил бўларди. Жабройил алаҳис-салом бу сафар Расулуллоҳ алайҳис-саломга афтодаҳол, махзун шайх сувратида кўринди. Расулуллоҳ алайҳис-салом бу зотни бундай кўриниш касб этганларини кўриб қўрқиб кетдилар. Буюк фаришта кириб келибоқ Расулуллоҳ алайҳис-саломнинг елкаларига аста бош қўйиб силкиниб-силкиниб йиғлай бошладилар.
- Ё Жабройил, биродарим! Нега йиғлаяпсиз? Қиёмат хабарини олиб келдингизми?
- Ё Расуллулоҳ, йўқ, қиёмат хабарини келтирмадим. Ўғлингиз Иброҳимни севасиз!..
- Ҳа ўғлим Иброҳимни ғоятда севаман!.. Нега йиғлайсиз?
- ...
- Ё Жабройил?!..
- Ё Расулуллоҳ мен билан ким келганини биласизми?
- Ким келди ё Жабройил?
- Мен билан Азройил алайҳис салом келдилар. Ташқаридалар. Киргани Сиздан хаё қиляптилар... Бугун ўғлингиз Иброҳимнинг руҳи қибз қилинади...
Шунда коинот сарвари Расулуллоҳ алайҳис-салом беҳол ўтириб қолдилар... Пайғамбар алайҳис-салом “Бу қандоқ? Бу жуда оғир! Дарҳақиқат, бу имтиҳон вазмин келди, Аллоҳим ўзинг қувват бер!” деб пичирладилар.
Ташқарида эса Иброҳимнинг ҳеч нарсадан хабари бўлмай кулранг қоронғу осмонга сал ховотирланиб қараб-қараб қўйиб болалар билан ўйнарди. Саҳобалар эса изоҳ сўраш учун тўпланиб Расулуллоҳ алайҳис-салом ҳузурларига йўл олдилар.
Жабройил алайҳис-салом йиғлаб дедилар:
- Ё Расулуллоҳ, Сизга ихтиёр берилди. Ё умматни танланг, ё ўғлингиз Иброҳимни танланг дейилди. Битта қалбда иккита муҳаббат жам бўлмайди, дейилди. Лекин ё Расулуллоҳ, Иброҳимга умр тилаб дуо қилинг, бутун само аҳлини, фаришталарни дуога шай қилиб қўйдим, қоронғулик боиси шу – улар яқин келишди, биргаликда дуо қилайлик!
Жабройил алайҳис-салом шу сўзларни овоз чиқариб айтдилар холос. Энди бу икки муҳташам Зот орасида овоз эшитилмайдиган ички сўзлашув кечди:
“- Ё Расулуллоҳ дуо қилинг! Шубҳасиз даргоҳи Иззатда дуоингиз қабул! Бутун осмон аҳли қўшиламиз, дуоингиз мустажоб бўлади, ё Расулуллоҳ!”
“- Ё Жабройил, биродарим! Мен ўғлининг умрини сўрашга юборилган расул эмаслигимни биласиз-ку!”
“- Ё Расулуллоҳ Аллоҳ сизга бошқа ўғил фарзанд бермас экан! Дуо қилинг! Иброҳимни сиздан олиб қўйилишининг сабаби – умматнинг осийлари вақти келиб уни пайғамбар мақомига чиқаришга уриниб кўришидир. Аллоҳ ҳикмат эгасидир! Лекин сиз дуо қилинг, Аллоҳ Қодир Зотдир!”
“- Ё Жабройил дуо қиламан! Лекин умматимни дуо қиламан! Ўғлим Иброҳимнинг бадалига умматимдан чиқадиган камолот аҳлини сўраб дуо қиламан!”
Шунда ташқарида ўзгача гувраниш, тебраниш юзага келди. Турли вазифадор ва турли кўринишдаги нидо қилувчи фаришталар Ер аҳлига қараб нидо қилди:
- Эй уммат! Ҳозиргина Расулуллоҳ сизларни дуо қилди!
- Эй уммат! Ҳозиргина Расулуллоҳ ўз жигари парчаси –фарзанди Иброҳимни сизларга бадал қилди!
- Эй уммат! Расулуллоҳ сизларни деб, ўғлини бермоқчи!
- Шу бадал учун Расулулоҳ исми зикр қилинган жойда унга салом ёки саловот айтмаган кимсага лаънат бўлсин!
- Шу бадал учун муносиб фарзанд ўстирмаган кимсага лаънат бўлсин!
- Шу бадал учун Аллоҳга ва унинг расулига осий бўлганга лаънат бўлсин!
- Шу бадал учун Аллоҳга ширк келтириб расулига йўлига итоатсиз бўлганларга лаънат бўлсин!
Бу нидоларни эшитган барча жонзотлар ғимирлаб қолди. Фаришталарни итдан қўрқади деб ким айтди?.. Нидо қилгувчи малаклар ичида наинки бир қавмни балки уни итига қўшиб бутун маконини чаппа айлантириб, тескари қилиб қўйган фаришталар ҳам бор эди. Шунинг учун итлар биринчи бўлиб думини қисиб пана жой қидира бошлади. Мушуклар томларнинг энг пана жойларини макон қилишди. Нидо янграганда уяларидаги арилар тўзғиб кетди. Кундузи кўринмайдиган чивғинлар ҳам қаердандир пайдо бўлиб кўчани тўлдирди. Чумолилар инидан чиқиб тўзғиди. Туялар бўшалиб кетди. Бу нидони эшитиш қуввати бўлмаган инсонларгина бўшаб кетган туяларини боғлаш учун югурдилар. Агар инсонларга ҳам эшитиш қуввати, имконияти берилганда эди, нидони эшитиб кўпларининг ўтакалари ёрилган бўларди... Юрак томирлари узилган бўларди...
Иброҳим эса ҳамон ҳеч нарсадан хабари бўлмай болалар билан ўйнамоқда.
“- Ё Расулуллоҳ! Дуо қилинг! Дуо қилинг! Сиз оламдан ўтгунча Иброҳим яшаб турсин!”
“- Ё Жабройил! Умматимни дуо қилдим!.. Мусибато! Буни кўтаришга қувват бер Аллоҳим! Ё Жабройил! Ўғлим билан видолашишга фурсат бериладими?”
“- Ё Расулуллоҳ Сизга Вақт Соҳиби вақт берди, Сизга лаҳзалар берилди! Шу лаҳзалар ичида ўғлингиз Иброҳимни сўраб дуо қилишингиз ҳам бор!”
“- Ўғлим билан видолашиб олай!..”
Расулуллоҳ алайҳис-салом ташқарига чиқдилар. Тазод туйғулари билан тўлқинланиб ўғиллари Иброҳимнинг ўйинига қараб қолдилар. Қарадиларки, болалар ичида энг гўзали, энг беғубори ўзларининг фарзанди. Камолотда, ҳуснда, адабда Расулуллоҳнинг қони бўлган Иброҳим болаларнинг каттароғига қараб деди:
- Ё Амр! Мен ёнғоққа ўхшаган тошлар териб келдим. Шуни ўйнайлик! Ёнғоқнинг ичида эса неъмат бор. Неъматни отиб ўйнамайлик, увол бўлади!
Бу гапни эшитган Амр ўзидан уч ёш кичик Иброҳимнинг ақлига қойил қолиб “Наам” – “Ҳа” деб розилик маъносида бошини қимирлатди. Бу гапни олисдан Расулуллоҳ алайҳис-салом ҳам эшитиб юраклари ўртаниб кетди. Расулуллоҳ алайҳис-салом Иброҳимни ёнларига чорладилар. Иброҳим чопқиллаб, сакраб-сакраб етиб келди:
- Лаббайка, ё Абий! (Лаббай эй Отажон!”)
- Ё қурратул аюн! (Эй кўзимнинг қароси!) Сиз кетадиган бўлиб қолдингиз. Сизни олиб кетишади!- шундай деб Расулуллоҳ алайҳис-салом тиззаларини ерга қадаб Иброҳимни қучоқладилар.
Иброҳим тушунмасдан меҳмонга борамиз деб ўйлади. Ҳатто хурсанд бўлганидан жилмайганида тишларининг оқи кўриниб кетди. У Ямандан келтирилган бир дона янги куйлагини назарда тутиб шундай деди:
- Ё Абий! Меҳмонга борамизми? Унда яманий куйлагимни кийсам майлими?
- Ё қурратул аюн! Биз меҳмонга эмас, меҳмонлар бизга келишди.
- Яманий куйлагим...
- Сиз куйлак керак бўлмайдиган жойга борадиган бўлиб қолдингиз!..
Шунда фаҳму фаросатда, идрокда Расуллулоҳнинг қони бўлган Иброҳим дарров бир нарсани сезгандай Ота бағридан чиқиб шундай деди:
- Эй отажон! Ундай бўлса манави ёнғоқларни Амрдан омонат олувдим. Шуни бериб келай! Кейин дўстларим билан хайрлашиб олай! – деб Расулуллоҳ алайҳис-саломнинг изнларини кутди. Расулуллоҳ алайҳис-салом бошларини қимирлатдилар. Иброҳим хурсанд бўлиб, чопқиллаб болаларни ёнига югурди.
Расулуллоҳ алайҳис-салом Иброҳимнинг ортидан қараб қоларканлар “Қандоқ омонатдор ўғлим бор эди...” деб жигарлари эзилди, юраклари яна ўртанди. Иброҳим хурсанд ҳолда ёнғоқни Амрга бериб, болаларнинг ҳаммаси билан қучоқлашиб хайрлашди. “Узоқ сафар”ни сезгандай баъзиларининг юзига юзини қўйиб хайрлашди. Кейин Иброҳим шодон ҳолда Оталари ёнига келди. Расулуллоҳ алайҳис салом то хужрагача бўлган йўлакда фарзандларига тўйиб қараб олиш учун ўзларидан олдинга ўтказиб юргиздилар.
Лекин фитрати тамомила адаб сувига қорилган Иброҳим адабсизлик бўлмасин деб оталарининг орқасига ўтиб олиб юрди. Расулуллоҳ алайҳис салом яна қўлларидан ушлаб олдиларига ўтказсалар Иброҳим адаб сақлаб отанинг ортларига ўтиб олди. Шу адаб намунаси ҳам Расулуллоҳ алайҳис саломнинг жигарини ёқди. Шунда Набий алайҳис салом ўғилларининг қўлларидан ушлаб хужрага яқинлашдилар.
Ичкарида Жабройил алайҳис –салом Азройил алайҳи –саломга дедилар:
- Ё Азройил инсон назаргоҳи учун энг юмшоқ, мулойим суврат касб этинг ва Иброҳимга кўрининг. Чунки Расулуллоҳ алайҳис салом Иброҳимга “Меҳмонлар келишди” деган лафз ишлатдилар. Расулуллоҳ алайҳис салом сўзлари зое ва ёлғонга айланмасин!
Ниҳоят Расулуллоҳ алайҳис-салом ва Иброҳим кириб келишди. Иброҳим Азройил алайҳис-салом кўриб салом беришга чоғланган тили айланмай, қаттиқ қўрқиб кетди. Оёқ-қўллари бўшашиб сал қолса йиқилар эди, Расулуллоҳ алайҳис-салом ушлаб суяб, тиззаларига ётқиздилар.
- Ё Абий! Меҳмонларнинг бирини кўриб қўрқиб кетдим!..
- У томонга қараманг, менга қаранг болам!
- Ё Абий...
- Ҳа болам!.. У меҳмон шаҳристонни қабристонга айлантирадиган меҳмон. У меҳмон отадан болани айирадиган меҳмон. У меҳмон қалбларни хувиллатиб қўядиган меҳмон... Лекин муҳташам, ҳақ меҳмон... Болам мендан рози бўлинг!
Расулуллоҳ алайҳис-салом Иброҳимнинг юзларини силадилар ва Жабройилга юзландилар:
- Ё Жабройил! Азройилга айтинг ўғлимнинг жонини оғритмасдан олсин!
Шу пайт Иброҳимнинг бошига оғриқ турди. Кейин оғриқ пасайди. Иброҳим “Ё Абий, ё Абий!..” деди ва Расулуллоҳ алайҳис-саломга табассум қилиб жонини ҳаққа топширди...
...Барча йиғилди. Расулуллоҳ алайҳис-салом Иброҳимни ўзлари ювиб, ўзлари кафанладилар. Тупроққа қўйишгач, Расулуллоҳ алайҳис-салом чидай олмай овоз чиқармай кўз ёш тўкавердилар.
- Ё Расулуллоҳ! Ўзингиз қайтарган ишни ўзингиз қиласизми?-дейишди саҳобалар Расулуллоҳ алайҳис-саломнинг йиғлаётганларини кўриб, ачинишиб.
- Ахир мен шафқатда бўлмайинми? –дедилар Расулуллоҳ алайҳис-салом.
Шундан кейин барча саҳобалар овоз чиқармай симиллаб йиғлашди. Тупроқдан қайтаётиб Расулуллоҳ алайҳис-саломга саҳобалардан бири у зотни чалғитиш, ғамни аритиш ва билиш мақсадида “Ё Расулуллоҳ бу кусуф – кун тутилиш Иброҳим учунми?” деди. Расулуллоҳ алайҳис-салом эса қатъий “Ундай деманглар бир банда учун Аллоҳнинг оятлари (Ой, Қуёш ва бошқа сайёралар) тутилмайди!” дедилар.
Йўлда қайтаётиб Аллоҳ рози бўлсин Абу Бакр Расулуллоҳ алайҳис-саломни суяб олмоқчи бўлдилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳис-салом кўчада ҳеч нарсадан бехабар ўйнаётган болаларга ишора қилиб:
- Ё Абу Бакр, агар Иброҳим сизларнинг фарзандингиз бўлганида ҳозир ана шу болаларга қўшилиб ўйнаётган бўларди! Аллоҳдан умидим борки, энди ўғлимнинг эвазига бу умматдан қобил фарзандлар чиқади! –дедилар...
Эй замондош! Энди ортиқ тафаккур қилиб кўр, биз шундай Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам умид қилгандай қобилмизми?!..
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 2