-------
Кўпчилигимиз ёмон одатлардан қутулиш учун турли чоралар ахтарамиз. Иллатлардан халос бўлиш учун ҳар хил усулларни қўллаймиз. Лекин буларнинг уддасидан, ҳарчанд уринсак-да, чиқа олмай оворамиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур” (Анкабут сураси, 45-оят).
Барча шартларига риоя қилиб, хушу ва хузу билан ўқилган намоз намозхонни фаҳш ва ёмон ишлардан қайтаради.
Ишхонада бирор айб иш қилиб қўйсак, раҳбарнинг юзига қарашга уяламиз. Оилада фарзанд қилган ножўя иши туфайли ота-онасидан ҳайиқади. Худди шундай биз бирор айб иш қилсак, ҳар куни беш маҳал ҳузурида турадиган Раббимиздан ҳаё қиламиз. Шу боис намозлар орасида, умуман, ҳар доим фаҳш ва ёмон ишлардан узоқ бўлишга интиламиз.
Имом Абу Олия айтади: «Албатта, намознинг уч дўсти бор. Қайси намозда ушбу уч дўст топилмас экан, унинг маъноси қолмайди. Улар: ихлос, хавф ва Аллоҳнинг зикридир. Ихлос яхшиликка буюради, хавф ёмонликдан қайтаради ва Аллоҳнинг зикри Қуръонга буюради» («Тафсири ибн Абу Ҳотим»).
Қуёш билан мусобақалашгандек, тонг отмасдан уйғониб, покланиб, Аллоҳга ибодат қилиш, зикр ва тасбеҳлар айтиш, илтижолар қилиш қанчалик завқли-мароқли... БОМДОД вақтининг ифорини туйишнинг гашти бўлакча... Бундай ибодат ёлғончи ва ўткинчи дунёга қарши кийилган мустаҳкам зирҳдир.
Куннинг серташвиш онларида, яъни ПЕШИН вақтида тирикчиликни бироз четга суриб, Набий алайҳиссалом “Кўзимнинг нури” (Имом Насоий ривояти) ва “Диннинг устуни” (Имом Дайламий ривояти), дея таърифлаган намоз сари чоғланамиз. Ибодатни адо этгач, ич-ичимиздан руҳий енгиллик туямиз.
Дунё ҳаётининг бир кунлик йўлида АСР намози тайин этилган “бекат”ида тўхтаб, яна бироз тин оламиз-да, ожиз банда эканлигимизни, “Дунёда гўё ғариб ва йўловчи каби бўлишимиз” (Имом Бухорий ривояти)ни эсга олиб, Ҳақ таолодан абадий саодатни умид қилиб, муножот айлаймиз.
Қош қорайгач, яна ихлос билан қиблага юзланамиз. Қуёш ботиши билан кундузимиз ҳам поёнига етиши, вақти-соати келиб, умримиз ҳам ниҳояланишини эслаб, ШОМ намозига киришамиз.
Кундузи билан бирга дунё ҳам тун бағрига ғарқ бўлган онларда, ўлимнинг рамзи бўлган уйқуга ётишдан олдин яна бир бор жойнамоз устида туриб, ХУФТОН намозини адо этамиз. Хуфтонни ўқиб бўлгач, кунлик ҳисобот топширгандек кун давомида билиб-билмай қилган гуноҳларимиз учун истиғфор айтиб, чарчоқларни унутиб, меҳрибон ва раҳмли Раббимизнинг раҳмат уммонига чўмган ҳолда шукроналар айтамиз.
Бир кунда барчаси жамланса, бир соатдан ошмайдиган, инсонга ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик, ором ва оройиш берадиган энг мукаммал чора бу – НАМОЗ.
Аллоҳ таоло: “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)”
(Раъд сураси, 28-оят), деб марҳамат қилган.
Намоз ўқиган одам руҳан тетик бўлади, руҳан тетик бўлган одам ҳар қандай ташвишу муаммони ҳеч қийинчиликсиз енгиб ўта олади.
Нобель мукофоти лауреати, инглиз ёзувчиси Бернард Шоу: “Мусулмонларнинг намози 2000 йилларга келиб дунёдаги энг машҳур профессор-шифокорларнинг рецептидан жой олади...” деган эди.
Ҳа, ихлос билан ўқилган намоз нафақат инсоннинг охирати учун, балки соғлиги, руҳияти учун ҳам кони фойдадир.
------- " ------- " -------
НАМОЗ ПАЙТИДАГИ МАКРУҲ ҲОЛАТЛАР
- Узрсиз йўталиш;
- Қироатга халал берувчи нарсани оғизда сақлаш;
- Рукуъ ҳолатида бош елкадан баланд туриши;
- Нўхот катталигида таом ейиш;
- Оят ва тасбеҳларни бармоқ билан санаш;
- Суннатлардан бирортасини қасддан тарк этиш;
- Қироатни рукуъда тамом қилиш;
- Икки кўзни юмиб туриш;
- Намоз тугамай, пешонасини артиш;
- Намоз пайти либосни текислаш;
- Ҳаракат қилиш;
- Туфлаш;
- Ечиниш;
- Қасддан бир оятни ярмида тўхтатиб, бошқасини бошлаш;
- Керишиш;
- Пешонани ерга теккизмай, саллани теккизиш;
- Жамоатга одам қўшилганда имом овозини пасайтириши;
- Намозни имом чўзиб юбориши;
- Енг тирсаккача чиқиши, бурун қоқиш;
- Такбирни такрор айтиш;
- Узрсиз деворга ёки устунга суяниш;
- Меҳроб ичига бутунлай кириб олиб намоз ўқиш;
- Бармоқлари билан бирор сўзни ёзиб кўрсатиш;
- Бош ё қош билан бирон сўзни ишора қилиш;
- Таҳорат танг бўлиб турганда намоз ўқиш;
- Қабрга ё нажасга қараб намоз ўқиш;
- Олдинда жой бўлса-да, ортда намоз ўқиш;
- Бошяланг намоз ўқиш – буларнинг бари намоз чоғи қилинса, макруҳдир.
"Ибодати исломия"дан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев