У жудаям меҳрибон эди. Ҳаммага! Айниқса, турмуш ўртоғига! Унга ўзини фидо қилганди. Қарашларидан муҳаббат ёғиларди. Шу қадар севардики, Хожасининг чизган чизиғидан бир қадам чиқмас эди. Олий маълумотли бўла туриб бир кун ҳам ишламади, аммо эри ортиқча пул бермас, бор-йўғи ойда бир марта, ота-онасини кўриши учун берадигани йўл ҳақи учун етарди. Уйидан қўни-қўнжини тўлдириб қайтар, ўзининг кийим-кечаклари ҳам онасининг гарданида ва бу табиийдек қабул қилинарди. Аммо аёл шунда ҳам бахтли эди. Унга кайфияти яхши бўлса, кулиб, бошқа пайт қўрс муомала қиладиган эридан ортиқча эътибор кутмасди.
Уйлари чинни-чироқ, томорқа ишларини бир ўзи эплар, икки маҳал қозон қайнатар, болаларининг кулгусидан шод, худди шундай бўлиши керакдек бахтиёр эди.
Ота-онаси кексайиб қолди. Бу вақтга келиб фарзандлари катта бўлиб қолганди. Турмуш ўртоғидан ҳаракатсиз ётиб қолган отасини кўришга рухсат сўради
—Ака-укаларинг бор, сен борганинг билан нима қилиб берасан? —деган жавобни олгач, биринчи марта дили оғриди. Кейинги ҳафта яна ижозат сўради. Бу гал
—Аёл киши эрини рози қилса Жаннатга киради, ота-онанг учун ака-укаларинг масъул, —деган жавобни олди. Ўксиди. Кейинги ҳафта борди... Отасини сўнгги йўлга кузатишга...
Аёл ўзгариб қолди. Авваллари кўзига бахт, шодлик бўлиб кўринган туйғуларнинг бари энди хўрликдек туюла бошлади. Отасидан сўнг волидаси ҳам кўп яшамади.
Онаси оламдан ўтгандан сўнг, олам зимистон, дунёдаги инсонларнинг бари шафқатсиз деган хулосага келди. Энди унинг кўзларидани қувонч ўрнини ҳасрат эгаллаганди. Қиз бўлиб бир кун ҳам хизматини қила олмаган онаси олдидаги қарздорлик, сўнгги нафасигача кўзлари йўлида нигорон бўлган отасининг дуоларини олиб қолмагани армон бўлиб юрагини куйдириб ўтар, ҳаммаси учун ич-ичидан турмуш ўртоғини айбдор санарди.
Уч-тўрт йил ёмон эзилди. Жисмида ҳам, руҳиятида ҳам дард пайдо бўлди. Опа-синглиси бўлмаганидан ҳасратини тўкиб соладиган одами йўқ эди. Пана-панада йиғлаб юраги тўкилса-да, ҳеч бир юмушни ташлаб, аёллик, оналик бурчини унутиб қўймади
Ҳар тонг турмуш ўртоғини ишга кузатаркан, оёқ кийимларини кийдириб, боғичларигача боғлаб қўйишни канда қилмади.
Мана, у аёл. Тепада тик турганча оёқ кийимини кийдираётган эрининг пойида.. Бошидан сирғалиб тушган рўмолларидан остидан эрта оқарган сочлари кўриниб турибди. Назаримда, у шу эгилишида ҳаи ўз итоати билан тик турган эркакдан анча баландларда турибди...
Феруза Салходжаева .
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев