Тақдир экан, онангиз кетди ташлаб.
Мени ёлғиз қўйиб, кўзимни ёшлаб.
Хаёт давом этар, эртадан бошлаб.
Болаларим, битта маҳрам топинглар.
Андишали, солиҳа аёл булсин.
У билан уйимиз, бағримиз тўлсин.
Онангиздай юзлари кулиб турсин.
Болаларим, битта маҳрам топинглар.
Лекин сиз ўйламанг “Oтам шўх экан.
Бу нафас кирса бор, чиқса йўқ экан.
Кимдир бирга бўлса кўнгил тўқ экан.”
Болаларим, битта маҳрам топинглар.
Кундузи улфатлар, неваралар бор.
Кечқурун эрмакдир радио, телевизор.
Кечалар отангиз бир ҳамрохга зор.
Болаларим, битта маҳрам топинглар.
Тунда устим ёпсин, белим ўрасин.
“Их” десам, “Ха, чол?”- деб ахвол сўрасин.
Бўлак бўлса ҳамки ўрин - кўрпаси.
Болаларим, битта маҳрам топинглар.
Келин, қизга раҳмат, ҳеч ташвишим йўқ.
Усти бошим тоза, доим қорним тўқ.
Лек кўнгил очишга бир ҳамдамим йўқ.
Болаларим, битта маҳрам топинглар.
Намозни билмаса ўргатай намоз.
Бир - биримиз асраб, қилайлик эъзоз.
Мени қари деманг, кучим бор оз-моз.
Болаларим, битта маҳрам топинглар.
Касаллик чоғимда табибим бўлсин.
Яхши - ёмон кунда ҳабибим бўлсин.
Айб қилманглар, ярим кўнглим бут бўлсин.
Болаларим, битта маҳрам топинглар.
Онангиз сурати уйнинг тўрида.
У доим ёдимда, қалбим қўрида.
Лек ёлғиз ётмайин ёзда сўрида.
Болаларим, битта маҳрам топинглар.
Дардимга бир чора, малҳам топинглар.
Болаларим, менга маҳрам топинглар!
Мастура Хожи Она Шеьрлари
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев