Ғафлат босиб шомда ухлаб қолибман,
Орада алоқ чалоқ туш ҳам кўрибман,
Астағфируллоҳ, Тушда ўғлимга дебман:
Ўғлим, менга битта хона қуриб бер.
Баланд уйлар қурдинг ўғлим, топ камол,
Молинг ҳам жонинг ҳам кўрмасин завол,
Лекин зиналар сал келяпти малол,
Ўғлим, менга битта хона қуриб бер.
Ҳовлининг этаги турибтику бўш,
Уйингда бўлса ҳам хоналар қўш қўш,
Онангни кўнглини қилай десанг хуш
Ўғлим, менга битта хона қуриб бер.
Ойнали, ёп - ёруғ, яна бўлсин паст,
Зинаю гул қоғоз, ҳашам керакмас,
Битта телевизор қўйиб берсанг бас,
Ўғлим, менга битта хона қуриб бер.
Танча ҳам қилиб бер иложи бўлса,
Даданг ўрик ўтин ғамлаган роса,
Қишда оёқлар ҳам бир қилсин мазза
Ўғлим, менга битта хона қуриб бер.
Чол билан кўп бирга ўтиролмайман,
Хурмати бор, олдида чўзилолмайман,
Телефонда бемалол гаплашолмайман,
Ўғлим, менга битта хона қуриб бер.
Тунда оромимни ҳеч ким бузмасин,
“Тинч ухлатмайсан” деб чолим безмасин,
Ўзимнинг хуррагимни биров сезмасин,
Ўғлим, менга битта хона қуриб бер.
Ош - овқат еб бўлиб, дуодан кейин
Хонам томон бораман аста секин,
Неваралар орқамдан бормасмикин?
Ўғлим, менга битта хона қуриб бер.
Қўшниларим чиқса ҳоли бўламиз,
Магиз, туршаклар еб сухбат қурамиз,
Ғийбатлашиб, сериаллар кўрамиз,
Ўғлим, менга битта хона қуриб бер.
Неваралар кириб безор қилмасин,
Тинчгина хонамни бозор қилмасин,
Бир оз ором олишга зор қилмасин,
Ўғлим, менга битта хона қуриб бер.
Чол билан телевизор талашиб юрмай,
Сериалларимни бемалол кўрай,
Хоҳлаганча у ёқ - бу ёққа бурай,
Ўғлим, менга битта хона қуриб бер.
Алаҳсирадимми? Бу қандайин хол?
Шом вақтида ухланса шунақа аҳвол!
Қаердан келди бу бемаъни савол,
Ўғлим, менга битта хона қуриб бер.
Дедим: "Нималарни қилдинг сен ҳаёл?
Бағрингда неваранг, ёнгинангда чол,
Буни орзу қилар ҳар қандай аёл"
Борига шукр қил, йўғига сабр!
Битта кулба йўқдир балки кимдадир,
Баланд бўлса бўлар, уй борку ахир,
Болангни қийнама эси йўқ кампир,
Борига шукр қил, йўғига сабр!
Кимдадир йўқ нарса балки сенда бор,
Сенда йўқни кимдир қилади увол,
Дунё шунақада, ким зор, кимга хор,
Борига шукр қил, йўғига сабр!
Чолинг ҳам ғанимат, ёлғиз қўймагин,
Қилтиллаб турсанг ҳам қилгин хизматин,
Бир бирингизга зор қилиб қўймасин,
Борига шукр қил, йўғига сабр!
Майли, оромингни бузсин болалар,
Тўғрилаган ўрнинг бузсин болалар,
Қувноқ, соғлом бўлиб ўссин болалар,
Борига шукр қил, йўғига сабр!
Кимнинг невараси балки туролмас,
Кимники гапирмас, кимники юрмас.
Сеники сергапу бир ерда турмас,
Борига шукр қил, йўғига сабр!
Олдин бувиларда қути бўларди,
Ичида парварда, попук турарди,
Улар болаларга улашиларди,
Борига шукр қил, йўғига сабр!
Сенам бир қути ол! Унга сол китоб!
Қути очилганда порласин офтоб,
Невараларга бер! Ва қилгин хитоб:
Борига шукр қил, йўғига сабр!
Қўшнилар билан кўп қилмасдан суҳбат,
Невараларингга илм, Қуръонни ўргат,
Сериалинг нимаси, қилгин ибодат,
Борига шукр қил, йўғига сабр!
Телефоннинг ўрнига қара китобга,
Қуръон, ҳадис ўқи, қолгин савобга,
Ўзингни тайёрла савол - жавобга,
Борига шукр қил, йўгига сабр!
Ёлғиз ётарсанам бир жойга бориб,
Қоронғу, зинасиз уйга кирволиб,
Хозир оилангни бағрингга олиб
Борига шукр қил, йўғига сабр!
Шукр, лекин тушим - бу бир тилакдир?
Қалбим тубидаги митти истакдир?
Ростданам қарига ором керакдир?
Борига шукр қил, йўғига сабр!
Эгачи, фикрингиз айтинг, ўргилай,
Бизга қайси яхши, қай бири қулай,
Қани, бугун ўғлимга айтиб кўрай,
Болам, менга битта хона қуриб бер.
МАСТУРА ХОЖИ ОНА ИЖОДЛАРИДАН
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев