«Бир аёл Уқба розияллоҳу анҳуга мен сени ҳам, хотинингни ҳам эмизганман, дебди. Шунда Уқба дарҳол уловини миниб Маккадан Мадинага қараб йўлга чиқибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, билмасдан эмикдош синглисига уйланиб қўйган, кейин эса эмизган шахс хабар берган одамнинг ҳукми ҳақида сўраган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қандоқ гап?! Бунинг ҳукми айтилган-ку!» деб икковларини ўша заҳоти ажратдилар. Сўнгра аёл бошқа эрга тегди».
Ўша вақтда Маккадан Мадинага боришнинг ўзи осон бўлмаган. Неча кунлаб машаққатли сафар қилиш зарур бўлган. Лекин саҳобаларнинг ҳар бир нарсада Ислом ҳукмига амал қилиш рағбатлари, ҳар бир нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашга бўлган қизиқишлари ҳамма нарсадан устун турган.
Саҳобалар нафақат ҳадисларни ўрганишни, балки ўргатишни ҳам ўз бурчлари, деб билар эдилар. Чунки Ислом таълимоти, Пайғамбар сол- лаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари шу эди.
Имом Термизий ва Имом Абу Довудлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг гапимни эшитиб, ёд олиб, сингдириб сўнгра эшитганидек қилиб адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин», деганлар.
Имом Ибн Абдул Барр Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлингиз! Сиздан ҳозир бўлганлар ғойибларга етказсин», деганлар.
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:
«Ким илмни беркитса, оловдан бўлган юган билан юганланади», деганлар.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билган саҳобалар уларни бошқаларга етказишга астойдил ҳаракат этар эдилар. Шу билан бирга, улар ўта аниқлик билан ривоят қилаётганларига ишончлари комил бўлсагина бу ишга журъат этар эдилар. Акс ҳолда, ҳадис ривоят қилишдан ўзларини тияр эдилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Кишига ҳар бир эшитган нарсасини гапираверишнинг ўзи гуноҳ учун етарли», деган эдилар. Яъни, эшитган нарсасини орқа-олдига қарамай гапиравериш гуноҳга олиб боради, деганлар. Ҳар бир нарсани эшитгандан сўнг яхшилаб аниқлаб, кейин гапириш керак.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев