)
Британияда бош вазир ўзгарди
06.07.2024 Нажот № 1
Британиянинг лейбористлар партияси раҳбари Кир Стармер расман мамлакат бош вазири лавозимига киришди ва миллатга мурожаат билан чиқиш қилди. У миллатга катта қайта янгиланиш зарурлигини таъкидлади.
«Шубҳасиз, ҳар бир инсон учун мамлакатимиз катта қайта янгиланиш ўтказиш зарурияти борлиги тушунарли. Биз аслида кимлигимизни қайта кашф қилишимиз керак… Бу мамлакатнинг кучли томонларидан бири доимо тинч сувлар томон йўл топа олиш бўлиб келган. Лекин барибир бу сиёсатчиларга боғлиқ, айниқса, мен каби барқарорлик ва мўътадиллик йўлини танлайдиган, танланган йўлни қай онда ўзгартириш кераклигини англайдиган сиёсатчиларга», — дея Стармернинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда The Guardian.
Унинг сўзларига кўра, янги ҳукумат «доктриналар юки остида қолмайди» ва фақат фуқаролар манфаатини кўзлаб ҳаракат қилади. Стармер шунингдек Британия ҳукумати «миллий янгиланиш миссияси»га содиқ қолишини айтган.
Кир Стармер 4 июл куни бўлиб ўтган муддатидан аввалги парламент сайловларида Лейбористлар партияси ғалаба қозонгач, бош вазирга айланди. Лейбористлар 412 та ўринга эга бўлишди (аввалгисидан 211 та мандатга кўпроқ), бунгача улар 14 йил давомида мухолифатда бўлишган. Консерватив партия парламентда 250 ўрнидан жудо бўлиб, атиги 121 та ўринни қўлга киритишган. Стармер аллақачон қирол Чарлз III дан янги ҳукуматни шакллантириш учун мандатни қўлга киритди. У мамлакат тарихида лейбористлардан сайланган еттинчи бош вазир бўлди.
№ 2
Демократларнинг йирик ҳомийлари Байдендан истеъфога чиқишини сўрашди
06.07.2024 Нажот
Демократик партия йирик ҳомийлари, партия аъзоси бўлган таниқли шахслар ва тадбиркорлар Жо Байденга хат ёзиб, ундан истеъфога чиқишини сўрашди. Бу ҳақда The Washington Post ёзмоқда.
«Демократиямиз ва давлатимиз учун ҳурмат билан иккинчи муддатга сайловда қатнашмаслигингизни сўраймиз», дейилади Оқ уйга юборилган ва 168 киши имзолаган хатда.
Хатни имзолаганлар орасида миллиардер Майкл Новограц, Ҳарвард ҳуқуқ мактаби профессори Лоуренс Лессиг, Ню-Йорк университети профессори Скотт Ҳэллоуэй, Weyco Group бош директори Том Флоршайм ва бошқалар бор.
Хатни имзолаганлар Трамп Оқ уйга қайтиши хавфи ошганидан хавотир билдирган. Унинг қайтиши эса глобал ва ички стабилликни бузиши айтилган. «Эстафетани топшириш вақти келди, жаноб Байден. Худди Жорж Вашингтон қилганидек», дейилади хатда.
№ 3
Путин: Толибон Россиянинг “терроризмга” қарши курашдаги иттифоқчиси
04.07.2024 Нажот
Россия Президенти Владимир Путин Толибонни Россиянинг "терроризмга" қарши курашдаги иттифоқчиси, деб таърифлади. Бу ҳақда у Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 24-саммитидан сўнг журналистларга берган баёнотида сўз очди.
“Тасаввур қилиб кўринг, Толибон Афғонистонда мамлакатдаги ҳокимиятни назорат қилади. Шу маънода у, албатта, терроризмга қарши курашда бизнинг иттифоқчимиздир. Чунки ҳар қандай ҳокимият ўзлари бошқараётган давлатнинг барқарорлигидан манфаатдор. Шу ўринда биз ҳам”, деган Путин.
Маълумот учун, бундан 3-4 кун олдин Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов Толибон “террорчи” эмас, балки пуштун диний урф-одатларининг тарғиботчилари эканини айтганди. Шунингдек, махсус вакил Толибон жорий қилган айрим чекловлар асло “терроризм” ва “диний экстремизм” тақиқлари сифатида қабул қилинмаслиги кераклигини, ҳаракат асосини пуштун раҳбарлари ташкил этиши ва улар ўз синфининг диний урф-одатларини жорий этиш учун интилаётганини қўшимча қилганди.
Кабулов хорижий ҳукуматларнинг Толибон ички ишларига аралашувини ҳам қоралаган. Ҳаракат юқори салоҳиятга эгалиги ва мамлакатни идора қила олишини таъкидлаган. Шу ўринда айтиш керакки, ҳаракат Олий суд қарори билан 2003 йилнинг март ойидан бери Россияда "террорчи" деб тан олинган. Кремль эса уни бу рўйхатдан чиқариш режалаштирилаётганини билдирган.
№ 4
Байден: Мен кетмайман. Бу пойгада охиригача бўламан
04.07.2024 Нажот
АҚШ президенти Жо Байден ўз тарафдорлари билан телеконференция вақтида дебатда Доналд Трампга мағлуб бўлганига қарамай, президентлик сайловларида қатнашиш ниятида эканини айтди, деб хабар беради CBS ўз манбасига таяниб.
«Буни аниқ, соддароқ ва тушунарли қилиб айтишга ижозат беринг: мен қатнашаман. Мен Демократик партия номзодиман. Ҳеч ким мени чиқариб юбора олмайди. Мен кетмайман», — дея Байденнинг сўзларини келтирган телеканал суҳбатоши.
Телеконференция чоғида президент дебатда муваффақиятсиз иштирок этганини тан олган, аммо, CBS манбаси қайд этишича, ҳозирда унинг кампанияси рўй берган ҳодиса оқибатларини юмшатишга қаратилган.
NRP нашри ёзишича, партия тарафдорларига юборилган электрон мактубда ҳам Байден пойгадан «чиқмаслиги»ни таъкидлаган. «Мен бу пойгада охиригача қоламан ва биз бу сайловларда ғолиб чиқамиз», — дейилади мактубда.
№ 5
Путин: Россия, ҳеч қачон музокаралардан қочмаган ва ҳозир ҳам уларни давом эттиришга тайёр
04.07.2024 Нажот
Россия президенти Владимир Путин Истанбул келишувларидан ҳамон Украинадаги можарони якунлаш учун асос сифатида фойдаланса бўлишини таъкидлади. У навбатдаги марта Россия музокаралардан қочмагани, тинчлик билан тартибга солиш шартларини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган ШҲТ саммитида чиқиш қилар экан, Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга Украина билан сулҳ имзолаш учун Истанбул келишувларини ишлаб чиққани учун ташаккур билдирган. Россия президентининг сўзларига кўра, 2022 йилнинг март ойида Россия ва Украина ўртасидаги юзма-юз музокаралар чоғида ишлаб чиқилган ўт очишни тўхтатиш бўйича шартлар ва принциплар «ҳеч қаерга кетмаган».
«Бу келишувлар Украина музокара делегацияси томонидан параграфларга бўлиб чиқилган эди, демак, афтидан, Украинани қониқтирган ва Истанбул келишувлари «стол» устида турибди ҳамда мазкур музокараларни давом эттириш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин», — деган Путин.
Россия президенти саммит иштирокчиларига можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича «самимий ва конкрет таклифлари» учун ташаккур билдирган ва Россия ҳеч қачон музокараларни рад этмаганини эслатиб ўтган.
«Россия, маълумки, ҳеч қачон музокаралардан қочмаган ва ҳозир ҳам уларни давом эттиришга тайёр. Музокаралардан айнан Украина бош тортган, боз устига буни очиқчасига, Лондоннинг тўғридан тўғри кўрсатмасига кўра амалга оширган, ҳеч бир шубҳасиз, бу буйруқ Вашингтондан ҳам берилган, бу ҳақда Украина расмий шахслари тўғри ва очиқ айтишмоқда»,— дея қўшимча қилган Путин.
№ 6
Беларус ШҲТнинг ўнинчи аъзосига айланди
04.07.2024 Нажот
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 4 июл кунги Остона саммитида Беларус расман ташкилот аъзолигига қабул қилинди. Шу тариқа, ШҲТ аъзолари сони ўнтага етди.
Саммит мезбони, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев беларуслик ҳамкасби Александр Лукашенкони табриклаб, Беларус ШХТ маконида хавфсизликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
“Аминманки, бугунги кун Беларус тарихида ёрқин саҳифа бўлиб қолади”, деди Тўқаев.
Лукашенко бу қарорни қўллаб-қувватлагани учун ташкилотнинг барча аъзоларига миннатдорчилик билдирди. У ўз сўзида Беларуснинг ШҲТга қабул қилинган йил мамлакат фашист босқинчилардан озод этилганининг 80 йиллигига тўғри келганига эътибор қаратди.
“Бу беларус халқига ажойиб совға бўлди”, – деди у.
Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига 2001 йил 15 июнда Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон томонидан асос солинган. 2017 йил 9 июнда Ҳиндистон ва Покистон ташкилот аъзолигига қабул қилинган. 2022 йил 16 сентябрдаги Саммарқанд саммитида Эрон ШҲТга қўшилган, шу куни кузатувчи мақомидаги Беларусни тўлақонли аъзоликка қабул қилиш жараёни бошланган эди.
Ҳозирда Афғонистон ва Монголия ШҲТда кузатувчи давлатлар бўлиб қолмоқда. Яна 14 та давлат – Туркия, Озарбойжон, Арманистон, БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Қувайт, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Малдив ороллари, Мянма, Непал ва Шри-Ланка ташкилотда мулоқот-ҳамкорлар статусига эга.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев