Ҳизб ут-Таҳрир тариқатдан асло тоймайди
July 1, 2024
Ўтган ойнинг охирида Бекобод қишлоғида содир бўлган воқеадан сўнг Ҳизб ут-Таҳрир фикрий-сиёсий партиясига қарши қуруқ туҳматлар ва унинг аъзоларига нисбатан ҳукуматнинг босими кучайиб бормоқда. Ҳукумат зулмидан нафақат эркаклар, балки муслима опа-сингилларимиз ҳам азият чекмоқда. Масалан, Бекободдаги воқеа баҳонасида бир неча опа-сингилларимиз ҳибсга олинди ва расмий идоралар буйруғи билан қишлоқдаги уч мусулмон хонадонининг электр таъминоти тўхтатиб қўйилди. Вақтинчалик ҳокимиятга ёпишиб олган золимлар ёлғон айбловлар билан айбланаётган опамизни қишлоқдан кўчириб юборишга ҳаракат қилмоқда. Албатта, буларнинг барчаси ҳозирги ҳукуматнинг заифлигидан далолат беради. Чунки адолатли ҳукумат табиатан заиф бўлган аёлни таҳқирламайди, балки уни ҳимоя қилади!
Шу ўринда мустамлакачи хўжайинларини рози қилиш учун иғвогарлик фаолиятини кучайтираётган ҳукумат вакилларига савол бермоқчимиз: «Байроқ илиб кетиш» ва «ҳокимиятни куч билан тортиб олиш» каби ёлғон айбловлар билан туҳмат қилишдан уялмайсизми? Ҳизб ут-Таҳрир сиёсий партияси ташкил топган кундан буён бирор бир моддий фаолият содир этганини ҳали сиз рози қилмоқчи бўлаётган хўжайинларингиз ҳам исботлай олган эмас. Улар ҳеч иложини топа олмагач, “антисемитизм”ни баҳона қилиб, қонунларига Ҳизб ут-Таҳрирни тақиқловчи модда киритишди. Ёки сиз муқаддас санаётган қонунингизда туҳмат билан айбланаётганларни электр токи билан қийнаш, калтаклаш, яқинларига босим ўтказиш орқали айбига иқрор қилиш мумкинми? Сиз кўкларга кўтараётган демократик қонунлар қуруқ туҳматга қолган бегуноҳ, заифа аёлларни Уммат мулки бўлган электр энергиясидан маҳрум қилишга ва яшаш жойидан мажбуран кўчириб юборишга йўл берадими?
Қирғизистон ҳукумати Ҳизбга қарши курашда фақат ёлғон ва туҳматлардан фойдаланиб келмоқда. Бундай туҳматлар бошида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг «Экстремизмга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси» турибди. Бу эса ҳукуматнинг Ислом ва мусулмонларга қарши курашда кофир хўжайинлари бўлмиш Россия ва Хитойга эргашаётганини англатади. Бошқача айтганда, Қирғизистон ҳукумати Россия ва Хитойнинг Исломга қарши қаттиқ курашларидан намуна олиш билан кофир хўжайинларига кўмаклашмоқда.
Албатта Ҳизб ва унинг аъзоларига қарши бундай туҳматлар ўтмишда ҳам бўлган ва то адолат қарор топгунча, шубҳасиз, яна давом этаверади. Нима бўлган тақдирда ҳам, Аллоҳ Таолонинг динини олий қилиш ожизларга ёки золим-зўравонларга берилмаган! Бу тўғри йўлда собит турган ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тариқатларидан четга чиқмаган мардларнинг ишидир! Шуни унутмангки, Ҳизб бу ишда ўз тариқатидан қилча ҳам четга чиқмайди.
Ҳизб асос солинган кунидан бошлаб, Исломни қайта тирилтиришни мақсад қилган партиядир. Ўз мақсадига эришиш учун у фикрат ва тариқатни ўрганиб чиқди. Аниқроғи, Исломни ўзидан тузум келиб чиқадиган ақида ва ҳар бир муаммога ечим берувчи дин сифатида ўрганиб чиқди. У баъзи партиялар каби қуруқ шиорлар билан эмас, балки Исломдаги бошқарув, сиёсат, иқтисод, молия, жазо, таълим, тиббиёт каби барча соҳаларни чуқур ўрганган ҳолда ижтиҳод асосида асарлар ёзди. Муаммоларни ҳал қилишда манба сифатида фақат Қуръон ва Суннатдан келиб чиққан далилларга таянди. Натижада мусулмонлар ҳаётдаги ҳар бир муаммонинг ечими Исломда деб тасаввур қила бошладилар.
Ҳизб бу йўлда ҳеч қандай ҳокимият эгалари, давлат раҳбарлари ва бошқа партиялар билан келишишга мойил бўлмади. Миллатчилик каби бузуқ шиорларга алданмади, Ислом бирлиги каби қуруқ сўзлар билан ҳам ўзини овутмади. Балки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тариқати асосида иш тутди. Бу тариқат ўзгармас йўл бўлиб, мана шу йўлдан юриш ҳар бир исломий жамоатга фарздир. Зеро, Исломни ҳаётга қайтаришнинг шаръий тариқатини Ҳизб эмас, шариат белгилаган. Исломга даъват бошланган кундан бошлаб то давлат барпо этилгунга қадар бу тариқат қандай бўлиши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларида баён қилинган.
Бинобарин, Аллоҳ Азза ва Жалланинг нусратига лойиқ бўлиш – фикрат ва тариқатда мустаҳкам туриш ва ундан қилча ҳа четга чиқмаслик билан бўлади. Чунки қанча қийинчиликлар бўлмасин, буюк қурбонликлар берилмасин, қанча синовлар бўлмасин, Аллоҳ Азза ва Жалла бизни Ўзига итоат қилишни буюрди.
Аллоҳ Таоло Ўзининг Қуръони Каримдаги Пайғамбарларнинг қиссаларида улар ўз қавмлари томонидан қийинчилик ва машаққатларга дучор бўлганликларини, даъватни етказишда оғир синов ва мусибатларга дучор бўлганликларини бизга баён қилди. Дарҳақиқат, биз учун ибрат бўлган Пайғамбаримиз ва у зотнинг саҳобалари энг оғир азоб-уқубат ва синовларни бошдан кечирдилар. Лекин бу уларни ўз динларидан ва Роббиларининг ваъдасига бўлган мустаҳкам иймонларидан қайтара олмади. Аксинча, бу синовлар уларнинг қадамларини яна-да мустаҳкамлади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«لاَ أَزَالُ أُجَاهِدَهُمْ عَلَى الَّذِي اِبْتَعَثَنِي اللهُ بِهِ حَتَّى يُظْهِرَهُ اللهُ أَوْ تَنْفَرِدَ هَذِهِ السَّالِفَةُ»
«Мана шу ишим устида то Аллоҳ мени ғолиб қилгунга қадар ёки мана бу бўйин ёлғиз қолгунга қадар албатта улар билан жанг қиламан».
Афсуски, бугунги кундаги раҳбарлар ва золим режимлар ўтмишда Аллоҳнинг азобига дучор бўлган жамиятлардан ибрат олмаяпти. Қўлига ҳокимият тегиб қолса, халққа нисбатан зулмини кучайтирмоқда. Ҳолбуки, золимлар қанчалик золим бўлмасин, Аллоҳ ва Росулининг ваъдаси албатта амалга ошади. Аллоҳ Таоло айтади:
﴿وَأُخۡرَىٰ تُحِبُّونَهَاۖ نَصۡرٞ مِّنَ ٱللَّهِ وَفَتۡحٞ قَرِيبٞۗ وَبَشِّرِ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ﴾
«Ва (Аллоҳ сизларга) яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлган ғалаба ва яқин(да рўй бергувчи) фатҳдир. (Эй Муҳаммад), мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!» [61:13]
Имом Аҳмадда Ҳузайфадан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«ثُمَّ تَكُونُ خِلَافَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ»
«Ундан кейин Пайғамбарлик минҳожи асосидаги халифалик бўлади».
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Қирғизистондаги матбуот бўлими
01.07.2024
№ 2
Қирғизистонда Хитой корхоналарининг кўпайиши кутилмоқда
July 2, 2024
Вазирлар Маҳкамасининг раиси Акилбек Жапаров Хитойнинг Шинжон мухтор вилоятига ташрифи доирасида Хитой ширкатларининг раҳбарлари билан учрашди. Учрашувда Қирғизистонда титаномагнетитни қайта ишлаш металлургия заводини қуриш масаласи муҳокама қилинди. Бош вазир ўз нутқида Қирғизистон ҳудудида титаномагнетитни қайта ишлаш учун катта имкониятлар мавжудлигини айтиб ўтди. Шунингдек, учрашувда “Zhicun Lithium Industry Group” ширкатининг раҳбарияти билан тоғ-кон саноати юзасидан музокаралар олиб борилиб, Қирғизистонда литий конини қидириб топиш, қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Музокаралар натижасида Қирғизистон ва Хитой давлат органлари ва ишбилармон доиралари ўртасида 40дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Ҳужжатларнинг қиймати 1 миллиард 50 миллион долларни ташкил этади.
Бундан аввал Қирғизистон парламенти мамлакатда уран ва торий конларини ишга туширишга йўл очадиган қонун лойиҳасини қабул қилган ва ушбу лойиҳа президент Садир Жапаров томонидан 27 июн куни имзоланган эди.
Изоҳ:
Сўнгги ўн йил ичида Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик ўта фаол ривожланиб бормоқда. Мамлакатда Хитойнинг 300дан ортиқ корхонаси, шунингдек, 200га яқин Қирғизистон-Хитой қўшма корхоналари фаолият юритмоқда. Тоғ-кон саноати корхоналарининг 80 фоизи эса Хитой ширкатларига тегишли. Хитой корхоналари ўз фаолияти тўғрисида ҳеч қандай ҳисобот тақдим этмайди. Шунинг учун улар қанча миқдорда кон қазиб олаётгани ёки мамлакатдан қанча бойлик олиб чиқиб кетаётгани маълум эмас. Ўтган ҳафта президент Садир Жапаров мамлакатдан олтин конлари ва рудаларини экспорт қилишга рухсат берувчи қарор қабул қилди. Бу эса, яна минерал ресурсларнинг беҳисоб чиқиб кетишига йўл очади. Бугунга келиб, уран ва торийни қидириб топиш ва қазиб олишга йўл очиб, мамлакатдаги йирик конларни ҳам босқинчи Хитой қўлига топширмоқчи.
Қолаверса, Хитой бошқа давлатларни қарз тузоғига илинтириш билан ўзининг босқинчилик сиёсатини давом эттириб келмоқда. Ҳозирда Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4 миллиард 486 миллион доллар бўлиб, унинг деярли ярми Хитойдан олинган. Бугунги кунгача Хитой ўнлаб мамлакатларга қарз бериб, стратегик аҳамиятга эга ерларини тортиб олди. Масалан, 2008 йилда порт қуриш учун Хитойдан 8 миллиард доллар қарз олган Шри-Ланка, лойиҳа ўзини оқламагани учун портни 99 йилга Хитойга топширишга мажбур бўлди. Хитой худди шундай тарзда 2020 йилда Лаоснинг электр ва сув ресурсларини тортиб олди. Покистон 16 миллиард доллар қарз эвазига Гвадар портининг 91 фоизини ва Эркин иқтисодий зона даромадининг 85 фоизини Хитойга беришга мажбур бўлди. Айни пайтда қўшни Тожикистон 330 миллион доллар кредит эвазига Кумарги Боло олтин конини Хитойга топширди.
Бинобарин, бугунги кунда фойдага асосланган капиталистик тузум дунёга ҳукмронлик қилаётганлиги учун ҳам, Уммат мулки бўлган фойдали қазилмаларни қазиб олишда одамларга зарар етиши ҳисобга олинмайди. Уларнинг “зарарсиз усуллар билан қазиб оламиз”, деган даъволари ёлғондан бошқа нарса эмас. Буни Қумтордаги музликларнинг эриб йўқ бўлиши ва цианиднинг сувга тўкилиши яққол кўрсатиб турибди. Худди шундай тарзда ҳозирги ҳукумат нафақат Қизил-Омполдаги конни, балки Жетим тоғ каби йирик темир руда конларини ҳам инвесторлар қўлига топширишга ҳаракат қилмоқда. Шундай экан, халқ ер ости бойликлари соҳасида ҳукуматнинг ҳийла-найрангларидан эҳтиёт бўлиши ва шариат ҳукмларига биноан уни муҳосаба қилишлари лозим. Хитойга қул бўлиб қолмаслик учун унинг иқтисодий, сақофий ва ҳарбий босқинчилигига қарши туришимиз лозим.
Нурдин Асаналиев
№ 3
Асл башаралар очилишда давом этмоқда
July 1, 2024
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Туркия ва Сурия ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги алоқалар аввал қандай бўлган бўлса, яна шундай даражага кўтарилиши мумкин.
“Ўзингизга маълум, ўтмишда Сурия билан жонли алоқалар ўрнатдик. Ҳатто жаноб Асад билан оилавий учрашувлар ўтказдик. Эртага яна шундай бўлмайди, дейиш мутлақо мумкин эмас, яна бўлади. Алоқа ўрнатмаслик учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Ўтмишда қандай бирга ҳаракат қилган бўлсак, худди шундай яна бирга ҳаракат қиламиз”, деди Эрдоган.
Туркия президентининг бу баёноти Башар Асаднинг “Суриянинг ҳудудий яхлитлигини таъминлайдиган ва кафолатлайдиган, Туркия билан муносабатларимизни нормаллаштирадиган барча ташаббусларга очиқмиз” деган сўзлари ортидан янгради.
Изоҳ: Президент Эрдоған Сурия қўзғалони бошлангандан буён мазлум мусулмонларни ҳимоя қилиш учун амалий бирор қадам ташламаган бўлсада, бироқ Башар Асаднинг номини тилга олганда “қотил”, “золим”лигини ва шу сабабли Суриянинг қонуний раҳбари бўла олмаслигини бақир-чақир қилиб айтиб келаётган эди. Аммо юқорида берган боёнотида “қотил ва золим Асад”,ни унутиб “жаноб Асад”га ўтиб олиши унинг кимлигини яна бир бор намоён қилди.
Араб баҳори бошлангандан бери Туркиянинг ролини диққат билан кузатган киши буни кутилмаган ҳол санамайди. Чунки Туркия ҳукуматининг ташқи сиёсати АҚШнинг сиёсатига тобедир. Масалан Мисрда Муҳаммад Мурси ҳокимиятдан қулатилгандан кейин Эрдоған Миср ҳукумати билан дипломатик алоқаларни узиб, президент Сисини “золим”, “қотил” дея мурожаат қила бошлаган эди. Сисига мухолиф бўлганларга Туркиядан бошпана бериб, уларни Туркия фуқаролигига қабул қилди. Аммо орадан бир мунча вақт ўтгач, АҚШнинг кўрсатмаси билан вазият 180 градусга ўзгариб, “Қотил Сиси” бир думалаб “Жаноб Сисига”га айланди. Туркиядан бошпана топган Сиси ҳукуматининг мухолифатчилардан Туркия фуқаролиги қайтариб олинди ва ҳатто айримлари ҳибсга олиниб, айримлари Миср режимига топшириб юборилди. Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар билан ҳам худди шундай ҳолат юз берди.
Бугунги кундаги Туркиянинг Асад режими билан нормаллашув қадами ҳам, Шом қўзғолонига қарши курашиш ва уни йўқ қилишга қаратилган Американинг режаларини амалга оширишдан бошқа нарса эмас. Эрдоған шу кунгача ўзини Башар Асадга қарши ва қўзғолончилар тарафдори қилиб кўрсатиб келган бўлсада, аслида Америка айнан мана шу Эрдоғаннинг қўли билан Сурия қўзғолонини йўққа чиқариш ва ўзининг малайи Башар Асад режимини сақлаб қолиш мақсадига эришди. Бу ҳақида бир қанча АҚШ етакчилари очиқ баёнотлар ҳам беришди. Масалан, АҚШ Марказий кучлар қўмондони генерал Жозеф Вотел Туркиядан олинаётган кундалик дастак бўлмаса, АҚШ Суриядаги жуда кўп фаолиятларини амалга ошира олмаслигини билдирди. Пентагон сўзчиси Адриан Галловай АҚШ Суриядаги жангда Туркия тарафидан қўллаб-қувватланаётганини ва Туркиянинг зиммасига юкланадиган масъулиятлар эътиборга моликлигини таъкидлади. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Туркиянинг Ироқ ва Сурияда НАТО учун муҳим аҳамиятга эга мамлакат ҳисобланишини таъкидлар экан, “Биз Туркиядан миннатдормиз”, дея Эрдоган ҳукуматига миннатдорчилик билдирди. Айниқса Сурия халқининг Туркия армиясига йўллаган мурожаати Эрдоғаннинг хиёнатларини яна-да кўпроқ очиб ташлади. Унда жумладан шундай дейилади: “…Аллоҳ учун айтингчи, нима учун бизга бундай муомала қиляпсизлар? Мусулмон биродарларимиз ва қўшнимиз бўла туриб, нима учун бизга қарши позицияни эгаллаяпсиз? Қотил Асад режими, Россия ва Эрон амалга оширган жиноятлар натижасида оққан қонларни, топталган сон-саноқсиз номусларни ва ўлкамизни тинимсиз вайрон қилган ҳужумларни нима учун кўрмасликка оляпсиз? Бизнинг бошимизга тушган кунлардан Туркиядаги Мусулмонларнинг ғазабланиши қаерда қолди?! Бизнинг бошимизга тушган кунлардан сизнинг ғазабланишингиз қаерда қолди?! Ҳукуматингиз ҳақ йўлни топа олмай қолдимики, Россия ва Америка билан биргаликда ҳаракат қилишни фойдали деб ўйлай бошлади. Ҳукуматингиз нима учун тор нуқтаи назар билан ҳаракат олиб бормоқда? Сизнинг бу йўлингиз тўғри йўл эмас. Агар бу йўлда давом этсангиз ва позициянгизни ўзгартирмасангиз, сизларни Аллоҳнинг қаҳри, халқингизнинг ғазаби ва Ислом Умматининг нафратидан огоҳлантирамиз. Шуни билиб қўйшингизни хоҳлаймизки, ҳукуматингизнинг бу позициялардан кўзлаган мақсади инқилобимизни йўқ қилиш ва инсонларимизга, номусларимизга қарши жиноят қилишдан асло воз кечмайдиган Асад режимига бизни топширишдир. Шунинг учун бу битимни рад этамиз ва сизларни бу битимга амал қилишни бас қилишга чақирамиз. Акс ҳолда бизнинг назаримизда Асад режимидан ҳеч фарқингиз қолмайди”.
Эрдоғаннинг бу ишлари унинг Ислом Умматига нисбатан тинимсиз хиёнат кетидан хиёнат қилаётганидан дарак бермоқда. Шундай экан, Ислом Уммати битта байроқ остида бирлашмаса, бу каби фитналарнинг қурбони бўлиб қолишда давом этаверади. Зеро, бу фитналарни фақат ва фақат Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлатигина тўхтатишга қодирдир. Демак, бундай фитналар ва тил бириктирувлардан қутилишнинг бирдан бир йўли мусулмонларни ҳорликдан азизликка ва зулматдан нурга олиб чиқиш учун онгли равишда ҳаракат қилаётган мухлис инсонлар билан бирга Аллоҳнинг шариатини ижро қилувчи Халифалик давлатини тиклаш учун ҳаракат қилишдир. Чунки Халифаликкина бутун дунёдаги мусулмонларни бирлаштиради, Ислом лашкарини аёққа турғизиб, номусларини ҳимоя қилади ва шаҳидларимиз қони учун интиқом олади.
لِمِثْلِ هَذَا فَلْيَعْمَلْ الْعَامِلُونَ
Бас, амал қилгувчилар мана шундай (мангу бахт саодат) учун амал қилсинлар!
Зоҳид Заргар https://uz.turkiston.biz/2024/07/01/izb-ut-ta-rir-tari-atdan-aslo-tojmajdi/
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев