Тўй - йиғинлар тўхтади,
Мачитларда ҳар кеча,
Ўқилади "Тароби".
Ҳеч бир уйда кундузи,
Ёзилмайди дастурхон,
Оқшом тушса бошланар,
Ифтор билан "Рамазон ".
Ҳар ким топгани билан,
Қилар қисқа сахарлик,
Ифторгача таомдан,
Жирканишар заҳардек,
Атир сепмас аёллар,
Искашмайди гул исин,
Соғинишар ва лекин,
Ўпишмайди бир-бирин.
Ташна бўлса иссиқдан,
Ювиб олар юзини,
Ош пишириб ўзлари,
Тотишмайди тузини.
Ҳамма ерда рўзанинг,
Файзу-гашти билинар.
Ифторга деб гузарда,
Нишолдалар қилинар.
Шомдан кейин болалар,
Айтишади "Рамазон".
Қанд-панд сўриб уйига,
Қайтишади бир замон.
Ғийбатчилар ўттиз кун,
Хазир бўлар тилига,
Шафқат кирар ғойибдан,
Ёмонларнинг дилига.
Гуноҳ қилса кичиклар,
Койишади мулойим,
Рамазон бир ой эмас,
Бир йил бўлсин, илойим.
Ихлос билан кекса-ёш,
Чекар очлик заҳматин,
Осмондаги сахий зот,
Ёғдиради раҳматин.
Қорни очу, кўнгил тўқ,
Масрур юрар "рўзалар",
Бурчакларда қимтиниб,
Чой ичишар "кўзалар".
Иўқлашади бир-бирин,
Уришиб "пўм " бўлганлар,
"Жаннати " деб бўлганлар,
Рўза куни ўлганлар.
Келса Қадр кечаси,
Бўлади ҳамма уйғоқ,
Оллоҳ айтган: бу кеча,
Минг ойдан ҳам яхшироқ,
Келинчаклар шивирлаб,
Фарзанд тилар ўзига,
Йигитларнинг ойсурат,
Киз кўринар кўзига.
Болалардан қутилмас,
Осон "Лайлатул-қадр".
Ўйинчоқнинг тури кўп,
Болалар ҳам кўп ахир,
Ҳар рўзада донолар,
Ўйлаб ғариб тулларни,
"Фитрўза"лар беришиб,
Йўқлашади уларни.
Ҳеч бўлмаса ўттиз кун,
Турса шундай эътиқод,
Балки кирар умрга,
Ўттиз йиллик баракот.
Шундай гўзал яшамоқ,
Инсонларга қандай хос,
Афсус, афсус, афсуски.
Рамазон бир ой холос.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев