Туғилдик мусулмон маконда,
Лек ёлғон учради ҳар онда,
Алдовлар урчиган замонда
Хайрият, Қиёмат бор, дедик!
Ул Кундан титрагай юраклар,
Офият бўлибдир тилаклар,
Зулмдан тўкилса ичаклар,
Хайрият, Қиёмат бор, дедик!
Фарқ йўқмиш на оқ-у қоралар,
Кўнгилни шубҳалар дарралар,
Ҳаж учун олинса поралар,
Хайрият, Қиёмат бор, дедик!
Бошимни урайми деворга,
Қўймаслар бир бора дийдорга!
Лақаблар қўйилса диндорга,
Хайрият, Қиёмат бор, дедик!
Йиғладик, эсладик Аллоҳни,
Ўзидан сўрадик паноҳни,
Бир четга суриб-да гуноҳни,
Хайрият, Қиёмат бор, дедик!
Турибмиз ҳамон ҳақ мақомда,
Руҳимиз бошқа издиҳомда,
Сочимиз оқарди Исломда,
Хайрият, Қиёмат бор, дедик!
Бу юртнинг бўлсин-е войлари,
Тескари оқса ҳам сойлари,
Закот не, билмагай бойлари,
Хайрият, Қиёмат бор, дедик!
Узилмиш бор тош-у тарози,
Оятлар ўрнига куй, сози,
Рўзада қадаҳлар овози,
Хайрият, Қиёмат бор, дедик!
Заққумга айланган болидан,
Қўрқмаслар бировнинг молидан,
Қўрқсак-да ул Куннинг ҳолидан,
Хайрият, Қиёмат бор, дедик! (Хайрулла Ҳамидов)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев