ҲАЙИТДА ВА ҲАРАМДА ҚУРОЛ ОЛИБ ЮРИШНИНГ
МАКРУҲЛИГИ ҲАҚИДАГИ БОБ
Ҳасан (Басрий): «Улар ҳайит куни қурол олиб юришдан қайтарилганлар, лекин душман хавфи бўлса бундан мустасно», деди.
966. Саъийд ибн Жубайрдан ривоят қилинади:
«Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг оёқлари кафтини найзанинг тиғи жароҳатлаганда, мен у киши билан бирга эдим. Оёқлари узангига ёпишиб қолди, сўнг мен тушиб уни ажратиб олдим. Бу Минода бўлган эди. Шунда бу хабар Ҳажжожга етиб бориб, у кишини зиёрат қилгани келди-да: «Сизга жароҳат етказган кимлигини билганимизда эди?», деди.
Шунда Ибн Умар: «Менга сен жароҳат етказдинг», деди.
У: «Қандай қилиб?», деди.
У киши: «Қурол олиб юрилмайдиган кунда қурол олиб юрдинг ва Ҳарамга қурол киритдинг, ваҳоланки Ҳарамга қурол киритилмас эди», деди.
967. Исҳоқ ибн Саъийд ибн Амр ибн Саъийд ибн Ос отасидан ривоят қилади:
«Мен Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузуридалигимда Ҳажжож кирди-да: «(Аҳволи) қандай?», деди.
У киши: «Яхши», деди.
Шунда у: «Ким сизга жароҳат етказди?», деди.
У киши Ҳажжожни ўзини назарда тутиб: «Қурол олиб юриш ҳалол бўлмаган кунда уни олиб юришга буюрган кишида», дедилар.
10. ҲАЙИТГА ЭРТАРОҚ БОРИШ ҲАҚИДАГИ БОБ
Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу: «Биз бу вақтда фориғ бўлган бўлар эдик ва ўша Зуҳо вақтида эди», дедилар.
968. Баро (ибн Озиб) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон куни бизга хутба қилиб:
«Албатта, ушбу кунимизда энг аввал бошлайдиган нарсамиз намоз ўқимоғимиздир. Сўнгра қайтиб жонлиқ сўйишимиздир. Бас, ким ушбуни қилса, батаҳқиқ, бизнинг суннатимизга тўғри қилибди. Ким намоз ўқишидан олдин сўйган бўлса, дарҳақиқат, у ўз аҳлига шошилиб (тақдим қилган) гўштдир. Ибодатдан ҳеч нарса эмасдир», дедилар.
Шунда ансорлардан тоғам Абу Бурда ибн Найёр туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Намоз ўқишимдан олдин сўйиб қўйибман, менда икки ёшга етмаган, лекин икки ёшга етгандан яхшироқ эчким бор», деди.
У зот: «Уни наригисининг ўрнига қилавер, - ёки сўявер. Сендан кейин икки ёшга етмаган эчки ҳеч кимдан жоиз бўлмайди», дедилар.
11. ТАШРИҚ КУНЛАРИДАГИ АМАЛНИНГ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДАГИ БОБ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Аллоҳни маълум кунларда зикр қилингиз», ояти ҳақида, Зулҳижжанинг ўн кунида, саноқли кунлар эса ташриқ кунларидир», деган.
Ибн Умар ва Абу Ҳурайралар (зулҳижжанинг аввалги) ўн кунларида бозорга такбир айтиб чиқишар ва одамлар ҳам уларнинг такбирларига қўшилиб такбир айтишарди.
Муҳаммад ибн Али нафл намознинг кетидан такбир айтди.
969. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу(ҳайит кунлари)даги амал ўн кунликдаги амалдан афзал эмас», дедилар.
Улар: «Жиҳод ҳамми?», дейишди.
У зот: «Жиҳод ҳам. Магар бир одам ўз жони-ю молини хатарга қўйиб чиқиб, бирон нарса ила қайтмаса, (ўша амал афзалдир)», дедилар.
12. МИНО КУНЛАРИ ВА АРАФОТГА БОРГАНДА
ТАКБИР АЙТИШ ҲАҚИДАГИ БОБ
Умар розияллоҳу анҳу Минодаги пардаларида такбир айтар эдилар, уни масжид аҳли эшитиб улар ҳам такбир айтишар, шунингдек бозор аҳли ҳам уларга қўшилиб такбир айтишар эди, ҳатто Мино такбирдан ларзага келар эди.
Ибн Умар у кунларда Минода, намозларнинг ортидан ҳам, ўз ётоғида ҳам, пардаида ҳам, мажлисида ҳам ва юрган йўлида ҳам ўша кунларнинг ҳаммасида такбир айтар эди.
Маймуна розияллоҳу анҳо қурбонлик куни такбир айтар эдилар. Аёллар ҳам Абон ибн Усмон ва Умар ибн Абдулазизнинг ортидан масжидда ташриқ кечалари эркаклар билан такбир айтишар эди.
970. Муҳаммад ибн Абу Бакр Сақафий деди:
«Мен Анасдан Минодан Арофатга кетаётганимизда талбия ҳақида:»Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қандай қилар эдингиз?», дея сўрадим.
У киши: «Талбия айтадиган талбия айтар, унга ҳеч ким инкор қилмас эди. Такбир айтадиган такбир айтар, унга ҳам ҳеч ким инкор қилмас эди», деди.
971. Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Биз ҳайит куни чиқишга буюрилар эдик, ҳатто пардаидаги бокира қизларни-ю ва ҳайзлиларни ҳам чиқарар эдик. Улар одамларнинг ортида туриб, ушбу куннинг баракаси-ю поклигидан умидвор бўлиб, такбирлари ила такбир айтар, дуолари ила дуо қилар эдилар».
13. ҲАЙИТ КУНИ НАЙЗАГА ҚАРАБ НАМОЗ ЎҚИШ ҲАҚИДАГИ БОБ
972. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Рамазон ва қурбон куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига найза ўрнатиб қўйилар, сўнг намоз ўқир эдилар».
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев