Коррупция – бутун дунё бўйлаб тарқалган, бу дунёнинг энг катта балоларидан биридир. Мансабдор шахслар ва давлат ишида хизмат қилаётган ҳодимларнинг ўз мансабларини суистеъмол қилиши - мамлакат тараққиётига ғов бўлиб, оддий фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилади.
Ислом таълимотларидан узоқлашиш оқибатида, коррупция деб аталган оғир касаллик билан жуда кўп мусулмон мамлакатлари ҳам хасталаниб қолган.
Қуйида келтирилган 15 та ҳадис Ислом коррупцияга қарши эканини ҳамда ҳар бир мусулмон ва бутун уммат бу иллатни фош қилиши ва жамиятни ундан тозалашни ўйлаб кўриши керак.
Жамиятга хизмат қилиш - буюк маъсулият
1. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Барчангиз раҳбарсиз ва барчангиз ўз раъиятингизга (қўл остидагиларга) масъулсиз. Имом ўз қавмига масъул. Эркак киши ўз оиласига масъул. Аёл киши эрининг уйига ва фарзандларига масъул. Хизматкор хўжайинининг молига ва унга топширилган нарсаларга масъул” (Имом Бухорий).
2. Убайдуллоҳ ибн Зиёд розияллоҳу анҳу Маъқал ибн Ясорнинг (беморлигида) кўргани кирди. Шунда у:
-Мен сенга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисни сўзлаб бераман, У зот: “Қайси бир шахс мусулмонлардан бир жамоага волий бўлиб, уларнинг ҳаққига хиёнат қилган ҳолда ўлиб кетса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур», дедилар” (Бухорий, Муслим).
3. Абу Зарр розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени омил қилмайсизми?”, деди. Бас, У зот елкамга уриб туриб:
-Эй Абу Зарр, сен заифсан, албатта у қиёмат куни хорлик ва надомат бўлгай. Магар ким уни ҳаққи ила олса ва ундаги ўз бурчини адо этса, бундан мустасно дедилар” (Муслим ва Абу Довуд).
Коррупцияга қарши курашиш бурчи бутун жамият зиммасидадир
4. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар» (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Нисоий).
5. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Аллоҳ қўйган чегараларга риоя қилиб турган киши билан, уларга риоя қилмаётган кимсанинг мисоли, худди бир кемага минган, ўрталарида қуръа ташлаб бир қисми кеманинг юқори қисмига, бошқа бир қисми эса қуйи қисмига жойлашган одамлар кабидир. Кеманинг қуйи қисмига жойлашганлар - сувга муҳтож бўлсалар, кеманинг юқори қисмида жойлашганларнинг олдиларидан ўтишарди. Шунда пастдагилар: биз оладиган сувимизни шу ердан тешиб олаверсак ва тепадагиларга озор бермасак? -деб маслаҳат қилишди. Агар юқоридагилар буларни ўз хоҳишларига ташлаб қўйсалар барчалари (ғарқ бўлиб) ҳалок бўлишади, аммо уларнинг қўлларидан тутсалар ҳаммалари (ғарқ бўлишдан) нажот топишади” (Бухорий ривояти).
6. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингга золим бўлса-да, мазлум бўлса-да ёрдам бер”, дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман. Лекин, золим бўлса қандай унга ёрдам бераман?”, деб сўради. “Уни зулмдан тиясан. Шу унга берган ёрдаминг бўлади”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Мансабни суистеъмол қилишга оқлов йўқ
7. Абу Ҳумайд ас-Соъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар алайҳиссалом Аъддан ибн Лутайба деган одамни садақага ишга қўйдилар. У қайтиб келганида:
“Бу нарса сизларга. Бу нарса менга ҳадя қилинди”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва сўнгра:
“Аммо баъд. Мен сизлардан бир кишини Аллоҳ менга топширган ишда бир ишга қўяман. У эса келиб: «Бу нарса сизларга. Бу нарса менга ҳадя қилинди», дейди. Ота-онасининг уйида ўтириб кўрсин-чи, унга ҳадя келармикин?! Кўрамиз, гапи тўғримикан! Аллоҳга қасамки, Сиздан кимки, бирор нарсани ноҳақдан олса, албатта, қиёмат куни уни кўтарган ҳолида келади. Зинҳор бирортангизни Аллоҳга мулоқот бўлганингизда пишқириб турган туями, бўкириб турган сигирми ёки маъраб турган қўйни-ми елкасида кўтариб юрганини билмайман”, дедилар-да, қўлларини қўлтиқларини оқи кўрингунча баланд кўтариб: “Эй бор Худоё! Етказдим-ми?!” дедилар» (Бухорий, Муслим ва Абу Довуд).
8. Адий ибн Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
“Кимни бир ишга қўйсагу у биздан битта игнани ёки ундан кўпроқ нарсани беркитса ҳам хиёнат қилган бўлади”, деганларини эшитдим. Шунда ансорийлардан бир қора киши туриб олдиларига борди-да:
“Эй Аллоҳнинг Расули, мендан ишингизни қабул қилиб олинг. Мен сизнинг бундоқ-бундоқ деганингизни эшитдим”, деди.
“Мен ҳозир яна айтаман. Сиздан кимни бир ишга қўйсак озини ҳам, кўпини ҳам олиб келсин. Унга нима берилса, олади. Нима берилмаса, олмайди”, дедилар» (Муслим, Абу Довуд).
9. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Амирларнинг ҳадялари хиёнатдир”, деганлар (Табароний ривояти).
10. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни бир ишга омил қилиб қўйсак ва уни ризқ ила ризқлантириб қўйган бўлсак, ўшандан кейин олгани хиёнатдир”, дедилар” (Абу Довуд, Ҳоким).
11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур” (Бухорий).
Пора бўйича жиддий огоҳлантириш
12. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон ҳукм борасида пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатлаганлар” (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким).
Мазкур ҳадиси шарифнинг яна бир ривоятида: “Улар орасини келиштирувчи – даллолни ҳам лаънатлаганлар”, дейилган.
Коррупция билан курашишга мисол
13. Бурайда розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Қозилар (ҳукм қилувчилар) уч тоифадир. Бир тоифаси жаннатда, икки тоифаси дўзахдадир. Ҳақиқатни билиб, адолат билан ҳукм чиқарган қози жаннатда. Ҳақиқатни била туриб, пора олгани сабабидан бировга зулм қилган иккинчиси ва ҳақиқатни билмай туриб, ҳукм чиқарган қозилар дўзахдадир”, деганлар (Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким).
14. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам гуноҳи кабираларни зикр қилдилар: "Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва одам ўлдириш", дедилар. Сўнгра "Сизларга катта гуноҳларнинг каттасини айтайми? Ёлғон гувоҳлик беришдир", дедилар (Бухорий).
15. Имом Бухорий, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу, Термизий, Аҳмад ва Насаийлар шундай ривоят қиладилар:
“Ўғрилик қилган маҳзумиялик бир аёлнинг ҳоли қурайшликларни ташвишга солди. Улар:
“У ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким гапиради?”, дейишди.
Кейин: “У зотга Усома – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбубидан бошқа ким ҳам журъат қила олар эди?!”, дейишди.
Бас, Усома у Зотга бу ҳақда гапирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
“Аллоҳнинг ҳаддларидан бирида шафоатчилик қиласанми?!” дедилар.
Сўнгра туриб, хутба қилиб:
“Эй одамлар! Албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари ичларида шарифлари ўғрилик қилса, қўйиб юбориб, заифлари ўғрилик қилса, унга ҳаддни қоим қилишлари сабабидандир. Аллоҳ номи билан қасамки, агар Фотима бинти Муҳаммад ўғрилик қилса ҳам, албатта, унинг қўлини кесурман!”, дедилар”.
Бошқа ривоятда:
”Сўнгра ҳалиги аёл ҳақида амр қилдилар. Унинг қўли кесилди”, дейилган”.
Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади
_____
Maslahatim Uz телеграм каналига қўшилинг: 👇 https://t.me/joinchat/AAAAAERbNdRw5bZZbS2vSw
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1
хозирги замонда интернетдаги жуда ку'п исломий группаларга ва telegram .... каналларига ишонч колмади чунки бундай телеграм ва группалар исломий бу'лишига карамай группа ва телеграм каналидаги аъзо кишилар мусулмон ва муслима бу'лишига карамай зино-фахшга ружу ку'йишган зино-фахш жуда хам жирканч ва огир гунохи кабиралардан бири хисобланади Аллох таолонинг наздида зино-фахш ёлгон гапириш ёлгондан гувохлик бериш албатта пораху'рлик огир гунохдир !