Бир аёлнинг кўзи ёриганди. Чақалоқлар – эгизаклар! Гўдакларнинг иккиси ҳам қизалоқ. Биринчи фарзанди ҳам қиз экан. Жами учта қиз бўлибди. Аёл анча қийналибди. Камига, эри лоақал бир бор хабар олмабди. Хотини қўнғироқ қилса, “Яна қиз туғдингми? Бормайман. Ўғил туққанингда бораман!” дея қон йиғлатибди. Ортидан кўргани келаётган яқинларининг ҳамда қариндошларининг кети узилмаётган бўлса-да, мазлума аёлнинг кўзлари эрини кутиб нигорон эмиш… Ёнидаги шериклари ҳам ёлғизлатиб қўймай, уч маҳал иссиқ овқат чиқазиб туришибди. Лекин улар узатган шоҳтаомлар эри кўтариб келадиган “ёвғон”нинг ўрнини босармиди?..
Менимча, бошқа ҳамма қийинчиликларга чидаш мумкин – аёл чидайди, аёл кечиради… Аммо ўлим билан юзма-юз келиб, жонингни гаровга қўйиш эвазига фарзандини дунёга келтираётган пайтингда энг яқин, энг суянган, энг ишонган одаминг – турмуш ўртоғинг ёнингда турмаса; сабабли бўлса майли, аммо “Яна қизми?!” дея “аразлаб”, хабар олишга ярамаса, бунга чидаб бўлмайди, тоқат қилиш мумкин эмас. Асло!!!
Хуллас, ношукр эр келавермагач, аёл йиғлаб-сиқтагани ҳамда палатадошларидан уялиб, қаттиқ сиқилгани учун қон босими ошиб кетибди. Бир қариндоши шу туғруқхонада ишлар экан. Ҳаммасини кўриб-билиб турганидан секингина шифокорнинг қулоғига шипшитибди. “Махсус ва пухта режа”га биноан эр ишончли бир баҳона билан чақиртириб олинибди. Қовоғидан “қор ёғаётган” эркакка унча-мунча гап таъсир қилмаслигини уққан дўхтирлар секингина келишган ҳолда уни муолажахонага бошлаб боришибди. “Нега? Нима учун?” деган саволларни ёғдираётган “ота”га: “Ҳозир тартиб шунақа. Бу анализ учун!” дея қисқагина жавоб беришибди-да, шартта дард чақирувчи уколдан битта уришибди! Сўнгра номига томиридан “анализ учун” қон олгандек бўлишиб: “Ярим соатдан кейин кетаверишингиз мумкин”, дейишибди.
Маълум вақт ўтгач, томоша бошланибди! У ёқдан-бу ёққа зир югуриб додлаётган эркакни кўриб, кўрмасликка олаётган дўхтирлар ҳар замон-ҳар замонда мийиғларида кулганча: “Ҳа, нима бўлди? Жуда безовта бўлиб қолдингиз? Ишқилиб тинчликми?” дея гап ташлаб қўйишармиш.
“Менга қанақа укол қилдинглар? Оғриғига чидаб бўлмаяпти-ку?!” дея додлармиш шўрлик. “Э, ҳа-а! Яшанг-э! Эркак деганам битта уколга шунча ваҳима қиладими? Ана, аёлларни қаранг, шунақа уколдан нечтасини олади, лекин “чурқ” этган товушлари чиқмайди бояқишларнинг. Бўл-бўл, эркак бўл, экан-да! Аёлнинг жони қирқта, эҳтимол ундан ҳам кўпдир. Ундан кўра, хотинингизга ҳайкал қўйинг! Майли, ҳайкал ҳам қўйманг, бир оғизгина “Аҳволинг яхшими? Қийналмадингми, онаси?” дея кўнгил сўрасангиз, унинг қалбига ўрнатган бўласиз ўша олтин ҳайкални!” дейишибди…
Эркакдан эса садо чиқмабди. Эҳтимол, ҳамма хатосини англаб етгандир? Илоҳо, шундай бўлсин!
Бежизга донишлардан бири: “ҲАЁТ, уни ўрганадиган кишиларгагина ўргатади”, деб айтмаган-да. Ҳаётда кўзимиз кўрган ҳар бир ҳодисадан ибрат олабилганимизда эди, бизга олийгоҳларнинг кераги ҳам бўлмай қолармиди?.. Ҳа-а, ҳаёт ўрганишни истаганларга жуда кў-ўп нарсаларни ўргатади… Фақат, ҳамма гап исташда. Менга қолса, “Энг яхши муаллим – ҳаётнинг ўзи!” деган бўлардим.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев