--------
Аломатлардан яна бири – Аҳмад, Табароний «Ал-кабийр»да саҳиҳ санад билан ривоят қилган, Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ҳолатдир: «Қиёмат олдидан сигир думига ўхшаш қамчи кўтарган кишилар бўлади, улар Аллоҳнинг ғазаби билан чиқиб, Аллоҳнинг ғазаби билан қайтишади» (Саҳиҳ, Муслим: №2857).
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дўзах аҳлидан икки тури борки, мен ҳали уларни кўрмадим: Биринчиси: қўлларида сигир думига ўхшаш қамчилари билан одамларни уриб юрадиган кимсалар. Иккинчиси: кийиниб олган, лекин яланғоч, (бошқаларни ҳам) йўлдан оздирувчи, ўзлари ҳам (ҳақдан) оғган ҳамда бошлари(даги сочлари)ни туянинг (бир тарафга) мойил бўлган ўркачлари сингари дўппайтириб олган аёллардир. Улар жаннатга кира олмайдилар, унинг ҳидини ҳам топа олмайдилар. Ваҳоланки, жаннатнинг ҳиди фалон масофадан келиб туради»
(Муслим: №2128).
Севикли дўстларим! Бу ҳақда гапни узоқ чўзиб ўтирмай, энди ҳали содир бўлмаган аломатлар ҳақида сўз юритишга ўтаман.
Учинчи: Ҳали содир бўлмаган кичик аломатлар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ва ҳали содир бўлмаган қиёмат аломатларидан бири – Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мол-дунё кўпайиб, тўлиб-тошмагунича, ҳатто бир киши молининг закотини чиқариб, уни оладиган одамни тополмай қолмагунича қиёмат қоим бўлмайди» (Бухорий: №7121, Муслим: №157).
Баъзи аҳли илмлар айни шундай ҳол Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу даврларида ҳам бир бўлиб ўтганини айтадилар.
Ҳали содир бўлмаган аломатлардан яна бири Ростгўй зот мана бундай хабар берганлар. Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«То Фурот (дарёси) тиллодан бўлган тоғни очмагунча қиёмат қоим бўлмайди. Одамлар уни деб уруш қиладилар ва ҳар юзтадан тўқсон тўққизтаси ўлдирилади. Улардан ҳар бир киши, қани энди нажот топган мен бўлсам эди, дейди».
Бир ривоятда айтганлар: «Келажакда Фурот тиллодан бўлган кон-дафинани очади. Ким унга ҳозир бўлса, ундан бирор нарсани олмасин» (Бухорий: №7119, Муслим: №2894, Абу Довуд: №4313, 4314, Термизий: №2572, 2573).
Ҳали зоҳир бўлмаган аломатлардан яна бири Маҳдий розияллоҳу анҳунинг чиқишларидир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар дунёдан бор-йўғи бир кунгина қолган бўлса ҳам, Аллоҳ ўша кунни узайтиради ва унда мендан – ёки аҳли байтимдан – бўлган бир кишини чиқаради, унинг исми исмимга, отасининг исми отамнинг исмига тўғри келади, ер юзи не қадар жавру зулмга тўлган бўлса, у уни ўшанча адолатга тўлдиради»
(Абу Довуд: №4282, Термизий: №2231, 2232).
Аллоҳ таоло бу киши билан динга қувват беради, у етти йил ҳукм юритади, шу вақт ичида жавру зулмга тўлган ер юзини адолатга тўлдиради, унинг даврида уммат ҳеч қачон кўрмаган фаровонликка эришади, ер ўз бағридаги набототни чиқариб беради, осмон ёмғир қуяди, ҳисобсиз мол-дунё берилади.
Ибн Касир айтадилар: «Унинг замонида мева-чева кўп, ҳосил мўл бўлади, мол-дунё тўлиб тошади, салтанат қудратли, дин барпо, яхшиликлар давомли бўлади» (Ан-ниҳая фил-фитан вал-малаҳим).
Уламолар ва имомларимиз сўзларига кўра, Маҳдий ҳақидаги ҳадислар маънавий мутавотирлик даражасига етган.
Шу миқдордаги сўз билан кифояланамиз, Аллоҳ таолодан сўраймизки, бизларни (гуноҳларимизни) ер юзида ҳам, ер остида ҳам, қиёмат кунида ҳам Ўзи яширсин. У бунинг эгаси ва унга Қодирдир.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев