(9-қисм)
Ойазим ўша воқеадан сўнг яна барибир далага борди. Изиллаб, кураги ачишиб турса ҳам саҳармардонда бормаса бўлмасди. Елкасида хуржун билан уйга қайтаётганида- бир пайтлар ошхоналарида идиш-тавоқ ювиб юрган Руҳсорбибини кўриб қолди. Аёл уни уйга олиб кириб, устига иссиқ чопон ташлади. Музлаётган қўлларини бир-бирига ишқалаётган жувонга чин дилдан раҳми келдими ё ичган тузи ҳурматиданми бир пахталик илма тешик бўлиб кетган эски чопонни берди. Синиқ дарчага тиқиб қўйилган юмалоқ ёстиқни кўраркан, Ойазим Рухсорбибига жавдираб қаради. Унинг тилагини тушунган- собиқ ҳизматкор дарча кўзидан ўша увада ёстиқни ҳам суғуриб жувоннинг қўлига берди:
-Пошшохон олаверсинлар, Ҳайдаралига айттириб, таҳтада- миҳлаттириб қўяман.
Ойазим Руҳсорбибига миннатдорчилик билдириб, ёстиқни ҳам чойшаби ичига тиқиб-елкага ортди. Йиртиқ кавушда шиппиллаб кетаётган жувоннинг кетидан қараб қоларкан, Руҳсорбиби "эссизгина, оёғидаги кавуши ҳам ярамай қолган экан-а" деб изтироб билан кузатиб қолди.
Бир пайтлар бека қиз бўлган бу жувоннинг бу тарздаги инқирози уни жуда таъсирлантирган эди.
*
Маҳмуд ака Ойдинга ўша кўрсатилган ҳамма кийим-кечакни олиб берди, бир икки кийимни ўзи ҳушламай қайтарди.
Кийиб кўрсатганларидан-энг ёққани устида қолган ёш "аёли" ни ана ундан сўнг ресторанга олиб кирди. Маҳмуд аканинг таъбини биладиган- бармен йигит "ака"нинг севимли ичимликларини қаторлаштириб столга терди. Ўзича янги оиласи билан туғилган кунини нишонлаётган "ака"нинг ҳайдовчиси алламаҳалгача уларни ташқарида кутди.
Бу хаётни қандай кўринишда бўлмасин, Ойдин сираям қабул қилолмасди.
Шундай бўлса ҳам, кўникишга мажбурлигини тушуниб етган, " ўзи ҳоҳлагандек яшаш" истагини бўғиб, кун кўришга мажбур эди.
*
Савуқ қиш ҳам яқинлашиб қолди, Ойазим оҳирги маошини тежаб, пули етганча, ўзига ва пилдираб кетидан югуриб юрган қизчасига иссиқ оёқ кийим сотиб олди. Роза ҳам бир ортиқча жун кўйлагини берди. Режалаб, қурама қилиб, улаб-улаб қизалоғига ҳам қийқимлардан пахтали чопонча тикди.
Орқалаб юрган чойшабига бўз астарлик қоплаб, шундан кўрпа қилди, ўша тунда ўзининг ҳам оёқлари музламасдан, ўзгача ором олиб ухлади. Дафтаридаги ёзувларида энди ҳасрат чанги ўчиб, ҳурсандчилик жумлалари ёзила бошлади.
"Худойим! Илоҳим, бахтимизга- қиш иссиқ келсин...
Биламан, энг ёмон кўрган бандаларингдан бириман, шундай бўлса ҳам, болам учун, гўдагим учун раҳмимни егин, бизни қишдан эсон-омон чиқаргин..."
***
Турмушга чиққанига уч ойдан кўп вақт ўтган бўлса ҳам, Ойдин шунча пайтдан бери ўлмай юрганига ўзи ҳайрон эди. Ойиси совға қилган дўппи- эрининг тепакал бошини бироз беркитган, шу дўппи кийилган куни "эри" кўзига сал тузукроқ кўринарди.
Маҳмуд аканинг ҳар ўн кунда бир- қон босими қаттиқ кўтарилиб, тунлари бесаранжомликка йўғрилади. Четдан қараган одам- уларни "эр-хотин" деб ўйламайди. Ё бир ҳамшира, ё бир асира, ё бир чўридек- туюладиган Ойдиннинг ўзига ҳам- эри билан ўрталарида "етти паҳса девор бор" га ўхшаб туюлади.
Маҳмуд ака дам олиш куни уни яна овга олиб кетди, шу куни ҳазил қилдими, Ойдинни "Ойбадоқ" деб чақиргандек бўлди. Бу номга қизнинг қаттиқ ғаши келган бўлса ҳам, ўзини эътиборсиздай тутди.
Шу куни Ойдинга гапира туриб, Маҳмуд ака қўлини эҳтиётсизлик қилиб, милтиқ дастасида қисиб олди. Жаҳл устида отилган милтиқ- варанглаб овоз чиқарди.
Шу бўлдию, "ака" нинг овдан кайфияти бузилиб қайтди. Эри одатда бунақа пайт зардачи бўлиб қоларкан, шу куни Одил билан машина эшигини "қарсиллатиб" ёпиб қаёққадир кетишди.
Ойдиннинг юраги сиқилди, жудаям ойиси билан гаплашгиси келарди.
"Қаёғданам шу овга бордим, ундан кўра уйда ўтирсам, ойим келсалар, ҳаммаси яхши бўлган бўларди" деб ҳаёлга берилди совуқ манзарадай туюла бошлаган ҳашаматли уйни деразадан кузатиб ўксинаркан...
" Аёл йиғлаган кошонадан, аёл кулган- кулба яхшидир" деганлари айнан шу эди!
Куназим пошшо қизи Ойазим учун аталган бисотини омонат қолдирган Қумтепалик тегирмончининг аёли Бибихожар- гузардан бир гап эшитиб келди.
Оз муддат фаромуш бўлиб ўтирган Бибихожар- кейин Куназим пошшонинг ўлими олдидан айтган сўзларини эслади.
Ўрнидан туриб, ўн бир йилдан ортиқ ҳар жойда яшириб юрган тугунини омборхонадаги арпа солинган қути ичидан суғуриб чиқарди.
"Мана, ҳаммаси яхши сақланиб турибди экан, энди буларни ўз эгасига беришим керак"
Бибихожарни фақатгина йўлларнинг ҳали ҳам нотинчлиги безовта қилаётган эди. Яна ўша аёлнинг ростдан ҳам Ойазим эканлигига шубҳа қиларди.
Кейин бир тўхтамга келди шекилли, тугунни яна олган жойига яширди:
"Эшитишимга қараганда, қиз шўрлик жуда қийналиб яшаётган экан, яхшиси уни ўзини олиб келаман, бисотини қўлига бериб, агар кўнса Қумтепада қолишга кўндираман" деб ҳаёлан режа тузди.
Ўша суронли йиллардан сўнг, Саидғози эшоннинг ўғиллари четга юз бурган, бир оздан сўнг оилаларини ҳам юртдан амаллаб, олиб чиқиб кетишган эди.
Ойазим ҳақида эса узун қулоқ гаплар юрарди, кимлардир уни "активистка" бўлиб кетган деса, кимдир қизгинани акалари топиб, аллақачон сўйиб ташлаган дерди.
Бибихожар шу сабаб: олдин Ойазимнинг ўзини кўришни, сўнгра онасининг нарсаларини унга беришни режа қилаётган эди.
*
Сафарали раис отини йўрғалатиб, дала йўлидан қайтаркан, кеч куз шаббадаси этини озгина жунжуктирди.
Ҳаёлига нимагадир, Ойазим тушиб, ичи бир қизигандек бўлди.
"Замон уни отга чиқарди, энди бу- кўнгли бир пайтлар суст кетган аёл- оёқлари остида, нечук кўнглини ҳушламасин экан?!
Ҳар куни ҳордан-ҳор бўлиб кунини кўряпти, Сафарали юрт каттаси бўлса ҳам-зуғум қилиб, қувғин қилмади: "қўй яшасин, менинг кимлигимни-ким бўлганимни кўриб, билсин!" деди, ҳозир ўзи билиб, қўйнимга кирса-киргудек одамман" шу ҳаёллар билан отини кейинги маҳалла томонга бурди.
Бу маҳалланинг энг четида ўша олдинлари қуёшдек бўлиб порлаган, ойдек бўлиб тўлган, ҳозир тирикчилик яримлатган аёл яшайди...
Отини чакалак бошидаги тол шоҳига боғлаган-ча, Ойазимнинг уйи томонга пусганча кетди. Кеча булутли, унда-бунда ола чалпоқ нур борлигини айтмаса, ҳақиқий зулмат эди...
Пастак девордан бир ҳатлаб, ошиб тушди.
От устида ҳаммаси кафтдек кўрингани учун бу ҳовлининг унга- ҳар қаричи ёд бўлиб кетганди...
Аста этакдаги олдида қийшиқ устунли чала айвончаси бор, бир уй- бир даҳлиз уйга кириш учун эшик очди.
Ғирчиллаган товуш- эшикнинг ноласига Ойазим ўрнидан сапчиб турди. Шошиб милдираб, ўзидан бошқа жойни ёритмаётган-фонуснинг пилигини кўтармоқчи бўлди.
Шу пайт кафтини бир қўл қоронғуда ушлаб, сиққанини сезди. Қичқирмоқчи бўлиб силтанган Ойазимнинг оғзини иккинчи қўл маҳкам беркитди.
Жувон фонус билан таҳминий харакат қилиб, шарпанинг бошига урмоқчи бўлганда, фонус қўлидан учиб бориб, токча қиррасига урилиб синди, керосин қозони эса ерга "дўпиллаб" тушди...
Энди уй зулмат қоронғусига буткул чўмган, нимани нималигини аниқлаб бўлмас ҳолга тушганди.
Шарпа эса зарбага чап бериб қолганидан- энди бузуқ ниятига етиш учун қаттиқ жаҳд қиларди:
"Кимлигимни билиши шартмас, қайсарлиги кундек равшан бўлиб турибди, бунақаларга ширин сўз увол!"
Шу куни Ойазим яна ожизалигига борди. Манфур кимса зулмат қўйнида ниятига етиб, писмайганча кулбани тарк этди.
Ҳира тонг отгунча, Ойазим бир аҳволда ўтирди.
Кейин қумғонда сув илитиб, бошидан қуйди. Тишлари бир-бирига урилиб турган ҳолатида- дафтарига нималарнидир ёзиб, қуришини кутмай, босма қоғоз босди.
Ширингина уй бурчагидаги осма беланчакда ухлаётган қизчасига ҳам- бир оз тикилиб ўтирди.
У ҳудди руҳга айланиб қолгандек, танаси энди ўзиники эмасдек ҳаракат қиларди, шу таҳлит қизи бошига ҳавода сузгандек учиб борди. Энди унинг кўзлари кўз ёши ҳам тўкмай қўйган, бошқа тўкадиган нарсаси қолмаган эди...
***
Файзулла жарчи эрталабда кимнингдир йиғинига отида жар чақириб юрганди, бу яккам- дуккам маҳаллага ҳам "бир бош суқай" деб кирди.
Чакалак оралаб, отини йўртираркан, бор овозида ҳайқирди:
-Гузар бошидаги Муқим маҳсидўзникигаааа...
Файзулла жарчининг кўзи ҳилват ҳовлидаги- айвон устунига осиғлиқ турган аёл жасадига тушиб, айтадиган сўзини йўқотиб қўйди.
Отидан сакраб тушиб, "вой-вой" лаб, пастак девордан ҳатлаб- ҳовли этагига қараб югурди. Биқинида осиб юрган- қинлик пичоғини чиқариб-арқонни шошиб кесди.
Жасад аллақачон таҳтадек қотиб бўлган экан.
Калима қайтарган ҳолда айвон супачасина узун қилиб ётқизаркан, чала ярим ўтирган ҳолатида бор овозида ҳайқирди:
-Ким бор, ҳо ким боор!
Кейин яна девордан ошиб, отига сапчиб минди, йўл-йўлакай учраган одамга "четдаги бостирма ҳовлига бор, эски Турдали наматчининг ҳовлисига бор" деб кетаверди. Зумда бу ҳабарга бутун маҳалла оёққа турди.
Роза ҳали эшик очмаган эди, қулоғига жарчининг овози эшитилиб, у ҳам елкасига у бу нарса ташлаб, ташқарига чиқди.
Одамлар бир-бирига ниманидир тушунтирар, ҳамманинг оғзида узуқ-юлуқ ҳабар айланарди.
Роза "мингбошининг қизи ўзини осибди!", " боғчадаги ошпаз жувон бориди-ку! " деган сўзлардан карахт аҳволга тушди. Ойазим яшаб турган далага ёндош маҳалла томонга қараб югурганча кетди.
Дарҳақиқат, кирди-чиқди ўша уй олдида бўлаётган эди. Отилиб қийшайиб турган бир тавақали эшикдан ичкарига кирди. Одамлар ўраб олган даврани ёриб қараркан, кўзлари катта-катта бўлиб кетди: ростан-Ойазим экан. Бироздан сўнг чинқириб, Ойхон йиғлай бошлади. Роза жон холатда отилиб, ичкарига кириб, қизчани беланчагидан олди.
Одамлар бу воқеага ажабланар, ҳаммадан ҳам Роза учун бу кутилмаган мудҳиш воқеа эди.
-Йўқ, ман уни билардим, у оҳирги пайтлар анча яхши бўлиб қолганди, умид билан қишга тайёрланаётган эди. У яшамоқчийди, ўзини ўлдирадиган аёл эмасди, чунки, яшаш учун курашаётганди. Нимага бунақа бўлади?! Нимадир сабаб борми?!-деб Ойхоннинг йиғиси орасида одамларга гапирар, ҳамма унга қараб елка қисганча турарди.
Роза қизчага қаради:
- Шундай боласини ўзидан озгинага бўлса ҳам ажратмасди," ташлаб кетинг қараб тураман" десам ҳам ишонмасди, нимага энди бутунлай ташлаб кетиши мумкин?!
Шунақа бўлиши мумкинми?!-деб саволлар ёғдираверди.
Кейин боя кирган хонасига қайтиб кирди. Токчада- ўзи берган иссиқ кўйлак таҳланганча турибди. Уй четида қиш учун йиғилган ўтинлар. Ярми оғаётган уйга тиралган айри ходага ҳам кўзи тушди.
"Аҳир у яшамоқчийдику?!" деди яна бир алфозда.
Қўлидаги қиз энди бармоғини сўрганча- Розага қараб турар, тинмай йиғлаётган бу аёлга қараб жим бўлиб қолган эди...
Розанинг ҳаёлига бир пайтлар Ойазим ухламай ёзган дафтар тушиб қолди. Уйнинг тўрт бурчагига югуриб, яшириш мумкин бўлган жойларни қидирди. Ўтинлар орасида анор қизил муқовали дафтар турарди.
Роза шошиб бориб, дафтарни очди: дафтар деярли тўлиб қолган экан. Уч ёки тўрт вароқлик бўш жой қолибди. Оҳирги сатрлар устига босма қоғоз босилганди.
"Демак ниманидир ёзган, бу тасоддифий ўлимнинг нимадир сабаби бор!" яшин каби фикр ҳаёлидан ўтди.
Роза дафтарни бола кўтариб турган қўлтиғига биров кўрмасидан шошиб қистирди.
Бир оздан сўнг ҳовлича янаям кўп одамга тўлди. Марҳумани ичкари хонани йиғиштиришиб, кўздан панага олишди.
Пешинга бориб бу уйдан бир пайтлар суронли мингбоши бўлган Саидғозихоннинг яккаю ягона қизи Ойазимхонни сўнгги йўлга бир сиқимгина одам кузатиб қўйди.
Роза қизчани ўзи билан боғчага олиб келди, пишиллаб сутга тўғралган нонни **** ўтирган қизчага қараб ҳам ўпкаси тўлди. Ойазимнинг ёзишмалари бор дафтарни қўлига олди. Эски ўзбек ёзувида, чиройлироқ хуснихат, лекин кўп жойи шувалиб ҳира тортган. "Йиғлаб ёзган бўлса керак..."-ҳаёлидан ўтди. " Нимага лотинчада ёзмаган?!, биларди, саводи бор эди, жуда сирларинг кўп аёл эдинг Ойазим опа! " Роза очиб, бирор сатр тушунмаган дафтар-китобни ёпди.
Асрга яқин, кимдир ҳовлида чақиргандек бўлди.
Роза ажабланди, аза очилган уйда Ойазимга таниш бир аёл қолганди, ўша бўлса керак деб ташқарига чиқди. Катта ёшли бир аёл экан.
Боғчага айланган бинога таниш одамлардан эдими, ҳамма ёққа бир текис жавдираб қаради. Роза ичкаридан курси олиб чиқиб, аёлни ўтиришга таклиф қилди.
-Ойазимхонни қидириб келдим, онасининг танишиман- деди ёши катта аёл янаям жавдираб қараркан.
Роза ажабланиб, аёлга қаради, зўрға:
-Ҳабарингиз йўқми?!-дея олди ҳолос, кўзларидан яна ёш тирқирай бошлади.
Аёл ҳам ҳайратда эди, Роза бир амаллаб бугунги кўргуликни унга айтиб берди.
Бу жавобдан аёлнинг кўзлари бақрайиб қолди, лабларини рўмоли четига яшираркан, юзига қалтираб фотиҳа тортди.
-Бир нарсани сўрамоқчиман, ўша шу ерда ишлаётган, сиз "ўзини осди" деётган ростдан мингбошининг қизи Ойазиммиди?! Ё сиз менга бошқа одам ҳақида гапиряпсизми?!- деди яна мижғовлангандек.
Роза бош силкиганча- биринчи бор Ойазимни учратган кунидан бошлаб ҳамма воқеаларни гапириб берди, ташқи белгиларини ҳам санади. Бировлар уни "босмачининг қизи" деб аташганини ҳам. Кейин эсига ҳали икки ёшга тўлмаган Ойхон тушиб, кириб уни олиб чиқди.
Аёл Ойхонга ҳам ажабланиб қаради, кейин ўрнидан туриб, у ёқ-бу ёққа талмовсираб юрди.
Қўлидаги узун батис кийимни бошига паранжидек ёпиб, индамай боғчадан қайтиб чиқиб кетди. Унинг ортидан Роза- қўлида Ойхонни кўтарганча, ҳайрат ва ажабланишга тўла нигоҳлари билан кузатиб қолди.
"Тавба, қариндоши деб ўйлаб, адашдим шекилли" Роза ҳақиқатда бу аёлнинг нима мақсадда келганини тушунмаганча қолган эди.
Бу катта ёшли йўловчи аёл- ўша Куназимхон қизи учун омонат бисот қолдирган тегирмончининг аёли- Бибихожар эди!
***
Сафарали эрталабки ҳабарни эшитганча- музлаб қолганди. У ҳудди қўлга тушиб қолган "ўғри мушук" дек одимлар, ичида дарров жонига қасд этган аёлнинг оғзидан кимгадир гап учган-учмаганини тинмай ўйлар эди.
"Кимга гапиради?! Ҳеч нарсани сезмаган бўлиши керак, бировга айтиб улгурмагани аниқ!"
Сафарали марҳума ҳақида бировдан суриштиришга ҳам қўрқар, ҳаёлида у суриштирадиган одам ниманидир биладигандек, қандайдир сирдан ҳабардордек туюлаверарди.
Миролим чавандоз жанозага борганлардан экан, сўрамаса ҳам шу одам оз-моз гапириб ўтди:
-Саидғози мингбошини қизи қилган ишни қаранглар, йўқчилик одамни шу кўйга солиб, эсидан айираркан-да, "ким эдингу-ким бўлдинг мана?!", кечаги бошлар-оёқ бўлди... - дедию маталнинг давоми " оёқлар- бош бўлди! " ни айтишга Сафаралидан ҳаё қилди.
Сафарали зўрға юрак ютиб "сабаб нима, йўқчиликдан эканми?!" деб сўради, кейин сал овозини кўтариб:
-Ўлмаган биз йўқсилларнинг жони, йиллаб улар хон, кўланкаси майдон бўлишди, биз шу йўқчиликка чидадикку, нима бизга арқон қаҳатмиди?! - деб бир қошини сал кўтариб атрофга ола-зарак қараб қўйди.
(Давоми бор)
#З-тқисса
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев