256-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
У Гулининг кўз ёшларини артди, юзига тикилди:
- Йиғлоқи бўлиб қолибсанми?
Али шундай дея Гулининг қўлларига қаради. Гулининг қўллари мушт бўлиб тугилган, қорни устида турибди. Алининг кўзлари ёниб кетди:
- Гули, қўлларинг яна ишлабди-ку. Қара, кеча ўзим қўлларингни ёнингга қўйиб ухлагандим. Қорнингнинг устига чиқиб олибди. Ишлабди қўлларинг...
Алининг овози титради, кўзларига ёш тўлди:
- Тузаляпсан, Гули...
Шу пайт Гулининг юзи яна буришди.
- Нега бунақа қиляпсан? Бирор жойинг оғрияптими?
Гулининг оғир ютинди.
- Сенинг жонинг оғрияти, шекилли... Айта олсанг эди... – эзилди Али.
💞 💞 💞
Лазокат эфирни тугатиб чиқди, унинг ўрнига Жамшид кириб кетди. Лазокатнинг кайфияти йўқ. Индамай, ходимлар хонасига чиқиб ўтирди. Кечаги тундаги воқеа кўз олига келди. Баттар қовоғи осилди. Ўзига ўзи гапирди:
- Али... Мени рад этдингизми?
Уҳ тортди. Ичида яна гапирди:
- Мендан ўша касал хотини афзал билдими? Йўқ... хотинини ўйламади. У онасининг “Уйлантираман”, деганини эшитган. Бирорта ёш қизни кўзлаб, орзуларга берилиб юрибдимикан? - Лазокат асабийлашди. - Менинг совунимга кир ювмабсиз, ҳали Али. Мени бир ҳидлаб, шунчаки индамай ташлаб кетишингизга қўймайман...
💞 💞 💞
Зилола Гулининг мушт бўлиб тугилган қўлига тикилиб туриб, жон ҳолатда Алини чақирди:
- Али ака-а-а, бу ёққа келинг.
Али эшикдан югуриб кириб келди:
- Зилола тинчликми?
- Али ака, Гулининг қўлига қаранг...
Алининг орқасидан Дилором опа ҳам кириб келди. Али Гулининг олдига келиб, қўлларини кафтига олди:
- Кеча ишлаганди, қўрқитдингиз одамни, бақириб.
- Ҳаяжонланиб кетдим-да. Бўшашиб, шалпайиб ётарди, қарасам, мушт бўлиб турибди...
- Хайрият, Ўзингга шукр. Тузаляпсан, Қоракўз. Тузаляпсан...
Дилором опанинг қошлари чимирилди. Бундан қувонмагани сезилди. Зилоланинг ҳам Алига қараб негадир кайфияти тушди.
- Ойи қаранг, қўллари ҳаракатга келди, - деди Али.
- Яхши, илоҳим тезроқ тузалсин... – деди Дилором опа қуруққина қилиб.
Дилором опа Зилоланинг кайфиятсиз турганини кўриб, ошхона томон бошлади:
- Зилолахон юринг, кофенгизни ичиб олинг.
Дилором опа ва Зилола ётоқхонадан чиқиб ,ошхона томон юрди.
- Ўтиринг Зилолахон, овқатингизни еволинг. Биз едик.
Зилола ўтириб кофе ича бошлади. Дилором опа хўрсинди:
- Худойим қувончимни кўп кўрди. Энди Али билан сизни тасаввур қилиб, узукка кўз қўйгандек булар, деб тургандим. Али ҳам сизга маҳлиё бўлиб гапираётгандек эди.
Зилола ичида севиниб, жилмайганча ширинликдан оғзига солди.
257-қисм
Дилором пичирлашга ўтди:
- Алини мафтун қилиш ўзингизга ҳам боғлиқ, шу касал хотинини унга унуттирайлик, Зилол. Бечора ўғлим қийналиб кетди роса, касал қараб...
Зилола майли дегандек бошини лиқиллатиб қўйди.
- Мен кетдим, уйга борай. Амакингиз ҳам оч ўтиргандир? Айтганча, сизга бир гап айтиб кетай...
💞 💞 💞
Лазокат ичкаридан чиқиб, машинаси томон келяпти. Йўлида чиққанлар билан сўрашиб қўяди. Телефони жиринглайди. Даврон қўнғироқ қиляпти.
- Ало, салом.
- Яхшимисан?
- Яхши, ўзингиз яхшими?
- Бўлади. Мен бугун Самирани олиб кетаман, бир ҳафтага.
Лазокатнинг авзойи ўзгарди:
- Нима?
- Эшитганинг! Самира бир ҳафта мен билан яшайди.
- Хушингиз жойидами?
- Меники жойида! Сендан сўраш керак, жойидами, деб.
- Меникиям жойида! Мен сизга бўлмағур гап айтаётганим йўқ.
- “Самира мен билан бир ҳафта яшайди”, деганим бўлмағур гапми? Отанинг қизини соғиниши, бирга яшашга интилиши бўлмағур-у, онанинг ҳар ҳафта ҳар хил одамларнинг машинасида юриб, расмга тушиши, оилаларни бузиши бўлмағур эмас, а?
Лазокат ҳайрон бўлди, қошлари чимирилди:
- Тушунмадим. Нималар деяпсиз, ўзингиздан ўзингиз...
💞 💞 💞
Йўл ёқасида патрул машинаси турибди. Бир патрул ходими йўловчи машиналарни кузатяпти. Машина ичида Даврон ўтириб, телефонда гаплашяпти. Алам, жаҳл билан гапиряпти.
- Ўзимдан ўзим гапирмаяпман. Суйкалиб юрган эркакларинг билан тушган суратларинг ижтимоий тармоқларда айланяпти, уларнинг хотинлари нолиб ёзган смслари менинг уйимгача келяпти...
- Ажабо! Мендан нолиб сизга ёзишибдими? Менинг сизга қандай даҳлим бор экан, тушунмадим.
- Мен сени қайта-қайта огоҳлантиряпман. Ўзингни назорат қил. Бежо ташлаган қадаминг, Самиранинг келажагини барбод қилмасин.
Лазокат ҳам жаҳл билан гапирди:
- Қадамим қандайлигини ўзим биламан, менга буйруқ берманг. Буйруқ берадиган уйингизда хотинингиз бор! Самирага келсак, у ҳақида ҳам жааа қайғуришингиз шарт эмас. Яна, ҳали олиб кетганингизга кўп бўлмади.
- Мен билмайман, олиб кетаман, бир ҳафтага. Сенинг ҳулқинг ўзгармас экан, у бир ҳафта меникида, бир ҳафта сеникида туради.
- Бекор айтибсиз! – бақирди Лазокат. - Бир ойда бир марта олиб кетишингиз мумкин.
- Сен бекор айтибсан! Отасиман, сен билан ҳуқуқим тенг. Уни бугун олиб кетаман. Қаршилик қилолмайсан.
- Нега қаршилик қилолмас эканман?
258-қисм
- Самирани дўхтирга олиб боришим, оёғини кўрсатишим, агар яхши бўлган бўлса, гипсини олдиришим керак.
Лазокат жим бўлиб қолди.
- Хуллас, шу... Ўзингга қара. Сенинг ҳар бир ишинг қизимизга таъсир қилади...
- Ақл ўргатманг, хўжайинлик қилманг, менга...
Алоқа узилди. Даврон хўрсинди.
💞 💞 💞
Сардор ва Шаҳбоз офисда ўтирибди. Сардор телефонда гаплашяпти. Шаҳбоз унга қараб ўтирибди.
- Яхши опа. Али Мансуровга етказаман, таклифингизни. Ҳа, рақамингиз шуми? Бошқа айтасизми? Хўп, ёрдамчимга бераман, ёзиб олади.
Сардор телефонини Шаҳбозга узатди:
- Рақам айтади, ёзиб ол.
Шаҳбоз телефонни олди.
- Ассалому алайкум, айтинг.
Шаҳбоз дафтарга рақамларни ёзиб олди ва алоқани узди. Алоқа узилиши билан яна телефон жиринглади. Сардор жавоб берди:
- Ало, эшитаман.
- Ва алайкум ассалом. Яхшимисиз? Ҳа, Али Мансуровнинг ёрдамчисиман. Албатта. Таклифларни етказаман. Қайси радио дедингиз? Ҳа, ҳа, биламан. Телефон рақамингизни қолдирсангиз, Али акамга етказаман. Айтинг... ёрдамчим ёзиб олади.
Сардор яна телефонни Шаҳбозга узатди. Шаҳбоз яна ёзиб олди. Хонадаги телефон ҳам жиринглади. Сардор олди:
- Ало, ассалому алайкум. Ҳа, Али Мансуровнинг админиман. Ҳа, таклифларни қабул қиляпмиз. Нима? Ютубдами? Ҳа, кўрсатув тайёрлашга, а? Майли, айтиб кўраман. Телефон рақамингизни қолдиринг.
Сардорнинг ўзи ёзиб ола бошлади.
💞 💞 💞
Ошхонада Зилола овқат қилиш билан овора. Тифтел тайёрлаяпти. Ётоқхонадан Алининг овози эшитилди. Хурсанд ҳолда уни чақирди:
- Зилола, бу ёққа келинг...
Зилолал қўлини ювиб, ётоқхона томон юрди.
- Зилола қаранг, Гулининг қўли янаям ишлаяпти. Оёқлари ҳам ишлаяпти...
Зилола хола Гулининг қўли ва оёқларига қаради. Гулининг қўли кўксида турибди, кафтлари мушт. Оёғи ҳам тиззаси букилган ҳолда турибди.
- Қаранг, оёғи осилиб ётарди-ку, кўтарилган. Қўлини қаранг... – деди Али хурсанд бўли.
Зилоланинг кўзларида қувонч эмас, даҳшат акс этгандек бўлди.
- Гули тузаляпти, тўғрими? – сўради Али. - Оёқ-қўли ишлади, ҳадемай гапиради ҳам.
Зилола Гулининг ёнига келиб, қўлларини ёзишга ҳаракат қилди, Гулининг қўллари ёзилмади, кўкраги устида мушт бўлиб тураверди. Оёғи ҳам букилган холдан ўзгармади. Зилоланинг қошлари чимирилди. Али ҳайрон:
- Зилола, нега жим бўлиб қолдингиз?
- Али ака, Гулининг ҳолатида ҳар битта ўзгаришни шифокорга айтиш керак, менимча. Уни дўхтирга олиб боришимиз керак.
- Тузаляпти-ку, тузалса ҳам дўхтирга олиб борамизми?
- Кўргани яхши-да. Қўшимча, ёрдамчи дори-дармон берса, янаям жонланармиди. Дўхтирга бир кўрсатиб келиш керак.
259-қисм
- Майли... Карим ака ҳам кўриб хурсанд бўлади. Бугун кўрсатиб келайми?
- Ҳа, қанча тез кўрсатсангиз, шунча яхши.
- Хўп.
Али шкаф томон юрди. Зилола эса яна бир маротаба Гулининг қўлларини кўксидан тортиб, ёзмоқчи бўлди, аммо қўллари ёзилмади. Зилола лабини тишлади. Али эса шкафни очиб, ҳамёнини олиб, охирги 100 долларни чўнтагига соларкан, ўйланиб қолди...
💞 💞 💞
Дилором ва Комил дастурхон бошида шоколад еб, кофе ичиб ўтирибди. Дилоромнинг кайфияти зўр.
- Икковининг ҳазил-ҳузулини кўрсангиз эди. Нақ ошиқ-машуқлар деб ўйлардингиз...
- Йўғ-е, ҳазиллашишдими? – ишонқирамади Комил ака.
- Ҳа, Зилола ҳам шўх-ку, Алига эркин гапирадиган бўлибди. Алини энди биласиз...
- Ҳа-а-а, ўзи Алининг қизларга суяги йўқ. Келин касал бўлганидан буён сал босилиб қолди-да. Бўлмаса, келиннинг куни рашк қилиш билан ўтарди.
- Али ўша асл ҳолига қайтди-да. Зилола билан ҳазил-ҳузул қилиб кун ўтказяпти. Лекин-чи, келин ҳам рашк қилди шекилли, ишламайдиган қўли мушт бўлиб қолибди, қарасак...
Комилнинг кўзлари катта-катта бўлди.
- Йўғ-е, тузалаётган экан-да.
- Тузалса, тузалар. Лекин мен шу Зилолани келин қиламан. Боя Зилола билан телефонлашдим, - Дилором опа овозини пасайтирди. - Гулини дўхтирга оборайлик, денг дедим. Дўхтирхонадан тўғри, онасиникига жўнатиб юборамиз.
Комил ҳайратланди:
- Йўғ-е! Тузалаётганидами?
- Ҳали бирдан тузалиб қолармиди, дадаси?!
- Барибир Алида умид уйғонганда.
- Алини Зилола ўзига қаратиб олади. Олинг, шоколаддан. Кофе билан зўр кетяпти. Ё кайфиятим зўрлигигами?
Улар кулишди.
💞 💞 💞
Лазокат асабий зинадан кўтариляпти. Ўйчан. Ўзига ўзи ичида гапириб келяпти:
- Қанақа смсни, айтди Даврон ака? Унга ким смс ёзди экан? Уфф-ф! Бир марта айтмаяпти, аввал ҳам айтган... Нега мунча мени тергаб қолди? Индамасам бузуққа чиқаради мени...
Лазокат эшикни очиб, уйга кирди. Ошхона томондан Зулайҳо опа қаради:
- Лазо, сенми?
- Ҳа, мен ойи. Ассалому алайкум.
Зулайҳо опа унга яқин келди. Лазокат оёқ кийимини ечиб, шкафга қўйди.
- Ва алайкум ассалом. Нечук тушда келибсан?
- Сизлар билан тушлик қилай дедим. Самира яхшими?
- Зерикиб ётганди. Шуни бирдан ошхонага кўтариб ўт. Бирга овқат еймиз.
Зулайҳо хола ошхонага ўтди. Лазокат Самира ётган хонада кирди. Самира онасини кўриб хурсанд бўлиб кетди.
- Ассалому алайкум, ойижон.
- Ва алайкум ассалом, қизим яхшимсан?
- Яхши?
- Кел, секин туриб ўтир, ошхонага олиб ўтаман.
Самира туриб ўтирди. Лазокат уни кўтариб ошхона томон ўтказа бошлади:
- Ўқитувчинг келдими, бугун?
- Тушдан кейин келади, ойи. Тушгача мактабда дарс берадику.
- Ҳммм. Овқатланайлик, кейин нарсаларингни йиғиштираман. Даданг олиб кетгани келиши мумкин. Дўхтирга олиб бораркан, гипсингни олдираркан...
Самирани Лазокат ошхонадаги стулга ўтқазди.
- Ура-а-а!
- Даданг олиб кетишига шунча хурсандмисан?
260-қисм
- Гипсни олишарканку ойи... – деди Самира эркаланиб.
Лазокат кулди.
- Дадангга шунча хурсандмисан, деб энди хафа бўлмоқчийдим.
- Дадам келишига ҳам хурсандман.
Зулайхо хола дастурхонга макарон димлама қўйди. Салат қўйди.
- Нега хафа бўласан, Самирадан? Хурсанд бўлади-да, отаси ахир.
Лазокат хўрсинди:
- Тўғри... Бир ҳафтага олиб кетаман, деб жаҳлимни чиқарди-да.
- Бир ҳафта олиб кетолмайди. Дарси қолиб кетади. Ўқитувчиси келяпти-ку.
- Шуни айтмабман.
- Олинглар. Самира ол, овқатдан.
Улар овқат ея бошлашди.
- Айтганча, Зилолага совчи қўйган йигитнинг кеннайиси телефон қилди, эрта-индин яна келишармуш.
- Берворамиз, Зилолни... – деди Лазокат.
- Ана, куёв бўлмиш гул ва шоколад ҳам юборибди, - Зулайҳо стол устида турган гулга ишора қилди.
- Энди сўрамоқчи бўлиб тургандим. Келинингизнинг туғилган куними деб? Бу гуллар Зилолга денг.
💞 💞 💞
Зилола Али ва Гулининг ётоқхонасини пилесос қиляпти. Гули йўқ. Жойларини текислаяпти.
- Али ака, Гулини уйига жўнатишга рози бўлармикан? – ўйлади ўзича Зилола.
Тумба устида турган Али ва Гулининг расмини қўлига олиб қаради. Ўзига ўзи гапирди:
- Узукка кўз қўйгандек мос. Лекин... Афсус... Гулининг тузалиши қийин. Шунинг учун Али акага турмушга чиқишга рози бўлишнинг ёмон томони йўқ. Мен бўлмасам, Дилором опа барибир бошқани келин қилади. Мени танлаяптими, демак, рози бўлаверишим керак. Чунки Али ака менга ёқади.
Зилола ширин хаёллар оғушида расмни жойига қўйди. Хаёлини телефонининг жиринглаши бузди. Экранида “Азим ака” деган ёзув кўринди. Зилоланинг юзи буришди. Тўнғиллайди:
- Нега шу телефон қилавераркан-а? Бошқа телефон қилмайдиган қиламан...
Зилола жаҳл билан телефонини олди:
- Салом, гўзал бўлажак рафиқам!
Зилоланинг энсаси қотиб, юзи буришиб кетди:
- Нима?
- Қулоқларингизга ишонмаяпсизми? Юборган гулларим ёқмади, шекилли, а? Бир оғиз раҳмат ҳам демадингиз. Ўзи сизга қанақа гуллар ёқарди?
Зилоланинг баттар ҳафсаласи пир бўлди:
- Нима? Қанақа гул?
- Бугун “Нима?” деган сўздан бошқасини айтмасликка қасам ичганмисиз?
- Гул юбордингизми?
- Бўлажак рафиқам учун ўзи каби гўзал гулларни юбордим. Ахир эртадан кейин фотиҳамиз бўлади. Энди фақат менинг овозимни эшитасиз, мен берган гулларни ҳидлайсиз.
Зилола Азимнинг гапларидан бўғила бошлади:
- Нега юборасиз? Бас қилинг, масхарабозликни. Мен сизга бир-биримизга тўғри келмаймиз дедим-ку.
Азимнинг кулгани эшитилди. Зилола жаҳл ва алам билан телефонини босиб, алоқани узиб қўйди.
💞 💞 💞
Карим аканинг хонаси. Али унинг ёнида ўтирибди.
- Ҳамшира битта хона кўрсатди, ўша ерга ётқизиб чиқдим, - деди Али.
- Юринг, бўлмаса, Гулини чарчатмайлик, кўриб келаман, дарров, - ўрнидан қўзғалди Карим ака.
Иккови Карим аканинг хонасидан чиқиб, Гули ётган палатага киришди. Гулининг қўллари ҳамон кўксида мушт бўлиб турибди, оёқлари ҳам йиғиқ. Тиззалари тик.
- Ие, Гулихоним ассалому алайкум. Бизни жуда тез соғиниб қоласизми, дейман? – ҳазиллашди Карим ака.
- Менам шунақа деб ўйлайман.
Карим ака Гулининг ёнига келиб, кулиб қаради. Гули ҳам Карим акага жилмайди. Унинг жилмайиши Карим аканинг юрагини тўхтатиб қўяй деди.
261-қисм
У миясига келаётган хотираларни аранг қувиб деди:
- Аҳволлар қалай, бизнинг содиқ бемор? Сизни беморликдан ўчиргандик-ку, яна нега келдингиз? Гапиришга ҳаракат қиляпсизми? Қани кўрайлик-чи?
Карим ака Гулининг қўлини тортиб текисламоқчи бўлди. Аммо қўли қотиб қолгандек кўкси устида ёпишиб тураверди. Карим аканинг авзойи ўзгарди. Жиддий тортиб, Гулининг оёғини ҳам чўзмоқчи бўлди, лекин оёқлари ҳам қотирилгандек эди. Карим ака бош чайқади. Гулининг кўзларини, “Оғзингизни очинг”, деб тилини кўрди.
- Тузала бошлабдими? Эсингиздами, оёқ-қўли осилиб ётарди, - хурсанд бўлиб деди Али.
Карим ака Алига эътибор қилмади. Индамай яна Гулнинги қўлини тортиб кўрди. Қўллари қотиб қолганга ўхшарди.
- Нима қилибди, Карим ака? – деди хавотир билан Али.
- МРТ қилдиришимиз керак, Али...
Карим ака Алини етаклаб палатадан чиқди. Чиққунича гапирмади.
- МРТ рентгенми?
- Ҳа, компюьтер томография ёрдамида мияни кўриш...
Хонадан чиққач, Али тўхтаб, Карим акага қаради:
- Бирдан жиддийлашиб қолдингиз, Карим ака...
Карим ака хўрсинди. Алининг елкасидан ушлади:
- Бардам бўлинг, Гулидаги бу ҳолат яхшилик аломати эмас...
Алининг юзи тундлашди.
💞 💞 💞
Малика сабзи тўғраяпти. Кафияти йўқ. Ўзига ўзи тўнғиллади:
- Овқат қилганим билан Камрон ака еса экан. Ўзим пишираман, ўзим ейман. Нима пиширдинг, нима қилдинг, демаса... Шу ҳам ҳаётми?
Малика тўғраётган сабзисини нари суриб қўйди. Қовоғини осиб, шумшайиб пича ўтирди. Яна ўзига ўзи гапирди:
- Ўзи бекор келдим, уйга. Дадам айбдор ҳаммасига, кет деб туриб олди. Қадрим бўлмаган уйда нима қиламан? Менинг қандай яшаётганимни билишмайди-да. - Малика хўрсинди. Яна ўзига ўзи гапирди: - Келмасам ҳам бўлмасди. Камрон акам бир сўзли. Топганига уйланиб оларди. Мана, энди юраман деди, юряпти, аёллар билан...
Маликанинг баттар алами келаётгани юзидан билинди.
- Раъно ҳам телефон қилай, ҳол сўрай демайди. Дугонамуш яна у. Кундоши менинг эримга осилганига хурсанд бўлиб юргандир-да! - Малика Раънога телефон қилди.
- Ало, Раъно?
- Салом, яхшимисан, Мали?
- Бир оғиз ҳол сўрай демайсан-ей.
- Нима қилай, дугон? Менам асабим ўйнаб, нима қилишимни билмай юрибман-да.
- Сени нега асабинг ўйнайди? Кундошинг менинг эримга ёпишиб олган бўлса...
- Бирга эканми, улар?
- Билмадим, биргадирки, кеч келяпти, менга қарамаяпти. Овқат ҳам қилгим келмаяпти. Барибир едира олмайман.
- Менам едира олмадим кеча. Лекин сенинг смсингдан кейин айтиб ташладим эримга, “Самиранинг ойиси Маликанинг оиласини бузяпти”, дедим. Бирам асабийлашди Даврон ака. Менга қара, фолбинга қайта боришимиз керак, бизга бошқа йўлини ўргатсин.
- Тўғри, биз барибир пиширган овқатимизни эрларимизга едира олмаяпмиз. Эртага борамизми, Раъно?
- Борамиз...
💞 💞 💞
Чарос ва Камрон бир компюьтер ёнида ўтириб битта лойиҳа устида бош қотиряпти.
- Мен бу кўрсатувда чиқмайман. Али билан бошловчилик қиласиз.
262-қисм
- Али аканинг овози чиройли, одамлар овозини яхши кўради, балки кўрсатмай сирли қилиб турсак-чи, саволларни кадр ортида ўқиб турса...
- Буям яхши вариант. Лекин барибир Алидан сўраймиз. Унинг кадрда кўриниб туришига ҳозир зарурат бор. Аммо ўзининг фикрини ҳам биламиз. Ёзиб қўяй шуни. Кадр ортидан савол ўқиши мумкин... – Камрон компюьтерда ёза бошлади.
Чарос унга маҳлиё бўлиб тикилиб қолди. Нозланиб сўради:
- Нега иккаламиз чиқишимизни истамаяпсиз?
Камрон Чаросга қаради. Жилмайди:
- Иккаламиз чиқсак, яна янгиликлар бўлиб қолади-да.
Иккаласи ҳам кулишди.
💞 💞 💞
Нигора кўчада телбавор кетяпти. Йўлда келаётган машиналарга қараб-қараб қўйди. Телефони жиринглади:
- Ассалому алайкум, хола.
- Ваалайкум. Нигор, энди пулимиз қачон нақд бўларкан деб кутиб ўтираверамизми? Амаллаб қилиб бер, пулимизни. Бор пулимизни йиғиб-териб берганмиз сенга...
- Хола... ўзим ҳам берганман пулимни. Нима қилай, ўғирлатиб қўйдим. Ҳеч бўлмаса, ойлик олай, кутиб туринг, - йиғлаворай деб деди Нигора.
- Бировдан қарз олиб бўлса ҳам бер, энди. Яшашимиз керак-ку...
- Хўп, хўп...
Нигора алоқани узди ва яна йўлга қаради. Кўзлари бежо, нияти бадбин. Ўзини машина тагига ташламоқчидек, қадам ташлади...
Кейин.. яна қайтади орқасига... Сўнг ўтириб олиб йиғлади:
- Эй, Худо, нима қилай, яшагим келяпти, ахир...
💞 💞 💞
Карим аканинг хонаси. Карим ака Гулининг МТР плёнкасини тик турган ҳолда, деразага қаратиб кўряпти. Жиддий қараяпти, юзида ачириш зоҳир. Орада хўрсинди.
- Нима қилибди? Гапирсангиз-чи, Карим ака... – бетоқатланади Али.
Карим ака уҳ тортди. Плёнкани стол устига қўйиб, ўтирди:
- Сизга қандай тушунтирсам экан. Шундан қўрқиб келгандим. Бўлмасин, дегандим. Афсус...
- Нима?
- Гулининг миясидаги жароҳатда атрофия бошланган... – деди Карим ака уҳ тортиб.
- Нима у?
- Тушунарли тилда гапирадиган бўлсам, Гулининг миясидаги жароҳат жойи кичрайяпти, қурияпти. Жароҳат миянинг ўзида-ку. Бу миянинг маълум қисми қурияпти дегани...
Алининг юзида даҳшат акс этди.
- Бирдан тушкунликка тушманг. Аввало, Худо. Шифо бераман десам, ҳеч гап эмас. Мия аввал айтганимдек тўлиқ ўрганилмаган. Унинг имкониятларини билмаймиз, - деди Карим ака ўзини тутиб.
- Бизни нималар кутяпти, Карим ака? – қўрқиб сўради Али.
- Аниғини мен ҳам билмайман. Мушаклар тонуси ана шу атрофия натижасида келиб чиққан, менимча. Миядаги жароҳат қурий бошлагани туфайли, мушаклар тортишяпти. Бунга қарши дори бераман. Ҳафта-ўн кун Гули шу ерда қолиб даволансин.
263-қисм
- Хўп. Карим ака, қўли билан оёғини тортиб, тахтакач қўйсак-чи? – деди Али миясига келган фикрни қайтармай.
- Ҳозир ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Уқалаб, туриш мумкин холос. Маълум вақт ўтганидан кейин ўзига келиши мумкин...
Али хўрсинди.
- Асосийси, ҳаракатдан тўхтаманг, кайфиятни туширманг.
- Кайфиятни туширмай бўладими? У қанақа эди? Ҳозирги ётишини... тўғриси айтсам сира қабул қила олмаяпман...
- Тушунаман...
- У жуда шўх, ўйинқароқ эди... – Али гапира олмай қолди. Кўзларига ёш тўлди. – Баъзан шунчалар уни соғинаманки... Ёнимда ётган бўлса-да... жуда соғинаман. Ўша шўхликларини...
Али хотирага берилди. Ўшанда Али чиройли костюм-шимда эди. Тўйга кетишга тайёргарлик кўрарди, ойнанинг олдида. Гули чиройли ўзбекона калта кўйлак ва лозимда. Алининг туфлисини артиб, тайёрлаб эшик олдига қўйди. Али ўзини ойнага солиб, гоҳ ўнгга, гоҳ чапга айланиб ўзини томоша қилди. Гули уни жим кузатди ва охири гапирди:
- Али Мансуров, ўзингизга мунча хавотир билан қараманг, жуда келишгансиз. Тўйдаги ҳамма қизлар сизга қарайди.
- Кеча қизларнинг ҳафсаласини пир қилдим-да.
- Нега?
- Лезгинка чалинди, куёв жўралар рақс тушди, бир қиз икки қанотини кўтариб ёнимга келиб қолса борми? Қани, лезгинкага рақс тушишни билсам... Бирам уялдим.
- И-и-и, лезгинкани билмайсизми? Осон-ку, - деди Гули.
- Сен биласанми?
- Албатта!
- Қаерда ўргангансан?
Гули жиддий туриб гапирди:
- Тўйларда! Йигитлар роса даврага тортарди, роса лезгинкага ўйнардик. Ўргатишган кейин...
Алининг кўзлари чиқиб кетай деди:
- Нима? Йигитлар билан? Ўргатишган? Қанақа тўйда?
Гули қиқир-қиқир кулди. Али ҳазиллиги билиб Гули томон хезланди. Гули залга қочиб кирди, Али ҳам ортидан югурди.
- Қаерда ўргангансан? – деди Али тутиб олиб.
- Интернетда ўрганганман, жинни. Келинг, ўргатаман.
Гули телефонини олиб, лезгинканинг мусиқасини қўяди. Алига рақснинг қоидасини тушунтира бошлайди.
- Лезгинканинг эркаклар учун, аёллар учун алоҳида рақси бор. Мен сизга эркакларникини ўргатаман. Аввал ўнг оёғингиз билан олдинга майда бир қадам ташлайсиз, лекин товонингизни қўймасиз. Айнан шу оёғингизни яна кўтарасиз ва энди оёғингиз ерга тўлиқ босасиз, - Гули кўрсатиб берди. - Энди чап оёққа навбат. Чап оёқни ҳам шундай ташлаймиз. Қўллар ҳаракати эса иккала қўл кўксингизда мушт бўлади, орқага ўтганда бармоқларни тўлиқ очамиз.
Гули Алига шу тарзда рақс ўргатди. Али дарров ўзлаштириб олди. Кейин иккаласи бирга роса рақс тушишди. Гули аёлларга хос, Алининг олдида туриб нозик ҳаракатлар билан ўйнади. Жуда чиройли рақс тушишди. Али зўр дамларни эслаб энтикиб кетди. Қандай гўзал кунлар ўтган экан-а?
264-қисм
Али Карим акага ғамгин қаради:
- Бўпти, бўлмаса Карим ака. Мен Гулининг олдига кираман-да, кейин уйга бориб келаман.
- Майли...
Али ўрнидан туриб Гули ётган хона томон юрди. Гулининг ёнига бориб, қўлини ушлади, силаб, секин ёзишга ҳаракат қилди, аммо Гулининг қўли мушт бўлиб, кўксига ёпишиб тураверди. Алининг кўзлари ёшга тўлди. Гулининг ҳам кўзлари ёшланди. Али унинг кўз ёшларини артаркан деди.
- Йиғлама, Гулим. Ҳали тузалиб кетасан. Карим ака айтди. Бу яхшилик аломати экан. Тузалаётганингдан дарак экан. Қолсин, укол-дори қилай, тезроқ тузалсин, деди, - Алининг овози титради. - Қара, хурсандлигимдан йиғлаворай деяпман...
Гули унга тикилди. Алининг кўзларидан бир томчи ёш Гулининг юзига тушди. Гули миясида гўзал бир шеър айлана бошлади:
- Бутун борлиғимни забт этди қайғу,
Сени хўп йиғлатдим, мен - аччиқ оғу,
Томчи кўз-ёшингга арзимайман-ку,
Борлиғим сиғмаган осмоним, кечир...
Эрта не бўлғуси, Роббим билармиш,
Ҳар алам ортидан қувонч келармиш,
Мендан арирмикан бу дарду ташвиш,
Сен кўнгил мулкимда султоним, кечир!
💞 💞 💞
Зилола ошхонада овқат еяпти. Олдида Зулайҳо ўтирибди. Зилола орада гулга қараб, юзи буришди. Зулайҳо кулди:
- Шу гулга қараб хўмрайишни бас қил. Ёмон қараганинг сари сўлиб бораётгандек.
Зилола онасининг гапидан кулиб юборди.
- Қандай чиройли гулдаста. Сен келгандан буён сўлаётгандек, кўзларингга заҳар жойлаб гулга қараб отаётгандексан.
Иккови ҳам кулиб юборди.
- Сезиляптими? – деди Зилола.
- Ҳа-да. Ҳар замонда ёмон қарайсан.
Зилоланинг телефони жиринглаб қолди. Экранга қараб қизнинг юзи буришди:
- Кўп гапирдингиз гулни ойи, ана, эгаси телефон қиляпти.
- Ол, гаплаш. Шундай гул юборибди, демак яхши йигит.
Зилола телефонга истамайгина жавоб берди:
- Ало, ассалому алайкум.
- Ва алайкум ассалом. Зилолахон, яхшимисиз?
- Яхши раҳмат.
- Бугун кечга бирор жойга борсак нима дейсиз?
- Сиз билан ҳеч қаерга бормайман, - дангал гапиришга ўтди Зилола. - Мени безовта қилманг. Нега одамни тушунмайсиз, а? Биз бир-биримизга тўғри келмаймиз.
Зилола тутақиб алоқани узди. Зулайҳонинг кўзлари чиқиб кетай деди:
- Жиннимисан? Яхши жой бўлса, яхши йигит бўлса... Бераман деб ўтирибман шунга. Ё ишонганинг борми?
- Бор, сабр қилиб туринг, яқинда яна битта совчи келади.
Зулайҳо қизига савол назари билан қаради.
💞 💞 💞
Чарос ўйчан ётибди. Кундузи Камрон билан бирга гаплашгани ёдига тушди. Камроннинг овози қулоғига эшитилгандек бўлди:
- Мен бу кўрсатувда чиқмайман. Али билан бошловчилик қиласиз.
Чарос хўрсинди. Ўзига ўзи гапирди:
- Нега мен билан чиқишни истамаяптила? Ё анув воқеалардан кейин, бош муҳаррир билан гаплашганимдан кейин мен ёмон кўриб қолдилармикан?
265-қисм
Чарос “уҳ” тортди. Қўлига телефонини олиб, Камроннинг инстраграм саҳифасини кузатди. Томоша қилди. Яна ўзига ўзи гапирди:
- Аёли рашк қилганча бор, келишган йигит устозим...
💞 💞 💞
Гули каравотда ётибди. Васила опа унга каша едиряпти. Зокир ака қараб ўтирибди.
Кайфиятлари яхши. Васила опа Гулининг қўлларига, оёқларига қараб қўйди.
- Резинка шлангдай оёқларинг чўзилиб ётарди. Шукр, мана букилиб, йиғилиб ҳам қолибди.
- Қўли ҳам шалвираб ётарди, қара муштини, мушти ҳам қаттиқ, - Зокир Гулининг қўлларини, муштини ушлаб кўрди. - Гули, нега қўлларингни асабийлашгандек қаттиқ қилиб ётибсан? Энди ишлаяпти-ку, бармоқларингни ёз, қўлларингни ёнингга, бошингга қўйсанг бўлади.
- Тўғри, энди ўзинг истагандек ётасан, - деди Васила опа. - Кийимларингни тўғирласанг, устингга чойшабни тортсанг бўлади. Айтганча, қўлларинг ишлаяпти-ку, нега мен сенга овқат едиришим керак. Ўзинг е, энди. Дадаси, уни яхшилаб ўтқизиб беринг.
Зокир Гулини жойлаштириб ўтқизишга киришди. Васила орқасига, ёнларига ёстиқ қўйди. Гулини ўтқизиб бўлишгач, Васила унга қошиқ тутқазди:
- Қани қизим, қошиқни ушла-чи? Ўзинг ҳам ҳаракат қилишинг керак. Қара, мен тириша-тириша тузалиб кетдим. Менга ўхшасанг, ўзинг овқат ейсан.
Васила Гулига қошиқ тутқазиб тураверди. Гулининг қўллари ҳам мушт бўлиб кўксига ёпишиб тураверди. Зокир ака ҳам, Васила опа ҳам ҳайрон бўлди.
- Қошиқни олсанг-чи, қизим...
Зокир яқинлашиб Гулининг қўлини ушлади ва тортиб қошиқ бермоқчи бўлди. Лекин Гулининг қўли кўксидан ажралмади. Зокирнинг кўзлари катта-катта бўлди:
- Гули қўлинг қотиб қолибдими? Бирдан шунақа қотиб қолиши мумкинми? Али бизга қўллари кеча ишлади, деди-ку.
Зокир ака ажабланиб Васила опага қарайди. Васила кулди:
- Бу шум қизингиз яна ҳазил қилаётган бўлмасин...
- Тўғри! – деди Зокир ака ҳам кулиб. - Бунинг шумликлари бор-ку! Ҳа-а-а, Гули сен мени қўрқитмоқчи бўлдингми? Вой шумтакаеййй...
Улар кулишди. Гулининг эса кўзлари ёшга тўлди. Ота-онаси эса ҳайрон бўлиб бир-бирига қараб қолди.
💞 💞 💞
Тонгда Зилола шошиб ишга кетяпти. Зулайҳо опа ошхона томондан чиқиб келди:
- Кетяпсанми, Зилол?
- Ҳа, ойи кетяпман. “Вақтлироқ келинг” деганди уйни эгаси. Кутиб ўтирибди.
- Азимнинг совчилари эрта-индин эркаклар билан келишмоқчи...
Давоми бор
#Қарокўзимгрдил
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев