4-ҚИСМ
— Эркин, уйингга бор. Дамингни ол. Азиз ҳам чарчаган. Ёзнинг иссиқ кунида, қоронғи, салқин уйга кириб ухлаганга нима етсин! — отам ҳам қўшнимизни тезроқ уйига жўнатиш пайида.
— Абдулла ака, қўрқманг жанжал қилмайман. Гаплашиб олай...
— Нимани гаплашасиз? — ундан кўз узмади Азиз ака.
— Ҳалиги... кеча... ишонсанг, кўзим очилди, — ерга қаради қўшнимиз. — Қизимнинг ёнимни олгани... Эсласам ҳалиям юрагим бошқача бўлади. Шу пайтгача улар учун қайғурмадим. Ишламоқчиман. Мени ёнингга ол! Ўргат, нима иш десанг қиламан. Ишласам, ичиш эсимдан чиқар...
Азиз ака чуқур хўрсинди:
— Ака, тушдан кейин бирдан цехга олиб кетаман. Ўша жойда гаплашамиз, майлими? Ҳозир озроқ дам олмасам, бошим ёрилиб кетади.
— Бўлди, ука! — қўлини кўксига қўйиб чиқиб кетди Эркин ака.
— Вой, Худога шукр-ей, инсофга келгани рост бўлсин, — енгил нафас олди бувим.
— Эчки қасам бу. Эртага эсидан чиқади, — отам қўл силтаб, Азиз акага яқинлашди: — Иш бирдан юришмайди. Сен ўйланаверма. Уйга кир тушлик қиламиз, кейин бироз ухлаб ол.
— Майли, — деди Азиз ака жилмайишга ҳаракат қилиб.
Мен эшик олдида унга тикилганча турардим. Мени кўрди-ю, ортига қайтиб отамга деди:
— Аввал ювиниб олай.
Тушлик вақтида ҳам у гапирмади. Отам акамни саволга тутиб, яна йигирмата нонни зўрға битта озиқ-овқат дўконига ташлаб келишганини, қирқтасини цехда қолдиришганини билиб олди.
“Қолган нон нима бўлади? Яна нон пиширамизми, йўқми?”
Бу саволлар биргина менинг эмас, ҳамманинг миясида ғужғон ўйнарди. Лекин ҳеч кимнинг тилга чиқариш нияти йўқ. Ҳеч нарса бўлмагандек ўтирарди барча. Ора-сира укам Жаҳонгир чалғитишга уриниб нимадир дейди. Афсуски, айни дамда жуда муҳим ва муаммо бўлган бу тадбиркорлик иши бирибир биздан ғолиб эди.
— Ҳаво иссиқлигидан кундузи ухлаш ҳам мушкул. Шундай бўлсада сизлар мизғиб олинглар. Кеча мижжа қоқмагансизлар, — деди бувим дастурхонга дуо қилиб бўлгач.
— Иссиқни сезмай, мазза қилиб ухлашнинг чораси бу — чўмилиш. Бир-бир калла ташлаб келсак-чи, — Мусулмонга қаради Жаҳонгир.
— Қаерга? Ҳовли этагидаги сувгами? — жонланди Азиз ака ҳам.
Улар бир пасда аввал чўмилиб, кейин дам олишга келишиб, қўзғалишди.
— Тепароққа борамиз. Ҳозир ҳамма ўша ерда. Тепа томон чуқур ва кенг. Бизнинг ҳовлининг пасти тор, — деди акам уларга эргашиб.
— Бизам кетдик, — менга боши билан ишора қилди Моҳрўй улар чиқиб кетгач. — Шундоқ уйнинг рўпарасида сувга кирамиз-у, қайтамиз.
— Йигитлар чўмиладиган жой кўриниб туради-ю, — улар билан ёнма-ён чўмилишни ўйлаб, уялиб кетдим.
— Кўйлакларимиз билан ўзимизни сувга отамиз-у, чиқамиз. Кейин ухласангиз борми? Оҳ-оҳ...
— Бор, бир чўмилиб келинглар, — деди бувим ҳам чин дилдан. — Булунғур ариқнинг суви шифобахш. Иссиқ кунда пайдо бўладиган тошмаларни бир зумда йўқотади. Тананг яйраб қайтасан.
Чўмилиш эмас, шунчаки бориб-келишни кўнглимга тугдим. Ҳовли адоғига тушганимиз сари болаларнинг қийқириғи, шовқини эшитила бошлади. Сув ёқасига боргач, беихтиёр улар томонга боқдим. Бизникилар қирғоқда кўринмайди, аллақачон шўнғишган чоғи. Юз қадамча нарида бўлган йигитларнинг кимлигини сув ичида таниш қийин экан.
Ўн-ўн беш ёшлардаги болалар Булунғур ариқ четидаги кекса толга ўрмалайди. Баланд ва бақувват шохига чиққач, пастга — сувга калла отади. Баъзилар ёғоч кўприк устидан сакрайди. Қий-чув, қийқириқ авжида. Моҳрўй ҳам мажнунтол шохидан ушлаб сувга туша бошлади.
— Ай, унча муздай бўлмаса ҳам этни жунжиктиради. Тушинг опа, — қичқирди у.
— Мен чўмилмайман. Бир шўнғи, кетамиз, — дедим мен ҳам бақириб.
У айтганимни қилди. Юпқа, енгсиз кўйлагида ўзини сув бағрига ташлади. Икки-уч марта шўнғигач, ияги қалтираб чиқиб келди:
— Кетдик, совқатдим.
Мен беихтиёр яна йигитлар чўмилаётган томонга қарадим. Бир бола дарахтдан сувга сакради. Кейин бирин-кетин бошқалари.
— Диёр, Диёр! — зум ўтмай жон аччиғида янграган овоз бизни сергак торттирди. — Диёр чиқмади!
Мен сувдан кўз узмадим. Тўлқинланиб оқаётган лойқа сув ичидан бир бош кўринди-ю, яна ғойиб бўлди.
— Ана, ушланглар! — бақирди кимдир. Ҳамма оқим бўйлаб суза бошлади.
— Қирғоқдагилар югуринглар, олдинроқдан тушинглар, — Азиз аканинг овозини танидим.
— Кимдир чўкяпти, Рўй, — дедим қўрқиб.
Бу пайтда Азиз аканинг ўзи ҳам сувдан чиққан, биз томонга югуриб келарди.
— Моҳ, оқим бўйлаб югуринглар! Олдинроққа ўтишимиз керак! — бизга қараб бақирди Азиз ака. — Қирғоқдагилар мен билан!
Биз ҳам сув бўйлаб чопишга киришдик. Бир зумда йигитлар бизга етиб олди.
— Тезроқ, бирдан сувга сакраб қўл ушлашиб турамиз. Тўсиқ ҳосил қиламиз. Сакрадик! — ҳамма Азиз акага бўйсунди. Баравар сувга тушдик. — Оёқларнинг орасини жуда очманг, бир-биримизнинг қўлларимизни ушлаб, пастга туширамиз!
Ҳаммамиз қўл ушлашиб, сув ичида жонли тўсиқ ҳосил қилдик.
— Мана, менга урилди, — укам Мусулмон сувга кириб кетди. Азиз ака эса унинг ёнига шўнғиди. Улар анча масофагача оқиб келган болакайни сувдан кўтариб олиб чиқишди.
— Ким экан? — дедим сувдан чиқиб уларга яқинлашарканман.
— Диёрбек. Маҳкам подачининг невараси, — кимдир саволимга жавоб берди.
— Бошидан қон оқяпти, — ҳаяжон билан деди бир йигит.
— Дарахтдан калла ташлаганди, боши сув тагидаги тошга теккан, — изоҳлади биров.
— У хушсиз. Хушига келтириш керак! — юзига ура бошлади Азиз ака. — Кўзингни оч болакай. Хушингга кел!
У боланинг юрагига қулоқ тутди. Яна юзига шапатилаб, бармоғини бурун катакларига яқинлаштирди.
— Нима бало, нафас олмаяптими? Ёрдам беринглар, ўлиб қолади! — Азиз ака ўзини йўқотиб қўйганди. Унинг сўзлари бизнинг юрагимизга ҳам қўрқув олиб кирди. — Қўл-оёғини уқаланг! “Тез ёрдам” чақиринг! Энди нима қиламиз? Болакай, кўзингни оч! Нафас ол! Болаж-о-он!
Азиз ака Диёрбекнинг кўксига икки қўлини қўйиб массаж қилишга киришди:
— Бурнини бекитиб, нафас беринглар. Уч деганимда нафас беринглар!
Бир йигит боланинг оғзига оғзини қўйди.
— Нафас бер! — жон ҳолатда бақирди Азиз ака. — Бўл, болакай нафас ол! Сен яшашинг керак! Бўл! Онангга нима деймиз? Онанг учун яша-а-а! Онанг буни кўтаролмайди! Яша-а-а!
Азиз аканинг овози дунёни тутиб кетгандек бўлди. Унинг сўзларидан қотиб қолдим. Мен учун қадрдон бўлган мактубларда ҳам шундай сўзлар бор эди...
* * *
“Онамга бормас мактуб!
Ассалому алайкум, ойижон!
Аҳволим жуда ёмон. Бизнинг гуруҳ ҳали йўлга чиқмади. Буйруқни кутяпмиз. Бугун мен учун жуда оғир бўлди. Аслида ҳозир ҳаммамизга, бутун юртдошларимизга ҳам осон эмас. Ҳадик ва таҳлика ичида яшашнинг ўзи бўлмайди. Биз ақидапарастлар билан жанг қилишдан, ватанни ҳимоя қилишдан қўрқаётганимиз йўқ. Юрагимизга қўрқув солаётган нарса бу — жудолик. “Бугун кимдан айриларканмиз, орамиздаги қайси марднинг умри якунланаркан”, деган ўй кимнинг хаёлидан ўтмайди дейсиз? Ҳар кун, ҳар сония Худога илтижо қиламан: “Аллоҳим, ҳеч кимнинг жонини олма. Агар жон керак бўлса мана мен минг бор ўлишга ҳам розиман. Фақат, бошқаларникини эмас. Айниқса, онаси ҳаёт бўлган йигитларни омон сақла!”
Афсус... Уруш қурбонларсиз бўлмайди. Ҳар куни кимдандир айриламиз ва офицерлар уларнинг тобутини уйи томон элтади. Айтишларича, баъзи ота-оналар айрилиққа чидай олмай аламини улардан олаётган, бақираётган, баъзан калтакламоқчи бўлаётган экан. Бундан бизнинг асло жаҳлимиз чиқмайди. Чунки ўша тупроққа қўйилажак норғул йигитни улар тарбиялаб вояга етказишди. Бугун алам устида жаҳл қилишяпти. Аммо эрта бир кун фахр ҳам туйишади. Ватан йўлида шаҳид бўлиш ҳам аслида шараф. Бироқ...
Бугун менинг аламим ўша ота-оналарникидан кам эмас. Юрагим куйиб кетяпти, ойи. Буни ёзиш ҳам мушкул. Кўзларимда ёш, қўлларим қалтирамоқда. Ойижон, дўстим Анвардан ажралдик. Анвардан, ўша ҳамманинг ҳавасини келтириб, севган қизидан келган мактубларни ғурурланиб ўқийдиган дўстимдан... Бунга взвод командиримиз ҳам чидай олмади. Бақириб йиғлади, ойи. Дод солди: “Сени бу кўйда уйингга қандай олиб бораман? Ота-онангга нима дейман? Онангнинг кўз ёшларига чидай оламанми? Онанг учун яшашинг керак эди. Онангга нима дейман?”
Бу гаплардан сўнг ўзимга сўз бердим: “Бир томчи қоним қолгунча сарҳадларимизни ҳимоя қиламан! Токи, оналар “болам”, деб бўзламасин!”
Ойижон, сизнинг “болам”лаб бўзлаганларингиз ҳамон ёдимда. Ортиқ оналарнинг кўзидан ёш оқмайди. Бизни у дунёда туриб бўлса-да, дуо қилинг...
МАН. 09.09.2000”
* * *
— Нафас ол! — Азиз ака ўзини тутолмай Диёрбекнинг бўшашган танасини силкилай бошлади. — Бўл! Ўзингга келсанг-чи! Кўзингни очсанг-чи! Сен ҳали яшайсан, болакай!
Азиз ака ҳамон боланинг шилқиллаб турган танасини силкиларди.
Кутилмаганда бола хўроз қичқириғидек овоз чиқарди-ю, оғзи-бурнидан сув отилди. Сўнг заиф йўталиб қўйди.
— У тирик! Суннат, тез югур машинани ўт олдир. Моҳ, сенам чоп! Дамаснинг орқасига бирор нима тўша, ётқизамиз, — бақирди Азиз ака.
Биз уй томон шошилдик. Ортимиздан Азиз ака Диёрни кўтарганча ҳаллослаб келарди.
— Ака, тезроқ боринг. Машина қизигунча ҳам вақт ўтади, — мендан олдин югурарди Мусулмон.
Биз етиб борганимизда Мусулмон дамаснинг ўриндиқлари олиб ташланган орқа томонига кўрпача солиб бўлганди. Уйдагилар қўрқиб қолишди. Азиз ака Диёрни авайлаб ётқизиб, акамга топширди. Ўзи рулга ўтириб, жўнади.
— Ишқилиб, тузалиб кетсин! — бувим акамдан ҳаммасини эшитган шекилли мажолсиз сўрига ўтирди. — У Маҳкам подачининг ёлғизгина ўғил невараси. Тўрт қиздан кейин туғилган. Нима бўлсаям, отдай бўлиб кетсин!
Мен ҳам бувимнинг ёнига чўкдим. Қай аҳволда қошни қорайтирганимизни билмаймиз. Шифохонага кетганлар сира қайтмас, ҳавотирдан ўлай деётгандик. Шўрлик Маҳкам бобо ҳам титраб-қақшаб келиб кетди. Менимча, у ҳам ҳозир шифохонада.
— Ярим кун бўляпти, келмайди-я! Тавба... — юраги сиқилади бувимнинг. — Телпон ҳам қилмадинглар.
— Анна, ҳаммасининг телефони уйда. Ахир устиларига зўрға кийим илиб кетишга улгуришди-ю, телефон эсга келармиди? — ҳар доимгидек тўнғиллайди Моҳрўй. — Куйинаверманг, келишади.
Томоғимиздан овқат ҳам ўтмасди. Шунинг учун ҳаммамиз шумшайганча сўрида тизилиб ўтирардик. Бир пайт машина овози эшитилди.
— Ана келишди! — ҳаммамиз баравар қўзғалдик.
— Болакай зўр! — Азиз аканинг кайфияти аъло эди. — Биз эса очмиз.
Бир зумда дастурхонга овқат тортиб, уларнинг оғзига тикилдик.
— Боши жиддий жароҳатланган экан. Аввал текширишди, кейин операция қилишди. Ҳаммаси яхши, — ишидан кўнгли тўлиб гапирди Азиз ака.
— Маҳкам подачининг гапини ҳам айтинг-да! — акамнинг бу гапидан сўнг қаттиқ қаҳ-қаҳа янгради. Азиз ака, акам ва Мусулмон мириқиб куларди.
— Одамнинг ичини қиздирмангизлар, — чидолмади Жаҳонгир.
— Ўзинг айт, — Мусулмонга имо қилди Азиз ака.
Укам эса чордона қурганча гап бошлади:
— Подачи Азиз аканинг исмини билмас экан. Лекин невараларининг “Вотти ака” дейишганини эшитган бўлса керак, “Воттижон”, деб Азиз аканинг атрофида айлангани-айланган. “Воттижон, бир умр хизматингизни қилай, Воттижон, тўйларингизда устингизга тўн ёпай, раҳмат сизга!” дейди тинмай.
Бу гап бизнинг ҳам кайфиятимизни кўтарди. Самимий, жонкуяр ва мард Азиз акага нисбатан қалбимда қандайдир ҳислар жўш ураётганди. Балки, бу ҳурмат ва эҳтиром ҳиссидир? Чунки уни севиб қолишим мумкин эмас. Ахир ўн йилдан буён юрагимни, хаёлим ва ҳаётимни банд этган йигит бор. Уни бирдан унутиб юборишим, бошқасига кўнгил қўйишим мумкинлигига сира ишонмайман! Сабаби, ўша оташ қалб эгасининг номалари ҳар дақиқада кўз олдимда жонланиб туради.
* * *
“Онамга бормас мактуб!
Ойижон, биз тонгда йўлга тушдик. Айтганимдек, тоғни айланиб ўтиб, душманга орқа томондан зарба беришимиз, уларни тоғ тепасидан пастга тушишга мажбур қилишим лозим. Отишмалар, визиллаган ўқ товушлари ора-сира эшитилиб турибди. Кимдир жон бериб-жон оляпти.
Кайфиятимиз жуда ёмон. Айниқса, Ўрозники. У кечаси ҳам Анварни эслаб йиғлаб олди. Ўрознинг қишлоқда ўсгани фойда берди. От устида чавандоздек ўтирибди. Яхшиямки, бизга ҳам машғулотлар вақтида отда юришни ўргатишган. Ҳаммамиз бунинг ҳадисини олганмиз. Аммо ҳозир вазият бошқа. Шовқинсиз ва хушёр юришимиз шарт. Бу эса жуда қийин. Атроф баланд тоғ ва тош. Арча-ю, буталар кўздан пана қилгани билан юришимизни анчайин мушкуллаштиради. Шу алфозда анча йўл юргач, бизни баланддан кимдир кузатаётганини сезиб қолдик. Пайқаганимизни сезган айғоқчи эса ўқ отишга киришди. Шукрки, биз ундан абжирлик қилдик. Ўлганига ишонч ҳосил қилгач, ёнига бордик. Даҳшат! Бизни кузатган террорчи замонавий қурол-аслаҳалар осиб олган, юзи қора мато билан беркитилган, эркак кийимидаги аёл эди...
Бир зум барчамиз карахт бўлиб қолдик. Аёл! Дунёни тебратишга қодир зот! Биз каби фарзандларни дунёга келтирган, кулгусидан, қилиғидан, илк қадами ва сўзидан завқланиб, унинг учун жонини беришга тайёр бўлган ожиза! Наҳот, мана шу ожизанинг қўлидан жон олиш, разиллик ва Ватанга хиёнат қилиш ҳам келади? Биз бунга ишона олмаётгандик. Кўз ўнгимизда, қўлида автомат тутиб ётган инсон — аёллигини кўра туриб ҳам ишонмаётгандик. Ишонишни истамаётгандик.
“Уни нима мажбур қилди экан?” деди командиримиз хўрсиниб. Сўнг сергак тортиб деди: “Биз ўта хушёр бўлишимиз керак. Терорчилар орасида аёл бор эканми, улардан ҳамма нарсани кутиш мумкин. Чунки аёл макри олдида шайтон ҳам ип эшолмайди!”
Мен бу воқеадан анча пайтгача ўзимга келолмадим, ойи. Кўрганларимдан ҳамон шубҳаланаётгандим. Ахир унча-мунча аёл қўлига қурол олавермайди-ку! Ростдан ҳам уни бунга нима мажбур қилди? Кўзига оиласи, болалари, турмуш ўртоғи, яқинлари кўринмадими?
Биз ҳамон йўлдамиз. Асосан, кечаси йўл босяпмиз. Бу хатни кундузи, бекиниб ётганимизда ёздим. Эсон-омон “част”га қайтсак, ўша манзилга юбораман. Биламан, сиз ўқимайсиз. Агар ҳаёт бўлганингизда, ўқиганингизда сизга буларни ёзмаган бўлардим...
МАН. 11.09.2000”
* * *
Диёрбек воқеаси ҳамма нарсани унут қилганди: нонлар сотилмагани, одамларнинг иш сўраб келгани, бу тун ҳам ишлаш лозимлиги... Мен ўзим ҳам ҳатто, Зарифнинг қўнғироғини ҳам эсдан чиқаргандим. Ёдимга тушиши билан Азиз акадан сўрамоқчи бўлдим. Мендан хафа бўлса-да, кундузи гапирди-ку. Вазият шуни тақазо қилганига қарамай, ундан фойдаланиб қолишни лозим топдим. Зора, шу билан муносабатларимиз илгаригидек бўлса!
— Азиз ака, — дедим уларга сўридан жой қилаётиб. Акам оиласи ёнига, укаларим сигир-қўйлардан хабар олгани кетгани сабабли у хаёл суриб, сўри бурчагида ўтирарди. Менга бир қаради-ю, гапирмади. Ғалати бўлдим. Жимиб қолганимни кўриб, мен томон бурилиб ўтириб олди. Атай садо бермадим.
— Сўйла, Абдулла тоғамнинг қизи! — деди кейин киноя билан.
— Зарифнинг рақамини қаердан олдингиз?
— Зариф? — унинг кўзлари қисилиб, пешанаси тиришди. — А-а, шаҳзодангиз... Телефонингдан. Унинг фироқида ёниб йиғлаган кунингиз, улоқтирдингиз-ку!
— Нега унга ҳамма гапни айтдингиз?
— Жим туролмасдим, — у бирдан жиддий тортди. — Аёл зотининг кўз ёшига тоқатим йўқ. Кейин... сенга қолса бошқага тегиб кетсанг ҳам мум тишла-а-аб ўтираверардинг. Савобга ботгим келди. Севишганларни етиштириш ҳам хайрли иш!
— Мен... — “Зарифни севмайман”, деган гап оғзимдан чиқиб кетишига бир баҳя қолди. Яхшиям, Жаҳонгирнинг келиб қолгани.
— Бугун цехга бормадик... — деди у кела солиб Азиз акага.
— Э-э-э, нонлар! — бошини ушлади Азиз ака. — Анчагина нон бор эди-ку! Соат неча бўлди? Сотдингми?
— Қаерга сотаман? — ажабланди Жаҳонгир.
— Қишлоқ дўконига ҳам бериб қўймадингми? — тинчини йўқотди Азиз ака.
— Йўқ!
— Оббо! Энди нима қиламиз?
Отам шуни айтолмай ўтирган эканми, дарров уйдан чиқиб келди:
— Соат тўққиздан ўтяпти. Магазин кун ботмасдан ёпилади.
— Қишлоққа тарқатиш керак эди. Кетдик! Яна нон ҳам пишириш зарур. Эрталаб тарқатган дўконларга ҳар кун олиб келамиз, деб ваъда берганмиз.
— Яхши сотилмаса ҳам пишираверамизми? — таажжубини яшира олмади отам.
— Тўхтатиб ҳам қўя олмаймиз. Тарқатмасак, одамлар қаёқдан билишади, бизда нон борлигини.
Улар шу тарзда уч кун бир қоп ундан нон пиширишди. Аммо ҳар гал йигирма-ўттизтаси сотилмай қоларди. Азиз ака қишлоқдаги дўкон эгаси Азим магазинчига ҳам ҳар куни ўнта нон берадиган бўлди: “Сотилса, сотилар, сотилмаса ўзингиз енг, қўшниларга беринг”.
Ундан ҳам ортганини ўзимиз еймиз. Шунинг орқасидан тандиримиз олов кўрмай қолди. Албатта, бундан энг биринчи Азиз ака эзиларди. Бувимнинг, отамнинг кўзига қаролмайди.
“Эртага яхши сотилар”, деган сўз ва умидга ўзи ҳам баъзан ишонмайдигандек. Отам эса қандай йўл тутишни билмай аросатда.
— Азиз, балки... Цехни ёпармиз?! — деди тўртинчи куни у киши.
— Бу нима деганингиз? Ҳамма иш ҳам бирдан ривож топиб кетмайди, — Азиз аканинг кўзида хижолатлик ва изтироб.
— Иш сўраб келганларни ҳам ололмадик. Эркин ҳар куни ялиниб чиқади. Дўконлар ҳам бир сўм бермади, ҳали. Зарарга ишлаяпмиз. Обрўйимнинг борида этагимни ёпсамми, деяпман-да!
— Бирдан таслим бўлманг. Шунча меҳнат қилдик, ахир. Биз Тошкентда ҳам дўконлардан ҳар уч-тўрт кунда пулни йиғиб оламиз. Бирдан сўраб олгандан, тўплаб олган яхши. Эртага йиғамиз, пулларни. Эркин акага эса индаманг. Мен шарт қўйганман. “Бир ҳафта кузатаман, агар шу вақт ичида умуман ароқни оғзингизга олмасангиз ишга оламан”, дедим. Худо хоҳласа, ишлар юришиб кетса, мен уйга кетаман. Ана шунда, ўрнимга ишлар, Эркин ака.
Шундай кунларда, оиламизнинг ташвиши ўзига ортиқчалик қилиб турган бир пайтда уйга Зарифнинг совчилари келса, денг. Буни Зарифга қўйиб қўйгандек ўхшаш эркакдан билдим. Отаси шекилли. Яна ёнида декан ҳам бор. Ҳеч нарсадан хабари йўқ ота-онам ўша эски совчилар деб ўйлашди. Бироқ деканимиз босиқлик билан ҳаммасини тушунтирган шекилли, онам бош чайқаб ёнимга келди:
— Шарманда! Домланинг олдида нима деган одам бўлдик? “Майли, жиянимнинг пешанаси эмас, экан-да!” дейди ўзи айбдордек. Сен қиз, ўйлаб иш қилсанг ўлармидинг! Шу совчиларинг домла келмасдан олдин келса бўлмасмиди? Уят, уят! Обрўли университетнинг домласи икки марта овора бўлди-я! Шу дардларинг бор экан, ўша курсдошинг эртароқ айтганида, декан жиянига сўраб ҳам ўтирмасди. Энди бошқа совчиларни олиб келгани учун у киши ҳам хижолат, биз ҳам. Қиз бўлмай, ҳар бало бўл, сен! Даданг ўзи сиқилиб юрганида... Одамлар нима дейди энди?
Гарчи айбим бўлмаса-да, тилимни “ютдим”.
“Наҳот, Зариф турмуш ўртоғим бўлади? Ё Раб, шу йигит менинг тенгиммиди? Пешанамга ёзганинг шумиди? Ундан кўра, Азиз аканинг ўзига текканим яхшимасми?”
Ўзимнинг хаёлимдан ўзим уялиб кетдим: “Нималар деяпман, ахир! Азиз ака оилали, фарзандлари бор. Мен билан иши ҳам бўлмаса... Диёрбекни қутқариб қолганидан буён қишлоқ одамларининг унга ҳурмати яна-да, ошди. Ҳамма айланиб-ўргилади. Менинг эса меҳрим... Йўқ! Бундай хаёлга бормаслигим керак. Нега бунақа бўлиб қолдим? Илгари, хаёлимда фақат хатлар эди. Энди эса, гўё уларни унутаётгандекман. Лекин уларни унутиб бўлармикан?”
Зиқ бўлиб кетдим. Ҳамма совчилар билан андармонлигидан фойдаланиб, тугундан нома олдим...
* * *
“Онамга бормас мактуб!
Бу тун даҳшатли эди, ойи. Умр бўйи унутмасам керак, бу кечани. Босган йўлимиздан ортга қайтишимизга тўғри келди. Чунки айни ярим тунда, тоғ тепасидаги ғордан ўттиз-қирқ чоғли душманнинг пастга қараб йўл олганини дурбин орқали командиримиз кўриб қолди. Биз ҳам қарадик. Ростдан ҳам тоғ бағридан ҳарбий қисм томонга кетаётган, қўлида фонар ушлаган кимсаларни кўрдик.
“Тезда ортидан сездирмай борамиз, улар пусиб бориб зарба бермоқчи. “Част”дагиларни ҳам огоҳлантиринг. Жангга тайёр туришсин. Рўпарадан улар, биз ортидан бориб қўлга оламиз”, — деди командир.
Айни дамда ғорда ётганлардан кўра, курашга отланган ғанимлар хафлироқ бўлгани учун ҳарбий қисмдагилар ҳам бизни қўллаб-қувватлади. Ким билсин, балки ғорда ҳеч ким қолмагандир?! Шу билан отларда шошлинч, ортга қайтдик. Террорчилар ҳарбий қисм томонга эмас, анча нарига, чегара томонга кета бошлади. Йўлини тўсишни режалаштирган гуруҳ айланиб, уларнинг рўпарасидан чиқди. Биз ортида. Анча яқинлашиб қолгандик. Ана шунда қандай хабар эшитлик, денг:
“Ҳар қандай вазиятга тайёр туринг! Тоғдан тушиб келганлар одам эмас, эчкилар экан. Уларнинг шохига фонар боғланган!”
Қотиб қолдик. Ўша онда қиёмат қўпди. Душман эчкиларни чегара томон ҳайдаб, ўзи сездирмай, ҳарбий қисмга йўл олибди. Отишма бошланди. Яхшиям, қайтибмиз. Катта ёрдамимиз тегди. Орқадан уларга зарба бердик. Улар ниятига етолмади. “Част”дагилар зарар кўришмади. Фақат, бизнинг гуруҳдаги бир йигит...
Ёдгор яхши йигит эди, ойи. Оғир, вазмин. Бир пайтлар унинг отасидан қолган ёлғиз дилбанд эканлигини эшитгандек бўлгандим. Бағрим тилинди! Онаси унинг ўлимини кўтара олармикан?
“Унинг ўрнига нега менинг жонимни олмадинг, Худойим? Ахир менинг ортимда юраги куйиб, кулга айланадиган онам йўқ-ку!”, дедим ўкиниб.
“Мен уни уйига олиб бормайман! Олиб бормайман! Ортиқ оналарнинг кўз ёшига тоқатим қолмади”, дея бақира бошлади бир офицер. Ўзини боса олмай жонсиз ётган душман мурдаларини қайта отишга чоғланди. Зўрға ушлаб қолдик. Майитлар орасида аёлларнинг ҳам борлиги ҳалиги офицернинг аламига яна-да, ўт қўйди. Шердек ўкирди: “Сен ҳам онамисан? Сенинг ҳам фарзандинг борми? Болангни ўзинг отганингдек кимдир отиб ташласа, чидайсанми? Чидай оласанми?”
Унинг дардли овози тоғларда садо бериб, кўксимизга санчилди. Бу туннинг зулмати, юки жуда оғир келди, ойи. Бу каби ҳийла эркаклардан чиқиши даргумон. Ростдан ҳам аёл макри олдида шайтон ҳам ип эшолмаскан...
МАН. 13. 09. 2000”
* * *
Бундан анча кунлар олдин ўзимни деканнинг келини сифати қабул қила олмай кўз ёш тўкаётгандим. Мана, кутилмаганда Зарифнинг жуфти ҳалолига айланадиган бўлдим. Энди кўз ёш тўкишдан ҳам масувоман. Нима деб йиғлай, ахир?
Чорасизлигингни ростмана ҳис қилсанг, лоқайдга айланаркансан. Мен шу ҳолга тушгандим. Ўз тақдирим мени заррача қизиқтирмай қўйганди. Ҳатто, имтиҳон топишириб келган абитуриентларимнинг тестни қандай ечганига ҳам бефарқ эдим. Фақат Азиз аканинг бошлаган иши юришиб кетишини, юзи ёруғ бўлишини, отамнинг ҳам севинишини чин дилдан истардим.
Авваллари ҳар бир абитуриентимдан қандай савол тушгани, жавобни қандай топганини бирма-бир суриштирардим. Тест жавоблари чиққунича, ўзим ҳам ҳаяжон ичида бўлардим. Энди-чи? Хаёлимда Азиз ака ва иши...
— Тоға, агар менга ишонсангиз, бир таваккалга қўл урмоқчиман. Агар зиён кўрадиган бўлсангиз, ўзим тўлайман! — деди у киши дастурхон бошида.
— Қанақа таваккал?
— Ноннинг сотилишини бутунлай ўз ихтиёримга беринг.
— Шундоқ ҳам у сенинг ихтиёрингда, — хўрсинди отам. — Билганингни қилавер. Сен барибир шу ишнинг ичида юргансан! Йўл-йўриғини биласан!
— Унда, бугун бир ярим қоп ундан нон пиширамиз.
— Шундоқ ҳам сотилмаяпти-ку! Кўпайтириб нима қиласиз? — акам ажабланганини яшириб ўтирмади.
— Бир пайтлар яқин ўртоғим тутган йўлни тутмоқчиман. Кетдик, бугун иш кўп!
Улар ўша кеч ростдан ҳам кўп нон пиширишди. Ҳали ишчилар йўқлиги сабаб, синглим иккаламиз ҳам кўмаклашдик. Азиз ака тиним билмади. Унинг терга ботган, қизарган юзида кишини ўзига тортувчи нимадир бор эди. Аҳён-аҳён ўғринча термуламан. У эрта тонгда дамаснинг ўриндиқсиз жойига пиширилган нонларнинг ярмидан кўпини тахлаб, Мусулмон билан йўлга тушди. Орадан бир соат ўтар-ўтмас қайтди.
— Азим ака, нечта нон қолдирай, сизга? — кела солиб қўшни хонада куймаланиб юрган Азим магазинчига бақирди у.
— Ўнта бўлар?
— Бугун кўп олсангиз ҳам зиён қилмайсиз, — деди-ю, дўконга ўн бешта қолдириб, қолганини яна машинага юклади. Кайфияти аъло эди. Кейин бизга юзланди: — Қишлоқдагилар ҳали нонушта қилишмади, а? Юмушларини битириб бўлишмагандир? Юр, Мусулмон, менга аввал муҳтож оилаларни кўрсат. Улардан кейин етганча ҳамма оилага улашамиз.
Биз ҳайрон эдик. Наҳот, нонларни бепул тарқатади? Азиз аканинг нимани кўзлаганини билолмай, хунобмиз. Тушлик баҳона уйга йиғилганимизда у отамнинг олдига уч тахлам пул қўйди:
— Бу шу пайтгача сотган нонларимизнинг пули. Бугун барчаси беришди.
— Ие, анчагина-ку! Зиён қилмаганмизми, дейман?
— Ҳозирча қилмадик. Ўзини ўзи қоплаб турибди. Аммо қўлимизда биттагина ишчи бўлса ҳам ҳақ бера олмасдик. Агар ўйлаганимдек бўлса, эртадан ишчига эҳтиёж сезамиз.
Биз ҳеч нарсага тушунмадик. Ҳаммаси кечга бориб ойдинлашди. Мусулмоннинг қўл телефони жиринглади.
— Азиз ака, анув катта “трасса” четидаги ошхона йигирмата нон “заказ” қилди, — деди унинг кўзлари қувнаб.
Сал ўтиб яна қўнғироқ бўлди. Мусулмон нариги томонни тинглаш баробарида қўлларини “ура” дегандек силкилади. Гаплашиб бўлгач, қичқириб юборди:
— Бозор ёнидаги ошхона ошпази ўттизта олиб келинг, деди. Ҳали яна иккитаси турибди! Эрталаб қилиғингиздан ҳайрон бўлгандим. Нонни текин беряпти-ю, нега менинг рақамимни қолдиряпти, деб. Гап бу ёқда экан-да!
Давоми бор.
#Манзилсизмактубларгрдил
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев