---------
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ Таъоло “Шарҳ” сурасининг 5-6-оятларида:
فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا * إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا
“Шубҳасиз, ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик бор. Албатта, ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга (яна) бир енгиллик бор”, дейди.
Усулул-фиқҳ ва наҳв (араб тили грамматикаси) олимлари бир хил сўзларнинг бу икки оятда қайта-қайта зикр қилинишига шундай изоҳ беришган:
“1. Агар биринчи жумлада “маърифа” – (бу ўринда) алиф-лом (ال) билан келган сўз кейинги жумлада ҳам қайтарилса, у биринчи жумладаги нарсанинг айни ўзи бўлади.
2. Агар биринчи жумладаги “накра” – (бу ўринда) алиф-ломсиз сўз кейинги жумлада “маърифа” бўлиб – алиф-лом (ال) билан келса, у ҳам биринчи жумладаги сўзнинг айни ўзи бўлади. Яъни, биринчи жумлада ноаниқ шаклда келган сўзнинг кейинги жумлада аниқ шаклда келиши ўша биринчи сўзга ишора бўлади. Бунга далил қуйидаги оят:
إِنَّا أَرْسَلْنَا إِلَيْكُمْ رَسُولًا شَاهِدًا عَلَيْكُمْ كَمَا أَرْسَلْنَا إِلَىٰ فِرْعَوْنَ رَسُولًا ﴿١٥﴾ فَعَصَىٰ فِرْعَوْنُ الرَّسُولَ فَأَخَذْنَاهُ أَخْذًا وَبِيلًا ﴿١٦﴾
“Дарҳақиқат, Биз сизларга, худди Фиръавнга Расул юборганимиздек, сиз ҳақингизда гувоҳлик берувчи Расулни юбордик. Бас, Фиръавн (ўзига юборилган) Расулга осий бўлди ва Биз уни шиддатли азоб билан ушладик (сувга ғарқ қилиб ҳалок этдик)”. (“Муззаммил” сураси, 15-16-оятлар).
Бу ерда “Фиръавнга юборилган Расул” Мусо алайҳиссалом бўлиб, “расул” сўзи биринчи оятда رَسُول – тарзида, алиф-ломсиз зикр қилинган. Кейинги оятда эса бу сўз الرَّسُول – шаклида, алиф-лом билан ишлатилган ва бу араб тили қоидаларига кўра “ўша, Фиръавнга юборилган расул” маъносини беради.
3. Агар биринчи жумладаги “накра” – (бу ўринда) алиф-ломсиз сўз иккинчи жумлада ҳам алиф-ломсиз келса, иккаласи бошқа-бошқа нарса бўлади. Яъни, бу иккаласи бир эмас, иккита нарсани билдари.
Шунга кўра, “Шарҳ” сурасидаги ушбу икки оятда (الْعُسْرِ) – “қийинчилик” сўзи икки жумлада (оятда) ҳам алиф-лом билан (маърифа ҳолатида) келган. Демак, иккаласи биргаликда битта қийинчилик бўлади.
Аксинча (يُسْرًا) – “енгиллик” сўзи иккала жумлада (оятда) ҳам алиф-ломсиз (накра ҳолатида) келган. Демак, иккаласи бошқа-бошқа, иккита алоҳида енгиллик бўлади”.*
Айни шунинг учун ҳам саҳобалар орасида “Қуръон муфассири” деб ном олган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятни далил қилиб “Ҳеч қачон икки енгиллик устидан битта қийинчилик ғалаба қила олмайди”, деган.
Саҳобалардан Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳум ва тобеинлардан Суфён ибн Уяйнадан айни маънога далолат қилувчи гаплар ривоят қилинган. Бир қатор муфассирлар – Абу Муҳаммад Маккий ибн Абу Толиб Қайрувоний “Ал-ҳидоя ила булуғил-маром”да, Аз-Зужож ўз тафсирида, Абу Тоййиб Муҳаммад Сиддиқ Хон “Фатҳул-баён фий мақосидул-Қуръон”да, Ибн Абу Заманийн Моликий “Тафсирул Қуръонил-азиз”да шундай тўхтамга келган.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ، قَالَ: لَوْ أَنَّ الْعُسْرَ دَخَلَ فِي جُحْرٍ لَجَاءَ الْيُسْرُ حَتَّى يَدْخُلَ مَعَهُ
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Агар бир инга қийинчилик кирса, муқаррар бир енгиллик ҳам келиб, ўша қийинчилик билан бирга чиқиб кетади”. Абулҳасан Али ибн Аҳмад Ал-Воҳидий, “Ат-тафсирул васийт”, 4-жилд, 518-бет.
عَنْ زَيْدِ بْنِ أَسْلَمَ ، قَالَ كَتَبَ أَبُو عُبَيْدَةَ بْنُ الْجَرَّاحِ إِلَى عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ ، يَذْكُرُ لَهُ جُمُوعًا مِنَ الرُّومِ وَمَا يَتَخَوَّفُ مِنْهُمْ . فَكَتَبَ إِلَيْهِ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ : أَمَّا بَعْدُ . فَإِنَّهُ مَهْمَا يَنْزِلْ بِعَبْدٍ مُؤْمِنٍ مِنْ مُنْزَلِ شِدَّةٍ ، يَجْعَلِ اللهُ بَعْدَهُ فَرَجًا . وَإِنَّهُ لَنْ يَغْلِبَ عُسْرٌ يُسْرَيْنِ . وَأَنَّ اللهُ تَعَالَى يَقُولُ فِي كِتَابِهِ ( يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا ، وَاتَّقُوا اللهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ )
Зайд ибн Аслам айтади: “Абу Убайда ибн Ал-Жарроҳ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга хат ёзиб, румликлардан катта жамоа мусулмонларга қарши тўплангани ва улардан хавфсираётганини зикр қилди. Умар ибн Хаттоб унга шундай жавоб ёзди: “Аммо баъд, бир мўмин бандага бирон жойда машаққат келса, Аллоҳ унинг ортидан енгиллик ҳам қилиб қўяди. Аниқки, битта қийинчилик иккита енгиллик устидан ҳеч қачон ғалаба қила олмайди. Аллоҳ Таъоло Ўз китобида:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا ، وَاتَّقُوا اللهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Эй мўминлар, сабр қилинг ва сабру тоқат қилишда (бошқалардан) устун бўлинг ҳамда доимо ҳозир бўлиб туринг! Ва Аллоҳдан қўрқинг, (шунда) шояд нажот топгайсиз!”, деган”. Молик, “Муватто” (1006).
“Шарҳ” сурасидаги бу икки оят бошига мусибат тушган, қийинчилик ва ғамда қолган кишига тасалли, яқин орада унга келадиган енгиллик хушхабаридир. Фақат бунинг учун банда бошқаларни қўйиб, Роббидан умид қилиши, ундан ёрдам кутиши лозим.
Ҳофиз Ибн Ражаб Ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Оятда қийинчилик ва енгиллик бир жойда зикр қилинишида дақиқ маъно бор. Машаққат оғирлашиб, кўпайиб, инсоннинг белини букиб қўявергани сайин унинг ўзи каби махлуқлардан умиди кесилиб, қалби ёлғиз Аллоҳга боғланиб боради. Бу ҳақиқий таваккул – Аллоҳга суяниш, банданинг ҳожатлари раво бўлиши учун энг кучли сабабдир. Аллоҳ эса Ўзига суянган бандасига кифоя бўлувчи, уни барча муаммолардан олиб чиқувчи Зотдир:
وَمَن يَتَوَكَّلْ عَلَى اللهِ فَهُوَ حَسْبُهُ
“Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир”. (“Талоқ” сураси, 3-оят). “Жомеъул-улум вал-ҳикам”, 197-бет.
_________________________
*Бу наҳвшунос олимлардан Абул Аббос Аҳамад ибн Яҳё Саълабнинг (200-291 ҳ./816-904м.) фикри.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев