------------------
Намозни жамоат билан ўқиш фазилати улуғ, фойдалари бисёр. Жамоат намози ёлғиз ўқилган намоздан бир неча баравар афзалдир.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صَلاَةُ الْجَ.مَاعَةِ تَفْضُلُ صَلاَةَ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жамоат намози ёлғиз (ўқилган) намоздан йигирма етти баравар афзал”, деганлар (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоят қилган).
Жамоат намози киши бир ўзи ўқиган намозидан 25 ёки 27 баравар афзаллиги ҳақида ривоятлар бор. Уламолар айтишича, масжид узоқ-яқинлигига, намозхонлар оз-кўплигига, банда ихлосига, хушуъсига, имом тақвосига қараб жамоат намози фазилатда бир-биридан фарқланади.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ صَلَّى لِلَّهِ أَرْبَعِينَ يَوْمًا فِي جَمَاعَةٍ يُدْرِكُ التَّكْبِيرَةَ الأُولَى كُتِبَتْ لَهُ بَرَاءَتَانِ: بَرَاءَةٌ مِنْ النَّارِ وَبَرَاءَةٌ مِنْ النِّفَاقِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким қирқ кун (давомида) биринчи ракатга улгурган ҳолида Аллоҳ учун жамоат билан намоз ўқиса, унга икки омонлик: дўзахдан омонлик, нифоқдан омонлик ёзилади”
(Термизий ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).
Қайси бир банда қирқ кун давомида жамоат намозининг аввалги такбирига улгурса, унга иккита омонлик ёзилади. Биринчиси, дўзахдан халос бўлиш, жаҳаннам азобидан нажот топиш. Иккинчиси, нифоқдан омонлик. Тийбий айтишича, бундай киши дунёда нифоқдан сақланади, мунофиқ ишини қилмайди, ихлослилар амалини қилишга муваффақ бўлади, охиратда мунофиқлар тортадиган азобдан қутулади, “Мунофиқ эмас”, деб фойдасига гувоҳлик берилади. Чунки мунофиқлар намозни эриниб ўқийди, ибодатга дангасалик қилади. Аллоҳ учун ихлос билан жамоат намозларида қатнашган инсон бундай ёмон оқибатдан саломат бўлади .
Аллоҳ таоло, У Зотнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни жамоат бўлишга, иттифоқликка буюради, ўзаро ихтилофдан, тарафкашликдан қайтаради. Бироқ шайтон кишини жамоатдан ажрашга, ёлғиз қолишга ундайди. Иблис мўминни якка ҳолда топса, бутун лашкарлари билан келиб васваса қилади, намозда хаёлини чалғитади, хушуъдан тўсади.
عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَا مِنْ ثَلاَثَةٍ فِي قَرْيَةٍ وَلاَ بَدْوٍ لاَ تُقَامُ فِيهِمْ الصَّلاَةُ إِلاَّ قَدْ اسْتَحْوَذَ عَلَيْهِمْ الشَّيْطَانُ فَعَلَيْكَ بِالْجَمَاعَةِ فَإِنَّمَا يَأْكُلُ الذِّئْبُ الْقَاصِيَةَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қишлоқ ёки саҳродаги уч (киши) намоз вақти кирганида (алоҳида-алоҳида намоз ўқишса,) шайтон улар устидан ғолиб чиқади. Шундай экан, сен жамоатни маҳкам ушла! Зеро, бўри ҳам (тўдадан) айрилган қўйни **** кетади”, деганларини эшитганман”
(Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).
“Бўлинганни бўри ер” деб бекорга айтишмаган. Бўри қўйларнинг ашаддий кушандасидир. Чўпон назоратидан чиққан, тўдадан айрилган қўй бўри ўлжасига айланади. Шайтон эса мўминнинг ғанимидир. У Аллоҳга, охират кунига ишонган инсонни адаштиришга уринади. Агар ёлғиз мўминни кўрса, келиб васваса қилади. Айниқса, бир ўзи намоз ўқиётган бандани кўпроқ чалғитади . Шунинг учун намозни жамоат бўлиб ўқишга чақирилган.
Салафи солиҳлар – саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлар жамоат намозига жиддий эътибор беришган, уни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилишган, Агар биронта намозни жамоат билан ўқишга улгуришмаса, ўзларини маломат қилишган . Мисол учун, ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жамоат намозидан кечиккани “каффорати”га бутун бошли боғини садақа қилиб юборган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эса, хуфтон намозини жамоат билан ўқий олмаса, туни билан ухламай чиқарди.
Омир ибн Абдуллоҳнинг уйи масжид олдида эди. Одатга кўра, шом намозига чиқмоқчи бўлди. Ўзи касал эди. Ёнидагиларга: “Қўлимдан ушланглар”, деди. Улар: “Сиз касалсиз-ку”, деб эътироз билдиришди. “Аллоҳнинг даъватчисини эшитиб, унга ижобат қилмайми?! Тутинглар қўлимдан!” деди. Сўнг намозга кирди, жамоат билан шомнинг бир ракатини ўқишга улгурди. Кейин омонатни топширди.
Саид ибн Мусайяб айтади: “Ўттиз йилдан бери муаззин азон айтганида масжидда бўламан ”.
Робиа ибн Язид раҳматуллоҳи алайҳ: “Қирқ йилдан бери пешинга азон айтилганда масжидда ўтирган бўламан”, деган.
Муҳаммад ибн Самоа шундай деган: “Қирқ йил биринчи такбирдан кеч қолмадим. Фақат онам қазо қилган кунда кечикдим ”.
Ҳотим жамоат намозидан кечга қолганида Абу Исҳоқ Бухорий унга таъзия билдирди. Ҳотим айтади: “Агар болам ўлганида ўнг минглаб одам менга таъзия изҳор этарди, чунки кишилар назарида Диндаги мусибат дунёвий мусибатдан енгилроқдир ”.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ مَرَّ بِسُوقِ الْمَدِينَةِ فَوَقَفَ عَلَيْهَا فَقَالَ: يَا أَهْلَ السُّوقِ، مَا أَعْجَزَكُمْ قَالُوا: وَمَا ذَاكَ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ قَالَ: ذَاكَ مِيرَاثُ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُقْسَمُ وَأَنْتُمْ هَاهُنَا لاَ تَذْهَبُونَ فَتَأَخُذُونَ نَصِيبَكُمْ مِنْهُ قَالُوا: وَأَيْنَ هُوَ قَالَ: فِي الْمَسْجِدِ فَخَرَجُوا سِرَاعًا إِلَى الْمَسْجِدِ وَوَقَفَ أَبُو هُرَيْرَةَ لَهُمْ حَتَّى رَجَعُوا فَقَالَ لَهُمْ: مَا لَكُمْ قَالُوا: يَا أَبَا هُرَيْرَةَ فَقَدْ أَتَيْنَا الْمَسْجِدَ فَدَخَلْنَا فَلَمْ نَرَ فِيهِ شَيْئًا يُقْسَمُ فَقَالَ لَهُمْ أَبُو هُرَيْرَةَ: أَمَا رَأَيْتُمْ فِي الْمَسْجِدِ أَحَدًا قَالُوا: بَلَى، رَأَيْنَا قَوْمًا يُصَلُّونَ وَقَوْمًا يَقْرَءُونَ الْقُرْآنَ وَقَوْمًا يَتَذَاكَرُونَ الْحَلاَلَ وَالْحَرَامَ فَقَالَ لَهُمْ أَبُو هُرَيْرَةَ: وَيْحَكُمْ فَذَاكَ مِيرَاثُ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ بِسَنَدٍ حَسَنٍ.
Ривоят қилинишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Мадина бозоридан ўтди, у ерда бироз турди. Кейин: “Эй, бозор аҳли! (Ўз улушингизни олишдан) нега ожиз қолдингиз?” деб мурожаат қилди. Одамлар: “Эй Абу Ҳурайра, у нима экан?” деб сўрашди. Абу Ҳурайра: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мерослари тарқатиляпти. Сизлар эса бу ердасизлар. Бориб ўз улушингизни олмайсизми?” деди. Одамлар: “Қаерда у?” дейишди. “Масжидда”, деб жавоб берди Абу Ҳурайра. Шунда бозор аҳли шошилганча масжид томон кетишди. Улар қайтиб келгунларича Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу кутиб турди. Келганларидан сўнг: “Сизларга нима бўлди?” деб савол берди. “Эй Абу Ҳурайра! Бориб масжид ичига кирдик, лекин бирон нарса тарқатилаётганини кўрмадик”, дейишди. Абу Ҳурайра сўради: “Масжидда ҳеч кимни кўрмадингизми?” Улар: “Йўқ (кўрдик), намоз ўқиётган, Қуръон тиловат қилаётган, ҳалол-ҳаромни зикр этаётган қавмни кўрдик”, дейишди. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Эҳ, сизларни қаранг! Ана ўша Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мерослари бўлади”, деди (Табароний “Авсат”да ҳасан санад ривоят қилган).
Масжидда нима ҳалол, нима ҳаромлиги тушунтирилади, ваъз-насиҳат қилинади, шариат ҳукмлари ўргатилади, илм олинади. Мана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга қолдириб кетган бебаҳо меросдир. Пайғамбар алайҳиссалом бизга қоп-қоп тилло, кумуш ёки ер-мулк ташлаб кетмаганлар. У зотдан моддий бойликлар мерос қолмади, балки илм қолди. Кимда-ким набавий меросдан ўз улушини олишни истаса, масжидларга қатнайди, намозни жамоат билан ўқийди, китоб мутолаа қилади, шариат ҳукмларини ўрганади. Зеро, масжид ибодат, маърифат, зиё маскани, қалблар ором оладиган, кўнгиллар таскин топадиган макондир.
Зиёвуддин Раҳимнинг “Намозда хушуъ” китобидан
////////////////////////////////////////////////////////
КАМГАП БЎЛИНГ!
Оғзи ёпиқ балиқни ҳеч ким қармоққа тушира олмайди. Сиз ҳам оғзингизни ёпинг. Чунки қанчадан-қанча инсонлар сизнинг хатоларингизни овлаш пайида юрган бўлади. Сиз худди майин ёмғир каби бўлингки, ёмғир қаерга ёғса, ўша ерга манфаат етказади.
“Ҳикматлар чашмаси”дан
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев