(4-қисм)
Қизларининг келиши бир байрам бўлса, кетиши яна битта байрам! Ҳаммаси ўз уйида ўтирсин, Нурали ва аёлига эса тинчлик керак.
Бугун катта қизи Хонзода келаман дегандек қилганди. Ўзи кўп келавермайди, аммо кейинги пайтда кўп қатнайдиган бўлиб қолди. Тинчлик бўлса бўлди. Нурали эрмаги — ҳовли адоғида жойлашган қўрадаги қўйлардан хабар олиши кераклигини эслади. Кун совуқдек туюлиб, тўнини излаб қолди. Қаерда эди-я! Меҳмонхона тўрига йиғилган кўрпа-кўрпачалар устига тахлаб қўйгич эди аёли. У тахмондаги кўрпачалар орасида турган тўнини кўриб, қувониб кетди, кўрпачани туширмай олмоқчи эди, ерга оғиргина нарса "Тўп" этиб тушди. У елим халтани қўлига олиб ичини очди-ю, юраги уриб кетди. Халта даста-даста қилиб тахланган пулларга тўла эди. Ким олиб келган буни? Шунча пул бу ерга қандай келиб қолди?
У бирпас нима қилишни билмай турди, кейин мияси яшин тезлигида ишлай бошлади.
Пулни яшириб, аёлини чақирди.
—Хонзода охирги марта келганида нимадир олиб келдими?
—Шу — нон-пон, тинчликми?
—Қўлида бошқа нарса йўқмиди?
— Ҳа, бир нарсани кўтариб меҳмонхонага кириб кетаётганига кўзим тушганди.
Нурали бошини чангаллаб қолди. Юраги ғашлана бошлади.
Хонзода анчадан буён алам ичида. Эри эр бўлиб эркаламаса, шароит яратиб бермаса, бир жойларга айлантиргани олиб бормаса. У ўзини қулдек ҳис қилади. Нима қилади шу одам билан яшаб. Ажрашиб, бир ишни бошласа, албатта бой бўлиб кетади. Мана, қулай фурсат. Шунча пул. Хозирча пулни яшириб туради, шундай қилсинки, эри пулни Мадиёр олган деб ўйласин! Шунда Ички Ишларга ҳам хабар бера олмайди. О- О- О, бу шундай ака-ки, агар керак бўлса, укасига жонини узиб беради. Юзта Хонзодани бола-чақаси билан битта укасига алишмайди.
Аммо режаси иш бермади, укаси ҳам машинасини сотиб пулини акасига тутқазиб ўтирибди.
Майли, ҳали эридан ўғирлаб олган пулига ўз бизнесини очади. Бойвучча бўлади. Қўл остида одамлар ишлайди. У бир зумда ўзини ишбилармон хонимдек тасаввур қилди. Башанг кийимларда, чиройли машиналарда юришини ўйлаб энтикиб кетди. Эри ҳали шундай пушаймон бўлсинки, қадрига етмаганига!
Эшикдан отаси кириб келганида жувоннинг орзу хаёллари пардек тўзғиб кетди...
—Болам, ота-онам ажрашиб, ўгай она қўлида ўсганимдан хабаринг бор. Ҳеч ўйлаб кўрганмисан, отам онам нима учун ажрашган?
Хонзода индамай ўтирарди.
—Онамнинг қўли эгри бўлган экан. Отамнинг пулларини акасига олиб бориб бераркан.
Сен онамга ўхшайсан. Ташқи кўринишинг ҳам, табиатинг ҳам туққан онамга ўхшайди, аммо қўлинг эгрилиги билан ҳам онамга ўхшашингни билмас эканман.
Қизим, бу қанақа пул?
—Дада, мен ўғри эмасман, — инграб юборди Хонзода. Куёвингиз билан ажрашмоқчиман. Мени одам ўрнида кўрмайди. Фақат жеркиб гапиради. Болаларига ҳам меҳри йўқ. Шу йўл билан ўч олгим келди. Хонзода йиғлар экан отаси савол берди
—Эринг сизларни ҳеч оч қолдирдими?
—Йўқ!
—Кийим-кечагингни бутлаб берадими?
—Ҳа!
—Нимадан каминг бор? Оч қоляпсанми?
— Ҳозир очидан ўладиган замон эмас!
—Адашасан, ҳали ҳам бир бурда нонга зор одамлар бор. Сенинг атрофингда бўлмаса, бошқа жойда бор! Куёвим барака топсин, битта эркак қилиши лозим бўлган ҳамма шароитни яратиб берган. Сен қанақа аҳмоқ қизсан, эртага қамалиб кетсанг, болаларинг ўгай она қўлида қолишини ўйламадингми? Эрингнинг пули—сенинг пулинг дегани-ку, нодон қиз.
Бор, бу пулларни жойига қўйиб қўй! Сен, аввало, онасан, болаларинг келажагини ўйла! Ўғрининг боласи деган ном олади улар!
—Қандай қўяман жойига, —йиғлади, у, — билиб қолса ўлдиради куёвингиз!
—Сен ҳозир менга айтган гапларингни Дониёрнинг ўзига ҳам айтганмисан? Ундан норози эканлигингни биладими у?
—Сиз билмайсиз, дада, мен улардан қанчалик қўрқишимни. Оғзимни очсам, балога қоламан-ку!
— Унда ҳаммасини айтгин-да пулини қайтариб бер!
—Йўқ, қўрқаман...
—Ажрашмоқчи эдинг, агар шу билан сени талоқ қилса, начора уйга қайтасан. Худди онам раҳматликка ўхшаб болаларингни олиб қолиб, ўзингни қувиб юборса, унда билмадим...
Отаси кетди.
Хонзода ўша кунни, тўғрироғи ўша тунни эслашга уринди.
Бир қадам
(охири)
Эри ярим кечаси келди. Ёстиққа боши ё тегди, ё тегмади, ухлаб қолди. Хонзода аввал йиғлади, кейин ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Осмонда ой тўлган, тун ёп-ёруғ эди ўшанда.
Уйга кирди. Эри олиб келган "ҳужжатлар" ни кўрмоқчи эди. Қайданам кўргани. Ичига ғулғула тушиб қолди. Негадир пулни олиб каттагина сумкасига жойлади. Эртасига эса отасининг уйига олиб кетди...
Хозир ўтириб, ўша куни нимага шунақа қилганига тушунмай ўтирарди. "Мени Худо бир асради! Ўша куни эрим жаҳл устида милиция бошлаб келганида нима қилардим? Мадиёрга туҳмат қилганим-чи? Бу хатони энди қандай тузатаман?" У кечгача ўз ёғига ўзи қоврилди. Қўли ишга бормади. Қозонга кечки овқат солишга ҳам мадори йўқ, бутун жисмини қўрқув эгаллаб олганди.
Эри кеч келди. Биринчи марта аёлига ёрилди.
—Хонзода, эртага Ички Ишларга бораман. Пулни топмасам бўлмайди. Шунча пулни ўғирлатиб, чапак чалиб ўтириш эркак кишининг иши эмас!
—Пул— шу ерда, уни ҳеч ким ўғирламаган, —деди Хонзода ҳам илк марта эрининг кўзига тик боқиб.
—Қани?
Аёл елим халтани олиб чиқди
—Ҳаммасими! Кейин жавобни кутмай халтани титкилаб кетди.
— Нимага уни яшириб қўйдинг?
Хайрият, эри "ўғирладинг" демади!
—Менга ҳам эътибор беришингиз учун. Аёл шундай деб йиғлаб юборди. Кейин юрагини тўкиб сочди. Ундан қўрқишини, гумонларини, орзуларини...
—Сиз шу пулларни олиб кирганингизда унинг нима эканлигини сўраганимда ҳам айтмадингиз. Ишонмадингиз менга. Кўрдингизми, муҳаббат билан нафратнинг ораси бир қадам, яхшилик билан ёмонликнинг ҳам орасида бир қадам бор... Сиз билан ажрашмоқчиман.
Эркак ўз аёлини биринчи марта кўриб тургандек эди. Шу пайтгача ўз хаёлларида аёлини бахтли тасаввур қиларди. Ахир отасиз ўсди. Эркак киши аёлига баланддан туриб муомала қилиши керак деб ҳисобларди. Ўз хатоларини эса биринчи марта кўриб турарди.
— Менинг қўядиган хотиним йўқ. Болаларимни тирик етим қилиш ниятим ҳам йўқ. Қўй, йиғлама, кел ўзимга...
Аёл энди баралла йиғлаб юборди...
—Мадиёрга нима дейсиз? Нотўғри тушунмасмикан?
—Оилам сирини кўчага олиб чиқадиган аҳмоққа ўхшайманми?
Тўғри, у жигарим, аммо сизлар бутун борлиғимсиз. Укамга қўйган жойимни унутган эканман, дейман, тамом вассалом!
Пулимни топиб берганинг суюнчисига эса сенга ҳалиги ўзи ювиб қуритадиган кир машина бору, ўшандан олиб бераман!
—Розиман! —кўзда ёш билан кулди Хонзода, ажаб, аёл қалбидаги қўрқувлари ортга чекинган ўрнини ёқимли илиқлик қоплаб бораётган эди...
(тугади)
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев