ОЛТИНЧИ ҲИКОЯ ҒУРУР ВА МУХАББАТ
Muallif: МАФТУНА АБДУЛЛАЕВА
💻🖊️4-ҚИСМ🖋️📖
Кўрамиз...
Бошидан бошлаймиз бир кун,
Мухаббат келади менга кўмакка.
Қайтиш йўқ, то сенга эришмоқ учун
Хатто ўлимга ҳам бораман тикка!
Кўрамиз...
Аммо мен сенга ёв эмас,
Шунчаки севмасинг сабримга тўлди.
Истарим сен ҳам бир мағлуб бўлсанг бас!
Қалбим зиндонига қамалсанг бўлди!
Малика Тавфиқ
🔥♥️🔥♥️🔥♥️🔥♥️🔥♥️🔥♥️🔥♥️🔥
Саида хатни қайта-қайта ўқиб, кейин яшириб қўйди. Агар акалари ёки укаларини қўлига тушиб қолса, тамом. Қиз тўрт ўғил ичида биттагина қиз. Катта акаси Шахриёр, отасини ишини олган. Иккинчи акаси Бахтиёр, нефт-газ соҳасида ўқияпти. Укаси Омон саккизинчи Озод эса бешинчи синфда ўқишади. Акаси бюджетда ўқиётгани учун, отаси контрактга кирса ҳам ўқитишга ваъда берган. Фақат ҳаммани шарти битта. Эркакларни юзини ерга қаратмаслиги керак. Бахтиёр акаси ўзидан бир синф юқорида ўқиган. 8- синфдан кейин ўқишини чўл мактабига кўчириб, дарсларга бормай тайёргарлик кўрган эди. Ориф синглисини яхши кўришини эшитган бўлса ҳам, кўп ҳам кўз қулоқ бўла олмасди. Шу сабаб ҳар гал қишлоққа қайтса қизни сиқувга олиб, огоҳлантирарди:
- Агар бирон гап эшитсам...
Саида нафақат ўз ғурурига балки акасини ғурурига ҳам жавобгар эканини ҳис этарди.
Ориф эса синглиси йўқлиги учун буни тушунмасди...
Йигитни кейинги келиши Наврўз байрамига тўғри келди. Қайтди-ю, Адизни саргузаштларини эшитиб, яхшилаб табриклади.
- Қойил сенга боплабсан.
- Ҳо бу кишимни ҳаваси кетди,- деди Рамзиддин.
- Кетса нима, катта йигит бўлиб қолдим.
- Ҳа энди сизни дорингиз жуда баландда, ёш "кетманг" дейманда... Ҳарна, узоқроқ яшаб туринг.
- Ким айтди йиқилади деб,- ўқрайди Ориф.
- Йиқилманг, майли. Бойвачча... Ҳа фақат битта ёмон хабар маликамиз бугун мактабга келмаган.
Ориф бу гапни эшитиб, ҳафсаласи пир бўлди.
-Хафа бўлма,-унинг елкасига қўл ташлади Отабек,- Наврўз куни кўрасан.
Ориф ҳўрсиниб қўйди. Кошки кўрган билан тутқич берса.
🌺🌺🌺
- Ҳа, бунча ўзингга оро бермасанг, -
Ориф, онасини ўзига қараб кулиб турганини кўриб илжайди.
- Наврўзга кетяпман.
- Майли дўстларинг билан бир яйраб кел, ўқийвериб сиқилиб кетгандирсан.
Ориф бош ирғаб қўйиб, чиқиб кетди. Синфдошлари билан байрам бўлаётган майдонга борганларида, ҳали қизлар йўқ эди. Қўлларига семечка олиб, бир чеккада у ёқ- бу ёқдан олиб ўтиришди.
-Воо, ана қизлар,- деди Отабек аралашиб келаётган "А" ва "Б" синфни қизларини кўриб. Йигитлар ҳам улар томонга саломлашиш учун пешвоз чиқишди.
- Қалайсан,- Ориф Саидани қўлини маҳкам қисиб, қўйиб юбормади.
-Қўлимни қўйиб юборсанг, яхши бўлади.
Ориф қизни қўлини бир қисиб қўйиб юборди. Саида норозидан кўра нозга ўхшаш қараш қилиб йигитдан узоқлашди. Аммо кўп ўтмай байрам дастури бошланганда дўстларига қўшилиб Ориф яна пайдо бўлди. Саидани орқасида туриб гап ташлай бошлади.
- Ўқишлар қалай бўляпти?
- Яхши. Ўзинг яхшимисан? Мазза қилиб ўқияпсанми?
- Сени кўрмаётганимни ҳисобга олмасак, яхши.
-...
- Ҳар нарсани хаёл қилмай ўқи. Қанийди менда ҳам шундай имкон бўлганда...
- Зўр бўларди-да, бирга ўқирдик,- Орифни овозидаги иштиёқни сезган қиз кулди.
- Хаёлингга ҳам келтирма. Акаларим мени Қаршига қўймаяпти. Бухорога қўярмиди.
- Эй қўявер, менга берса бўлди.
Саида жавоб ўрнига ўқрайди.
-Ҳа, нима. Адиз уйланиб олганда, менга нима бўлган.
-Биринчидан Адиз уйланиб олгани йўқ. Иккинчидан уйланишдан аввал ўқишга кириш ҳақида бош қотир. Учинчидан, мени сенга тегади деб ким айтди?
- Тегмасанг, олиб қочиб кетаман.
Саида Орифни дағдағаларини қумсаганини ҳис этди. Елкалари силкиниб кулди.
-Ишонмайсанми?...
- Ҳа чечалар,- шу пайт 9- синф қизлари келиб қолиб, уларни суҳбати узилди. Чунки йигитларни жағи очилди.
- Нима еймиз?
- Қимматидан айтаверинглар.
Адизни синфдошлари мактабда кун бермагани етмагандек яна аския бошлашганидан ҳижолат бўлган Раъно дугоналари орасига суқилди.
- Адизга ҳавасим келяпти,- деди яна гап бошлаган Ориф Саидага хиёл эгилиб.
- Жуда ҳавасинг кетибди-да...Унда ўқишни йиғиштириб, битта яримтасига қўй совчи.
- Мен совчи қўйсам фақат сенга қўяман.
Саида жавоб бермади. Жилмаймаслик учун лабини тишлади.
- Бекор айтибсан.
- Совчи қўйсам менга тегмасмидинг?
- Кўп гапирмай, морожное олиб бер.
- Бўпти. Кетиб қолма.
- Майли
Аммо, Ориф энг қиммат музқаймоқни кўтариб келганида Саида аллақачон "қуённи расмини" чизиб кетганди.
- Ярамас қиз,- деди Ориф.
- Кетиб қолдими?- деди Ситора ёнига келиб.
- Сен ҳам бундоқ оғзингни очиб ўтирмай, қараб турсанг бўлмайдими?
- Сенга шу қизни ҳоли қилиш керакми,- деди Ситора Орифни гапидан қош чимириб.
- Ҳа.
- Унда шу морожноени менга берасан.
- Бажараман. Гуллола қани?
- Ана Умарни ёнида.
- Ҳозир ундан ёрдам сўрай.
Саида бу икки қизни "приём" ини тушунса ҳам, ўзини гўлликка солиб, қизларни ҳийласига " чув тушди". Наврўз майдони орқасида жойлашган, спортзал эшиги ёнида, дарахтларнинг панасида Ориф уни кутиб турарди.
- Буюртмангни олиб келдим.
- Бериш учун бошқа жой тополмадингми?
- Озгина ҳоли гаплашайлик, Саида,- деди Ориф ялинганнамо музқаймоқни олиб, устидаги қоғозини аста очаётган қизга.
- Нега ҳоли?
- Сенга бир нарса бермоқчи эдим.
- Нима экан?- деб юборди Саида, қизларга ҳос қизиққонлик билан, Ориф чўнтагига қўл тиққанда.
- Совға.
Саида квадрат шаклидаги қутичани ичида соат бўлса керак деб таҳмин қилди. Орифни совға узатган қўлини, бир оз куттириб қутичани олди.
Саида қўли бўшагач, совға қобиғини очди. Ичидан айлана шаклдаги қизларни пудрасига ўхшаш қути чиқди. Саида Орифга бир қараб, уни очди. Қутичани икки томонида ҳам, кўзгу жойлаштирилган экан. Саида уни ёпиб, устини томоша қилди. Жуда чиройли нақшлар чизилганди.
- Ёқдими?
-Ҳа. Аммо...
- Аммоси йўқ. Бу қутичадаги кўзгуга ҳар қараганингда, шу чиройли қизни, битта телба ошиғи борлигини эсла.
Саида совғани устки кийимини чўнтагиги солди.
- Ориф,- деди кейин, кўзини кўклаб келаётган майсаларга тикиб,- сенга мендан бошқа қиз йўқми? Шунча югурганингга, бошқа қиз оёғинг остига ўзини отарди. Жонингга тегмадимми?
Қиз қарамаса ҳам йигитни ўзига севги тошган нигоҳ билан қараб турганини сезиб турарди. Бир неча сониядан кейин Ориф ёқимли овозда шеър ўқишни бошлади.
- Бағримдан биёбон яралгани чин,
Бир ён – Дашти қипчоқ, бир ён – Чин-Мочин.
Қўнғироқ овозинг, қўнғироқ сочинг.
Қўнғироқларингни кутиб ўтяпман.
Беҳад сабоқ бермиш менга гарди дун,
Ўтди Афлотун ҳам, кетди Фаридун.
Уларга боқмасдан ҳануз бағри хун
Ҳижрон китобларин титиб ўтяпман.
Сен кеча хонзода эдинг беписанд,
Қул эдим оёғу кўнгли кишанбанд.
Ҳазратдан қолган ишқ достонин банд-банд,
Сўзма-сўз қайтадан битиб ўтяпман.
Юзингдаги парда – мавжланган сароб,
Симларин чўғ қилиб экмоқда офтоб.
Очиқсам, ич-этим ерман, эй моҳтоб,
Чанқасам, кўз ёшим ютиб ўтяпман.
Қайрилма кипригинг ҳаққига қасам,
Дунё гумроҳ эди гар мен келмасам.
Дилда гоҳи умид, гоҳида алам,
Дунёнинг қўлини тутиб ўтяпман.( Иқбол Мирзо)
Саида Орифни шеърини нимтабассум билан эшитди.
- Яна Иқбол Мирзоми?
- Ҳа.
Саида бошқа сўз айтмади. Орифга боқиб турган кўзлари айтди дил изҳорини. " Сенга асло бефарқ эмасман. Кўзларимда кўраётган суратинг юрагимни эгаси... "
- Мен энди борай...
Ориф эътироз билдирмади.
- Ориф эрта яна қайтиб кетади,- деди Ситора қизларга келиб қўшилган Саидага. Қиз индамади. Сал нарида Адизни гапларини, уялибгина эшитиб турган Раънога унинг ҳам ҳаваси келди. Кейин Орифни совчи ҳақидаги гапини эслаб юраги ҳапқирди.
Ориф бу гал узоқ кетди. Токи майни охиригача келмади. Бир йўла имтиҳонларни ўтказгани келди. Майнинг охирги ўқув кунларига етиб келганди.
Каримов дарсдан кейин чақирган куни, иши битса ҳам кетмай Саидани кутиб ўтирди.
- Яхши қиз ўн минутга мумкинми?
- Кетмадингми?
-Сени бир кўрмаси қандай кетаман.
Саидани кайфияти яхши эмаслиги кўриниб турарди.
- Ориф кета қол.
- Нега қайфиятинг йўқ.
- Акам сен ҳақингда эшитиб... мени роса урушди.
- Нега? Менга нима қилибди?
♥️🔥♥️🔥♥️🔥♥️🔥♥️🔥♥️🔥♥️🔥♥️
Сенингли дунёни тиланган жоним,
Андуҳлар қонига беланган жоним.
Танамда борлиги Аллоҳнинг изми,
Бир учи ишқингга уланган жоним!
Бисоти борлигинг, дунёси боринг,
Қайдадир мавжудми мендек хуморинг?
Жоннинг узилмоғи сендан эмасу,
Тирик юрмоқлиги сенинг қароринг!?
Малика Тавфиқ
- Сенга ҳеч нарса қилмаган. Лекин бу дегани, сен билан бемалол гаплашиб юраверсам бўлади дегани эмасда.
- Қани бемалол гаплашиб юрганинг. Единг-ку, мени.
- Бу нима деганинг. Мени изимдан юр, деяпманми сенга
- Яна бошидан бошлаймиз.
- Нимани?
- Сичқон мушук ўйинини.
- Ориф...
- Нима Ориф, тўйди Ориф, изингдан чопиб, кунда баҳор ҳавосидек турланадиган, шу ҳамилеон феълингдан куйди Ориф.
Саида жаҳл қиларини ҳам, куларини ҳам билмай қараб қолди.
- Унда шартта бошқасини топ.
- Осон бўлганда... кўнглим бўлмаганда, Оташ билан Рамиздек ўнтасини топардим, - Ориф қиздан жавоб кутмай нари кетди.
- Фақат сен қийналяпсан,- деди Саида уни изидан араз билан қараб қолар экан, - мен ўйнаб юрибман.
Аммо, Отабек айтганидек, Орифни Саидадан жаҳли ёздаги қордан ҳам тез эриб битарди. Эртаси кунидан яна тиржайиб қизни йўлини тўсди.
- Эчки ҳар туққанда, энди бошқа туғмайман деб қасам ичармиш,- деди Отабек Рамзиддинга, тортишаётган Ориф ва Саидани кўрсатиб.
- Лекин такани кўрса...
Рамзиддинни гапи тугамай, Пўлат калласига битта солди.
- Эчки билан такани тинч қўй. Фойдаси сенларникидан кўпроқ.
- Ҳа, Пўлатбой, участкани ўтлари энди ўсиб чиқмасмишми?
- Унгача, Худо пошшо.
Умар уларга қўшилмади. Саида билан яна тортишиб қолиб фиғони чиқиб келаётган Орифни чеккага тортди.
- Ўтирчи бу ёққа. Энди ўпкангни босиб гапир. Нимани келиша олмаяпсан, Саида билан?
- Нуқул баҳонаси тайёр... Яхши кўришини тан олса, ўлиб қоладими?
- Ориф...
- Фақат отахонлик қилма. Сени ҳам Гуллоланг бор. Оппоқ эмассан.
Умар муштини оғзига қўйиб кулди.
- Бўпти. Унда бошқа нарсани сўрайман. Нега айнан Саида?
- Қаёқдан билай? Қуриб кетгандек бошқаси ёқмайди.
- Чунки жуда қайсарсан. У ҳам шу. Озгина сабр қилиб, вақтинг келишини кут.
- Озгина ён берсачи, ўжар тентак.
- Унга ҳам осон тутма. Иккита акаси бор.
- Мени акалари билан ишим йўқ. Агар совчи қўйган пайтим ҳам шундай бўлса, шартта олиб қочиб кетаман. Агар, кўнгли мени деса, баҳоналарига қараб ўтирмайман. Уни мендан ҳеч ким айира олмайди.
- Ҳушёр бўл, дўстим, қалтис гаплар айтяпсан. Пешонага ёзилгани бўлади.
- Ўзим ўйиб ёзаман пешонасига.
Умар индамади. Ичида "оҳири баҳайр бўлсинда" деб қўйди.
🌺🌺🌺
Баҳор охирлаб қолганида Ҳайдар ака ва Очил ака ўртасида ер учун ўтказилган тендер туфайли катта келишмовчилик келиб чиқди.
Шу бўлди-ю, Саида Орифга умуман тутқич бермай қўйди. Чунки Ориф уни яхши кўришини эшитган отаси, онасидан "у оила билан ўлиб қолсам ҳам олди берди қилмаслигини" айттирди. Орифни отаси ҳам ўғлини яхшилаб пўстагини қоқиб, тайёрловга жўнатиб юборди. Аламини ўқишдан олиб юрган йигит, яна битта оғир зарбага учради.
Умар вафот этди. Ҳеч гапдан хабари йўқ Орифни, тоғаси ўқиш жойидан олиб қайтди. Ғамгин турган отасини кўриб ичига хавотир оралади.
- Ўғлим,- деди отаси жиддий гап айтишини сездириб, бир томоқ қириб олар экан,- Умар авария учраб касалхонага ётганди. Бугун бериб қўйдик...
Тасодифан эшитилган ўлим хабарини деярли ҳамма бир хил фойдаси йўқ саволлар билан қарши олади: "қанақасига", "нима учун" ,"бўлиши мумкин эмас", " нима деяётганингизни биласизми? "...
Орифга номаълум бир нарса алам қилар эди. Дўстлари билан "хабар бермадинглар" деб урушди. Хабар ололмаганига ич-этини еди. Умар билан қариндош бўлганлари учун, бирга ака-укадек катта бўлишган эди. Кайфияти яхши пайти йўқлаб бормасди-ю, бошига иш тушса олдига югурарди. Аксариятида айтганини қилмаса ҳам... Умарда кишига таскин берадиган қандайдир энергия бор эди.
Ўқишга топшириш ҳаяжонлари ҳам, кўп кўнгилга сиғмади. Мандат чиқиб, шартнома асосида ўқишга кирганини билгач, ўзига кела бошлади. Ҳаёт шу экан. Баъзи синовлар олдида инсон зотини қўлидан ҳеч иш келмас экан. Ориф ўқишга кирганига суюнишни ҳам, Саида билан ўрталаридаги муаммога куюнишини ҳам билмай қолди.
🌺🌺🌺
Саида йигитдан буткул юз ўгирди. Қиз ўқишга киролмагач, коллежда ўқийдиган укаси билан шаҳарга тайёрлов курсига қатнай бошлади. Орифни у билан боғланишга уриниши бесамар кетди. Саидани ўзи телефон ишлатмас, керак бўлиб қолса укасиникидан фойдаланарди. Бир икки марта қиз бола орқали укасидан телефонни Саидага беришига муваффақ бўлди-ю, қизни "мени тинч қўй" деган гапидан ҳафсаласи пир бўлди.
Бу ёқда ўқиш ҳам осон эмас экан. Икки қисмга бўлинган ўқув машғулотларига ўрганиш бошида қийин кечди. Соатлаб лекция тинглаш, лотин тилидаги атамалар, унга нотаниш янги билимлар. Қаттиққўл устоз-шифокорлар. Ориф ўзи орзу қилган ўқишга киргани учун, олдига қўйган, энг яхши шифокор бўлиш мақсадига эришишга, жон-жаҳди билан киришиб кетди. Саида билан боғлиқ ўй ҳаёллардан қутилиш учун ҳам шундай қилишга мажбур эди. Ориф қизни асло унутмоқчи эмасди. Шамсиддиндан Саидани суриштириб турарди. Отаси ўқишга киролмай қаттиқ тушкунликка тушиб қолган қизига "то ўқишга кирмагунингача топширасан, кўнглингни чўктирма" деб ваъда берибди. Демак бу Орифни фойдасига. Бу қайсар қиз ўқишга кирмагунча қўймайди. Отаси ҳам қизидан кам эмас, айтган лафзидан қайтмайди. Фақат Ориф сабр қилиши керак. Афсуски, энг қийини ҳам шу.
- Ҳеч бўлмаса телефондан ойда бир, гаплашса экан бу қиз,- деб қўярди жуда соғиниб кетган вақтлари.
Биринчи курснинг янги йил таътилига келганида, Саидани бор таниш билишини ишга солиб, йўлини тўсиб чиқди. Отасини Орифни оиласи ҳақида айтган гаплари ёдида турган Саида, уни кўриб ура қочмоқчи бўлди.
- Тўхта,- деди йигит қўлидан тутиб қолиб,- гаплашиб олайлик.
- Нимани гаплашамиз?!
- Мен уйимдагиларни кўндириб совчи қўйсам тегасанми?
Саида бир неча сония довдираганча Орифга термулиб қолди.
- Мени уйимдагилар бермайди,- деди паст овозда,- сени уйингдагилар ҳам кўнмайди.
- Мен кўндираман ҳаммани. Рози бўласанми?
Саида чуқур ўйловда қолганидан у у ёқдан, бу ёққа аланглашни ҳам тўхтатди.
- Озгина кутайлик...
- Уфф. Унда ҳар замонда бир бўлса ҳам қўнғироқ қилиб тур.
- Ориф, сенга пас кетиб бўлмайди,- деди Саида пойтахт ҳавоси ёқиб жуда ҳам келишган йигитга айланган Орифга ичи жизиллаб боқар экан- бирдан бошимга чиқиб оласан.
- Сенга ўхшаб юракка кириб ханжар билан пармалаётганим йўқ, зато.
-Сен қаердан биласан мени юрагимни,- Саида кўзи ёниб ўзига бир қадам яқинлашган йигитдан зип этиб ўтиб, нари қочди,- ҳаддингни бил.
- Ҳали ҳеч нарса қилмадим.
- Қилиб ҳам кўрчи,- Саида кўзларини қисиб, Орифга қўлларини бигиз қилди,- Сен шу ерда қол. Мен кетдим.
-Ҳали қараб тур,- деди қизни қораси кўринмай кетса ҳам жойидан жилмаган Ориф ,- ўзимники қилиб олай, қаёққа қочар экансан кейин..
Байрам ҳам таътимай ўқишга қайтди. Вақт ўтиб борар экан янги муҳит ва янги танишлар билан барибир чалғиди. У курсдошлари билан квартирада турарди. Тўрт киши бирга яшаб, ўқишга ҳам бирга бориб келишарди. Ичларида иккитаси анча "тажрибали" йигитлар бўлиб, Орифни ҳам ўзларига тезда оғдириб олишди. Уларга қўшилиб, кечаси санғийдиган одат чиқарди. Тўртинчилари, Орифдан икки ёш катта, Дилшод ва Жамшиддан бир ёш кичик, Мухтор қанча устидан кулишмасин уларга қўшилмасди.
- Қўявер у қурумсоқни,- дерди Дилшод.- одам ҳаётга бир марта келишини улар. Нуқул ҳаётдан завқ олишни эртага қўйиб, шу билан қариб- чириб кетишади. Ҳозир ўқишни битирай дейди, кейин ишга киришга пул йиғади. Энди қўли пул кўрганда уйлантириб қўйишади. Бу ёғига каша билан памперс ташиб юради.
- Қўйинглар кетдик,- деди Жамшид ҳам қўл силтаб.
Ориф азалдан бировдан кам бўлишни хоҳламайдиган йигит бўлгани учун тез орада "устозлар" идан ўтиб кетди.
Фақат баъзан Саидани соғинчи жонидан ўтиб кетарди. Бундай пайтлар, ичишга қўйган, икки стакан нормасидан ўтиб кетарди. Изидан бирон машмашани ҳам бошлаб қоларди.
Жуда ҳаддидан ошиб кетса, ўртоқлари бир муддат қўлига кола тутқазиб, ичгани қўйишмасди.
🔥♥️🔥♥️🔥♥️🔥♥️🔥♥️🔥♥️
Сизни дея тушиб келдик фазомиздан,
Ҳисларимиз қўшиқ бўлди баҳшиларга.
Эвазига бизга келди жазо сиздан,
Биз ёмонмиз, бердик сизни яхшиларга!
Қадрингизни бошимиздан баланд қўйдик,
Сизни ёмон деганларни "кўзин ўйдик".
Бугун эса, жабрингиздан чунон тўйдик,
Биз ёмонмиз, бердик сизни яхшиларга!
(Малика Тавфиқ)
- Бўлди энди қовоғингни оч,- деди Жамшид, "эски дарди" қўзиб, рақсга ҳам қўшилмай кола ичиб ўтирган Орифни туртиб.
-Кайфият йўқ.
- Қўй ўша қизни,- гап нимадалигини биладиган Жамшид энса қотирди,- ундан зўрлари билан таништириб қўяман... Воо ана биттаси, Катя, бери келчи.
Жамшид имо қилган қиз сочлари сариқ бўлса ҳам сира русга ўхшамасди.
- Салом...
- Салом,- қиз ростдан ўзбек экан. Эркаланиб қўл узатди.
Ўша куни Ориф ростдан анчагина чалғиди. Йўқ қалбидаги Саидага бўлган ишқ жойида эди. Фақат йигит деган сал бундоқ четлаши мумкин эканини ҳис этди. Дардини вақтинча "блоклаш" ни ўрганди... Яхшигина ўрганди. "Дугоналар" ортирди. Баъзан Саидани "шаҳардан биронтасини топиб олсанг, уялиб қолма гапларингга" дегани ёдига тушиб қўлларини мушт қиларди.
"Барига ўзинг айбдорсан" дерди ичида нотўғри қилаётган билсада, ўзини оқлаб. Нима қилсин? Ориф ҳам ялина-ялина чарчади. Уни йигит кўнгли бир севги истарди...
Кўнгли ҳаловат туймай ўтган биринчи курсни тугаллаб уйига қайтди. Қишлоққа қайтар экан, барига ечим топишни дилига тугиб қўйди. Бироқ Саидани тутиш учун бир нечта тўйни пойлашига тўғри келди. Шунақа пайтлар Гуллолани қадри ўтарди. Аммо ёрдам сўрай олмасди. Қиз буткул тушкунликка тушиб қолган. Бунақа нарсаларни сўрашни Ориф одамгарчиликка тўғри келмайди деб ҳисобларди. Ситорани усуллари эса ўтмай қолган. Изидан соядек юришдан бошқа иложи йўқ. Яхши ҳам тўйлар бор.
- Саида,- деди бир амаллаб қизни йўлини тўсган Ориф,- тўхта гапим бор.
- Ориф...,- тўйдаги мусиқа овозидан қизни гапини эшитмаса ҳам лабларидан ўқди исмини.
- Қалайсан?- негадир овози титради йигитни.
- Яхши... Акам келиб қолади.
- Шундай юраверамизми энди?
-Ориф, мен сенга ҳеч нарсани ваъда бера олмайман,- Саида атрофга аланглади.
- Саида...
Ориф қиз томонга бир қадам ташлаган ҳам эдики, ортларидан Баҳтиёрни қаҳрли овози эшитилди.
-Саида!
Саиданинг капалаги учиб кетди. Ориф эса бир оз тараддудланиб қолди. Ҳали бирон марта Саидани акалари билан тўқнаш келмаганди.
- Бу ерда нима қиляпсан?- синглисини ошиғини ёқасидан олди Баҳтиёр.
- Қўлингни торт,- деди Ориф иложи борича ўзини босиб.
- Ҳозир сенга кўрсатиб қўяман,- Баҳтиёр Орифга бир мушт ташлади,- ҳали мени синглимни йўлини тўсадиган бўлдингми?
Ориф иккинчи муштга ҳам жавоб қайтармади. Ҳозир қизишиб кетса, Саида билан келажаги тамом. Аммо Саидани акаси бу билан ҳам чегараланмай "онадан" бошлаб сўкишни бошлагач, Ориф ҳам чидолмади, Баҳтиёрни уриб юборди.
- Ака,- иккисига қўрқув билан қараб турган қиз бақириб юборди. Айни шу пайтда, яхшики, Орифни синфдошлари келиб қолди. Саидани тоғасини набираси бўлган Шамсиддин, Баҳтиёрни нари олиб кетди.
Рамзиддин Орифни олдини тўсди.
- Бекор қилибсан,- деди жанжал тугагач етиб келган Пўлат.
- Ҳаммаси жонимга тегди,- деди Ориф ҳеч кимни эшитишни истамай уйига йўл олар экан.
- Ҳа мажнун-а,- деб қўйди Отабек изидан.
Ориф уйига энг узоқ йўлдан қайтди. Кейин ҳовлисини айланди. Аммо юрагидаги ёпишиб олган ғашлик кетай демасди. Ярим тунда ҳонасига кириб туши билан ҳушини англаб-англамай тўлғониб чиқди.
- Юзингга нима қилди,- деди Рустам акаси соат 10 да нонушта қилгани чиққан укасига.
-Йиқилиб кетдим.
-Қайси йўлда йиқилдинг. Айт. Текислаб келамиз.
-Керакмас.
- Юравер унда. Билмадим икковинг кимга тортгансан. Биттанг "ўқимоқчи" деб, тайёр ишни пишитмайсан, биттанг бўлмаган ишга чопасан. Мен биронтани севай ҳам демабман. Ёш бошимга уйлантириб қўйишса кетаверибман.
Ўзи шундоқ ҳам калтак егани алам қилиб турган, Орифга бу гаплар яна ҳам оғир ботди. Ҳаммасидан ёмони яна мавҳумлик...
Ўқишга кетиш олди яна бир гаплашишга уринишни кўнглига тугиб қўйди. Саида учун еса ебдида калтак. Айни дамда бошқа ҳеч нарса қўлидан келмас эди. Аммо... Аммо ҳаммаси чаппасига кетди.
Саида ўқишга киролмади. Бундан оғири эса Баҳтиёр акаси " ўқишга ҳам ҳар нарсага чалғимаган одам киради" деб изза қилди дастурхон бўйида. Оиладаги ҳамма хабар топган тўйдаги воқеага шама қилиб. Саида ҳали ҳеч қачон бунчалик ўзини камситилган ҳис этмаганди. Аламидан йиғлаб уйига кириб кетиб тонггача йиғлаб чиқди.
Кўзига ҳаммадан кўп Ориф ёмон кўринди. Ич-ичидан узил-кесил қарорга келди. Ўқишга кирмас экан турмуш қуриш у ёқда турсин, биронта йигитни саломига алик олмайди. У қатъиятли қиз. Албатта сўзини устидан чиқади.
- Мени бутунлай тинч қўй. Ҳиқилдоғимга келдинг,- деди яна амаллаб қизни йўлини кесган йигитга.
- Саида...
- Бўлди Ориф. Ҳаммаси тугади. Мен сенга йўқ дедим. Чиқма йўлимдан.
- Сенга совчи қўймоқчиман,- кетмоқчи бўлган қизни тўхтатиш учун оғзидан шу гап чиқиб кетди Орифни.
- Оввора бўлиб ётма. Мен ўқишга кирмас эканман кимники бўлса ҳам, совчилар остонамни орзу килиб ётмасин.
- Ҳаммаси ўқишга киролмаганинг учунми ҳали? Битта ўқишга шунчами?
Бу беписанд гап ва оҳанг, қизни миясига қайноқ лава каби қуюлди.
- Ҳа. Энди ҳамма ҳам сендек ақлли эмас - да.
-Саида...
- Кет... Одам ҳам шу қадар без бўладими? Гадойга ҳам садақа берса кетади. Сенга даъво йўқ экан...
Ориф нега қизни йўлини тўсганди? Севган, кутган, сабр қилган, ўртанган, ёнган, соғинган, баридан чарчаган юрагини ҳамон қизга талпинаётган бир толасини арзини тинглаб келганди. Энди эса тамом. Ўзига, кўзига сира таниш бўлмаган совуқ нигоҳ қадаб турган қизни кўзларига қараб дона- дона қилиб деди:
- Шундайми?!
- Шундай. Афтингни кўришни ҳам ҳоҳламайман.
Ориф миясига қон "тепиб" бир неча сония қараб туриб, кейин алам билан деди:
- Сени севган кунимга минг ланат. Кўришни истамасанг мени ҳам юзингга қарамаганим бўлсин.
- Кетсанг ундан нарига...
Тамом. Саида қаттиқ тугулган мушти билан кўзидан оққан ёшини сидирди. "Мен ўқишга киришим керак. Киришим шарт. Менга бошқа нарса, ҳозир қизиқ эмас" дерди ўзига ўзи. Ориф эса ҳаёлидаги "етар энди, бошқа ялинмайман" деган ўй таъсирида қўлини силтаб-силтаб қўярди...
Кундузлар кечага айланиб қолди,
Яна бошимизга югурди тўфон.
Сендан айрилдиму... Сен билан қолдим -Ёмон.
Ёмон! Яшаш менгзар босинқирашга,
Кўзингда ёш йўқдир йиғламоқ бўлсанг.
Юракни отсангу қирғин талошга -
Ўлсанг.
Ўлсанг!...Шундай ўлсанг..Шу қадар ўлсанг,
Дунёда қолмаса бир тола сезгинг.
...Фақат бош тортса бас сени кўмишдан
Севгинг.
(Усмон Азим)
ДАВОМИ БОР...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев