7-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Ҳайронман. Лекин... – Раҳима хола йиғлаб юборади. – Менинг Усмон билан Нисони кўргим келяпти. Гулифорниям...
- Борамиз... Кўрамиз...
- Юринг... – Раҳима хола дарвоза томон шошади.
Жамол ота ҳайрон қарайди:
- Пиёда бормоқчимисан? Чарчаб қоласан, чиқ машинага.
- Эсим қурсин, нима қилаётганимни билмай ҳам қолдим, - Раҳима хола машина томон келади.
Иккаласи ўтириб, Умарнинг уйига йўл олади.
* * *
Шаҳар. Умар ўтирган машина ташқи томони ойнаванд бўлган бино ёнига келиб тўхтайди. Умар машинадан тушиб, бино томон шошиб киради. Тўғри ресепшн ёнига келади. Ресепшнда турган қиз унга улама киприкларини пирпиратиб қарайди:
- Ассалому алайкум!
- Ва алайкум ассалом, шартнома олиб келгандим, - дейди Умар қўлидаги қоғозга ишора қилиб.
Қиз қоғоздан ҳам кўра, Умарга тикилиб жавоб беради.
- Раҳбаримиз масжлис қилаётгандилар. Диванда ўтириб туринг.
Умар индамай сал наридаги диванга ўтиради. Қиз эса яна Умарга қарайди:
- Нима ичасиз: сув, чой, кофе...
- Раҳмат, ҳеч нарса керакмас... – бепарво қўлидаги қоғозга тикилади Умар.
- Пойтахтдан келганми нима бало, тумшуғи осмонда, - минғирлаб қўяди қиз.
- А? – унга қарайди Умар.
- Исми-шарифингизни айтинг, рўйхатга олиб қўяй, - қиз гапни буради.
- Исмим Умар...
- Мен Зийнатман! – жилмаяди қиз.
Умар ҳайрон бўлади:
- Ҳакимов Умар Жамолович! Шартнома олиб келдим.
- Ҳа-я... – қиз дафтарига ёза бошлайди. – Ҳалиги... Асли исмим Зайнаб. Лекин Зийнат деб ҳам чақиришади. Шу исм ўзимга ёқади.
Умар барибир унинг қилиғини тушунмайди: танишишни истадими, ё эътибор тортишни?..
- Тушундим, - дейди жиддий туриб Умар. – Танишганмдан хурсандман, Зайнаб.
Зайнабнинг энсаси қотиб кетади.
* * *
Умарнинг уйи. Жамол ота билан Раҳима хола дарвозадан кириб келади. Ҳовлида Усмон ўйнаб ўтирибди. Бувиси ва бобосини кўриб қичқириб юборади.
- Бувииии, бобоооо! – югуриб бориб ўзини Раҳима хола бағрига отади.
Раҳима хола йиғлаб юборади:
- Болам, Усмоним, қўзичоғим...
Неварасининг юз-кўзидан ўпаркан холанинг кўзларидан дув-дув ёш оқади.
- Сени соғиниб кетдим, болажоним.
- Менгаям кел-чи, тойчоқ! – Жамол ота ҳам неварасига қўл чўзади.
Болакай энди бобосининг қучоғига отилади. Жамол ота неварасини кўтариб уй томон одимлайди.
* * *
Гулифор ва Нисо хонада ўтирибди. Ташқаридан бобоси ва бувисининг овозини эшитиб Нисо эшикка отилади:
- Бувииии!
Гулифорнинг бирдан юзига мунг чўкади.
Қовоғи осилади. Паришон ҳолда ўзига ўзи дейди:
- Ўзимни қўлга олишим керак. Қайнота ва қайнонамда айб йўқ. Улар бизни айиришни истамаганди. Ҳаммасини Маҳфуза опам қилди...
Шу пайт эшикдан Усмонни кўтариб олган Жамол ота кириб келади. Ортидан Нисони етаклаган Раҳима хола кўринади.
- Ассалому алайкум, - беихтиёр қўлини кўксига қўяди Гулифор.
- Волайкум, - вазмин алик олади Жамол ота.
- Ва алайкум ассалом, - асли кўнгли бўш Раҳима холанинг яна овози титраб кўзларида ёш айланади. – Келин яхшимисиз?
- Яхши, ўзларингиз яхшими? Ўтиринг дада, ўтиринг ойи...
Гулифорнинг рўпарасига тўшалган кўрпачага Жамол ота ва Раҳима хола кетма-кет ўтиради. Раҳима хола Гулифорга қарай олмайди.
- Нисо, опангга айт, бувимлар келишди, де, - Гулифор Нисога имо қилади.
- Хўп, ойижон, - деб Нисо чиқиб кетади.
Шу билан на Гулифор, на Жамол ота, на Раҳима хола гапиради. Орага ўлик сукунат чўкади. Улар орасидаги хижолатли, оғир жимликни хонага ийманибгина кириб келган Меҳрона бузади:
- Ассалому алайкум!
Гулифор унга ялт этиб қарайди ва қотиб қолади.
* * *
Умар ишдан қайтяпти. Хомуш. Ҳамиднинг дўкони ёнида тўхтайди.
- Ассаломалайкум, ака, бир кило гўшт беринг.
Ҳамиднинг уни кўриб чеҳраси очилиб кетади:
- Э-э-э, куёвбола! Волайкум. Қўшни бўла туриб кўришмаймиз-е-ей! Қалай энди? Гулифор ҳам келганмиш. Иккита хотин билан а-а-а?
Умар хўрсинади. Ҳамидга ўйчан тикилади.
- Ифорга мен кет, демагандим. Ўзи кетганди. Менимча, тўйни кўришни истамаган. Индамай кетганди, тўй ўтгач, яна индамай келди.
- Э-э-э, шунга сиқилиб юрибсанми? Ўрганиб кетади. Уни қанчалар яхши кўрардинг. Билади-ку, ҳаммасини. Қизинг туғилганда қўрққанинг эсингдами? Менинг кўз олдимда қолиб кетгансан...
Умар жилмаяди. Хомуш чеҳрасига жилмайиш зўракидек кўринади. Ўйга толади.
* * *
Умарнинг хотираси.
- Нима дединг, бошланди, дедингми?
Умар ва Гулифор ётоқхона каравотида ўтирибди. Гулифор ҳомиладор. Оғриқдан белини ушлаб олган, юзи буришиб кетади:
- Ҳа, бошланди. Туғаман, шекилли.
Умарнинг жилмайиб турган юзида аста-секин қўрқув пайдо бўлади. Ваҳима билан гапиради.
- Туғасан... Эй Худо, қанақа туғасан? Қанақ қилиб туғасан, жонинг оғрийди...
Гулифор белини ушлаб инграйди. Умар ўрнидан ирғиб туради, юзидаги қўрқув яна кучаяди.
- Қанақ қип туғасан-а, Ифор? Қийналасан-ку! Ўзи шунча пайт ухлолмаётгандинг. Энди эса, туғиш... Эй, Худо-о-о!
Умар яна ваҳима билан каравотга ўтириб олади. Гулифор унга ҳайрон бўлиб қарайди:
- Нега ўтириб олдингиз? Аййй...
У белини ушлаб додлай бошланди:
- Вой-дод, бўлинг тез.
- Эй Худо, энди нима қиламиз? Қанақ қилиб туғасан, а? Энди нима қиламан?
Гулифорнинг жаҳли чиқиб кетади. Бақириб юборади:
- Туғиш билан сизнинг ишингиз бўлмасин, ўзим туғаман! Сиз машина олиб келинг, туғруқхонага боришимиз керак-ку...
Умар бирдан ўзига келади. “Ҳа-а” дейди-ю, ўрнидан туриб, югуради. Югургилаб эшикнинг ёнига келади, шошганидан оёқ кийимини киёлмайди. Оғзи тинмайди:
- Туғади, қанақ қилиб туғади? Жони оғрийди, қийналади. Уф-ф!
Умар битта оёқ кийимини кияди, биттасини киймай югуради. Дарвозадан чиқиб қўшниси Ҳамидникига боради:
- Қандай туғади-я! Ҳамид ака, Ҳамид ака... Бошланди, чиқинг ака...
Ичкаридан Раънонинг овози эшитилади:
- Ким у?
Раъно югуриб чиқади. Орқасидан Ҳамид уйқусираб чиқади. Умар бир аҳволда.
- Бошланди, янга. Гулифорники бошланди. Қандай туғади, энди? Уф-ф-ф!
- Вой, дадаси машинани қўшинг... – дейди Раъно.
Умар ўтириб қолади.
Ҳамидга нажот билан қарайди:
- Қўрқиб кетяпман, ака. Қанақ қип туғади? Ўлиб қолса-чи?
Ҳамид кулиб юборади. Машинаси томон югураркан, гапиради:
- Қўрқма ука. Аёлларнинг жони қаттиқ бўлади... Аҳволингни қара. Худди ўзинг туғадигандек, қалтирайсан-а?
* * *
Умар хотира таъсирида жилмайиб турибди. Ҳамид бир кило гўштни Умарга тутқазади. Умар ўйчан кетади.
Ҳамид орқасидан гапириб қолади:
- Қовоғингни очиб юр, ука. Иккита хотини бордек, керилиб юрсанг-чи! Эҳ, иккита хотинга етишолмаганлар қанча? Сеники ўзи келиб ўтирибди, уйингга. Бахт-ку, бу бахт!
* * *
Маҳалла фуқаролар йиғини биноси. Оддийгина хона. Маҳалла раиси – Фотима опа ва унинг рўпарасида Раъно ўтирибди. Раънонинг кайфияти йўқ. Куйиниб гапиряпти:
- Қонундаям мумкинмас-ку, опа. Кўриб кўрмасликка оляпсизми? “Участкавой”ни юборинг, ё Гулифор уйига кетсин, ё анув келинчак. Бу ҳамма эркакларга таъсир қилади. Ўзингизга ҳам гап тегади.
- Ўзи ростдан ҳам иккаласи битта уйдами? – ишонқирамай сўрайди Фотима опа.
- Ҳа, менинг ён қўшним-ку, ўзим кўрдим-ку!
- Келишиб яшаётган бўлса, яшайверсин.
- Қизиқмисиз, опа? Қонунимизда иккихотинлик таъқиқланган. Бошингиз билан жавоб берасиз, тепага етиб борса. Ўзи менинг эримга ўхшаганларга таъсир қилишни бошлади. Хотин қидиряпти. Эрта бошқа эркакларнинг ҳам кўнгли иккинчи хотинни тусайди, оилалар бузилади. Жавоб берасизми?
- Раъно, ўзингни бос, - босиқлик билан тушунтиради маҳалла раисаси. - Умарнинг вазиятида ҳеч кимнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Менам ҳеч нарса қилолмайман.
- Нега? – ҳайрон бўлади Раъно.
- Гулифор билан қонунан ажрашишга ариза берган. Улар ажрашяпти. Бу хотини билан “ЗАГС”дан ҳали ўтмаган. Бундай олиб қараса, қонунан иккови ҳам хотини эмас! Қўлимдан нима келади, менинг? Бунинг устига уларнинг ўзи шикоят ҳам қилаётгани йўқ!
Раъно ҳайрон бўлиб, анграйиб қолади:
- Йўғ-еее!
* * *
Гулифорнинг ота уйи. Ҳовлига сув сепилган. Супада Гулнор опа хола, келини Саида, Мурод ва унинг иккита ўғли ўтирибди.
Саиданинг олдида овқат ичиб бўлинган бўш косалар тахлаб қўйилган. Саиданинг ўзи чой қуйиб эрига, қайнонасига узатади. Кейин косаларни олиб туриб кетади.
- Гулифор нима қилаётган экан? – хавотир билан ўзига ўзи гапиргандек дейди Гулнор опа.
- Ўтиргандир... – телефонидан кўз узмай жавоб беради Мурод.
- Боришга юрагим бўлмаяпти. Хаёлимда... онанинг кўнгли душман-да. Кундоши билан тинмай уришиб ётгандай... Кундоши уни ураётгандай...
Мурод ўзини ўзи тута олмай, қаҳ-қаҳ отади:
- Қизиқсиз-а, ойи? Гулифор ўзини урдириб қўярмиди? Телефон қилмадингизми?
- Юрак йўқ, шунгаям...
- Мен туш пайти гаплашгандим. Кайфияти яхши эди. Ҳеч кундоши билан уришганга ўхшамади.
- Шундай бўлсин-е-ей!
* * *
Тун. Гулифор ётган хона. Гулифорнинг бироз кайфияти яхши. Ёнида болалари ётибди. Гулифор хаёлга толган:
- Тавба, Умар бу қизга қандай уйланди экан? Қошини ҳам термабди. Қоши ҳам майли, мўйловлари ҳам борми-ей! Тўйдан олдин салонга бормаганми, нима бало? Бўянмабди, ҳам.
Гулифорнинг юзига табассум югуради. Бўйнини чўзиб яна деворга қулоқ тутади. Яна ўзига ўзи гапирган бўлади:
- Умарга ҳам қийин. Шунақа хунук қизни қучоғида олиб ётишнинг ўзи бўладими? Тавбааа. Бунақа тадбир фақат Маҳфуза опамнинг қўлидан келади.
Ғира-ширада ҳам Гулифорнинг қалбидаги мамнунлик ва қувонч юзига балқиб чиққани сезилади.
- Мен Маҳфуза опамни ёмон кўриб юрибман. Қайнопам жуда ақлли! - ўзига ўзи дейди аёл. - Умар бу қизни ҳаётда севиб қолмайди. Мен Умарнинг муҳаббати бўлиб қолавераман. Бу қиз эса... бизнинг оиламизга хизматчи бўлади...
Гулифор ўзининг ўйларидан хурсанд бўлиб кетади. Кейин яна бирдан хомуш тортади:
- Агар Умар бу қизга қарамаётган, яхши гапирмаётган бўлса... бу қиз... кетиб қолиши керак эди. Кейин... улар... битта хонада-ку! У қиз хунукроқ бўлса ҳам, барибир қиз бола, туғмаган, қоматлари чиройли... Шунинг учун Умар мендан совуган, шунинг учун бир марта ҳам ёнимга кирмади... Мени ёмон кўриб қоляпти...
Гулифорнинг бирдан авзойи бузилади. Ўзини ёстиққа ташлайди ва чойшабни юзига ёпиб йиғлай бошлайди.
* * *
Тун. Умар ширин ухлаб ётибди. Ёнида унга термулганча Меҳрона ётибди. У ўз хаёллари билан банд .
- Гулифор опа жуда чиройли экан. “Чиройли” сўзининг ўзи у кишининг ҳуснига камлик қилади. Гўзал, бетакрор, соҳибжамол, париваш... шунақа кўп таърифларни айтсам, сал ҳуснига тўғрироқ баҳо берган бўламан. Бундай гўзал аёлни унутиш осон эмас. Ойим тўғри айтганлар, Умар акага осон эмас. Бундай гўзал аёлни бирдан унутиб бўлмайди. У кишининг дардига малҳам бўлишим керак. Умар ака, менинг кўнглимга қараб, Гулифор опанинг ёнига кирмаяпти, ҳам. Менам у кишини хурсанд қиладиган ишлар қилишим, болаларига яхши гапиришим керак...
Меҳрона Умарга яна бир карра меҳр билан қарайди ва кўзларини юмади.
* * *
Гўшт дўкони. Арилар осилган гўшт атрофида “визиллаб” учади. Ҳамид қассоб ўтирганча илжайиб телефонда гаплашяпти:
- Хотиним бўлса нима бўпти, жонидан?! Ҳозир иккинчи хотин олишга рухсат бор. Ана ён қўшним иккинчисига уйланди. Менам совчи юбораман, қарабсизки, тўйда...
Нариги томондан аёл кишининг нозли овози эшитилади:
- Ҳали мен рози бўлдимми?
- Рози бўлишингиз учун нима қилай? Айтинг... Шаҳардан уй, машина... ё... қишлоқда яшашни хоҳлайсизми?
- Молпараст эмасман.
- Яшанг... Ҳалиям битта расмингизни қизғандингиз-а? Телеграмдан отворинг... Ҳусну жамолингизни бир кўрай...
- Топиб олган гапингиз шу... – нозланади аёл.
- Кўргим келяпти-да... Гаплашаётган одамим қанақалигини билишим керак-ку! Имодан телефон қилсам, камерани ёпиб олсангиз...
- Уяламан-да...
- Вай уялсангиз Ҳамид акангиз қурбон бўлсин! Биттагина расм асалим...
- Вой, ойим келиб қолди, Ҳамид ака бўпти...
Алоқа узилади. Ҳамиднинг ичи қизийди:
- Оббо, энди гап қизиганда қайнонам келиб қолганини...
Қассоб ўзининг гапидан ўзи наша қилиб кулади.
* * *
Тонг. Умарнинг уйи. Меҳрона ҳовли супуриб юрибди. Ҳовлидаги дарахтлар тагини ҳам супура бошлайди. Кичкинагина анжир дарахти тагини супураётиб, олтиндек товланиб турган уч жойда турган мевасига кўзи тушади.
- Вой, анжир пишибди, - дейди беихтиёр.
Супургисини қўйиб, пишиб турган уч дона мевани узиб олади ва сал наридаги кранга олиб бориб ювади. Энди оғзига олиб борганида бирдан тўхтайди. Ўйга толади.
- Бу дарахтни Умар ака, болалари учун эккан-ку, - ўйлайди у. – Ҳали кичкинагина дарахт экан. Биринчи меваси бўлса керак. Болалари еяқолсин...
Меҳрона шундай деб анжир мевасини кранни ўраб турган ҳовузча четига қўяди. Ўзи эса яна дарахтлар тагини тозалашга киришиб кетади.
Сал ўтмай уйдан Нисо уйқусираб чиқади. Меҳрона унга қараб жилмаяди:
- Турдингми?
Нисо бош ирғайди.
- Юзингни кранга юв, - ишора қилади Меҳрона. - Кейин ўша ердаги анжирларни олиб кириб кет. Ойингга “Ўзимизнинг анжир пишибди”, де. Ювиб қўйганман.
* * *
Гулифор ётган хона. У ўтирибди. Усмон ёнида ухлаб ётибди. Гулифор ташқарига қулоқ тутиб ўтирибди. Меҳрона ва Нисонинг овози эшитилиб турибди.
- Опа, анжир учтагина экан. Ўзингиз едингизми? – Нисонинг жавоб бергани эшитилади.
- Мен кейинги пишганда ерман. Бу ойингга, сенга, укангга... – Меҳронанинг ҳам овози аниқ эшитилади.
Гулифор ғалати бўлади. Ўйланиб қолади. Шу пайт Нисо қўлида уч дона анжир кўтариб кириб келади:
- Ойи, қаранг анжиримиз пишибди.
Гулифор анжирларни қўлига олади. Айлантириб қарайди. Қулт этиб ютинади. Кейин Нисога қараб гапиради:
- Опанг жуда яхши экан... Ўзи емай, бизга берди. Еб қўйса ҳам билмасдик-ку!
Нисо кулади.
- Сизлар бир-бирингизни кўрмаган бўлсангиз ҳам яхши кўрасиз, - бидирлайди қизалоқ. - Опам ҳам доим ойинг жуда яхши аёл дейди. Одамлар яхши дейди, лекин одамлар айтганидан ҳам яхши, ойинг дейди.
Гулифор Нисога қарайди. Кўзлари чақнайди. Жилмаяди.
- Сен жойларингни йиғ. Кейин опанг чой тайёрлаганда, олиб кир олдимга. Анжирни бирга еймиз.
- Хўп.
Нисо ўзи ётган кўрпачаларни йиға бошлайди.
* * *
Шаҳар. Офис. Умар яна Зайнабнинг ёнида турибди. Зайнаб уни зимдан кузатяпти. Умарнинг икки кўзи бошлиқнинг эшигида.
- Қабулида ким бор?
- Сизга рақобатчи фирма. Ё сизнинг, ё унинг фирмаси билан шартнома имзолайдилар.
- Мен кеча имзолатиб кетдим-ку, - ҳайрон бўлади Умар.
- Ҳааа, демак сизнинг омадингиз чопибди. Бирга ишларканмиз-да, энди.
- Билмадим, мен туманда ишлайман-ку.
- Шаҳардан филиал очилса, тумандан бошлиқ бўлиб сиз келаркансиз... Менам бўламан, барибир...
Умарнинг кўзлари катта-катта бўлади:
- Буларни сиз қаердан биласиз?
- Ҳамма ҳужжатлар менинг қўлимдан ўтади-ку, - гердайиб қўяди Зайнаб. – Кеча филиалга раҳбар тайинлаш бўйича протокол тузилди. Лекин жа ишониб қолманг. Номзодлар кўп. Орасида сизам бор, демоқчиман.
- Яхши, - хурсанд бўлишини ҳам, хафа бўлишини ҳам билмайди Умар.
- Умар Жамолович, уйланганмисиз? - кутилмаганда савол беради Зайнаб.
- Ҳа, иккита болам ҳам бор, - ҳайрон бўлади Умар. – Нега сўраяпсиз?
- Ўта жиддийсиз-да. Жиддийлигингиздан оиласи борга ўхшайсиз. Кўринишингиздан бўйдоққа ўхшайсиз.
Умар сал жилмайган бўлади:
- Раҳмат.
Шу пайт ресепшдаги ички телефон жиринглайди.
- Ало? – нозланиб дейди Зайнаб. – Ҳа, келганлар. Кирсинларми?
Зайнаб Умарга имо қилади:
- Умар Жамолович кираркансиз...
Умар раҳбарнинг хонаси томон одимлайди.
* * *
Гулифор ётган хона. Дастурхон тўшалган. Гулифор, Нисо, Усмон, Меҳрона ўтирибди. Меҳрона ерга қараб ўтирибди. Гулифор унга зимдан қарайди. Лаблари устидаги сезилар-сезилмас мўйловига қараб қош чимириб қўяди.
- Анжирнинг биттасини олинг, - дейди Гулифор тетик. - Мен Нисо билан бўлишиб ея қоламан.
Меҳрона Гулифорга қарайди. Қошларига, кўзларига, юзларига қарайди. Кейин секин гапиради:
- Нисо ва Усмон биттадан еяверсин. Иккаламиз бўлиша қоламиз.
Гулифор жилмаяди. Меҳрона унинг юзига ҳавас билан тикилиб қолади:
- Жудаям чиройли экансиз...
Гулифор кулади.
- Ростдан... Кечаям кўрганимда ҳавасим кетганди. Кинолардаги аёлларга ўхшайсиз... – ҳавас билан дейди Меҳрона.
Гулифор яна кулади. Анжирнинг бирини қизига, бирини ўғлига беради. Битта бўлиб, ярмини Меҳронага узатади:
- Олинг... Сизни... “Сен” десам майлими?
Меҳрона жилмаяди:
- Майли.
- Исминг нима эди?
- Меҳронаман.
- Эсда қолиши қийин экан.
Меҳрона кулади.
* * *
Гулнор опа ҳовлида, дарахтнинг соясида паришон ўтирибди. Ёнида иккита ўғил невараси ўйнамоқда. Гулнор опанинг қўлида телефон. Экранда “Гулифор” деган ёзув турибди. Гулнор опа термоқчи бўлиб, бармоғини олиб боради, яна бармоғини тортади. Хўрсинади, уф тортади.
* * *
Токзор. Саид узумларга қараб юрибди. Узоқдан келаётган трактор овозини эшитиб ва осмонга ўрлаган оппоқ чангнинг кўриб, Саид хўрсинади. Ўзига ўзи пичирлаб қўяди:
- Опа келяпти... Ҳаммасини айтишим керак...
Орадан хиёл вақт ўтмай Маҳфузанинг трактори Саиднинг ёнгинасига келиб тўхтайди.
- Ассалому алайкум, Саид ака, - тракторидан сакраб тушаркан, салом беради Маҳфуза.
- Ассалом, - Саид биринчи салом бера олмаганидан шошиб қолади. – Яхшимисиз?
- Яхши ака. Ўзингиз, қуда опа яхшими?
- Яхшимиз, шукр...
- Кишмишни ҳаммаси терилди, а?
- Ҳм, терилди...
- Меҳрона билан гаплашиб турибсизми? - узумзордан кўз узмай сўрайди Маҳфуза. – Кайфияти яхшими?
Давоми бор
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев