Ташландиқ (якуний)
Лола гарчи хайдовчига секинроқ юринг деган бўлса хам, юраги шунчалар тез ошиқардики, имкон бўлса ушдек учиб кетса. Пўллатжони тезроқ кўрса, бағрига босса.
Сабр қил Лола, оз қолди.жудаям оз қолди, хадемай яқинларинг бағрида бўласан. Мана, довондан пастга туша бошладилар. Олдинда йўлни қорамтир қор қоплаган. Лола аввалига бу қор нега қорамтир– жигарранг деб хайрон бўлаётганди. Ёнидагилардан бири айтиб қолди, йўлга туз сепишаркан. Қор тезроқ эриярмиш шунда.
Лола бошини орқа суянчиққа ташлаб кўзларини юмди. Ётиб –ётиб кўзи илинибди. Бир пайт машина тўхтаганда уйғониб кетди.
–Нима гап?–хайрон бўлиб сўради у.
–Овқатланволинглар,–деди хайдовчи.–Мен унгача машинани кўриб тураман.
–Кетавермаймизми?–деди Лола. У қорни очқаганини хам сезгани йўқ эди.
–Опа, сизлар овқатлангунча машинани устага кўрсатиб оламан. Кутилмаганда айби чиқиб қолди. Техника эканда энди. Сиз хавотир олманг, овқатланиб чиққунларизча мен гижинглаган тойдек кишнатиб қўяман.
Лола ноилож хамрохлари билан ошхонага йўл олди. Улар ярим соатча вақт ўтиб қайтиб чиқишганда хайдовчи ва бир нотаниш йигит машина мотори устига энкайиб олганча куймаланиб туришарди.
–Хозир тайёр бўлади,–синиққина жилмайиб қўйди хайдовчи.–Энг мухими айбини топдик. Энди даволасак бўлди, тўғрими уста ака?
–Тўғри,–бош кўтармай тасдиқлаб қўйди уста.
Хайдовчининг “хозир бўламиз” дегани уч соатга чўзилиб кетди. Носоз қисм ўрнига янги эхтиёт қисм қўйиш керак экан. Бу эхтиёт қисмни эса икки соатда олиб келишди.
Нихоят соат учларда йўлга тушишди. Хайдовчи энди машинани секинроқ хайдар, олдига ўтириб олган йўловчи эса тезроқ юришга чорларди.
–Ака, шошиб нима қиламиз, йўллар музлама бўлса... Борамизда ўша уйга. Бир соат олдин бўлмаса бир соат кейин.
–Ука, соат бешда қоронғу тушади. Ёруғ пайти етиб борганга нима етсин.–норози пўнғиллади йўловчи.
–Қоронғу тушгунча хам етиб боролмаймизми?–Хавотир билан сўради Лола.–Мен манзилимни қандай топаман унда, биринчи марта келишим?
–Қўрқманг опа, сизни ўзингиз айтган манзилга етказиб қўйсам бўлдими?
Лола ичида “уфф” тортгача жим қолди. Тошкентдан чиқишда газни аямай босаётган хайдовчи, довондан тушган сари тезликни камайтириб борарди.
Лола шундай яхши кунда асабини бузмаслик учун, бошқа нарсаларни ўйлашга уриниб кўрди. Ростда, хадеб хайдовчини шоширгандан нима наф, унга қолса ўзи хам тезроқ уйига боргиси келадику.
Лола бир амаллаб ўзини босиб олди. Яхшиси, кўрмаган жойларини томоша қилиб кетгани яхши экан. У то Данғарага етгунча ташқарини томоша қилиб кетди. Данғарага етишганда эса қиш оқшоми тезгина ўрнини тунга бўшатиб берди. Хайдовчи салондаги йўловчиларни манзилларига тарқатиб, охирида Лола билан қолди.
–Мана опа, энди сизни хам уйингизга обориб қўяман. Диққат бўлмаяпсизми?
–Ўтиб кетти укам, соғ–омон етказсангиз бўлди.
Тунги соат тўққизларда машина Улуғбекнинг дарвозаси олдига келиб тўхтади.
–Сигнал чалманг ука!–яна бир марта огохлантирди Лола.–Мана пулингиз, катта рахмат сизга.
–Хўп опам, рози бўлинг,–хайдовчи шошиб пулни санай бошлади.
Лола икки қўлида сумка билан дарвозага яқинлашди. Эх, бу юрак, бунча дуккулламаса а? Гўё дарвозани муштлаётгандек урадия!
Лола чуқур нафас олди–да, ховлига қадам босди. Бир пайтлар Турғун ака яшаган уйда чироқ ёниқ экан, деразадан чиқарилган печка трубасидан кўмир хидига тўйинган тутун чиқиб турарди.
–Мана менинг уйим!–Лола атрофга тезгина кўз югуртириб чиқди.–Эрим думалаб катта бўлган, ўғлим чопиб юрган ховли...
Лола бироз хаяжонини босиб олгач, аста эшикка яқинлашиб қулоқ солди. Жимлик. Аста эшикни қиялатиб очди. Шундоққина рўпарасида “Марғилон” печкаси чўғдек қизиб турарди. Аёл овозсиз кириб, қўлидагиларни эшик ёнига суяб қўйди. У ичкаридаги манзарани кўриб бир зум жойида энтикканча туриб қолди. Эри хона тўрида осмонга қараб ётар, қучоғида эса Пўлатжон бор эди. Бола хар кунги одатича, дадасининг бўйнидан махкам қучиб олган, юзини дадасининг юзига босганча пишшиллаб нафас оларди.
Лола уст кийимини ечиб, эшик ортидаги илгакка илди. Кейин товуш чиқармай уларга яқинлашди. Уларнинг оёқ томонига чўкиб, бир нафас томоша қилди. Кейин эса ўғлининг майин сочарини тарай бошлади. Пўлатжон уйқуси ичида хам бу харака
тни сезиб безовталанди. Лекин кўзини очмади, нариги ёнбошига ағдарилиб олди.
Лола шундан сўнг кафтини эрининг юзига қўйди. Улуғбек буни сезмади. ФАқат, кимдир юзини мехр билан силаётгандагина бироз хушёр тортди. Хушига қайтаркан бурнига таниш атир хиди урилди. Ха, бу “ўша” атиргул ифорини берувчи, Лола ёқтирган атир.
Йигит хайрон бўлиб кўзини очди. Лола тезгина бармоғини эрининг лабларига босиб “жим” ишорасини қилди.
Улуғбек хотинининг қўлларидан ушлаб, бағрига тортди.
–Келдингми?!–деди унинг қулоқларини аста тишларкан.
–Келдим бегим!–шивирлади Лола хам унинг елкаларидан қучаркан.–Пўлатжонни уйғотинг!
–Шошма,–деди Улуғбек.–Улгурамиз!
***
Наврўз куни эрта тонгда бироз булут келиб, қуёшни тўсишга урингандек бўлдию, кейин кун чарақлаб кетди. Бу холат тўй эгаларини хам хурсанд қилиб юборди.
Тонг сахардан Улуғбек мехмон кутиш билан овора. Лола эса ёш келинлардек чаққонлик билан хизмат қилиб юрарди. Аммо, хар қанча чопмасин, чарчаганини сезмас, оёқлари ердан қувват оларди гўё. Негаям чарчасин, ахир бугун ўғли Пўлатжоонинг хатна тўйи бўляптику.
Эрталабки “нонушта”га бутун қишлоқ ахлини чақиришганди. Соат тўққизларга бориб, “нонушта”га келиб кетувчилар хам сийраклаб қолди. Соат ўнга махалла аёллари учун базм белгиланганди. Қўни– қўшнилар биргаликда столларни бошқатдан ноз–неъматга
Тўлдира бошладилар.
Улуғбек кўчада қўшнилари билан мехмонларга “хуш келибсизлар” деб қўл қовуштириб турарди. Қараса Фотима ая қизи ва кичик набираси билан катта саватни бошига қўйганча яқинлашиб келаяпти. Ёнидаги қўшни болага Лолани чақиришни тайинлаб, ўзи келувчиларни кутиб олиш учун уларга пешвоз юрди.
–Тўйлар муборак ўғлим!–Фотима ая Улуғбекни елкасига қоқди.–Тўй болани умри узун бўлсин!
–Рахмат ая, рахмат. Яхши кеволдингизми? Қани, ичкарига мархамат. Мана, келинингиз хам чиқиб қолди,–Лолага имо қилди у.
Фотима ая Лолани бағрига босиб, икки юзидан ўпиб кўришди. Фотима ая Лола билан кўришаётганда қизи аясининг қулоғига шивирлаб қўйди.
–Яхши эслатдинг қизим,–у қизини маъқуллаб қўйди.–Янги келинга “кўрмана” атаганим бор. Қани, келинпошша қулоғингизни тутинг!
Фотима ая тезда ўз қулоқларидан ёқут кўзли тилла сирғаларини еча бошлади.
–Вой, бу нима қилганингиз аяжон? Қўйинг!–Лола хижолат бўлиб эрига қаради. Улуғбек эса, “майли индама” дегандек кўз қисиб қўйди.
–Нега қўярканман болам,–Фотима ая сирғаларни Лолага тақа бошлади.–Янги келинга “кўрмана” бериладида жон болам!
–Рахмат аяжон, умрингиз зиёда бўлсин! Қани, энди юринглар ичкарига. Опа, қўлингиздаги саватни менга берақолинг!–Лола қизининг қўлидан саватни олиб, ичкарига йўл бошларкан ортида турган Пўлатжонга урилиб кетаёзди.
Фотима ая ўзига қараб келаётган болаларни кўриб, тўхтаб қолди. КУёвлардек кийинган Пўлатжон икки томонида худди келинлардек оппоқ кийинган икки қизни етаклаб келарди. Икки қадам қолганида эса Фотима аяга қараб чопдида, қучоғига ўзини отди.
–Бувижон мен уйланяппан!–деди у хурсанд холда.
–Вой мени тойчоғим, кап–катта йигит бўлиб, уйланадиган хам бўлиптию. Яшасин, куёв болам!–у болани икки юзидан ўпиб қўйди.–Келинлар иккитами тойчоғим?
–Йўқ,–Пўлатжон бувисининг “билмасвой”лигидан кулганча тушунтиришга киришди. У аввал Вазирага қараб деди,–Бу келин. Исми Вазира. Буниси ўртоғим–исми Биби!
–Э, ха–а,–деди Фотима ая “энди билдим” дегандек кулиб.–Нега унда менга “келин салом” қилмаяпти бу келин?
–Бувижон, хали келинсаломни билмийдику,–кулди бола.–Катта бўлса ўрганволади.
–Илоё,–Фотима ая дуога кафт очди.–Умриларинг узун, ризқиларинг бутун бўлсин. Тупроқ олсанг олтин бўлсин, юрган йўлинг салқин бўлсин! Ошаганинг доим ош бўлсин, Хажга борганда даданг сенга бош бўлсин! Серфарзанд, сердавлат бўлгин, серхиммат серсавлат бўлгин! Ўт балосидан, сув балосидан, қуруқ тухматдан Ўзи асрасин!Бўлажак келиним билан қўша қаринглар! Омин, Аллохи Акбар!
Атрофда уларни кузатиб турган қўшнилар хам юзларига кафтларини тортиб “омин” дейишди.
Кампирнинг нияти самий бўлган чоғи. Унга қўшилиб қанча одам юзига фотиха тортди. Халқимизда етти кишидан бири Хизр деган нақл бор. Эхтимол Хизр алайхисалом хам бу дуоларга кафтини очган бўлса ажабмас.
Кампирнинг дуоси кўпчилик ичида овоза бўлиб кетди. Бу овоза халқимиз
нинг яна бир урф –одати “бешиккерти” ўрнини босди десак хам бўлаверади. Пўлатжон ва Вазира кейинчалик мактабда бир синфда ўқиб юрганларида хам, кўча–куйда ўйнаб юрганларида хам орқаворотдан”келин–куёвлар” деб чақирадиган бўлиб қолишди.
Орадан йиллар ўтиб 2018 йилга келганда улар Бағдод педагогика коллежининг спорт мураббийи йўналишини битириб диплом олишди. Коллежда ўқиб юрган пайтлариёқ Пўлатжон Тошкент молия институтига кириш учун тайёргарлик кўриб юрарди. Вазира эса Ўзи ёқтирган Жисмоний тарбия йўналишига хужжат топширди. Пўлатжон шарнома асосида ўқишга қабул қилинди. Лекин Вазирага омад кулиб боқмади. Айни шу кунлари Вазиранинг дадаси бетоб бўлиб қолди. Кўзим очиқлигида кенжа қизимнинг тўйини кўриб қолай деб, келган совчиларга илиқ муносабат кўрсатаётганда, Улуғбек бу гаплардан хабар топиб қолди. Лола иккиси совчиликка боришганда “айни нон синдирар” устидан чиқиб қолишди.
–Камрон ака, қиз сизники, кимга бериш ихтиёрингиз. Аммо, биласиз болаларимиз ёшликдан бирга катта бўлишди. Уларга жабр қилмайлик ака, ўйлаб иш қилинг,–деди Улуғбек ховлида уни енгидан тутиб.–Мен ичкарига кирмайман, аммо эртага бошқатдан келамиз. Бугун совчиларингизни “узинг” ака!
–Улуғбек, қандоқ бўларкан, уларниям ишонтириб қўювдикда.
–Камрон ака, Пўлатжонни яхши биласиз, кўз ўнгингизда катта бўлди. Майли, агар бу куёвингизни мени ўғлимдан аъло кўраётган бўлсангиз, ўзингиз биласиз.
–Гап аъло кўришдамас ука, –оғир йўталиб олди Камронбек.–Мени вақтим етди. Тезроқ омонатни эгасига берсам, хотиржам оёқ узатсам дейман. Пўлатжоонни айтганингдек яхши биламан. Ундан муносиб куёв йўқ аслида. Лекин, у эндигина ўқишга кирдику?
–Ака, бир ой ичида тўй қилиб, қизингизни олиб кетаман! Қўлни беринг!
Улуғбек кафтини узатди. Сал нарироқда Лола ва Улфатой хам уларга хавотир билан тикилиб турарди. Камрон бироз иккиландию, шартта қўлини узата қолди. Буни кўрган аёллар енгил тин олдилар.
Камрон бу қарори қанчалик тўғри эканини икки хафта ўтмай билди хам. Вазира ва Пўлатжон тўй харакатлари билан чопиб юрган кунлар эди. Камрон хотинини ёнига чақириб, қизининг сепи учун мебел танлашга боришни маслахат қилмоқчи бўлди.
–Вой, дадаси, қудаларингизни гаплари жиддий эканку. Кеча куёвингиз Вазирани дўконга олиб борибди. Биргалашиб мебелларни сотиб олишибди.
–Бу қанақаси,–Камронбекнинг жахли чиққандек бўлди.–Қўлим калта бўлсаям ғурурим баланд хотин. Эл қатори сепини бутлаб бераман!
–Қўйинг дадаси, хурсанд бўлайлик бундан. Куёвингизни ғурури хам сизникидан қолишмас экан. Вазира ўзимиз оламиз деса, мени уйимни тўлдирадиган мебелни нега даданг олиб бериши керак деб, қизимизга дўқ хам урибди.
Камрон бу гаплардан сўнг жимиб қолди. Кўнглидан эса, шундай гаплар ўтардики сўзлар билан ифодалаб бўлмасди. Хар бир ота қизини муносиб қўлларга узатишни орзу қилиши тайин. Комрон эса, энди қизининг бўлажак хаётини ўйлаб, анча хотиржам тортди. Кўз узукка мос келди.
–Отангга балли!–деди у шивирлаб. Кўзларидан эса икки томчи ёш думалаб тушди,–Турғун дангални болаларида булар хотин!
Мана азиз ўқувчим, эътиборингизга хавола этилаётган “ташландиқ” номли қиссамиз хам нихоясига етди. Хикояда йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун узр сўрайман. Аввал хам айтиб ўтганимдек, бу қиссанинг қораламаси. Вақти келади, сизларнинг фикрларингиз ва маслахатларингиз асосида қайта тахрирлайман.
Салкам беш ой давомида сабр –қаноат билан мени кузатиб келганингиздан хурсандман. Келгуси ижодий ишларимни хам қизғин кутиб оласизлар деган умиддаман.
Барчангизга соғлик саломатлик тилаб қолувчи дўстингиз Дониёр Ахмаджонов.
8.08.2019.
Тамом.
Етиборингиз учун ташаккур улашди админка 𝑫𝑰𝑳𝑰𝑴
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 12