Яримта нон есанг тўяди қорнинг,
Бир сидра кийимда беш йил юрасан.
Сенда изи борми ғурур ва орнинг,
Раҳбаринг олдида эгик турасан.
Мақтайсан гоҳида оғзинг кўпириб,
Қўлларинг тушмайди сира кўксингдан.
Кўнглини оласан йўлин супуриб,
Туфлисин артасан рўмолчанг билан.
Яхши кўринмоқ-чун кулиб толмайсан,
Ҳатто боласига қиласан таъзим.
Отангдан бир йилда хабар олмайсан,
Унинг ити туғса сенга тўй, базм.
Бир марта яшайсан ёлғон дунёда,
Намунча ёпишдинг амал, давлатга?...
Бўлсанг ҳам отлиқми ё бир пиёда,
Бўш қўл-ла кетасан бир кун риҳлатга.
Кун келар...Қабрда ётасан ёлғиз,
Мункар Накир келиб сўрайди ҳисоб.
Шунда сўралади сен қолдирган из,
Савобинг топарми жаннатга нисоб?...
Минг минглаб ранжитган одамларингдан,
Қиёмат кунида қайга қочасан?
Тикон унар босган қадамларингдан,
Йиққан савобларинг шунда сочасан.
Шундай экан, ҳали бўлмасидан кеч,
Кўзинг оч, амалга қул бўлган гумроҳ.
Кибр, нафс деган шу чопонингни еч,
Тавба қил, кечиргай Раҳмдил Аллоҳ.
Бас энди, маддоҳлик қилганинг етар,
Саждани бир ўпсин бу шўр пешонанг.
Машҳаргоҳда фақат хуш амал ўтар,
Сенга бало бўлар қаср, кошонанг.
/Собир МУСАББИР/
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 20