Ибодат — юрагим аллалар онам,
Ўзимни қийнасам сизларга не ғам?
Аввал ўзингизга куймайсизларми?!
Мўъмин бўлишимга қўймайсизларми?
Расулим йўлида юрганим учун,
Динимизни яхши кўрганим учун,
Нафсимга тўсиқлар қурганим учун,
Сўз билан жонимин ўймайсизларми?!
Мўъмин бўлишимга қўймайсизларми?
Куфрни ушлашга тоқатингиз бор.
Сизнинг ҳам бир куни соатингиз бор.
Азобимдан олур роҳатингиз бор.
Танамни эзғилаб тўймайсизларми?!
Мўъмин бўлишимга қўймайсизларми?
Оддий ибодатим кўзингиз ёшлар.
Фужур диёрига силтаюр бошлар.
Қизимнинг рўмоли кўнглингиз ғашлар.
Ҳар куни қовоқни уймайсизларми?!
Мўъмин бўлишимга қўймайсизларми?
Кўнглингизга ҳадис юқмас начора,
Ҳидоят бир куни йўқласа зора.
Ўғлим “Ёсин” билар, сизчи, бечора?
Ўзингизни нимта сўймайсизларми?!
Мўъмин бўлишимга қўймайсизларми?
Бу дунё ҳамманинг китобин битар.
Кимлардур бу йўлда индамай кетар.
Сабрим косаси кенг, сизга ҳам етар.
Унга жахл сувни қуймайсизларми?
Мўъмин бўлишимга қўймайсизларми?
Мен борман, ҳаловат сизга йўқ гўё.
Мени туш атайсиз, ўзничи рўё.
Ана, олинг сизга лаънати дунё!
Уни яна баттар сузмайсизларми?!
Мўъмин бўлишимга қўймайсизларми?
Барибир кўтармас сизларга қўлим.
Бир куни ҳаммасин кўрсатар ўлим.
Энди фарқи йўқдир, аниқдир йўлим.
Мени девонага йўймайсизларми?!
Мўъмин бўлишимга қўймайсизларми?
Пес билан тунлари топишмай ҳадеб.
Иймон эшигини қопишмай ҳадеб.
Итнинг ҳаётига ёпишмай ҳадеб.
Менинг ҳолатимни туймайсизларми?!
Мўъмин бўлишимга қўймайсизларми?
Сўз тугарда айтгум сизга бир ўгит:
Бир кун ҳосилини бергуси чигит.
Мени тинланг дўстим, қизми ё йигит.
Бир умр дилингиз қийнайсизларми?!
Мўъмин бўлишимга қўймайсизларми?
Хайруллох ибн Убайдуллох
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев