Давлат сирларини ошкор қилганликда айбланиб, қамалган ўзбекистонлик Собиқ Фарғона ИИББ бошлиғи АҚШ президенти Дональд Трампдан ёрдам сўраб мактуб ёзди.
Фарғона вилояти собиқ ИИБ бошлиғи, милиция майори Дилмурод Мадалиев АҚШ президенти Дональд Трампга 19 августда ёзган мактубида «ноҳақ жазога тортилганидан» арз қилди. У 2011 йилда «давлат сирларини ошкор қилишда» айбланиб 8 йилга қамалган эди.
Қайд этилишича, собиқ ИИБ бошлиғи ўз мактубида жорий йилда жазога тортилган прокуратура амалдорларининг қурбони бўлганини иддао қилган. Мадалиев АҚШ президентидан ўзи устидан чиқарилган суд ҳукми бекор қилиниб, номи оқланишига таъсир кўрсатишни сўраган.
Дилмурод Мадалиев АҚШ президентига мактуб ёзишдан олдин Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ва суд органларига 300 марта мурожаат қилишига қарамай, жавоб ололмаганини айтган.
2011 йил бошида Фарғона шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланган Мадалиев жорий йилнинг май ойида Жиноят кодексининг 162-моддасида (Давлат сирларини ошкор қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб ҳибсга олинган. У суд ҳукми билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Мадалиев шу муддатдан 6 йилини ўтаб, озодликка чиққан.
Нашрнинг ёзишича, айблов хулосасида Мадалиев махфий ҳужжатларни ўз қўл остидаги ходимга изнсиз кўрсатганлиги учун айбланган. Бу ҳужжатларда қандай махфий маълумот борлиги айблов ҳужжатида келтирилмаган.
Мадалиев эса Фарғона шаҳар ИИБда ҳеч қандай махфий ҳужжатлар бўлмагани ва бу айблов туҳмат эканлигини айтган. У ўзини прокуратура ходимлари қурбони ҳисоблашини айтган.
Таъкидланишича, Мадалиевга қарши айбловни илгари суриб, унинг узоқ муддатга қамалишини «таъминлаган» прокуратура ходимлари жорий йилда коррупция, порахўрлик ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилганликда айбланиб жазога тортилган. Хусусан, жорий йилнинг июнида Ўзбекистон прокуратураси собиқ амалдорлари — Улуғбек Суннатов 19 йилга, Улуғбек Хуррамов 14 йилга, Жамшид Файзиев 13 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Шунингдек, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқонов ҳибсга олиниб, судга тортилган.
Дилмурод Мадалиевнинг «жиноят иши»га оид ҳужжатларда айнан шу шахсларнинг имзолари мавжуд. Мадалиев «бу мулозимларнинг порахўрлиги ва маиший бузуқлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлгани боис, уларнинг ўч олиш нишонига айланганини» айтган.
Бу мулозимларга Фарғонадаги ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳар ой катта миқдорда пул тўплаб бериб турганидан Мадалиев хабардор бўлган.
Маълум қилинишича, Мадалиев бу амалдорларнинг жазолангани адолат тантанаси бўлганини таъкидлаган. Аммо улар ўч олиш учун қаматган одамларнинг иши қайта кўриб чиқилмагани бу адолатга соя солаётганини айтган.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Олий судининг Дилмурод Мадалиевга унинг шикояти юзасидан берган жавоб хатида «Суд қарорини ўзгартириш учун асослар мажвжуд эмаслиги» айтилган. Айни мазмундаги хулосани Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам берган.
Мадалиевнинг айтишича, унинг мактубига АҚШ президенти Дональд Трампдан ҳали жавоб келмаган.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев