Карнинг бемор зиёратига боргани.
Булбулнинг навосини эҳтимол танирсан, лекин унинг атиргулда нима иши борлигини қаердан биласан? Қиёс ва фараз йўли билан билдинг ҳам дейлик... Лекин бу карнинг лаб ҳаракатларига қараб, англаб, тушунишига ўхшайди.
* * *
Кўпни кўрган, йўл-йўриқни биладиган одам кар кишига: “Қўшнинг касал экан, хабаринг бўлдими?” деди. Кар ўзига-ўзи айтдики: “Бу ҳолимда беморнинг гапларини қандай тушунаман, айниқса, овози баланд чиқмаса? Лекин зиёратига бормасам ҳам бўлмайди. Агар лабларини қимирлатса, нима деяётганини тахмин қиламан. Биринчи навбатда “Эй менинг қийинчиликда қолган дўстим, яхшимисан?” дейман. У албатта “Яхшиман” ёки “Ҳаммаси яхши”, деб айтади. “Худога шукр”, дейман ва нима еганини сўрайман. “Мева шарбати” ёхуд “Шўрва”, дейди. “Шифо бўлсин!” деганимдан сўнг табиблардан ким хабар олаётгани, қай бири даволаётгани ҳақида сўрайман. “Фалончи”, деганида айтаманки: “Бу табибнинг қадами қутлуғ. У келдими, демак, бу сенинг тез орада тузалишингни англатади. Биз ҳам унинг қўли енгиллигига гувоҳ бўлганмиз. Қайси беморни кўрган бўлса, мурод ҳосил бўлган, касал шифо топган”.
Оқкўнгил кар тайёрлаган бу жавобларини тартибга солиб хаста қўшнисидан ҳол-аҳвол сўрашга кирди. “Яхшимисан?” деган эди, “Ўляпман”, деди бемор. Карнинг жавоби “Худога шукр!” бўлди. Бемор ғазабланди, оғринди. Ичида: “Бу қанақа шукр қилиш? Демак, менга ёмонлик соғинаркан-да, энди тушундим”, деб ўйлади. Кар киши фаразларга таяниб, тахминий жавоблар берди, аммо ўйлаганлари хато чиқди.
Шундан кейин кар: “Нима единг?” деб сўраганида, бемор “Заҳар”, деди. Кар жавобан айтдики: “Ош бўлсин!” Беморнинг ғазаби ортди. “Табиблардан ким даволагани келяпти?” деган сўровга бақириб берди: “Азроил келяпти! Бўлдими? Қутулдимми? Йўқол, кет!” Кар пинагини ҳам бузмай: “Унинг қадами қутлуғ, хурсанд бўлавер!” дея зиёратга якун ясади. Уйига қайтаркан, “Худога шукр, шундай пайтда ҳол-аҳвол сўраб, қўшничилик ҳақини адо этдим, беморнинг кўнглини олдим”, дея севинди. Гарчи бу ташрифи жуда зарарли бўлса ҳам, фойда кўрдим, деган гумонга борди. Хаста эса бу вақтда “Ўша жафокорнинг менга душманлигини билмас эканман”, дер, хаёлига ёмон гаплар келар, кар қўшнисини ранжитадиган, камситадиган ҳақоратлар айтишни истарди. Ҳолати айниган овқатни еган кишининг то уни қусмагунича кўнгли айнишига ўхшарди. Мана, ғазаб қандай енгилади! Бу ғазабни қуса кўрмаки, эвазига ширин сўзлар эшитишинг даргумон.
Бемор тоқатсизланар, “Бадният аҳмоқ қаерга кетди? Менга айтган ҳар бир гапига муносиб жавоб қайтаришим шарт! У келганида қаттиқ касал эдим, ақлим ўтмаслашган, хаёлимга ҳеч нарса келмаганди. Бемор зиёрати аслида уни тинчлантириш ва тасалли бериш учун бўлади, унинг иши эса душманлик эди! Мени заиф, бемажол ҳолда кўриб, севинишни хоҳлаган экан”, дерди.
Ибодатидан манфаат кўзлаб, адашганлар кўп. Бу орқали савоб олиш ва жаннатга кириш ҳаракатида бўлишади. Бироқ уларнинг ибодат деб қиладиган ишлари, аслида, пинҳоний гуноҳ, исёндир. Чунки Аллоҳдан бошқасини мақсад қилиш айб. Хўжакўрсинга, фақат савоб учун ўқилган намоз ташқаридан соф, тозадек кўринса ҳам, ичи яширин ширк билан қопланган. Худди тескари натижа берган амалини хайрли иш деб ўйлаган кар одам каби... У “Яхшилик қилдим, қўшнилик вазифамни бажардим, кўнгил олдим”, деб бемалол ўтирарди. Ваҳоланки, беморнинг қалбида у учун бир олов алангаланиб, ўзини ҳам ёққан эди.
Ёққан оташларингдан эҳтиёт бўл. Гуноҳларинг билан уларни орттирдинг; маъсият сабабли гулхан ичрасан. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида кўз-кўзлаш учун намоз ўқиган одамга: “Эй йигит, туриб, қайтадан ибодат қил, чунки ўқиган намозинг намоз эмас!” дедилар. Айнан шу қўрқув туфайли ҳар намозда “Иҳдинас-сиротол мустақим” (Бизни тўғри йўлга ҳидоят эт) дейилади. Яъни: “Аллоҳим! Бу намозимни йўлидан адашганлар ва хўжакўрсинга намоз ўқиганларнинг ибодатларидан қилма”.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1