Аянчли ҳикоя.
Мен хотинимни севмайман! Отам шунчаки номардлик қилди: сўнгги нафасида "Шарофатга уйланмасанг рози эмасман", деди. Тўғри, бояқиш ёмон қиз эмас, уйни чиннидек ораста тутади, бир кунда ўн марталаб соч тарашга ҳам эринмайди. Аммо менга бу қорамағиз қизнинг кўзлари ёқмас эди. Унинг қорачиқлари қандайдир ялтираб кўринади кишига. Айниқса, бирор баҳонаи сабаб ғижиллашиб қолганимизда шундай қарардики, бу ўткир ва сирли нигоҳга дош беролмасдан, нафасимни ичимга ютардим. Лекин марҳум отамнинг ҳукми боис шу аёл билан бир ёстиққа бош қўйишга мажбур эдим мен. Турмуш қурганимизга икки ойдан ошган бўлса-да, бирор марта Шарофат билан дилдан гаплашмаганмиз. Фарзанд кўриш-ку иккаламизнинг ҳам хаёлимизга келмасди. Гўё унга менинг чинакам севгим ёхуд меҳрим эмас, шунчаки ҳиссиз қиёфам керакдек. Бироқ ўзим бир кечада минг ўлиб-тирилардим. Кўнглим аллақандай туйғуларга муштоқлик сезганида, унинг сеҳрли ва ёқимсиз исканжасидан қандай халос бўлиш йўлини билолмай, ич-этимни **** ётардим.
Ниҳоят шу зайлда ўтаётган бир-бирига ўхшаш хунук кунлар барҳам топди. Нима бўлди-ю, бир куни Шарофат уйда йўқлигида Зебо чақириб келди. У биздан икки уй нарида туради. Болаликдан бирга ўсганмиз. Сочини бирор марта кесмаган, юзлари оппоқ, ёқимтойгина қиз. Унинг менда кўнгли борлигини қўшниларимиздан кўпчилиги пайқаган. Яширмай айтсам, ўзим ҳам унга бефарқ эмас эдим. Аммо Шарофат билан турмуш қурганимиздан кейин қизгина аразлаб, қадамини узиб қўйганди. Мана, ўшандан буён у илк бора кириб келди. Бу ҳиссиз ва гўристондек сокин хонадонга баҳор нафаси инди гўё. Вужудимда анча вақтдан бери узоқлашиб кетган ҳаяжон уйғонди.
- Салом! - дедим жилмайиб.
- Хотининг уйдами? - у илгаригидек ярим жиддий нигоҳлари, чиройли кўзларини чала қисиб қараганча сўради.
- Йўқ.
- Мен... дарров кетаман. Нимага келганимни билмайман.
Зебо ҳануз остонада қотиб турар, мен эса унинг нимага келганини англагандек эдим. Қизгинанинг ҳамон менда кўнгли бор, демакки умидини узмаган.
- Кечир, - дедим ўзимни оқламоқчи бўлиб. - Отам...
- Биламан, - у нигоҳини ерга тикди. - Сенга таъна ёғдириш учун келганим йўқ.
- Қийналиб кетдим, Зебо. Онам қазо қилганида ўн икки ёшда эдим. Улғайгунимча отам мени кўп азоблаган. Мана энди ўзинг кўряпсан, ўлимидан сўнг ҳам тинч қўймаяпти у. Етти ухлаб, тушимга кирмаган қизга рўпара қилиб, ҳаётимни боғлаб қўйди-ю...
- Худди шу ҳақда гапирмоқчи эдим, - деди бошини кўтариб. - Биласанми, отанг нега бундай қилган?
- Йўқ, Худо ҳаққи!
Зебо яна бўйнини эгиб, пича муддат ўйланди. Кейин бир қарорга келгандек бошини кўтарди-ю... катта- катта очилган кўзлари қандайдир даҳшат таъсирида қотиб қолди.
- Илон! - деди лаблари титраб.
Ён томонимга шаҳд билан бурилдим. Қорамтир териси ялтираб кўзга ташланаётган махлуқ афтидан мени эмас, Зебони мўлжалга олиш пайида эди.
- Қоч! - дедим бир лаҳза гангиб.
Зебо эшикка қараб отилди. Мен эса жон ҳолатда деворга суяб қўйилган белкурак томон югурдим. Аммо қуролни қўлга олишим билан заҳарли душманимнинг қаёққа ғойиб бўлганини англамадим. Бутун ҳовли яйдоқ ер, эшик эса Зебонинг ортидан қарсиллаб ёпилганича турибди. Хўш, бу даҳшатли илон кўз очиб-юмгунча қаерга кетиши мумкин? Белкуракни қўлимда маҳкам ушлаган кўйи бутун девор бўйлаб синчиклаб кўздан кечирдим. Аммо бирор жойда қора илон паноҳ топиши мумкин бўлган туйнук-пуйнук йўқ эди.
Шарофат кунботарда қайтди. Ундан қаерда юрганини сўрамадим, сўрагим келмади. Бугунги кўнгилсиз воқеа ҳақида ҳам оғиз очиб ўтирмадим. Умуман, бизнинг турмушимиз эр-хотин ҳаётига ўхшамасди ўзи, бир-биримиздан ҳеч нима даъво қилмасдик. Бу оқшом у биринчи марта менга жилмайиб қаради-ю, ҳаммомга тушмоқчи эканлигини айтди. Жилмайиши аллақандай ғалати эди. Шу онда илк бор ўз хотинимга хийла эътибор билан қараётганимни ҳис этдим. Ҳаммомдан биргина ичкўйлакда чиққанида ҳам диққат билан назар ташладим. Шарофатнинг қорамтир бадани инсон вужудига хос бўлмаган қандайдир ўзгача тусда жилоланарди. Хуллас, менинг фикрим шу бўлди: у бошқа аёллардан фарқ қилади...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2