Бухорий, Муслим келтирган бошқа бир ривоятда:
«Биз Расулуллоҳга, қийинчилигу осонликда, ғайрат келиб тургандаю, малол келиб турганда, ўзимиздан бошқани устун қўйилганда ҳам қулоқ осиб, итоат қилиш, (халифалик) ишини ўз аҳлидан низоъ қилмаслик, қаерда бўлса ҳам Аллоҳ учун маломатчининг маломатидан қўрқмасдан ҳақни гапириш ҳақида байъат қилдик»- дейилган.
Яна бошқа бир ривоятда:
«ва (халифалик) ишини ўз аҳлидан низоъ қилмаслигимиз ҳақида. У зот:
«Магар очиқ ойдин куфр кўрсангиз ва сизда Аллоҳ томонидан бурҳон-ҳужжат бўлса...», дедилар», дейилган.
Жарир ибн Абдулоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Жарир ибн Абдулоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
У киши:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозни тугал адо этиш, закот бериш ва ҳар бир мусулмонга насиҳат қилиш ҳақида байъат қилдим», деганлар».
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қачонки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида байъат қилсак сизга, тоқатларингиз етган нарсада», дер эдилар», деган.
Бухорий, Муслим ривояти.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларнинг байъатини «ва Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмасликлари...» оятига биноан сўз билан қабул қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари ўзларига мулк бўлмаган хотинга ҳаргиз тегмагин», деганлар».
Бухорий, Муслим ривояти.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, менинг ва мени Аллоҳ унга юборган нарсанинг мисоли, ўз қавмига келиб, «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта, мен – яланғоч огоҳлантирувчиман. Бас, нажот изланглар», деган одамга ўхшайди. Бас, қавмидан бир тоифаси унга итоат қиладилар. Тезда юриб, ўз муҳлатларида жўнаб қолдилар. Улардан бир тоифаси эса ишонмадилар. Ўз жойларида қолдилар. Бас, аскар уларни тонг чоғида босиб, ҳалок қилди, таг туглари билан қириб юборди. Ана ўша менга итоат қилган ва мен келтирган нарсага эргашган кимса билан, менга осий бўлиб, мен келтирган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсанинг мисолидир», дедилар».
Бухорий, Муслим ривояти.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасизлар. Ҳаттоки, улар зоббнинг уясига кирсалар, уларга эргашиб сиз ҳам кирасизлар», дедилар. Биз:
«Эй Аллоҳнинг Расули, яҳудий ва насороларгами?» дедик. У зот:
«Бўлмаса кимга?!» дедилар.
Бошқа бир ривоятда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Форс ва Румга ўхшабми?» дейилди. У зот:
«Ўшалардан бошқа, қайси одамлар бўларди?» дедилар».
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар».
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, энг содиқ Калом, Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят, Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони, янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш, бидъатдир. Ҳар бир бидъат, залолатдир. Барча залолат, дўзахдадир», дедилар».
Бухорий, Муслим, Насаий ривояти.
Лафз Насаийники.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг. Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилгандир», дедилар»
Бухорий, Муслим, Термизий ривояти.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли, худди олов ёқиб ўтирган одам ҳамда унга келиб тушаётган ҳайвон ва капалакларга ўхшайди. Мен сизнинг белбоғингиздан тутиб турувчиман, сиз эса ўзингизни оловга урасиз», дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас», дедилар. Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?!» дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким менга итоат қилса жаннатга киради, ким менга осий бўлса, батаҳқиқ бош тортган бўлади», дедилар».
Бухорий ривояти.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳузурларига фаришталар келдилар. Баъзилари:
«Ухлаб ётибди», дейишди. Баъзилари эса:
«Кўз ухлоқ, қалб уйғоқ», дейишди. Улар:
«Мана шу биродарингизнинг бир мисоли бор. Қани бунга мисол келтирингларчи», дедилар. Баъзилари:
«У ухлаб ётибди», дедилар. Баъзилари:
«Кўз ухлоқ, Қалб уйғоқ», дейишди. Бас Улар:
«Албатта, бунинг мисоли, худди бир ҳовли қуриб, зиёфат уюштирган зотга ўхшайди. Ўша зот бир даъватчи юборибди. Бас, ким даъватчига жавоб берса, ҳовлига киради ва зиёфатдан баҳм кўради. Ким даъватчига жавоб бермаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан баҳам ҳам кўрмайди», дедилар. Улар:
«Буни Унга таъвил қилинглар, тушунсин», дейишди.
Баъзилари:
«У ухлаб ётибди», -дедилар. Баъзилари эса:
«Кўз ухлоқ, қалб уйғоқ», дедилар. Бас Улар:
«Ҳовли – жаннат, даъватчи – Муҳамад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ким Муҳаммадга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллога итоат қилибдир. Ким Муҳаммадга осий бўлса, батаҳқиқ, Аллоҳга осий бўлибди. Муҳаммад – одамлар орасини фарқловчидир», дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбарага кирдилар-да:
«Ассалому алайкум, эй мўмин қавмлар диёри! Албатта, биз ҳам сизга қўшилувчимиз. Бир биродарлариимизни кўрмоқни хуш кўрдим», дедилар. Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз биродарларингиз эмасмизми?» дедилар. У зот:
«Сизлар саҳобаларимсиз. Биродарларимиз, ҳали-ҳануз келганларича йўқ», дедилар. Улар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ўз умматингиздан ҳали-ҳануз келмаганларини қандоқ танийсиз?» дедилар. Бас, У зот:
«Айтингчи, бир одамнинг қоп-қора отлар ичида юзи ва оёқ қўллари оппоқ порлаган отлари бўлса, у зот отларини таний оладими?» дедилар. Одамлар:
«Албатта, эй Аллоҳнинг расули», дедилар. У зот:
«Албатта, улар таҳоратнинг асаридан юзлари ва оёқ қўллари порлаган ҳолда келурлар. Мен уларни ҳовуз устида кутиб олувчилариман. Огоҳ бўлинким, албатта, бир гуруҳ одамлар менинг ҳовузимдан худди қочган туяни қайтарилганидек қайтарилурлар. Мен:
«Ҳой, бу ёққа келинглар», деб уларга нидо қилурман.
Шунда:
«Батаҳқиқ, улар сендан кейин ўзгартириб юборадилар», дейилади. Мен:
«Ундоқ бўлса, ҳалок бўлсинлар, ҳалок бўлсинлар», дейман», дедилар».
Бухорий, Муслим, Насаий ривояти.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирганларида, ҳузурларида бир аёл бор эди. У зот:
«Бу аёл ким?» деб сўрадилар. У(Оиша):
«Фалона, намозидан гапирмоқда», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўғ-е! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби, соҳиби унда бардавом бўлганидир», дедилар».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо, ҳам рўза тутаман, ҳам оғзим очиқ бўлади. Ҳам намоз ўқийман, ҳам ухлайман. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», дедилар».
Бухорий, Муслим, Насаий ривояти.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга хабар берилишича сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан?» дедилар. Мен:
«Албатта, мен ўшандоқ қилурман» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар сен шундоқ қиладиган бўлсанг кўзиниг заифлашади, нафсинг малол олади. Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳаққи бор, аҳлингни ҳам ҳаққи бор. Бас, рўза ҳам тут. Оғзинг очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл. Ухлаб ҳам ёт», дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг », дедилар».
Бухорий ривояти.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки, у(саҳоба)ларни бирор ишга амр қиладиган бўлсалар, тоқатлари етадиган амалга амр қилар эдилар. Улар:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, биз сизга ўхшаган ҳолатда эмасмиз. Албатта, Аллоҳ сизнинг олдинги-ю, кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган», дедилар. Шунда, У зот ғазабланар эдилар. Ғазаблари юзларидан билинар эди ва:
«Сизларнинг энг тақводорингиз, Аллоҳни энг яхши билувчингиз менман!» дер эдилар!.
Бухорий ривояти.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бор эдими?» деб сўралди. У киши розияллоҳу анҳо:
«Йўқ! У зотнинг амаллари доимий эди. Сизлардан қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, қандоқ амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир?» деб сўралди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар оз бўлса ҳам давомлиси», дедилар».
Бухорий, Муслим, Термизий ривояти.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилган бўлса, ўшанга бўлади», дедилар».
Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Роббиларидан ривоят қилиб айтадиларки:
«Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд этсаю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд этсаю унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади. Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади», дедилар».
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нафар киши йўлда кетаётган эканлар, ёмғирда қолибдилар. Тоғдаги ғорга кириб олибдилар. Бас, уларнинг ғорига тоғдан бир харсанг тушиб, чиқар йўлларини тўсиб қолибди. Улар бир-бирларига:
«Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васийла қилиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», дебдилар.
Улардан бири:
«Эй бор Худоё! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам, сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларини ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида уйғотиб юбормай, деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришар эди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар сен шу ишда Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик», деди.
Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар.
Бошқаси эса: «Эй бор Худоё! Мен амакимнинг қизига эркаклар аёлларга энг ашаддий муҳаббат қўйишларидек муҳаббат қўйган эдим. Бас, ундан талаб қилдим. У (қиз) бош тортди. У ўзига юз динор беришимни сўради. Мен пулни жамлаб келиб, уни ушлаб икки оёғи орасига тушдим. Шунда қиз:
«Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ! Узукни ҳаққини бермасдан очма!» деди.
Мен ўрнимдан турдим. Агар шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга яна ҳам каттароқ тирқиш оч», деди.
Бас, яна тирқиш очди.
Учинчи шахс: «Э бор Худоё! Мен бир фарақ гуручга мардикор ёллаган эдим. У ишни бажариб бўлганидан сўнг:
«Ҳаққимни бер», деди.
Мен унга ҳаққини кўрсатдим. У олишга рағбат қилмади. Мен ўша гуручни экишда давом этавердим. Ундан бир қанча сигир ва молбоқарлар ортдирдим. У қайтиб келиб:
«Аллоҳдан қўрқ!» деди.
Мен унга:
«Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер», дедим.
«Аллоҳдан қўрқ! Мени истеҳзо қилма!» деди.
«Сени истеҳзо қилаётганим йўқ, олавер», дедим.
У олди. Агар мен шу ишни Сенинг розилингни тилаб қилганимни билсанг, қолган қисмини ҳам очиб юбор», деди.
Бас, Аллоҳ очиб юборди», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Чиқиб, юриб кетдилар», дейилган.
Бухорий, Муслим, Насаий ривояти.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафо- атингиздан энг саодатманд бўладиган ким?» деган экан. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингни билганимдан, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатимдан энг саодатманд бўладиган кимса, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни чин қалбдан (ёки нафсидан) ихлос билан айтган одамдир», дедилар».
Маън ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Отам Язид садақа қилиб, динорларини чиқарган экан. Уларни масжидга олиб келиб, бир кишининг ҳузурига қўйибди. Мен келиб, уларни олибман. Уларни олиб, отамнинг олдига борсам:
«Аллоҳга қасамки, мен сени ирода қилмаган эдим», деди.
Унинг устидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Язид , сенга ният қилган нарсанг. Эй Маън, сенга олган нарсанг», дедилар».
Бухорий ривояти.
Бухорий «Закот»да ривоят қилган.
Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким эшиттирса, Аллоҳ уни эшиттиради, ким кўрсатса, Аллоҳ уни кўрсатади», деганлар.
Бухорий, Муслим, Термизий ривояти.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар».
Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўлтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири халқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин:
«Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми? Улардан бири, Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди», дедилар».
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев