(ибратли воқеа )
Бир аёл бошига тушган ибратли воқеаларни шундай ҳикоя қилиб берди:
«Эрим ёш, ҳаётга қизиқиши кучли, ҳаракатчан, ниҳоятда келишган, чиройли йигит эди. Диндор, чиройли хулқ эгаси эди. Ҳижрий 1390 йили турмуш қурдик. Ота-онасига кўп яхшилик қилар эди. Унинг ота-онасига қилган яхшилигини кўриб, ҳайратга тушардим. Менга шундай эрни насиб қилгани учун Аллоҳга ҳамд айтардим. Тўйимиздан бир йил кейин қизлик бўлдик. Орадан сал ўтгач, эримнинг иши бошқа вилоятга кўчди. У жўнаб кетиб, бир ҳафта ишлар, сўнг бир ҳафта дам олар эди. Уч йил мана шундай ўтиб, қизим тўрт ёшга кирган эди. Бу воқеа 1395 йил Рамазон ойининг тўққизинчи кунида содир бўлди. Эрим уйга қайтаётиб, Риёзда фалокатга учрабди. Машинаси ағдарилиб кетиб, оғир аҳволда касалхонага олиб келинибди. Борганимда у кома ҳолатида эди. Шифокорлар эримнинг мия фаолияти мутлақо тўхтаганини, мия ҳужайраларининг 95 фоизи шикастланганини айтишди. Бу воқеа оиламиз учун жуда оғир зарба эди. Айниқса, эримнинг кекса ота-онасига жуда қийин бўлди. Дадасини жуда яхши кўрадиган қизим Асмонинг саволлари ичимни тирнарди. Асмо бир ўйинчоқни яхши кўрар, дадаси эса шу сафар унга ўша ўйинчоқни олиб келишни ваъда қилган экан. Биз ҳар куни касалхонада навбатчилик қилардик. Лекин эримнинг аҳволи ўзгармас эди. Кунлар кетидан кунлар, ҳафталар, ойлар ўтди. Ойлар йилларга уланиб, орадан беш йил ўтди. Баъзи одамлар менга қозиликка бориб, эримнинг мияси ўлгани, унинг тирилишидан умид йўқлигини айтиб, талоқ олишни ҳам маслаҳат беришди. Баъзи шайхлар эрининг мияси ўлгани аниқ бўлса, аёл киши талоқ олиши мумкин деб фатво ҳам беришди. Бироқ мен бундан қатъий бош тортдим, «Модомики эрим тирик, талоқ олмайман» дедим. «Токи эрим вафот қилиб, бошқа марҳумлар сингари дафн қилинмас экан, Аллоҳ бир йўл кўрсатмагунча мени ундан айирмасинлар» дедим. Ғам-аламдан бироз бўлса-да чалғиш учун бутун ақлу хаёлимни қизчамга қаратдим, Қуръон ёдлаш мадрасасига олиб бордим. Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, у ўн ёшга тўлмасидан Қуръонни тўлиқ ёд олди.
Орадан ўн йил ўтди. Қизим сал улғайгач, дадасига нима бўлганини ётиғи билан тушунтирдим. У дадасини бир зум ҳам унутмас, соғинган пайтларида гоҳида йиғласа, гоҳида дардини ичига ютар эди. Аллоҳнинг ҳикмати экан, ҳаётнинг жиддий синови қизимни динга ниҳоятда аҳамиятли қилиб қўйди. У фарз намозларини вақтида ўқийдиган, кечаси туриб, таҳажжуд ҳам ўқийдиган бўлди. Раҳматли бувиси ва бобоси билан биргаликда мени унга чиройли тарбия беришга муваффақ қилган Аллоҳга ҳамдлар айтаман. Қизим мен билан бирга дадасини кўргани борар, унга салом берар, ҳаққига дуо қилар, баъзан дадасининг номидан садақа ҳам қилар эди.
Эсимда, 1410 йил эди. Бир куни қизим менга: «Онажон, мени дадамнинг олдида қолдиринг. Бу кеча дадамнинг ёнида қолай», деди. Бир оз иккиланиб турдим-да, рози бўлдим. Қизим ўша кунни шундай эслайди:
«Дадамнинг ёнига ўтириб, Бақара сурасини ўқий бошладим. Уни ўқиб тугатгач, мудроқ босганди, ухлаб қолибман. Турсам, гўё юзимга табассум югургандек, қалбим ҳам бироз ором олгандек бўлди. Ўрнимдан туриб, таҳорат қилдим ва Аллоҳ қодир қилгунча намоз ўқидим. Намозгоҳимда иккинчи марта мудроқ босди. Шу пайт кимдир менга: «Тур, Раҳмон Зот уйғоқ бўлса, сен қандай қилиб ухлайсан?! Аллоҳ бирон бандасини қуруқ қайтармайдиган бу ижобат соатида қандай ухлайсан?» дегандай бўлди. Худди йўқотган нарсамни эслагандек сакраб ўрнимдан турдим. Қўлимни дуога кўтариб, бир дадамга, бир осмонга қараб, кўз ёшларим сел бўлиб, дуо қилдим: «Роббим, Эй тириклик ва қайюмлик сифатига эга Зот! Эй Жаббор! Эй Буюк Зот! Эй ҳамма нарсадан олий Зот! Эй Раҳмон! Эй Раҳийм! Мана бу менинг дадам – Сенинг бир банданг. Унга мусибат етди, биз сабр қилдик, Сенга хамдлар айтдик, бизга ёзган ҳукмингга рози бўлдик. Аллоҳим, у Сенинг хоҳишинг, раҳматинг остидадир! Аллоҳим! Эй Айюбга шифо берган, Мусони онасига қайтариб берган, Юнусга балиқ қорнида нажот берган, Иброҳимни оловдан саломат сақлаган Зот! Дадамга берган дардингга Ўзинг шифо бергин! Аллоҳим, унинг тузалишидан умид йўқ дейишди. Аллоҳим, қудрат ва буюклик Ўзингдадир. Дадамга раҳм қил, унинг дардига шифо бер…»
Дуо қила-қила, яна кўзларимни уйқу босиб, бомдодга яқин ухлаб қолибман. Шу пайт кимдир: «Ҳой қиз, кимсан? Бу ерда нима қилаяпсан?» деди. Чўчиб уйғониб кетдим, у ёқ-бу ёққа алангладим, лекин ҳеч кимни кўрмадим. Шу пайт бояги савол яна такрорланди. Не кўз билан кўрайки, гапираётган дадам эди!!!
Қувончдан ўзимни йўқотиб, ҳўнграб йиғлаганча ўзимни дадамнинг устига отдим. Дадам эса, мени ўзидан узоқлаштирмоқчи бўлар, пичирлаб истиғфор айтар, «Синглим, Аллоҳдан қўрқинг, мен сизга номаҳрамман», дер эди. «Мен қизингиз Асмоман, дадажон!» дедим кўзда шашқатор ёшларим билан. Шу пайт дадам жим бўлиб қолдилар…
Югуриб чиқиб, навбатчи шикофорни чақирдим. Жонҳолатда чопиб келган шифокорлар дадамни кўриб, ҳайратдан қотиб қолишди. Америкалик бир доктор араб тилида дудуқланиб, «Субҳаналлоҳ!» дея олди, холос. Бошқа бир мисрлик доктор: «Чириб кетгандан кейин ҳам суякларга жон киргизадиган Аллоҳ покдир!» деган оятни ўқиди. Бўлган воқеаларни айтиб бермагунимизча дадам нима бўлганини тушунмай тураверди. Кейин эса йиғлаб, «Аллоҳ Ўзи энг яхши сақлагувчидир, у солиҳларни дўст тутади. Аллоҳга қасамки, авариядан олдан зуҳо намозини ўқишга ният қилганимни эслайман, холос. Билмадим, уни ўқидимми, йўқми…», деди».
Аёл ҳикоясини шундай давом эттиради: «Кўп ўтмай, эрим соғайиб, қадимгидек ҳолатда уйга кириб келди. Ҳозир у 46 ёшда. Яна бир ўғлимиз ҳам бор, ҳозир икки ёшга киряпти. Орадан 15 йил ўтиб, менга эримни қайтариб берган, қизининг ўзини ҳам, иймонини ҳам саломат сақлаган, эримга вафодор бўлишга, ихлос қилишга тавфиқ берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Азизлар, дуони тарк қилманглар, дуо қазони ҳам қайтарар экан. Ким Аллоҳни эсласа, Аллоҳ ҳам уни эслар экан. Ота-оналаримизга яхшилик қилишни унутмайлик. Ҳар бир иш Аллоҳнинг измида экан…»
Мен бу қиссани ибрат учун айтиб бердим. Шояд, Аллоҳ уни бошига мусибат тушган, олдидаги ҳамма эшиклар беркилиб, нажот йўллари кесилиб қолган кишиларга фойдали қилса. Дуо билан осмон эшигин қоқинг ва ижобатга аниқ ишонинг. Аллоҳ субҳонаҳу ҳақида гўзал гумонда бўлинг.
Умид узманг, Аллоҳга дуо қилинг.
Охирги сўзимиз эса оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамду санодир!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев