#кундошлар
35-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Бироз сабр қил. Дўхтирлар дори дарров таъсир қилади, деди-ку, - далда бўлишга ҳаракат қиларди Шаҳзод.
- Шаҳзод ака, қўрқиб кетяпман. Болага ҳеч нарса қилмасин... – Гулҳаёнинг кўзларидан ёш оқди.
- Аллоҳ, “Мен бандамнинг гумонидаман”, деган. Яхши гумонда бўламиз, Гулим, - жилмайди Шаҳзод. Кейин нега Гулҳаёнинг бу ҳолга тушгани ёдига тушди-ю, саволга тутди: - Синглинг нима деди? Нега қўрқиб кетдинг? Қўрқиб кетганингга оғриқ турди, шекилли.
- Синглимнинг айби йўқ, - хавотир билан деди Гулҳаё. – Илтимос, мазам бўлмаганига Гулюзни айбламанг, Шаҳзод ака.
- Мен айбламаяпман. Синглингдан ҳам хавотир оляпман. Аҳволи яхшимиди?
- Божангиз Америкага кетаётган экан, Гулюз кетмаётган эмиш. Ойим телефонини кўтармабди... Бор гап шу... Ўзи Гулюз шунақа. Сал инжиқроқ. Доим норози бўлиб юради.
- Шунинг нимасига қўрқдинг, Гулҳаё?
- У йиғлаб телефон қилди-да, - жилмайди Гулҳаё. – Сизам уйдагиларга ваҳима қилиб айтмадингизми?
- Йўқ, шифохонага ётди, сал эҳтиёт бўлиши керак экан, дедим. Сенинг ойингга айтмай қўя қолайлик.
- Хўп. Ўзи ойимнинг муаммоси кўп. Гулюзнинг ўзи етиб ортади ойимга, - табассум қилади Гулҳаё.
- Шукр, юзинг кула бошлади, - хурсанд бўлади Шаҳзод.
🍃
Гулюзнинг гапларини эшитиши билан Матлубанинг бошида яна оғриқ тургандек бўлди. У кўзларини юмиб олганча, жим тинглади. Гулюз эса тинмай гапирарди:
- Билмайман, элчихона мени ҳужжатимни текшираётган экан. Куёвингиз эса тезда кетиши керак экан...
36-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Ие, бунақада сен қолиб кетасан-ку.
- Шуда-а-а! – ҳиқиллай бошлади Гулюз. – Уйдагилар сен қолиб турасан, дейишяпти. Ойи, мен шу қишлоқда бир ўзим қолиб кетаманми?
- Нега бир ўзим дейсан, Гулюз? Ўша уйдаги одамлар энди сенинг оиланг. “Бир ўзим қоламанми?” деган гапни бошқа айтма, қизим.
- Ойи, айтиб қўяй, агар куёвингиз ўзи кетиб қоладиган бўлса, мен ҳам кетаман уйга. Бу ерда қолмайман!
- Аҳмоқлик қилма, Гулюз. Ҳужжатингни элчихона кўраётган бўлса, сенам кетасан. Қолиб кетмайсан, у ерда.
- Қолиб кетаман ойи. Куёвингиз тўйдан олдин ҳужжатларини топишириб қўйган экан. Виза чиққан, энди кетади. Мени ҳужжатларимни энди беришган, - йиғлай бошлади Гулюз. – Доим шунақа. Доим омадим чопмайди, доим мени нарсаларим кечикади, доим мен учун ҳеч ким жон куйдирмайди...
- Қизим, ўзингни бос. Шу уйдагиларинг ҳам бир нимани режа қилишаётгандир? Шунчаки куёвга виза чиққан бўлса, кетаверсин, дейишаётган. Сен аҳир хотинидан қачондир сени ҳам бирибир олиб кетади.
- Қачондир олиб кетаркан, деб мен қишлоқда юраверайми? Кетаман, ойи кейин менга минғирламанг! Мен уйга, шаҳарга кетаман! – Гулюз шундай деди-ю, алоқани узди.
- У-ф-ф-ф! Нега шунақа экан-а, бу Гулюз? Бир умр норози, бир умр минғир-минғир... Энди шу куёвга сабр берсин, - хўрсинди Матлуба. – Бу қиз уйга келиб олишдан ҳам тоймайди.
37-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Матлуба кучли оғриқни босиш учун телефонини қўйиб, бошини чангаллади. Шу пайт қулоғи тагида бўри увлагандек бўлди. Матлуба сакраб ўрнидан туриб кетди:
- Бўр-и-и-и!
🍃
Кўп қаватли уйда жойлашган, меҳмонхонасидаги жиҳози тўртта кўрпача ва хонтахтадан иборат бўлган ўртамиёна уй Севара ва Зоирнинг суҳбатини тингламоқчи бўлгандек сукутга чўмганди. Зино ботқоғи сари қадам қўйган бу жувон ва эркак ҳеч нарсани ўйламас, на қоринлари очлиги, на эшик қулфланмаганини хаёлига келтирмас, бир-бирини ялаб-юлқаш билан овора эди. Кутилмаганда чалинган эшик қўнғироғи иккаласининг ҳам юрагини қинидан чиқариб юборгудек бўлди.
- Ким? – биринчи бўлиб Зоир жонланди.
Севара шошиб сочию кийимини тўғирлай бошлади.
- Ким келиши мумкин? – Зоирнинг қошлари чимирилди. Ҳовлиқиб қолди.
- Секинроқ, айтдим-ку эрга текканман деб. Аббос ака. Ундан бошқа ҳеч ким келмайди, - дир-дир титрай бошлади Севара. – Ўлдим... Шарманда бўлдим. Аниқ ўламан энди...
Зоирнинг ҳам кўзларига қўрқув уя қура бошлади:
- Жим турсак, кетар а?
- Эшикни қулфламадим-ку, кириб келиши мумкин, - йиғлагудек бўлиб пичирлади Севара. – Бекорга келмаган. Кирса кетмайди. Энди нима қиламиз?
- Балконга чиқайми? – шивирлади Зоир.
- Йўқ, у чекади, чекишга балконга чиқади, - Севаранинг кўзлари ёшга тўлди. – Ўлдим, мен. Аниқ ўлдим... Сизга келманг, дедим...
Зоирнинг нафас олиши тезлашди. Севара атрофга аланглаб гўё Зоир учун жой қидирди.
- Ҳозир кириб келади, нимадир қилинг.
38-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Нима қиламан? Ётоқ каравотининг тагига кирайми?
Севаранинг кўзлари косасидан чиқай деди:
- Кетмайман, ётиб қоламан, деса-чи?
- Ҳа-а-а, бўлмайди. Қаерга беркинай бўлмаса?
- Эй Худо, бу уйда беркинадиган жой ҳам йўқ. Энди нима қиламан, а? Нима қиламан? – Севаранинг тоқати тоқ бўла бошлади.
- Деразадан сакролмайман... – деди Зоир қайси қаватда ўтирганини чамалаб.
- Йўқ, ўлиб қоласиз...
Шу пайт эшик иккинчи марта жиринглади. Севаранинг қўрқувдан кўзи чиқиб кетгудек бўлди. Қўл-оёғи шернинг тузоғига тушган кийикдек қалтирай бошлади.
🍃
Охирлаётган ёз уч ой давомида ўз тафти билан авайлаб пиширган меваларни, сабзавотларни аста-секин халққа тортиқ қила бошлаган дамлар эмасми, дастурхондаги ноз-неъматлар кўзни қувонтиради.
- Малина ҳам терибсанми, Малик? – Ойниса хола қўлида малина мевасини олиб айлантириб кўрди.
- Ҳа, пишибди. Овқатдан кейин малина чой ичамиз деб териб келгандим. Ҳозир шакар билан эзаман.
- Мураббо қилиб қўйсак бўларкан... – гап қўшди кечки овқатнинг бўшаган идишларини йиғиштириб олаётган хонадон келини.
- Нок ҳали сал қаттиқ экан, - деди Маликнинг акаси нокни бармоқлари билан босиб кўраркан.
- Анжир яхши пишибди, лекин, - ҳамма мевага бир-бир қараб чиқди онаси Ойниса хола.
- Дадам томорқани нақ жаннат қилган-да! – дадасига қаради Малик. – Бир тупдан бўлса ҳам ҳамма мева бор.
Эркин амаки мийиғида кулиб қўйди.
39-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Кейин Маликка қаради:
- Ҳадемай мактаб бошланади. Сардор билан Самирни олиб келсанг бўларкан. Мевага тўйиб кетарди. Улар келганида ҳеч нарса пишмаганди, ҳали.
Бу гап булут оридан қуёш чиққан қаби Ойниса холанинг ҳам, Маликнинг ҳам чеҳрасини ёриштирди.
- Эртага олиб келаман, - деди Малик.
Кейин бирдан ширин хаёлга берилди. Демак, эртага шаҳарга тушади. Гулранг билан учрашиб келса бўларкан. Ўзиям жуда соғинган. Телефонидаги қизнинг ўзига билдирмай олган суратларга қараб тўймайди. Лекин унинг нозли ва ўжар суюклиси у билан учрашишга рози бўлармикан?
Малик телефонини қўлига олди ва телеграмдан Гулрангга хабар ёзди:
“Пучуқ, эртага шаҳарга бораман. Сени кўргани...”
🍃
Онасининг ёввойисифат овозидан Умид ҳам, Гулранг ҳам учиб тушди.
- Ойи, нима бўлди? – Гулранг қўрқиб сўради.
- Ойи, нима бўлди? – ҳол сўради Умид ҳам.
Матлуба кўзларини катта-катта очганча атрофга қўрқиб қаради:
- Бўри келдими? Бўри увладими?
- Ойи, қизиқмисиз? – ҳайрон бўлиб деди Гулранг. – Бу ерда бўри нима қилади?
- Ойимнинг аҳволи яхшимас, - деди Умид хавотир билан Гулрангга қараб. – Ойи, нима бўляпти?
Матлуба яна бошини ушлади.
- Бошим чиқиб кетгулек бўляпти, бирорта дори берсанг-чи? – деди энди у хотиржам ва босиқ овозда.
Умид ва Гулранг буткул ҳайратга қолди. Гулранг дори олиб кетгани кетганида Умид онасининг елкасидан қучаркан, сўради:
- Ойи, ҳозиргина қўрқиб бақирдингиз? Нима бўлди?
40-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Қачон бақирдим? – ҳайрон бўлиб ўғлига кўз тикди Матлуба. – Бақирганим йўқ. Гулрангга дори олиб кел, дедим. Бошим сал оғрияпти. Дори есам қўйиб қолади. Ё... аввал қорнимизни тўқлаб олсакмикан? Овқатлансам, балки оғриқ ҳам босилар...
Умид қулоқларига ишонмади. Онасининг бояги қўрқинчли ҳолатидан асар ҳам йўқ.
🍃
Инсон мияси шу қадар тез ишлайдики, биз кўп ҳолларда оғир вазиятларга тушганимизда, чорасиз қолганимизда ҳис қиламиз. Севара ҳам айни дақиқаларга шуни сезди. Сониялар ичида унинг кўз олдидан олдинги Зоир билан боғлиқ хотира ўта бошлади:
“Севара Зоирни интиқ кутаётган, атир-упага бурканиб висол учун тайёргарлик кўраётган эди. Энг жозибали, калта ҳарир тунги кўйлагини кийди. Лекин Зоир ҳар доимгидек унга хабар юбормади.
- Телефонининг пули тугагандир? – гумон қилди аёл.
Ниҳоят ҳар доимгидек дераза оҳиста, кетма-кет икки бор, уч сониялик сукутдан сўнг яна икки бор тақиллади.
- Келди, - ўзини ойнага солиб жилмайди Севара.
Кейин уй чироғини ўчирди. Аста дераза олдига келиб, ўта эҳтиёткорлик билан оча бошлади. Ташқаридан “Ўзингизмисиз?” деган овоз эшитилди. Ҳаяжон ичидаги Севара овознинг бошқачалигига эътибор қилмади.
- Ўзимман, кўп гапирмай кирсангиз-чи? – кўмаклашиш учун қўлини чўзди Севара.
Шу онда нималар бўлганини ўзи ҳам англамай қолди. Сониялар ичида бақувват қўл унинг ўзини ташқарига тортиб олди. Сўнг деворга тираб бўйнидан бўғди:
- Ўлдираман, қанжиқ! Ўлдираман!
41-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Севара уни тортиб олган одам эри эканлигини билгач, нақ юраги товонига тушди. Бу ҳам етмагандек томоғи қаттиқ бўғилганидан нафас ололмай хушини йўқотар даражага келди.
- Ака, ўлдириб қўясиз, ака... – Жавлоннинг қўлига ёпишган Зоир эди.
- Ўлдирмоқчиман! Ҳа, ичинг ачияптими, ифлос! – бўкирди Жавлон.
Қиёмат қўпгандек бўлди. Шовқиндан югуриб чиққан Севаранинг қайнона-қайнотаси Жавлоннинг қўлидан Севарани ажратиб олишди. Ҳарир тунги кўйлаги унинг шармандали жисмини бекитолмаётганидек, қаро тун ҳам уларнинг гуноҳларини яшира олмади. Ҳаммаси ошкор бўлди. Жавлон ўша ернинг ўзида, ўша онда, ярим яланғоч Севарани болалари билан ота-онасининг уйига олиб келиб ташлади. Бор гапни айтди. Бир ойда буён уларнини кузатганини, ҳатто бир-бирига юборган хабарларини расмга тушириб олганини, пухта режа асосида Зоирни дераза олдида қўлга туширганини, кейин Севаранинг ўзи деразани очганини қайнотасига айтди-ю, хотинига талоғини бериб, изига қайтди. Тун салқинидан, қўрқувдан дир-дир қалтираб турган жувон шу ҳолида ота уйига сиғмади, болалари билан кўчага қувғин бўлди:
- Сендай қизим йўқ! Бир нима қилиб қўймасимдан кўзимдан йўқол! – ғазабдан титраб деди отаси...”
Хотиралар таъсирида Севаранинг яралари янгиланди, ўша чорасизлик, ўша шармисорлик, ўша даҳшатни яна бир бор ҳис қилганлек бўлди. Шунинг учунми бутун вужудида титроқ турди.
- Бирор нима қилинг! – ялинди Зоирга қараб.
42-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Нима қилай? Нима қилсак экан, - деди Зоир ҳам ўзини қўйгани жой топа олмай. – Менга қаранг, қариндошингиз бўлиб турай. Ҳамма қариндошларингизни танимайди-ку. Танийдими, ё?
- Танимайди. Укамсиз. Укам... – кўзлари ёнди Севаранинг ва ирғиб ўрнидан турди. Эшик томон кетаркан, қувноқ товушда овоз бериб қўйди: - Ҳозир, боряпман...
Севара эшик олдига келганида яна бир марта чуқур нафас олди. Сўнг очди.
- Нега очмайсан? – қовоғини осди Аббос.
- Ассалому алайкум! Газдан келдим, дейсизми? – деди қувноқ овозда Севара. Кейин атай Аббосни қўрқитиш учун шивирлади: - Уйда укам бор. Сизга текканимни билмайди. Газдан келдим, денг.
Аббоснинг бирдан ранги ўзгарди. Ҳадикдан кўзлари каттариб, Севаранинг гапини такрорлади:
- Газдан келдим, газдан келдим.
- Бизни газдан қарзимиз йўқ.
- Тўлаганмисизлар? – Аббос ҳам беихтиёр текширувчи ролига ўтиб кетди.
- Ҳа, тўлаганмиз.
- Бўпти, бўлмаса....
- Майли... – деди Севара эшикни ёпишга чоғланаркан. Сўнг яна пичирлади: - Эртага телефонлашамиз.
- Шошма, - деди Аббос ҳам шивирлаб ва боя тайёрлаб қўйган уч юз долларни Севарага тутқазди.
- Раҳмат, - Севара хурсанд бўлиб кетди ва ҳаводан Аббосга ўпич йўллаб кузатиб қолди.
Эшикни ёпаркан, жуда катта шармандаликнинг олдини устамонлик билан олганидан йиғлаб юборай деди. Уни пойлаб турган Зоир югуриб келди.
- Нима дедингиз?
43-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- “Укам бор, сизга текканимни билмайди”, дедим. Қайтиб кетди.
- “Газдан келдим”, дедими?
- Ҳа, - кула бошлади Севара. – Гапимга лиққа тушди. “Газдан келдим”, денг десам, “Газдан келдим, газдан келдим”, дейди. Камига мана бу долларни ҳам бериб кетди.
Зоир ҳам ўзини кулгидан тўхта олмай қолди.
🍃
Кечки овқатдан кейин кўнгли тинчлик истаган Матлуба ётоқхонасига кирди. Бошини ёстиққа қўяркан, яна Гулюзни эслади.
- Бу инжиқ Гулюз ҳали уйга қайтиб келмаса эди... – деди ўзига ўзи.
Шу пайт телефони жиринглади. Экранда “Нигора” деган ёзув аниқ кўриниб турарди.
- Ало, Нигоржон, яхшимисан? – деди Матлуба олиши билан.
- Матлу, аҳволинг яхшими? Тузук бўлиб қолдингми? – ҳол сўради Нигора.
- Яхшиман. Ўзимга ўзим дам бериб ётиб олдим.
- Бошинг яхшими? Оғримаяптими?
- Яхши. Сал карахтми-ей. Ҳеч нарсани ўйлашни истамаяпман.
- Нимани ўйлайсан? Ўйлама, ҳеч нарсани?
- Гулҳаё яхшими? Нима қиляпти? – сўради Матлуба.
- Яхши, - Нигора Гулҳаёнинг ҳолатини, шифохонага тушиб қолганини айтиб ўтирмади. – Улар ҳам эр-хотин дам олишга киришди шекилли, кўринмаяпти. Матлу, агар соғлигинг яхши бўлмаса, эртага ишга келиб ўтирма. Дўхтирга бор.
- Йўғ-е, бораман. Нечта мижоз кутади, - деди Матлуба қатъи. – Кам бўлса ҳам майли.
- “Мазаси йўқ”, десак, мижозлар ҳам тушунади.
- Мазам яхши. Фақат... муаммо пайдо бўлди?
- Нима муаммо?
44-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Матлуба чуқур уҳ тортди. Кейин Гулюзнинг гапларини айта бошлади:
- Иккинчи куёвим Америкага ўзи кетаётганмуш. Гулюзни олиб кетмаётганмуш. Гулюзни ҳужжатларини элчихона ҳали бермабди.
- Ҳозир олиб кетмаса, кейин олиб кетади. Асосийси, куёвинг кетаётган бўлса бўлди. Бир куни қизинг ҳам кетади, - деди Нигора ишонч билан.
- Шуни Гулюзга тушунтира олмадим-да. Биласан-ку, у минғир-минғир. Бошлади минғирлашди, норозиликни. Менга нима деганини биласанми?
- Нима деди?
- “Америкага кетмасам, уйга қайтиб бораман”, деди.
- Оббо...
- Ана шунақа у. Кейин менинг бошим оғримай кимники оғрисин!
- Бошингни оғритма, дугонажоним. Сендан ўзи ҳол сўрайман деб тургандим. Яна бир яхши таклиф ҳам тушиб қолди... – деди Нигора қувончини яшира олмай.
- Қандай таклиф?
- Сен билан мени халқаро тренингга таклиф қилишди. Эртадан кейин Ўзбекистон психологлар ассоциацияси томонидан тренинг ўтказилаётган экан. Борамизми?
- Борамиз! – хурсанд бўлиб кетди Матлуба.
- Шунинг учун агар чарчаган бўлсанг, дам олиб ол деяпман-да.
- Хавотир олма, - деди Матлуба ишонч билан. – Мен яхшиман. Эртага ишга ҳам бораман, эртадан кейин тренинг ҳам бораман.
- Яша! Ўзимнинг дугонамсан-да, яхши дам ол.
- Хўп, сенам.
Матлуба телефонини ўчирди-ю, кўзларини юмди.
🍃
- Мен ҳеч кимга керак эмасман! – минғирлади кўз ёшларини артар экан, Гулюз. – Опам билан гаплашдим, “Ҳозир дадамга телефон қиламан”, деди.
45-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Мана, жим. Дадамга телефон қилдим, “Ойинг билан гаплаш”, деди. Ойим эса, “Саломат хола алдабдими?” дейишдан нарига ўтмади. Бирортаси “Ҳозир ёки эртага бораман, гаплашамиз”, демади.
Гулюзнинг аламдан лаблари титраб, кўзларига баттар ёш қуйилди. Телефонини олиб, ким биландир боғланмоқчи бўлди-ю, яна нари сурди. Сўнг тағин ўзининг бадбин хаёлларида давом этди:
“Буларга нимадир қилиб, қадримни билдиришим керак. Индамаганим сари улар умуман мени ўйлашмаяпти. “Шунинг овозини эшитмай”, деб атай узоққа – қишлоққа узатиб юборишди. Лекин мен жим ўтирмайман. Эртагача кутаман. Агар бирортаси келмаса... ё қочиб кетаман... ё ўзимни ўлдираман... Ана шунда булар мени қадримга етади...”
Шу пайт хонага куёв – Мансур кириб келди. Гулюзга қараркан, юзига хавотир пайдо бўлди. Оҳиста Гулюзнинг ёнидан жой олди.
- Нега йиғладинг? – деди у Гулюзнинг чаккасидан тушиб, ҳуснини тўсишга уриниб турган зулфини қулоғининг орқасига ўтказаркан. – Ким хафа қилди?
Гулюзнинг баттар кўнгли бўшаб кетди. Кўзлари ёшга тўлди.
- Сиз кетсангиз... мен қишлоқда қололмайман... – деди у бурнини тортганча.
Мансур унинг оппоқ, тиниқ юзларига маҳлиё бўлиб тикиларкан деди:
- Қаёққа кетмоқчисан?
- Уйимизга...
- Ие, бу нима деганинг? Энди сенинг уйинг шу ер-ку.
- Сиз бўлмасангиз қандай яшайман?
Мансур хурсанд бўлиб кетди:
- Менсиз яшолмайсанми, шунда? Шунақа деб тушунайми?
Гулюз уялиб кетди.
46-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Мансур эса уни бағрига тортди:
- Ойимнинг чиройли келини... Ўзимнинг эркатойим, йиғлоқим... Олти ой... узоғи билан олти ой менсиз яшашинг мумкин. Ҳужжатларинг тўғри бўлса, кейин чақириб оламан... Тушундингми?
Гулюз индамади. Ичида ўзига ўзи деди:
- Қолмайман! Қочиб кетаман!
🍃
Қаро тун, охири кўринмас йўллар, серқатнов машиналар Аббоснинг юрагига янада ваҳима солаётгандек эди. Севаранинг сўзларидан сўнг тез ура бошлаган юраги ҳамон безовта. Нимадандир хабардор қилмоқчидек, кўксига тинимсиз қаттиқ-қаттиқ тепади.
- Тавба, худди айб иш қилгандек юрагим ҳапиқиб қолди! – ўйлади у. – Севара ота-онам билан ярашишга ҳаракат қилмоқчиман, деганди. Укаси келибди. Демак, яқинлари билан алоқасини тиклаяпти. Балки унинг мана шу ҳаракатини йўққа чиқарай деганим учун ваҳима ичида қолгандирман... Сал қолди-я! Укаси мен эри эканимни билса, нақ яна юз ўгирарди. Кейин Севара билан шундоқ ҳам совий бошлаган муносабатларимиз йўққа чиқарди. Яхшиям, Севаранинг калласи ишлаб кетди. Менам дарров тушуна қолдим. “Газдан келдим”, деб қўя қолдим. Майли, укаси билан яхшилаб гаплашиб олсин. Мен эртага келаман...
Аббос ўзини хотиржам қилишга уринди-ю, уйи томон шошди.
🍃
Эшик шу даражада қаттиқ тақиллардики, энди уйқудан кўзини очган Севаранинг қўрқувдан юраги чиқиб кетай деди. Унинг ўрнидан ирғиб турганидан ёнида қотиб ухлаб ётган Зоирни ҳам уйғотиб юборди. Зоир ҳам эшикка тушаётган зарбаларни эшитиб ўрнидан сакраб турди.
47-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Нима бўляпти? – деди Зоир ҳовлиқиб.
- Билмайман? Аббос ака билдимикан? Қайтиб келдимикан?
- Эй Худо, энди нима қиламиз? Кийининг тез, қаранг “глазок”дан.
- Ҳозир... – Севара шошиб-пишиб кийинди-ю, эшик томон кетди. Юрак ҳовучлаб, эшик туйнукчасидан қаради ва бирдан енгил тортди. – Қўшни экан-ку...
Севара эшикни очиши билан қўшни бобиллаб кетди:
- Севарахон, қулоғингиз том битганми? Ярим соатдан буён ураман, эшикни!
- Тинчликми, опа?
- Юринг, ваннангизга кўрайлик? Мени уйимни ўлдирдингиз! Яқинда таъмирлатган меҳмонхонам расво бўлди!
- Нима? Сув тошибдими?
- Ҳа, юринг, юринг... – қўшни аёл Севарани ҳам кутмай, уйга кириб кетди ва ваннанинг эшини очди-ю, яна жаврашга тушди: - Буни қаранг! Севара, қарасангиз бўлмайдими? Юринг, энди менинг уйимни кўрамиз. Ваннам, ошхонам, залим расво!
Севаранинг юраги орқасига тортиб кетди. Чунки яхши ёпилмаган жўмракдан ҳамон сув оқар, ваннанинг поли лиммо-лим сув эди. Севара дами чиққан пуфакдек шалвирай бошлади.
- Юринг, - қўшни уни судрагудек бўлиб ўз уйига олиб чиқди.
Айтганича бор экан. Аёлнинг уйи меҳмонхонасининг, ванна ва ошхонасининг шифтига қараб бўлмасди.
- Опа, мен-ку, бозорга бориб чарчаб қотиб қолибман. Сиз-чи? Сиз нега шунча тошгунча билмадингиз?
- Шифтга қараб юрмайман-ку, Севара! Ё сиз шифтга қараб юрасизми? Мен билмайман! Ҳамма ҳаражатларини тўлайсиз! Уста олиб келаман, ҳисоблатаман! Ҳаммасини берасиз...
- Опа... ҳалиги... – нима дейишини ҳам билмасди Севара.
48-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Сув тоширганмисиз, тоширгансиз! – шанғиллашда давом этди аёл. - Энди бу ёғига ҳам чиданг! Мен билмайман, судлашиб бўлса ҳам ундириб оламан. Ўзи ижарачиларининг ҳаммаси шунақа беўй бўлади. Ўйламайди, пастимда одам яшайди, дупирламай, сакрамай, сув тоширмай, демайди. Шу уйга сира яхши одам келмади, келмади. Мен куйганим-куйган!
- Майли опа, - Севаранинг қулоқлари эшитмайдиган даражада асабийлаша бошлаганди.
- Ҳозир ярим соатда уста чақираман, тушасиз! Қочиб кетманг!
- Хўп, хўп!
- Тўлашдан бош тортсангиз, судга бериб икки ҳисса урдираман! – Севаранинг орқасидан бақириб қолди аёл.
🍃
Иш вақти 9:00да бошланса-да, Матлубанинг биринчи мижози 8:50 да келиб ўтирган экан. Унинг бахтига Матлуба ҳам эртароқ борган эди, ёнига чақирди.
- Ўтиринг, - деди қабулига учинчи марта келаётган қизга қараб. – Нима ичасиз?
- Ҳеч нарса ичмайман.
- Тартибли инсон экансиз. Ҳар сафар вақтидан аввал келиб ўтирасиз.
- Аслида тартибли эмасман. Балки шунинг учун ҳаётим издан чиқиб кетгандир? Ҳаётимни тартибга солиш учун сизнинг олдингизга шошяпман...
Қиз сўзларини охирига етказа олмади. Ресепшнда ўтирадиган қиз эшикни тақиллатиб, бошини суққанча деди.
- Матлуба Музаффаровна, иш вақти бошланмагани учун безовта қилавердим, узр. Ўғлингиз келибди. Сизни сўраяпти. Телефонингиз ўчиқдиги учун боғлана олмабди.
- Нима? – ҳайрон бўлди Матлуба ва бирдан негадир юраги тез уриб кетди. - Тинчликмикан?
49-қисм
Матлуба бир зум довдиради-да сўнг мижозига қаради. Қиз уни сўзсиз тушунди:
- Бемалол опа, бориб келаверинг.
Шундан сўнг Матлуба шошиб эшикка чиқди.
- Умид? – у ўғлига урилиб кетай деди.
- Ойи, мени уйғонмасдан ишга келиб олибсиз-а? – деди Умид гина билан.
- Шуни айтгани келдингми? – ҳайратланди Матлуба.
- Йўқ, дўхтирга боришимиз керак.
- Нега, болам? Бирор жойинг оғрияптими? – хавотирга тушди онаизор.
- Йўқ, сизнинг мазангиз йўқ-ку, ойи. Сизни дўхтирга олиб боргани келдим...
Матлуба ўғлининг кўзларига тикилиб қоларкан, ўзининг мижжаларига тўпланган ёшни тўхтата олмади.
🍃
Қадам босишга жой топиш мушкул бўлиб қолган бозор Аббоснинг кўзига кимсасиздек туюлаверди. Бир-бирини суриб, итариб бозор айланаётган одамлар орасида унинг дўконидан савдо қиладигани бўлмаса-я! Ит эгасини танимайди. Боласини етаклаган ким, сумка олган, кўйлак олган, туфли сўраган ким... Фақат Аббоснинг дўконига кирганлар бир кўз югуртиради-ю, чиқиб кетади. Охири тоқати тоқ бўлган Аббос дўконидан чиқди.
- Менам мактаб форма тиқсам бўларкан, дўконга, - деди у ёнида қўли-қўлига тегмай қиз болаларнинг оқ кофтасини сотаётган аёлга.
Аёл эса унга жавоб бергани ҳам фурсат топа олмади. Аббос секин дўконининг эшигини ёпди-ю, Севара савдо қиладиган томонга қараб йўл олди.
“Бугун Севараникига ўтсам бўлади, укаси келмаса керак. Укаси билан дардлашиб чиққан бўлса, кайфияти ҳам яхшидир? Балки укаси ота-онаси билан яраштираман, деб келгандир?” – хаёллар оғушида Аббос Севара савдо қиладиган жойга келганини сезмай ҳам қолди. Лекин Севаранинг жойи бўм-бўш.
50-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
У ҳайрон бўлди. Сўнг Севарага қўнғироқ қилди. Аксига олиб, Севара жавоб бермади.
- Нега келмади, экан? Ота-онасининг ёнига кетдимикан? – ўзига ўзи деди Аббос. – Бугун аниқ бориб хабар олмасам бўлмаскан...
🍃
Тинчлантирувчи дорилар таъсиридами, тиниқиб ухлаб уйғонган Гулҳаёнинг кайфияти аъло. Кечаги оғриқлар йўқолган, ўзи ҳам хотиржам. Шунданми, иштаҳаси ҳам очилган. Ҳол сўраган турмуш ўртоғига қазон кабоб буюрди. Ўзи эса егиси келган бу таомни интиқлик билан кутиб ўтираркан, Гулюз эсига тушди.
- Шу инжиқ синглимдан бир ҳол сўрай. Кеча йиғлаб юрагимни ёрганди. Бугун яхшимикан? – дея Гулюзга қўнғироқ қилди.
- Ало? – деди Гулюз ҳар доимгидек кайфиятсиз.
- Ассалому алайкум, келин сингилжоним. Яхшимисан? Куёв яхшими?
- Кесатиб салом берманг, менга, - норози бўлди Гулюз. – Салом берадиган аҳволда эмасман.
- Нега? Тинчликми?
- Менга на ойим қўнғироқ қилди, на дадам. Бирортаси борамиз, қуда билан гаплашамиз ҳам демади. Гулюз деган қизи йўқ буларнинг.
- Гулюз, асалим, илтимос, бир мартагина нолимай тур, - синглисининг кўнглига тегмаслик учун эркалаган оҳангда деди Гулҳаё. - Бир мазза қилиб гаплашайлик. Шунчаки, ҳаётдан норози бўлмай!
- Сиз ҳаётингиздан розисиз-да! Ўқийсиз, шаҳарда яшайсиз, поччам ёнингизда, ойим, дадам яқин... – нолишда давом энди сингил.
- Тўғри айтасан, Худога шукр, розиман. Сенам шу ҳаётингдан рози бўл. Ойим кеча нима деди? Борар, гаплашар ҳали...
Давоми бор
Ёндирмачоқ бу – қувонч! Босиб ўтинг!
#usanboyeva